Саломатлик      Бош саҳифа

НИКОҲОЛДИ ТИББИЙ КЎРИК

наслнинг соғлом бўлишига хизмат қила оладими?

Бўлажак оиланинг мустаҳкам, туғилажак фарзандларнинг соғлом бўлишида никоҳланувчи шахсларнинг жисмонан ва руҳан соғломлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиш қонун асосида йўлга қўйилган.

НИКОҲОЛДИ ТИББИЙ КЎРИК

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августда қабул қилинган «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорида никоҳланувчилар тиббий кўрикдан ўтказилиши ҳамда бу жараён бепул амалга оширилиши белгилаб берилган. Мазкур ҳужжатга асосан, никоҳланувчи шахслар ФҲДЁ идоралари томонидан тиббий кўрикдан ўтиш учун яшаш жойидаги тиббиёт муассасаларига юборилади. Оила қуриш остонасида турган ёшларнинг тиббий кўриги ФҲДЁ идоралари томонидан берилган йўлланма бўйича бепул ўтказилади. Улар беш йўналиш — руҳий, наркологик, заҳм, сил, ОИВ/ОИТС касалликлари бўйича текширишлардан ўтади.

Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўриги натижалари тўғрисида муассасанинг хулосаси маълумотномада акс эттирилади. Никоҳланувчи шахслар никоҳ қайд этилгунга қадар иккинчи томонни тиббий текшириш натижаларидан хабардор қилиши, никоҳни қайд этишда эса ФҲДЁ идоралари никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтганига ва уларнинг ушбу текшириш натижаларидан хабардорлигига ишонч хосил  қилиши шарт.

Тиббий кўрикдан ўтгандан кейин никоҳ тузилишига тўсиқ бўлмаган тақдирда, ФҲДЁ идоралари томонидан никоҳни қайд этиш белгиланган тартибда амалга оширилади. Аксинча, бўлғуси келин ё куёвда текшириш натижасида даволанишни талаб этувчи касалликлар аниқланса, улар дарҳол белгиланган тартибда тегишли даволаниш муассасаларига  йўналтирилади. Улардан бирида ёки ҳар иккаласида руҳий, наркологик, заҳм, сил, ОИВ/ОИТС хасталиги аниқланган тақдирда, никоҳни қайд этиш томонларнинг ушбу текшириш натижаларидан хабардорлиги тасдиқлангандан кейин амалга оширилади.

Никоҳолди тиббий кўрикнинг соғлом оилани шакллантиришда, ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олишда аҳамияти жуда юқори. Бироқ шу ўринда, амалиётда юзага келаётган баъзи муаммоларни ҳам айтиб ўтиш жоиз. Хусусан, тажрибамизда учрайдиган бир ҳолат: баъзи никоҳланувчи тарафлар амалда беш-ўн йил оилавий ҳаёт кечириб, шунингдек, ҳомиладор бўлиб ёки ёши анча катта бўлган вақтда (масалан, 50-60 ва ундан юқори ёшларда) никоҳдан ўтади. Бундай вазиятларда мазкур қарор ва низомдан кўзланган мақсадга эришишда айрим муаммолар келиб чиқмоқда. Чунки тарафлар амалда аллақачон эр-хотинлик муносабатида яшаган, ёши ўтиб қолган, бунда уларни тиббий кўрикдан ўтишга юборишга кеч бўлган бўлади.

Шуни унутмаслик керакки, мазкур тиббий кўрик фақат тўйдан олдин ўтказиладиган жараён эмас. Икки ёш оила қургандан сўнг ҳам уларнинг соғлиғи назорат остига олинади. Тиббий кўрик натижалари тўйдан кейин 45 кун ичида келин-куёв яшайдиган жойдаги поликлиникага юборилади ва улар ёш оила сифатида беш йилгача ҳисобда туради. Шу вақт мобайнида келин ёки куёв хасталаниб қолса, соғломлаштирилади, аёллар оналикка тайёрланади. Албатта, янги ҳаёт остонасига қадам қўяётган келин-куёвлар соғлом бўлсагина соғлом зурриёдни дунёга келтиради, жамиятда бир соғлом оила бунёд бўлади.

Ҳозирги кунда ФҲДЁ органлари қошида «Ёш оила мактаби» ташкил этилган. Уларда янги оиланинг соғлом ҳаёт кечириши, турли касалликларнинг олдини олиш ва бошқа мавзуларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориляпти. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси юртимизда соғлом авлодни вояга етказишга қаратилган ва бу келажагимиз равнақи учун жуда муҳимдир.

Санобар АЛИМАРДОНОВА,

Қамаши туман ФҲДЁ бўлими мудираси




Ўхшаш мақолалар

Болалар  саломатлиги – келажакка энг зўр  сармоя

Болалар саломатлиги – келажакка энг зўр сармоя

🕔10:53, 24.03.2026 ✔91

Япония мактабларида овқатланиш тизими ва «Сёкуику» фалсафаси

Батафсил
Саломатлик посбонлари фаолияти депутатлар нигоҳида

Саломатлик посбонлари фаолияти депутатлар нигоҳида

🕔16:45, 26.02.2026 ✔132

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат сифатини ошириш депутатларнинг доимий назоратида турган масалалардан.

Батафсил
«Фаст-фуд»  ва газли  ичимликлар асосий  қобилиятларини сусайтиради

«Фаст-фуд» ва газли ичимликлар асосий қобилиятларини сусайтиради

🕔08:48, 05.02.2026 ✔176

Олимлар «фаст-фуд» ва ширин газли ичимлик­лар нафақат семиришга, балки когнитив назоратни йўқотилишига сабаб бўлишини исботлашди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар