Глаукома — кўз ички босими ортиб кетиши ва кўрув нерви зарарланишига олиб келадиган сурункали касаллик. Бунда кўрув нерви ҳужайралари ва нерв тўқималари нобуд бўлади. Оқибатда кўриш учун зарур бўлган кўз-мия ўртасидаги боғлиқлик аста-секин бузилиб боради. Кўз ҳамон нурни кўрса-да, лекин кўрув маълумотини мияга юбориш тизими бузилади.
Бу касалликнинг келиб чиқишига олтмишдан зиёд (томирларнинг атеросклерози, қон босими ошиши, қандли диабет, ирсий касалликлар, турли кўз жароҳатлари, дориларнинг ножўя таъсири ва ҳакозо) омиллар сабаб бўлиши мумкин.
Белгилари қандай?
Глаукома, асосан, 45 ёшдан ошганларда кўпроқ кузатилади. Шунингдек, болаларда (туғма глаукома) ва ёшларда (ўсмирлар глаукомаси) ҳам кузатилиши мумкин. Касалликнинг эрта босқичида ранг ажратиш қобилияти, қоронғиликка мослашиш ва асосан теварак-атрофни кўриш майдонининг торайиши каби кўз фаолияти бузилиши кузатилади.
Глаукомага хос дастлабки белгилар — нарсаларни аниқ кўрмаслик, эрталаб уйғонгандан сўнг (1-3 соат) кўзи, пешана ва чакка томонида оғриқ сезиш. Лекин бу аломатлар бошқа касалликларда ҳам кузатилиши мумкин. Шунга қарамасдан, албатта, кўзни текширтириш зарур.
Глаукома тўсатдан ўткир хуруж билан бошланиши ҳам мумкин. Беморнинг кўз ички босими жуда юқори кўрсаткичларгача ошганда қаттиқ бош оғриғи, кўз соҳасида оғриқ ва қизариш кузатилади. Баъзи ҳолларда кўнгил айниши, қайт қилиш белгилари ҳам рўй беради. Нур манбаларига қаралганда, улар ҳар тарафга ёйилган камалаксимон доиралар бўлиб кўринади. Ташхис қўйилиши билан шифокор томонидан кўз ички босимини тушириш учун керакли дори воситалари буюрилади. Зарур ҳолларда жарроҳлик амалиёти ўтказилади.
Беморга тавсиялар
Даво нафақат касал кўзга, балки бутун танага қаратилмоғи лозим. Хасталикни даволашда меъёрида (суткада камида 7-8 соат) ухлаш, хонани шамоллатиш ва тоза ҳавода сайр қилиш тавсия этилади. Бошни баланд қўйиб ётиш керак, акс ҳолда, кўзда қон ва суюқлик тўпланиб, кўз ички босими ортиб кетиши мумкин.
Эрталаб енгил бадантарбия қилиш фойдали. Бемор ҳаяжонланиш, асабийлашиш, совқотиш, жуда қизиб кетиш кабилардан холи бўлмоғи керак. У қизиган печь (ўчоқ, тандир) олдида узоқ муддат турмаслиги, бошини энгаштириб ишламаслиги лозим. Иссиқ ҳаммомда ювиниш, кун қизиғида бош кийимсиз юриш ва офтобда тобланиш, жисмоний ва ақлий меҳнатда жуда чарчагунча ишлаш ҳам ярамайди. Бемор қоронғида ўтирмаслиги, қора кўзойнак тақмаслиги лозим. Ўқиш, ёзиш ва майда ишларни ёруғ хонада бажариши керак.
Бемор кун давомида 4-5 маҳал овқатланиши, кечки овқат эса уйқуга ётишдан 4 соат илгари тановул қилиниши зарур. Қовурилган ва шўр овқатлар, шунингдек, мурч, қалампир истеъмол қилиш мумкин эмас. Беморга сут, сабзавотли овқатлар тавсия этилади. Аччиқ чой, кофе, спиртли ичимликлар ичиш ва чекиш қатъий тақиқланади. Дори-дармонларни фақат шифокор кўрсатмаси билан қўллаш лозим.
Ёш ўтиши билан кўз ички босими ошиши хавфи кучаяди. Шу боис 40 ёшдан ошган, кўз касаллигидан шикоят қилиб келган барча кишиларда кўз ва кўз ички босимини текшириш зарур. Кўзи оғриган ҳар бир киши, унда глаукома бўлмаса ҳам ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиши керак. Бу билан кўздаги ҳар қандай касалликнинг олди олинади.
Искандар СУЛАЙМОНОВ,
офтальмолог
Демография билан ўйнашиб бўлмайди
🕔10:56, 04.12.2025
✔20
Кейинги йилларда Ўзбекистонда ўғил болалар кўпроқ туғилаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида мамлакатимизда 321 мингта қиз бола ва 343,6 мингта ўғил бола дунёга келган. Кўриб турганингиздек, ҳар 100 та қиз болага 107 та ўғил бола тўғри келяпти.
Батафсил
Анор – бактериялардан табиий ҳимоя
🕔15:43, 27.11.2025
✔43
Анор юрак-қон томир тизими саломатлиги учун муҳим бўлган мевалардан биридир. B12 витаминининг кони экани ҳисобига қон босимини меъёрлаштиради, қон-томирлар деворини мустаҳкамлайди, эритроцит ва гемоглобин синтезида фаол иштирок этгани сабабли мия ва асаб тизимига ижобий таъсир қилади.
Батафсил
Коронавирус вакцинаси саратонни даволашда ёрдам беради
🕔15:12, 20.11.2025
✔56
COVID-19 га қарши мРНК вакциналари саратон билан курашаётган айрим беморларнинг умрини узайтириб, касалликни даволашда самарали бўлиши мумкин.
Батафсил