— Бир неча ойдан бери ошқозоним безовта қиляпти. Баъзан оғриқ кучаяди. Лекин овқатлансам ўтиб кетади. Бу ниманинг белгиси ва бундан қандай қутулса бўлади?
Нозима ЭЛМУРОДОВА,
Жиззах вилояти
— Бу ошқозон яраси ва энг кўп тарқалган хасталик ҳисобланади, — дейди гастроэнтролог Дилдора МАҲМУДОВА. — Бу касаллик меъда шиллиқ қаватида яра пайдо бўлиши билан бошланади. Ошқозон яраси ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Нотўғри овқатланиш ёхуд нонушта қилмаслик асорати секин-аста яра ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин. Касалликнинг қўзғалиш ва ремиссия (тинчланиш) даври бўлиб, улар алмашиниб туради. Гоҳо «камроқ овқатлансанг, ошқозонинг кичраяди», деган гапни эшитиб қоламиз. Бироқ тиббиёт бу фикрни инкор этади. Чунки организмдаги ички аъзолар ўз-ўзидан шаклини ўзгартирмайди, жумладан, ошқозон ҳам.
Агар ошқозонда яра бўлса, оғриқ, асосан, тунда ва қорин оч бўлганида кузатилади. Таомланиб бўлгач, 30-60 дақиқа ўтиб тўхтайди. Қорин соҳасидаги симилловчи оғриқ баъзан кескин, гоҳо суст бўлади. Яранинг жойлашуви, тузилиши ҳамда ўлчамига қараб оғриқ хуружи бир неча кун ёки ҳафталаб давом этиши мумкин. Бу оғриқ асабга таъсир қилади, ҳатто, стресс ҳолатига сабаб бўлади. Бемор одатдагидан асабийроқ, тажангроқ ва инжиқроқ бўлиб қолади. Бундан ташқари, кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриқлари, зарда қайнаши, қориннинг дам бўлиши, баъзида ич қотиши кабилар ҳам безовта қилади.
Ошқозон яраси пала-партиш таомланишдан ташқари, кучли ҳаяжонланиш, стресс, ирсий мойиллик, узоқ вақт гормонал препаратлар қабул қилиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, меъда шираси кислоталилигининг ошиши, оч қоринга газланган, аччиқ, шўр ва консерваланган маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилиш кабилар туфайли ҳам юзага келади. Ошқозон яраси хасталиги асосан, баҳор ва куз мавсумида хуруж қилади. Шунингдек, ҳолсизлик, сурункали чарчоқ ва парҳезга риоя этмаслик ҳам оғриқ қўзғалишини келтириб чиқаради. Меъда яраси асосан, 20-25 ёшлилар орасида кўп кузатилади. Хасталикнинг ўрта ёшлилар орасида аниқланиши эса вақтида даволанмагани сабаб келиб чиққан асоратдир.
Даволаш учун
Яра ошқозоннинг қайси қисмида ва қай даражада чуқур жойлашганини аниқлаш учун эндоскопик текширув ўтказилиб, бемор оч қоринга зонд ютади, ультратовуш текшируви (УТТ)дан ҳам ўтади. Агар организмда юзага келган «қўзғолон» сабабчиси инфекция бўлса, шифокор уларни бартараф этувчи, шунингдек, шиллиқ парданинг фаол яллиғланишини камайтирувчи, яра ва эрозияларни битирувчи, хуружлар олдини олувчи препаратлар буюради. Муолажа билан биргаликда қатъий парҳезга риоя этишни ҳам унутмаслик лозим. Ўз вақтида ва тўғри даволаниш хасталикнинг сурункали тус олишидан ҳимоялайди. Агар ошқозон яраси хасталиги вақтида муолажа қилинмаса ёки бемор етарлича даволанмаса, яра чуқурлашиб, тешилиши оқибатида қорин соҳасида кескин, ўткир оғриқ пайдо қилади. Бемор ҳушидан кетиши ҳам мумкин. Бунда жарроҳлик амалиёти қўлланилади. Вақтида чораси кўрилмаса, яра бошқа аъзоларга тарқаши, саратонга айланиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Озода ВАЛИЕВА
ёзиб олди.
Демография билан ўйнашиб бўлмайди
🕔10:56, 04.12.2025
✔20
Кейинги йилларда Ўзбекистонда ўғил болалар кўпроқ туғилаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида мамлакатимизда 321 мингта қиз бола ва 343,6 мингта ўғил бола дунёга келган. Кўриб турганингиздек, ҳар 100 та қиз болага 107 та ўғил бола тўғри келяпти.
Батафсил
Анор – бактериялардан табиий ҳимоя
🕔15:43, 27.11.2025
✔43
Анор юрак-қон томир тизими саломатлиги учун муҳим бўлган мевалардан биридир. B12 витаминининг кони экани ҳисобига қон босимини меъёрлаштиради, қон-томирлар деворини мустаҳкамлайди, эритроцит ва гемоглобин синтезида фаол иштирок этгани сабабли мия ва асаб тизимига ижобий таъсир қилади.
Батафсил
Коронавирус вакцинаси саратонни даволашда ёрдам беради
🕔15:12, 20.11.2025
✔56
COVID-19 га қарши мРНК вакциналари саратон билан курашаётган айрим беморларнинг умрини узайтириб, касалликни даволашда самарали бўлиши мумкин.
Батафсил