Пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган «Китоб байрами»га кириб келаётганлар нигоҳида ҳайрат, қизиқиш, завқ балқиб турарди. Расталарга териб қўйилган ранг-баранг китоблар… Ҳақиқий хазинанинг ўзгинаси. Шу боис ўқувчи уларнинг қай бирини танлашни, варақлаб кўришни билмай, бир зум шошиб қолади. Байрамга ташриф буюрувчи, китобларга қизиқаётганлар ҳар галгидан кўра кўплигига гувоҳ бўлдим.
Ота фарзандга ўрнак бўлса…
Каттаю кичик расталарни бир-бир айланиб, китобларни кўздан кечиряпти, харид қиляпти. Қувонарлиси, ота-оналар фарзандини китоблар олами билан таништирмоқда. Мана, бир киши боласига рангли китобларни кўрсатяпти. У билан гаплашдим.
— Бугун атайин ишхонадан рухсат олиб, ўғлимни китоб байрамига олиб келдим, — дейди ўзини Ҳаким Тўхтасинов деб таништирган киши. — Ўғлим тўрт ёшда. Ҳали ўқишни билмайди. Шундай бўлса ҳам уни китоблар билан таништиряпман. Инсон учун китобдан яхши устоз, дўст, ҳамроҳ бўлмаслигини ўз тажрибамдан биламан. Болам китобга ҳозирдан меҳр қўйишини истайман. Кўп ўқиса, дунёқараши кенг, билимли, идрокли бўлиб улғаяди. Ҳаётда қоқилмай, ўз ўрнини топади. Асосийси, халқи учун фойдаси тегадиган инсон бўлади.
Ҳаким аканинг гапларига ҳавасим келди. Қанийди, ҳамма ота-она шу инсонга ўхшаб фикрласа, фарзандини китобга ошно қилиш учун вақтини аямаса. Ахир, отанинг тарбияси болага кучли таъсир қилади-да. Ҳаким аканинг ўғли улғайганда отаси унинг қўлидан тутиб, китоб байрамига олиб борганини, албатта эслайди. Шунда бундай тарбия усулини у ҳам давом эттиради: фарзандларини китоб ўқишга эргаштиради.
Таътил — мутолаа вақти
Байрам фақат китоблар кўргазмаси билан чекланиб қолмади. Республика болалар кутубхонаси томонидан «Китоб бизни бирлаштиради» номли мусиқий дастур ҳавола этилди. Унда халқ шоирлари, таниқли ёзувчилар, эстрада хонандалари ва қизиқчиларнинг иштирок этгани тадбирга ҳақиқий байрамона кайфият бағишлади.
— Болалигидан китоб ўқишга одатланмаган инсон эртага улғайиб китоб ўқишига мен ишонмайман, — дейди Республика болалар кутубхонасининг китобхонларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Муҳаббат ҲАЙИТБОЕВА. — Шу боис болалар адабиётининг аҳамияти анча юқори. Бугунги тадбирда ҳам китобхон болаларни рағбатлантиришга ҳаракат қилдик.
Опанинг айтишича, кутубхонага келадиган ўқувчиларнинг кўпчилиги адабиёт дарсликларида берилган парчалардан қизиқиши ошиб, ўша асарни тўлиқ ўқиш истаги борлигини айтишади. Баъзи ўсмирлар ўзига дўст, сирдош бўла оладиган асарлар сўрашади. Шунда уларни тўғри тушуниб, керакли китобни топиб беришга ҳаракат қилинади.
Бугун мазкур кутубхонада икки юз мингга яқин ўзбек ва жаҳон халқларининг болалар адабиёти сақланмоқда. Кутубхона маъмурияти улардан ҳар бир бола баҳраманд бўлишини истайди. Ҳозир эса бунинг айни палласи: ёзги таътил энди бошланди. Демак, ўқитувчилар таътилда ўқишга тавсия этган китоблар эринмай мутолаа қилинса, нур устига нур.
«Селфи» дан нарига ўтмади
Китоб байрамининг биринчи куни 25 май — таълим масканларида «Сўнги қўнғироқ» тадбирлари ўтказилган кунга тўғри келгани учун боғ битирувчи ёшларга тўлди. Улар мактабдаги байрамни давом эттириш учун келганми ёки ҳаёт йўлларида асқатадиган китобларни танлашгами, буниси бизга қоронғи.
Лекин ёшларнинг ҳаракатини кузатган киши хурсанд бўлмаслиги аниқ. Негаки, аксарияти расталар олдидан бепарво, ўйин-кулги билан андармон бўлиб ўтди. Китобни қўлига олиб «селфи»га тушди-да, сўнг уни очиб ҳам кўрмай, умуман бирортасини варақлаб ҳам кўрмай кетишди. Очиғи, бу ҳолат менда ғалати таассурот қолдирди. Битирувчиларнинг китобга бўлган бундай хунук муносабатидан ачиниб кетдим.
Энг харидоргир китоб
— Асосан, детектив ва психологияга оид хориж тилидан таржима қилинган китобларни кўп сўрашяпти, — дейди бир раста бошида турган сотувчи аёл. — Бундан ташқари, таомлар рецепти ёзилган китобларга талаб жуда юқори бўлди. Деярли ҳаммаси сотилди.
— Катта китобларга-чи? Машҳур адибларимиз, шоирларимиз асарларига қизиқиш қай даражада? — сўраймиз сотувчидан.
— Асосан, талаба, адабиётшунос ва ижодкорлар келиб қизиқишяпти. Лекин уларни ҳам кўп дейиш қийин...
«Китоб барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир».
Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг ушбу сўзлари айнан бугунги ўзбек ёшларига қарата айтилгандек. Чунки ёшларимиз эртага зукко, бунёдкор ва тадбиркор бўлиб улғайиши — юртимизнинг бугунги тараққиётини давом эттириш ва янада юксалишининг асоси. Китоб байрами ўтказилишидан асосий мақсад китобларни сотиш ё реклама қилиш эмас, халқнинг, ёшларнинг китобга муҳаббатини ошириш, аслида.
Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА,
«Оила даврасида» мухбири
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил