Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

РУҲИ ПОК, ТАНИ СОҒ ВА... ҲАЁТИДАН РОЗИ

ёхуд Рамазоннинг дунё тан олаётган афзаллиги нимада?

РУҲИ ПОК, ТАНИ СОҒ ВА... ҲАЁТИДАН РОЗИ

Президентимизнинг муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисидаги қарорини эшитиб, бутун халқимиз хурсанд бўлди.

— Мен кўп мамлакатларда бўлганман. Лекин ҳеч бирида бунчалик эътиборни кўрмадим, — дейди пойтахтлик Саидғани ота. — Юртимизда бу ойга алоҳида эътибор қаратилиши бежиз эмас. У бизнинг кўп асрлик қадриятларимиз силсиласига айланиб улгурган. 

Рамазоннинг бошқа ойлардан афзаллиги нимада? Бу ойда қайси хайрли ишларни бажариш зарур? Рўзанинг инсон учун қандай фойдали томонлари бор?

Ҳар йили Рамазон ойи яқинлашиши билан хаёлимизда шу каби саволлар пайдо бўлади. Уларга асосли жавоб топа олганларгина бу муборак ойнинг фазилатидан унумли фойдаланиши мумкин.

Аслида Рамазон чексиз имкониятлар палласидир. Тозариш ва маънавий юксалиш мавсуми. Унинг ҳикматлари асрлар давомида ҳаётимизга сингиб кетган.

Ижтимоий кўмак

Бу ой бошланишидан аввал болакайлар уйма-уй юриб хушхабар улашишади. Ўша болалар биз берадиган бир ҳовуч майиз, қурут ё ширинликка муҳтож, дейсизми? Йўқ! Бошқаларга хушхабар улашишнинг ўзига яраша гашти бор! Қўни-қўшничилик, меҳр-оқибат, ўзаро борди-келди бор жойда маҳалланинг болалари тап тортмай эшигимизни қоқиб келаверади. Рамазондан бошқа пайтларда болалар гурас-гурас бўлиб, хурсандчилик улашиб юрганини кўрганмисиз? Мана, Рамазоннинг фазилати!

Бу ойда бирдамлик, жипслик, ҳамжиҳатлик бошқа пайтлардагидан мустаҳкамроқ бўлади. Аввало, кекса ота-онамиз, бобо-бувиларимиз Рамазонни муносиб ўтказиши учун қулайлик яратиб беришга ошиқамиз. Зиёратларига бориб, ҳол-аҳвол сўраймиз. Кам-кўстидан хабар оламиз. Шу тарзда Рамазон бизни оиламиз ва бошқа яқинларимизга ҳам мурувватлироқ қилиб қўяди. Энг эътиборлиси шундаки, бу ойда мурувват юзасидан қилинадиган айрим хайрли ишлар ибодат даражасига кўтарилади ва унга улкан ажру савоблар берилади. Саҳарлик ё ифтор баҳонасида инсонларни таомлантириш, фидя, фитр, закот каби молиявий ибодатларни бажариш орқали муҳтожлар қўллаб-қувватланади, уларга чин дилдан, самимий ёрдам кўрсатилади. Бунинг орқасидан эл бир-биридан фақатгина моддий ёрдам эмас, меҳр-оқибат ҳам топади.

Ҳазрат Навоийнинг шундай бир байти бор:     

Эрур чун олам ичра жоҳ фоний, яхши от боқий, 

Бас, эл комин раво айла ўзунгни комрон кўргач.

Дунёда бизнинг турли-туман эҳтиёж ва мақсад (жоҳ)ларимиз бир куни ўз поёнига етгувсидир. Лекин қилган хайрли ишларимиз (орқасидан орттирилган яхши ном) боқий қолади. Шундай экан, ўзимизни тиклаб олгач, бошқаларнинг оёққа туриб олишига ҳам кўмаклашишимиз зарур.    

Муқаддас динимиз эҳтиёжманд кишининг оғирини енгил қилишга буюради. Бу ҳар бир ўзига тўқ киши зиммасидаги инсонийлик бурчидир. Уни адо этиш эса ибодат саналади. Ҳам эл-юрт олдида, ҳам Яратганнинг наздида юксак мақомга эришиш ўз вазифамизни сидқидилдан ва самимият билан бажаришимизга боғлиқ. Рамазон бунинг учун ҳам улкан бир имкониятдир.

Тузалмас дардлар шифоси

Ҳозир илгари ҳеч учрамаган, кўз кўриб қулоқ эшитмаган касалликлар пайдо бўлаётгани ҳақида эшитиб қоламиз. Шифохоналар кундан-кунга гавжумлашиб бораётгани, ҳар қадамда дорихонага дуч келаётганимиз ҳам сир эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг аниқлашича, тиббиёт беморнинг ҳолатини нари борса ўн беш фоизгача яхшилай олар экан. Ҳар бир инсон соғлом турмуш тарзига риоя қилиш билангина қолган саксон беш фоиз саломатликни тиклашга эриша оларкан. Саломатликнинг издан чиқиши аксарият ҳолларда нотўғри овқатланиш билан боғлиқлигини дунё мутахассислари бот-бот такрорлашмоқда. Шу маънода, баъзи-баъзида еб-ичишдан тийилиш воситасида баданга осойишталик бериб туриш тавсия этиляпти. Бугун очлик мўъжизаси, очлик билан даволаниш деган гаплар ҳамма ёқда урф бўла бошлади.

Бизда эса ҳар йил Рамазонда рўза тутиш орқали бундай муаммонинг олди олинади. Аслида овқатланишдан мақсад — тана учун етарли миқдордаги қувватни ҳосил қилишдир. Вужуд озиқани ҳазм қилиб, ўз вақтида қайта ишлаб, тўғри тақсимлаб бериши учун ўзига хос шароит талаб этилади. Бунинг учун табиблар овқат ҳазм бўлгачгина таомланиш, ҳазми қийин нарсалардан тийилиш, ортиқча ейиш-ичишдан сақланиш зарурлигини таъкидлашган. Озиқа ўз меъёрида бўлса — бадан учун қувват, меъёрдан ошса — иллатга айланади. Бадандаги ҳазм аъзоларининг ҳордиғи учун муносиб шароит яратиш, айрим хасталикларнинг ривожланишига тўсқинлик қилиш, танадаги табиий мувозанатни тиклаб, барқарорликни таъминлаш учун рўза энг мақбул восита эканини бугун дунё олимлари эътироф этишяпти.

Машҳур олим ва шифокор Мак-Итчен йиллар давомида кузатув ва илмий тажрибалар ўтказиб, бир неча беморларда касалликнинг кечиши ва унга рўзанинг таъсирини ўрганган. Хулоса шу бўлганки, йигирмадан зиёд хасталик — бронхиал астма, қон босими, вирусли гепатит, тутқаноқ, ўпка сили каби дардга чалинган беморлар рўза воситасида буткул соғайишган. Ҳатто, ҳали инсоният давосини тополмаётган қандли диабет ҳамда саратон касаллигидан ҳам рўза орқали шифо топишгани исботланган. Қабзият, бавосил, жигар хасталиклари, ичак яраси, аллергия, бронхит, шишлар, ошқозон-ичак касалликлари ҳам рўза воситасида тузалгани кузатилган.

Бу эса Рамазон рўзаси шунчаки диний амалгина эмас, чинакам мўъжиза эканини англатади.

Руҳий хотиржамлик

Бугун дунёда оғир руҳий зўриқиш ва тушкунлик оқибатида мушкул аҳволда кун кечираётганлар талайгина. Ҳаётидаги қайсидир муаммо ортидан ўз жонига жабр қилаётганлар ҳам йўқ эмас.

Психологлар кишидаги бундай ҳолатни руҳий барқарорликни, мувозанатни йўқотиш деб баҳолашмоқда. Ўз-ўзидан, турмуш тарзидан, ҳаётидан норозилик кайфияти турли хасталикларга сабаб бўлар экан. Бу эса алал-оқибат аянчли якун топиши мумкин.   

Рўза инсонни, энг аввало, ҳаётидан рози бўлиб яшашга ўргатади. Чунки инсон кун бўйи ўзи хоҳлаб ихтиёрий равишда ейиш-ичишдан тийилишни танлайди, шунга рози бўлади. (Қилаётган ишидан, яқинларидан, ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаш чинакам саодат аслида.) Бу билан сабру қаноат нималигини ҳам идрок эта боради. Ер юзида бир бурда нонга зор кишилар борлигини ҳам ҳис қилиб яшайди. Ҳамма нарсанинг керагидан ортиғи мусибатлигини, қаноат энг катта бойлик эканини англайди. Бундай одам бировнинг молига кўз тикмайди, ўзганинг оғзидагини зўравонлик билан тортиб олиб, эгалик қилиш пайида бўлмайди.

Рўзадор киши ўзини ёлғон, иғво, бўҳтон, тортишувдан ва бошқа гуноҳлардан сақлашга ҳаракат қилади. Қисқаси, ўзини юксак инсоний фазилатлар билан безашга, маънавий иллатлардан узоқ бўлишга интилади. Қилаётган хайрли ишлари руҳига хотиржамлик бағишлайди. Кўнгил тўқлиги, хотиржамлик, розилик, қаноат, меҳр-мурувват, ўзгалар дардини ҳис қилиб, қайғусидан куюниб, шодлигидан қувона ­олиш —­ инсоннинг инсонийлиги шу эмасми аслида?

Демак, Рамазон маънавий покланиш ойи дейилиши бежиз эмас экан.

Рамазон ойида бир ой рўза тутиш орқали ҳам ўз вазифамизни бажарамиз, ҳам ўзаро меҳр-оқибатга эришамиз, ҳам соғлиғимиз ва руҳиятимиз билан боғлиқ муаммоларга ечим топамиз. Шу маънода, Рамазоннинг ҳар бир куни, ҳар дақиқаси олам-олам шодлик, хайру барака, саломатлик, хотиржамлик бахш этади.   

Камолиддин ШАМС




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔46

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔62

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔63

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар