Китобхонлик даражаси тушиб кетишининг уч сабаби
Бугун мутолаа маданиятининг сусайиши дунё миқёсида томир отгани айни ҳақиқат. Айниқса, янги асрда инсоният бу борада «рекорд»га эришди. Ушбу муаммо умумий миқёсда аср табиати ҳамда одамларнинг вақтга муносабати билан боғлиқ бўлса, ажаб эмас. Негаки...
Тескари тараққиёт
XIV — XVII аср одами эҳтиёжу ташвиши, қувончу шодлиги, муаммосини ўз елкасига, нари борса, от-араваларга юкларди. Макон ва замонни мана шу воситалар ёрдамида ишғол этиб, шунда ҳам унинг вақти бемалол эди. Оила аъзолари, қариндош-уруғлари, дўстлари ҳолидан хабар олиш, мулоқот қилиш, хусусан, китоб ўқишга-да вақт топарди.
XVIII — XX асрларда одамлар велосипед, машина, поезд ва самолёт ихтиро қилиб, «юк»ларини шу каби замонавий техника воситалари «елкаси»га ортди. Натижада сўз ва ҳаракат тезлиги олдингидан бир неча баробар ошди. Мантиқан қараганда, бундай юксалиш инсоннинг вақтини тежаши, тежалган вақт эса маънавият, маърифат йўлида хизмат қилиши лозим. Аммо алалоқибат бунинг акси бўлди.
XX асрнинг сўнгги чораги, XXI аср бошларига келиб эса инсоният макон ва замон устидан мислсиз ғалабаларга эришди. Аввал бирор ишга йиллаб, ойлаб, соатлаб вақт сарфлаган бўлса, энди ўша вақт бирликлари дақиқа ва сонияларга айланди. Бугун у замонавий ахборот технологиялари ёрдамида дунёнинг исталган нуқтаси билан вақтнинг энг кичик бирликларида боғланиши, хоҳлаган ишини битириши мумкин.
Аммо ақл ва мантиқни лол қолдирадигани, одамларнинг тирикчилик ташвишларидан орттирган, маънавият учун иқтисод қилган вақти кун сайин, соат сайин қисқариб боряпти. Мен «тирикчилик» деганда, умуман жисм манфаати учун югуриб-елаётган, дунё ташвишлари билан овора инсонни назарда тутяпман. Бу ташвишга банди одам эса гўзалликни кўра олмайди. Зотан, гўзаллик қалб хотиржамлигини талаб қилади.
Гуманизмдан айро санъат
Китобхонликнинг бу қадар аянчли аҳволга тушганининг бирламчи сабаби шу, назаримда. Иккинчи омил — шундай улкан издиҳом ичидан юлқиниб чиқиб, самовий юксакликларга кўтарила олишга имкон топа олмаётган ижодкор билан боғлиқ. Одамларга асл ҳолатини тасвирлаб бериш учун ижодкор дегани издиҳомдан баландда бўлиши шарт. Бу романтика эмас, ижоднинг бирламчи шарти, холос. Тўфонда чирпирак бўлиб кетаётган одам, у қанчалик истеъдодли, ижодкор бўлмасин, ўша тўфонни сўз билан тасвирлаб бериши мумкин эмас.
Ҳозирги ёзувчи, шоирларнинг, айниқса, модернизм адабиёти вакиллари ёзган асарларнинг таҳлили шундай хулосага олиб келади. Демак, янги аср адабиёти том маънода одамлардан узоқлашди. Чигаллик шундаки, макон ва замон ҳамда оломон хатоси ичида ҳаракат қилаётган ижодкор ҳам, у ёзган асар ҳам одамзотдан бегоналашди. Буни кейинчалик модернизм назариётчилари (тўғрироғи, тарғиботчилари) «санъатнинг гуманизмдан айро тушиши», деган мужмал жумлаларда талқин этди.
Лекин номи талқин бўлгани билан унинг оддий одамларга тушунарли жойи йўқ эди. Шу икки нарса ўзаро уйғунлашиб, улкан бир комплексни барпо қилди. Оқибатда, нафақат одамларнинг китобхонлик даражасига, балки одамийлигига ҳам путур ета бошлади. Айни пайтда китобхонлик борасида туғилаётган кўламдор ташвишлар фақат адабиётга эмас, юксак маънавий тушунчаларга, энг ачинарлиси, одамлик ва одамгарчилик тамойилларига ҳам дахл қилишга ўтди.
Бироқ китобхонлик масаласида биздаги аҳвол бир қадар яхшироқ. Цивилизациянинг юқори чўққисини эгаллаган мамлакатларга қиёсан олганда бу фикр ўзини оқлайди. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Аввало, ўзбек жамияти ва маънавияти жаҳон миқёсидаги ижтимоий-маданий парокандалик оқимига таслим бўлмаган (таслим бўлмайди ҳам). Ўз навбатида, бундай хавф йўқ дейиш ҳам нотўғри. Чунки бунинг айрим нишоналари кўринаётганини инкор этиб бўлмайди.
Биз узоқ асрлик маданий, адабий анъаналарга бой халқмиз. Улар бир томондан ғайримаънавий оқимга қарши муайян қалқон вазифасини ўтаётган бўлса, иккинчи томондан антигуманистик зулм хавфи остида турибди. Шу маънода, яқин йилларгача мавжуд бўлган «Навоийхонлик», «Бедилхонлик», «Фузулийхонлик», «Машрабхонлик», «Қодирийхонлик» анъаналарининг йўқолиб бораётгани ташвишли ҳолдир.
XX асрнинг 60-80 йилларидан бошлаб, ўзбек китобхонлари орасида оммавий тарзда Ғарб адабиётига ружу қўйиш кузатилди. Бир қарашда бу факт жаҳон адабиётини англаш маъносида ижобий аҳамият касб этди. Шундай бўлса-да, миллий китобхонлик анъаналарининг сусайишига олиб келди. Боиси замонавий Ғарб адабиёти намуналари ўта шахсий масалалар ҳақида баҳс олиб борар, миллий колорит эса бундай асарларни оммавий тарзда ўқишни қабул қила олмасди.
Оқибатда ўзбек китобхонлари орасида бўлиниш юз берди. Анъанавий китобхонлик оқими ожизлашди. Мана шу анъана, гарчи бир қадар ожизланганига қарамай, бугунги кунда ҳам маълум таъсир қувватини сақлаб турибди. Уни тиклаш, кучайтириш ўзини зиёли деб билган ота, она бўйнидаги ҳам фарз, ҳам қарз десак, хато бўлмайди.
«Ёзувчи — ношир — савдогар»
Бугун оммавий тарзда ўқилаётган айрим хусусий газеталар, кимнингдир айнан тирикчилик учун олди-қочди асарлар ёзаётгани, бошқа биров уни нашр этиб, мўмайгина даромадга эришаётгани ҳам бор гап. Энг ачинарлиси, бундай «асар»лар ўз ўқувчиларига ҳам эга. Ёзувчи ва ноширнинг мақсадлари уйғун ва аниқ — фойда олиш. Савол туғилади: бундан ўқувчи нима олади? Фойдами ёки зарар?
Мен китоб савдосига, унинг даромад манбаига айланишига қарши эмасман. Қани бизда ҳам бу соҳа гуркираб ривож олса. Китоб бизнеси мамлакатимизнинг муҳим иқтисодий соҳасига айланса. Афсуски, бизда айнан шу нарса, яъни китоб савдосининг ўзи йўқ. Ўйлашимча, китоб савдоси бизнес даражасига кўтарилган жамиятда уч томонлама манфаат бўлади: мамлакат иқтисоди, ёзувчи ва энг муҳими, халқ маънавияти бирдек ютади. Маблағининг маълум улушини китоб сотиб олишга сарфлаётган миллат маънавий савияси юксак юрт ҳисобланади. Пировардида бу — муаллиф учун ҳам иқтисодий, ҳам маънавий рағбат олиб келади.
Абдулла Қаҳҳорнинг «Сароб» романи қаҳрамони Саидий ижодий фантазияга берилиб, ўз китоблари орқасидан доллар, фунт-стерлинг, лира, иенлар оқиб келаётганини, данғиллама иморатлар қуриб, турмуш фаровонлигига эришганини тасаввур қилади. Буни яқин кунларгача Саидий табиатидаги худбинлик, дея изоҳлаб келдик. Айни кунларда эса бу масалани четлаб ўтаяпмиз, холос.
Аслида Саидийнинг орзулари моҳиятан у қадар қўрқинчли эмас. Ахир, ёзувчи ҳам одам. Унинг барчамиз сингари моддий фаровонликда яшашга ҳаққи бор. Қолаверса, турмуш ташвишидан фориғ бўлган инсон тирикчиликдан юксакроқ нарсалар ҳақида ўйлашга кўпроқ мойил бўлади. Энг муҳими, ёзувчининг китобини сотиб олаётган одам биринчи навбатда ёзувчини, шунинг баробарида, адабиётни эътироф этади.
Шуларни эътиборга олсак, китобхонлик ва китоб савдоси аро чин маънодаги муносабат юзага келиши учун учта одамнинг мустаҳкам ҳамкорлиги лозим. Бири — истеъдодли ёзувчи, иккинчиси — профессионал ношир, учинчиси — инсофли савдогар. Уларни фақат моддий манфаат эмас, маънавий-маърифий маслак ришталари боғлаб туриши лозим. Зеро, бизда азалдан китоб савдоси мана шу мезонлар асосида ривожланган, шу йўл билан маърифий, маданий ютуқларга эришиб келинган.
Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ,
филология фанлари номзоди