Саломатлик      Бош саҳифа

БУҚОҚ БОШҚА КАСАЛЛИКЛАРГА ЙЎЛ ОЧАДИ

Буқоқ хасталиги ҳақида гап кетганда айримлар бу арзимас касаллик, дея жиддий эътибор қаратмайди. Бироқ у вақтида даволаниши ва олди олиниши керак. Чунки у бошқа касалликларга ҳам йўл очиши мумкин. Олий тоифали эндокринолог Дилдора ЮСУПОВА мазкур хасталик борасидаги саволларимизга жавоб берар экан, айни жиҳатга алоҳида эътибор қаратди.

БУҚОҚ БОШҚА КАСАЛЛИКЛАРГА ЙЎЛ ОЧАДИ

— Организмда йод танқислиги юзага келса, қалқонсимон без ҳужайраларга кам миқдорда йод юборади, — дейди шифокор. — Натижада гормонлар синтези камаяди. Организм ушбу жараённи мувозанатга келтириш учун бош мия гипофизи орқали таъсир ўтказади. Бунда қалқонсимон без катталашади ва буқоқ пайдо бўлади.

— Қандай турлари мавжуд?

— Тиббиётда буқоқнинг асосан, эндемик ва спорадик турлари мавжуд. Эндемик буқоқ қалқонсимон безнинг жадал катталашиши билан характерланиб, маълум гео­график шароитларда учрайди. Асосан, ҳавода, озиқ-овқат маҳсулотлари, сув ва тупроқда йод моддаси етишмаслигидан юзага келади. Спорадик буқоқ эса айрим омиллар сабаб келиб чиқиши мумкин.

— Буқоқ бор-йўқлигини мустақил текширса бўладими?          

— Мустақил тарзда бажариш мумкин бўлган текширув усули бу — пайпаслашдир. Бунда бармоқ ҳаракатлари билан томоқ соҳаси енгил пайпасланиб, без ўлчами баҳоланади. Шифокор кўригида ҳам дастлаб, ана шу текширув усули ўтказилиб, бунда беморнинг ёши, бўйининг анатомик тузилиши кабилар ҳам ҳисобга олинади.

— Ўлчами-чи? У қандай аниқланади?

— Буқоқ ўлчамини аниқлашда ишончли усуллардан бири ультратовуш текшируви бўлиб, бунда қалқонсимон без ҳажми махсус формула ёрдамида аниқланади.                   

— Оқибатлари қандай кечади?

— Болаларда бўй ўсмай қолади, руҳияти ўзгаради, ақлан ожиз бўлади. Баъзан касаллик шиш ҳосил бўлиши билан кечади. Агар бўйиннинг олд қисмида шиш пайдо бўлса (яъни қалқонсимон без катталашса), дарҳол шифокор-эндокринологга мурожаат этиш ва унинг тавсияларига амал қилган ҳолда даволаниш зарур.                   

— Касаллик насл сурадими?

— Ота-онанинг бирида буқоқнинг аутоиммун тиреоидит, тугунли ёки ёйма заҳар тури бўлса, фарзандида ҳам юзага келиши эҳтимоли йўқ эмас. Кейинги асоратлардан ҳоли бўлиш учун, албатта, профилактика чораларини кўриш тавсия этилади.                    

— Кўпчилик ички буқоқ хавфли, аммо ташқарида жойлашганини жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин, дейишади...

—  Буқоқ қалқонсимон без касалликларининг турига қараб фарқланади. Шунга кўра, ҳамма буқоқни ҳам олиб ташлаб бўлмайди. Дейлик, муолажалар кор қилмай, қалқонсимон без фаолиятидаги ўзгаришлар меъёрига тушмаса ҳамда у билан боғлиқ бошқа безовталиклар бўлса, шифокор кўрсатмаси билан жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Бу амалиётдан сўнг махсус гормонал препаратларни мунтазам қабул қилиб туриш керак. Аммо беморнинг ёши, юрак-қон томир фаолияти билан боғлиқ касалликлар, буйрак, жигар фаолиятида ўзгаришлар бўлса, жарроҳлик тавсия этилмайди.

— Даволаш қандай олиб борилади?

— Ҳозир буқоқни даволаш ва олдини олиш учун препаратлар жуда кўп. Аммо бирортасини танлашдан олдин текширувдан ўтиб, буқоқ даражаси ва турига қараб қўллаш лозим. Акс ҳолда, ножўя таъсир этиб, салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Даволаш муддатини ҳам мутахассис белгилайди. Муолажани бошлагандан сўнг, албатта, ниҳоясига етказиш керак. Ярмида ташлаб қўйилса, фойдаси бўлмайди. Қолаверса, касаллик яна қайталанмаслиги учун шифокор назоратида бўлиш, соғайгандан сўнг ҳам вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиб туриш мақсадга мувофиқ.

Ирода МИРҲАМИДОВА

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Болалар  саломатлиги – келажакка энг зўр  сармоя

Болалар саломатлиги – келажакка энг зўр сармоя

🕔10:53, 24.03.2026 ✔91

Япония мактабларида овқатланиш тизими ва «Сёкуику» фалсафаси

Батафсил
Саломатлик посбонлари фаолияти депутатлар нигоҳида

Саломатлик посбонлари фаолияти депутатлар нигоҳида

🕔16:45, 26.02.2026 ✔132

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат сифатини ошириш депутатларнинг доимий назоратида турган масалалардан.

Батафсил
«Фаст-фуд»  ва газли  ичимликлар асосий  қобилиятларини сусайтиради

«Фаст-фуд» ва газли ичимликлар асосий қобилиятларини сусайтиради

🕔08:48, 05.02.2026 ✔176

Олимлар «фаст-фуд» ва ширин газли ичимлик­лар нафақат семиришга, балки когнитив назоратни йўқотилишига сабаб бўлишини исботлашди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар