Инсон ўзинг      Бош саҳифа

САВР САБОҚЛАРИ

Савр ойисабр ойи.

Ўзбек халқ мақоли

САВР САБОҚЛАРИ

Ҳамалнинг оёғида ҳавонинг тарзи ўзгарди.

Икки-уч кунлик илиқдан сўнг кутилмаганда совуқ тушиб, изғирин бошланди.

Кўк қоп-қора булутлардан исирға тақиб, хўмрайди.

Эрталабдан ҳаракатга тушиб қоладиган чумолилар ин-инига кириб кетди.

Табиатнинг беозор жониворлари бўлмиш мусичалар бир-бирини «ку-ку»лаб чақирганча, тиқилишиб, бўғотдан жой олишди.

Айвонимиздаги инларига қайтиб келган бир жуфт қалдирғочнинг азондаги шўх-шўх қанот қоқишлари, «валфажр»лаб чуғурлашлари сийраклашди.

— Яхшиям чигитни экиб бўлганимиз, боқибеғамлик қилиб юрганимизда ёғин-сочинли кунлар бошланиб кетиб, вақтдан ютқазардик, — деди эрталабки нонушта пайти тўнғич ўғлим.

Чопонга ўралиб, томорқа айланиб юрганимда кенжа ўғлим изимдан чиқиб:

— Дада, буниси тағин нимаси, яқиндагина қўй-эчкиларнинг жунини қирққандим, энди совуқ қотиб қолишмасмикин, — деди.

— Ҳаммасининг ўз ўрни бор, болам, — унга тасалли бердим. — Кеча, олдинги кун зов бўйида кўк қарракка (кўк қарға) кўзинг тушмаганмиди?

— Тўши ям-яшил товланиб турадиган, каптарга ўхшайдиган қушми?

— Ҳа.

— Кеча бир галаси чайламизнинг ёнидан ўтадиган захкаш бўйида учиб-қўниб юрганди.

— Ана, кўрдингми, табиат адашмайди, бу ўшанинг тўфони, сабр қилсанг, ҳадемай савр киради.

— Савр деганингиз нима?

— Савр ҳижрий-шамсий тақвим бўйича апрелнинг йигирма иккинчисидан бошланадиган баҳорнинг иккинчи ойи, уни бузоқ деб ҳам аташади. Саврнинг ёғингарчилиги бошлангани Худонинг бергани, ёз бўйи қўй-қўзиларинг ўтдан зориқмайди.

Ўғлимнинг саволларига жавоб қайтарар эканман, кўз ўнгимда раҳматли отамнинг нуроний қиёфаси гавдаланди:

— Саврнинг об-ҳавоси кўп ўзгарувчан бўлади, эгнингни қалин қилиб ол, — дердилар у киши йилнинг шу кунларида бирон ерга сафарга отланмоқчи бўлсак. — Унда ёғингарчилик кўп бўлганидан қўрқмаслик ҳам, нолимаслик ҳам керак, бир-икки куннинг лойгарчилиги ўтади-кетади, аммо бу ой қурғоқчил келгани Худонинг ургани, қайсидир йили баҳор бир томчи ҳам ёмғир ёғмаганида хўжаликнинг, одамларнинг сурув-сурув қўйлари қирилиб кетганининг гувоҳи бўлганман...

...Билгичларнинг айтишича, баҳорнинг иккинчи ойида «шишаи савр» аталмиш аёзлар ҳам бўларкан. Деҳқону чорвадор бу синовлардан кексаларнинг маслаҳатларига, тажрибасига таяниб, ўтиб оларкан...

2.

Азон пайти ҳовлимизнинг ёнгинасидан ўтадиган бетон ариқдан хабар олгани чиққанимда, мени кўриб, Хонқул раис машинасини тўхтатди:

— Ҳорманг, домла, томорқанинг ташвишими?

— Бугун ариққа сув келади, деб эшитгандим, шунга чиқиб қараяпман.

— Келади, бугун келмаса, эртага келади, бирон хонадоннинг томорқаси сувсиз қолишига йўл қўймаймиз, лекин одамларга ҳам ҳайронман-да, домла, — деди у жиғибийрони чиқиб. — Бугун кечаси билан тўрт-беш киши ётмай, сув ёқаладик. Бир хиллари сувнинг олдига тўсиқ босишган, бошқалари ундан норози. Навбат билан олишса, ҳеч кимни қуруқ қолдирмаймиз-ку.

— Зарари йўқ, раис бобо, — унга кўнгиллик бердим. — Тирикчилик, ҳамма томорқасини тезроқ об-ҳаётга қондиришни кўзлайди, уч-тўрт кун ариқни тўлдириб оқизинг, кейин натижасини кўрасиз, мени айтди деяверинг, ўзлари безор бўлиб, сув ўтадиган қулоқларни беркитишади.

— Майли, жанжал қилишмаса бўлгани. Лекин шу йил қишлоғимизда ҳар бозор куни тўрт юз, беш юз қути помидор, булғор қалампири, бақлажон кўчати сотилаётганидан бошим осмонда, ҳамма ўз дастурхонини обод қилса, тўкинчилик бўлади.

— Экишгани яхши, раис, экишаверсин, ҳам даромад, ҳам дастурхон обод, ёт элларда бир сўм топаман деб изғигандан кўра, ёшларимиз ерга меҳр қўйиб боришаётганига шукр қилиш керак. Бозоримизда, мана, йигирма-ўттиз йилдирки, миришкорлик бир момо кўкатлар билан савдо қилади, шу онахондан бир гал қизиқиб сўраганимда, ҳар йили томорқасида экиб, етиштирадиган пиёз, шивит, шовул, исмалоқдан беш-олти миллион сўм соф фойда оларкан.

— Еримиз бебаҳо, домла, айниқса, бу йилгидек шароитда унга қуриган чўпни суқсангиз ҳам кўкаради.

— Кексаларимиз «Ширин бўлар экиб есанг, манглай теринг тўкиб есанг», деб бежиз нақл қилишмаган, — суҳбатимизга аралашди Одил раис. — Бир томондан Яратганнинг ўзи қўллаяпти, куноша ёғингарчилик, иккинчи томондан, мана, ариқни ҳам оқизиб қўйди, ёғин сув билан оқар сувнинг ўз ўрни бор, экиннинг қулоқдан ичгани бошқа, симириб ичгани бошқа. Симириб ичса, ер тўяди, ер тўйса, эл тўяди.

— Об-ҳаводан гапиринг, об-ҳаводан, отангиздан қўл олган бўлсангиз, сизда ҳисоб-китоб бўлиши керак, — деди кайфияти кўтарилиб Хонқул раис. — Уч-тўрт кундан бери айланишиб қолган булутлар натижасиз кетаверадими?

— Насиб бўлса, табиат ҳам зориқтириб қўймас, мана, савр бошланди, — жавоб берди Одил. — Эрта-индин ёмғир шаррос қуяди.

— Айтганингиз келсин.

— Хайр бўлмаса, домла, томорқа­нгиз­га барака берсин, биз кетдик, —Хонқул раис хайрлашиш учун қўл чўзди. — Энди бир-икки кун айтганингиздек, ариқ ёқалаб турамиз, кейин ҳаммаси изига тушиб кетар...

3.

Дарҳақиқат, «Лолақизғалдоқнинг офтоби». У саврнинг сўнгги ўн кунига тўғри келади. Шу кунларда боғбону соҳибкорнинг қўли-қўлига тегмайди. Бозор расталарида янги картошка, сабзи пайдо бўлади, ток гуллайди, ойнинг охирларида саврий гилос пишади.

Иккинчи ёки учинчи синфда ўқирдим.

Сабоқларни тугатиб, уйга қайтсам, отам Рўзи жўраси билан боғимизда куймаланиб юришган экан. Апил-тапил нонушта қилиб, уларнинг ёнига шошилдим.

— Нега экинларнинг, дов-дарахтларнинг авжи паст, — сўради жўрасидан отам.

— Сенга шундай туюляпти, табиат савр ойини бошдан кечиряпти, аслида экинлар, дов-дарахтлар бир дақиқа бўлсин ривожланишдан тўхтамайди. Мана, ток гуллабди, энди унинг новдаларига қайчи теккизиб бўлмайди. Лекин анжир, анорлар бошқа гап.

— Зап вақтида келдинг, ўғлим, — деди менга кўзи тушган отам. — Рўзи домла анжир-анорларнинг соч-соқолини қиртишлаб қўймоқчи эди, бир томоша кўрадиган бўлдинг.

Ҳайрон қолдим, «дарахтнинг ҳам соч-соқоли бўларканми?», Рўзи домланинг бирон ҳаракатини кўздан қочирмасликка уриндим. У киши навбати билан анжир-анорларнинг остини кавлаб, кундасини очар, ён томирларини қайчи билан тозалаб кесиб, кундани қайта кўмарди.

— Бу ёққа кел-чи, — деди у киши бир анжирнинг тагини кавлаётиб, кундасини чиқаргач, ғуж бўлиб ётган ён томирларига ишора қилиб. — Отанг айтган анжирнинг соч-соқоли — шу. Уларни илмда «соч томирлар» деб аташади, ҳар баҳорда экин шулардан тозаланиб турилса, томири чуқур кетиб, ерости чашмасига етади, кейин уларнинг ҳосил беришини кўрасан.

Рўзи бобо қўлидаги қайчини чаққон ишлатиб, кундани «соч томирлар»идан халос этгач, майин тупроққа нури аралаштириб кўмди...

4.

Саҳархез қушларнинг чуғур-чуғуридан уйғонган набирам ёнимга келди.

«Кишт-кишт»лаб тутга ёпишган чумчуқларни ҳайдадим. Бараварига пириллаб қанот қоққан қушлар фалакни булутдек қоплаганича учиб кетди.

— Вой, уларнинг кўплигини қаранг, нега ҳайдадингиз, бобо, — ҳайратини яширолмай савол берди Аскаршоҳ.

— Тутнинг ҳали пишмаган меваларини талаб кетмасин, дедим-да.

— Чумчуқ зарарли қуш бўлса, нега уларнинг полапонларини ушлаб олсак уришасиз?

— Табиат бутун борлиқни бекаму кўст қилиб яратган, болам, ҳамма нарсанинг ўз ризқ-насибаси бор. Шу тутнинг ҳам меваси биздан кўра кўпроқ шуларга насиб этади, лекин ғўралигида талаб кетишгани ёмон. Эсингда тут, ҳозир биронта жониворга ҳам озор бермаслик керак. Айниқса, қушларга, улар ўзларига ўнғай жойда ин қуриб, тухум қўйишган. Ҳадемай, жўжа очишади.

— Айвондаги қалдирғочларимиздекми?

— Ҳа, ҳатто, шу ойдан бошлаб сув ҳавзалари, дарёлардаги балиқларни ҳам овлаш гуноҳ саналади. Табиатнинг мувозанатини бузмаслик керак.

Аскаршоҳ мулоҳазаларимнинг айримини тушунган бўлса, баъзиларини илк бор эшитиб туриши эди, ҳали кун бўйи унинг анча-мунча саволларига жавоб беришимга тўғри келади...

Абдунаби АБДИЕВ




Ўхшаш мақолалар

Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

🕔09:19, 23.10.2025 ✔6

Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

Батафсил
Беҳбудийнинг сўнгги васияти

Беҳбудийнинг сўнгги васияти

🕔15:48, 03.10.2025 ✔59

Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

Батафсил
Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

Она мушук ва меҳр мўъжизаси

🕔15:48, 26.06.2025 ✔204

Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

    Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

    Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

    ✔ 6    🕔 09:19, 23.10.2025
  • Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

    ✔ 59    🕔 15:48, 03.10.2025
  • Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

    Она мушук ва меҳр мўъжизаси

    Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

    ✔ 204    🕔 15:48, 26.06.2025
  • Тинчлик қадри  «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.

    ✔ 261    🕔 15:27, 08.05.2025
  • Оилани  камбағалликдан  эркак  қутқаради

    Оилани камбағалликдан эркак қутқаради

    • Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.

    ✔ 269    🕔 16:16, 17.04.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар