Инсон ўзинг      Бош саҳифа

ЭР-ХОТИНЛИК  САОДАТИ

Бранислав  НУШИЧ, серб ёзувчиси

Холаваччам Милена билан анчадан бери кўришмаган эдик. Эрга текканига икки йилдан ошдики, у мени бир кўргани келгани йўқ.

ЭР-ХОТИНЛИК  САОДАТИ

Шундай бўлгач, мен уни жуда бахтли яшаётган, бор меҳрини эрига бахшида этаётган бўлса керак, деган хаёлда эдим. Шунинг учун ҳам унинг бугунги саҳармардондан қилган ташрифи, боз устига, хатти-ҳаракати мени ҳайрон қолдирди. У менга «Хайрли кун!» дейиш ўрнига шунчаки қўл узатиб хўрсиниб қўйди.

— Кўришмаганимизга ҳам юз йил бўлди-ёв! — дедим илтифот билан уни кутиб ола туриб. — Хўш, асалим, аҳволинг қалай?

Холаваччам жавоб бериш ўрнига яна хўрсинди. Ва у менинг навбатдаги саволларимга, уни гапга солишга бўлган ҳаракатларимга жавобан ҳам фақат хўрсиниб қўяр эди.  

— Гапирсанг-чи, Милена, сенга нима бўлди? Одамни хавотирда ёқмасанг-чи? Нимадан изтироб чекяпсан?

Саволим жойига тушдими, ҳарқалай, жияним тилга кирди.

— Изтироб ҳам гапми, жонимга тегиб кетди. Маслаҳатингиз керак.

— Э, маслаҳат сенгинадан ўргилсин, айт, нима бўлди?

Жияним дийдиёсини бошлаб юбораркан, хўрсинишини қўймас, дардини тўкиб солаётган эди. Эрини кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ эмиш, ажрашмоқчи бўлаётганмиш. Бироқ ажрашиш тўғрисида ариза беришга арзигулик сабаб ҳам йўқ эмиш. Эри уни ташлаб кетмабди, устидан кулмабди, бевафолик ҳам қилмасмиш.

— Бўлмасам, бечоранинг айби нимада?

— Бечора... Ўлгудай латта.

— Нима, бўшангми?

— Айнан. Ҳеч нима билан иши йўқ, ҳеч вақо қизиқтирмайди. Шляпамдан ҳаяжонга тушмайди, шўрва шўр чиқсаям хафа бўлмайди. Овқатни тагига олдириб қўйсам ҳам парво қилмайди, буниям қўя туринг, ҳатто рашк қилмайди-я! Келади, ейди, уйқуни уради. Бориб тургани шу! Жаҳлини чиқаришга шунча уриниб кўрдим, йўқ, ҳеч иложи йўқ-да! Унинг бунақа лоқайдлигига бошқа тоқат қилолмайман. Энсам қотади, тепа сочим тик бўлади, асабларим адои тамом бўлди. Етар! Шунча чидаганим етади. Ажрашаман.

Қўйди-чиқди масалаларида етук мутахассис эсамда, жиянимнинг дийдиёсидан довдираб қолдим. Унга нима маслаҳат беришга ҳам ҳайронман. Эрига гап йўқ, ўзининг барча эрлик бурчларини бинойидек бажариб турган бўлса. Тўғри, битта айби бор экан, шўрвани хотини шўр қилиб қўйса, жаҳли чиқмас экан. Бироқ бор-йўғи шу шўрва ажрашиб кетишга асос бўла олармикан?

Оғир ўйга толганимни кўрган жияним бетоқатлик билан сўради:

— Хўш, нима маслаҳат берасиз?

— Бир нима дейиш ҳам қийин. Ахир, бир шўрвани деб ажраша олмайсан-ку?

— Шўрва учунмас, бўшанглиги учун!

— Э, овора бўлма, жиян, қонунлар бўшангликни ажрашишга сабаб сифатида инобатга олмайди.

— Хўп, унда мен нима қилишим керак? — ҳафсаласи пир бўлди жиянимнинг.

— Айт-чи, сен ростдан ҳам эрингдан шунчалик ажрашадиган даражага келдингми?

— Ўлсам ўламан, аммо у билан бошқа яшай олмайман! — қатъий таъкидлади жияним.

— Бундан чиқди, иш шунчаликка бориб етибди-да. Унда биз сен билан ажратиб юборишга сабаб бўладиган бирор асос топишимиз керак. Сабаб, тушуняпсанми? Ҳа, топдим. Бирор кун кечки овқатни тайёрлаб, эрингнинг икки дўстини уйга таклиф қиласан. Билдирмайгина айнан унинг дўстларини! Тушуняпсанми? Бу уларнинг гувоҳлик кўрсатмаларининг қийматини оширади.

— Улар нимага гувоҳлик беришлари керак бўлади?

— Ҳаммасини сенга тушунтираман. Кечки овқат пайти сен нима қилиб бўлса ҳам унинг жаҳлини чиқаришинг керак бўлади. Шунчалик чиқаришинг керакки, у сенга гувоҳлар олдида тарсаки тортиб юборганини билмай қолсин.

— Бунинг иложи йўқ-да.

— Уриниб кўр. Овқатига роса туз сеп, дастурхонга ювилмаган идишларни қўй, винонинг ўрнига финжонига сиркадан қуй.

— Йўқ, бунга унинг жаҳли чиқмайди!

— Унда, биласанми, нима қилиш керак? Меҳмонлар олдида уни эшак деб сўк.

— Ҳа, ана бу бошқа гап. Мен бу усулни ишлатиб кўрганим йўқ!

— Сен бир уриниб кўр, балки шу йўл билан тарсаки еб қолиш сенга насиб қилар.

— Ундан кейин-чи?

— Кейин... тарсаки... тиббий хулоса... гувоҳлар...

— Ва мен ана шу асосга кўра ажраша оламанми?

— Албатта.

— Маслаҳат учун раҳмат. Худди шундай қиламан.

Қойилмақом маслаҳат олганидан боши осмонга етган жияним уйига равона бўлди. Ўшандан бери уч ҳафталар ўтди-ёв, уни кўрганим йўқ.

Куни кеча жиян яна пайдо бўлди. Унга нигоҳим тушди-ю... кўзимда ёш айланди. Ёноғи кўкарган, ўнг қўли докада, чап қўлида ҳасса, чунки чап оёғини боса олмаётган эди. Э, шўрлик!

— Ё қодир эгам, сенга нима қилди, азизам?

— Ҳозир барини оқизмай-томизмай айтиб бераман! — деди шикоятчи жияним ҳорғин ўтириб оларкан.

— Хўш?

— Мени ўлгудек дўппослади. Ҳаммасини худди сиз айтганингиздек қилдим. Кечки овқатни тайёрладим, жўраларини чақирдим, овқатни шўр қилдим, уни эшак, деб атадим.

— У-чи?

— У бўлса, одамга ўхшаб тарсаки тортиб юбориш ўрнига менга ташланиб, ерга ағанатиб юборди, босиб олиб ура кетди, худди хамир қораётгандек. Армони қолмагунча савалади. Бир ҳафта кўрпа-ёстиқ қилиб ётишга тўғри келди. Эмланмаган жойим қолмади.

— Э, жа зўр бўпти-ю! Табриклайман! — дедим мен хурсанд бўлиб, қўлларимни иштаҳа билан ишқаганча. — Энди, ҳозироқ тўғри шифокор олдига бориб маълумотнома ол-да, дарров олдимга қайтиб кел. Бирга бориб ариза берамиз.

— Қанақа ариза? — ҳайрон бўлиб сўради холаваччам.

— Қанақа ариза бўларди? Ажрашиш ҳақида-да!

— Ҳа-а... Анави гапми, — гапни чўза бошлади қариндошим. — Вой, нима десам экан... мен фикримдан қайтдим, энди ажрашмоқчи эмасман.

— Нега? — ҳайрон бўлдим.

— Қандай тушунтирсам экан...

— Шунча таёқни еб-а?

— Ҳа, энди мен унинг ҳам дуппа-дуруст эр эканига ишонч ҳосил қилдим. У эр десанг эр дегулик экан.

— Йўғ-э? Унда... тушунарли. Аслини олганда, жияним, мен ҳам шу фикрдаман, яхшиси, эрингнинг олдига қайтганинг маъқул, эр деган уради-да. Ўзи мана шунақа эрга учрагани хотин бахтининг тўкислиги-да. Таёқ ейсан, бахт оғушида юраверасан.

— Тўғри, ўзим ҳам шу фикрга келдим. Дуппа-дуруст, яхшигина тузлайдиган эрим бор экан. Мен бахтлиман!

— Майли, эрингнинг олдига қайта қол ва мендан унга салом айт. Ҳа, айтмоқчи, унга айт, бир олдимга кириб ўтсин.

— У билан гаплашиб қўймоқчимисиз?

— Йўқ. Унга маслаҳат берсам дегандим. Эр дегани мундоқ хотинини ҳеч бўлмаса ойига бир марта дўппослаб турмаса, шуям бахтли ҳаётми? Ахир, аёлнинг чинакам оилавий бахти, эр-хотинлик саодати шунда-ку...

Рус тилидан 

Маҳмуд  БЎРОН 

таржимаси.




Ўхшаш мақолалар

Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

🕔09:19, 23.10.2025 ✔6

Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

Батафсил
Беҳбудийнинг сўнгги васияти

Беҳбудийнинг сўнгги васияти

🕔15:48, 03.10.2025 ✔59

Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

Батафсил
Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

Она мушук ва меҳр мўъжизаси

🕔15:48, 26.06.2025 ✔204

Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

    Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

    Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

    ✔ 6    🕔 09:19, 23.10.2025
  • Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

    ✔ 59    🕔 15:48, 03.10.2025
  • Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

    Она мушук ва меҳр мўъжизаси

    Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

    ✔ 204    🕔 15:48, 26.06.2025
  • Тинчлик қадри  «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.

    ✔ 261    🕔 15:27, 08.05.2025
  • Оилани  камбағалликдан  эркак  қутқаради

    Оилани камбағалликдан эркак қутқаради

    • Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.

    ✔ 269    🕔 16:16, 17.04.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар