Китобхонликни шакллантириш учун оила давраси ва боғчалар катта аҳамиятга эга. Аввало, ота-онанинг ўзи китобхон бўлиши, китоб ўқиб, ундаги айрим ҳолатларни гапириб бериши лозим. Шундагина маърифатли оила шаклланади.
Болаликда отам менга «Калила ва Димна»дан парчалар ўқиб, турли ривоятлар айтиб бергани ҳали-ҳануз эсимда. Навоий ва Махтумқулидан ёд айтган шеърларини ҳозир ҳам биламан. Ўша кезларда ҳар куни саҳар туриб, отамнинг китобга тикилиб ўтиргани, алланималар ёзаётгани, ўқувчиларга бериладиган навбатдаги сабоқ учун тайёрланаётганини кўрардим. Каминада китобга бўлган муҳаббат ўшанда шаклланган.
Касбим тақозо этгани боис кўпроқ адабиётшуносликка доир китобларни ўқийман. Таассуротларимни университет талабалари билан ўртоқлашаман. Агар уларда қандайдир қизиқиш уйғота олсам, вазифамни бажардим ҳисоб. Зеро, инсон ўзига раво кўрган маънавият неъматларини бошқаларга ҳам илиниши керак. Бунинг замирида ҳикмат бор. Илмни қизғаниш — бахиллик ва жаҳолатдир. Шу маънода, маърифат талабидаги ўқувчига китоб ўқишнинг энг унумли ва фойдали йўлларини ўргатиш лозим.
Ўқиган китоблари ҳақида қисқача маълумотлар ёзиб қўйиш, китоб номи, муаллифи, нашр йили ва бошқа жиҳатларни махсус дафтар тутиб, унга қайд қилиб бориш китобхонлик маданиятининг бир кўриниши. Архивимда бир замонлар шундай қайдлар ёзилган дафтарларим бор. Ўқилган китоб изсиз йўқолиб кетмайди. Инсон ҳаётининг қайсидир ўрнида яхши китоб ёрдам беради, албатта. Китоблар инсон умр йўлининг бир парчасини ташкил этади. Китоблар хотираларга боғланиб кетади. Ким менга қандай китоб совға қилган ва ким менга қандай китобни ўқиш учун тавсия қилган. Бу — қизиқ.
Яқинда Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада бир яхши китоб тақдимоти бўлди. Зал қоронғилашиб, раҳматли муаллиф тўғрисида фильм кўрсатила бошлади. Шу маҳал қўлида иккита китоб тутган бир аёл ёнимга келиб, «Фалончи ким?», деди. Сал нарида ўтирган одамни кўрсатиб, қўлидаги китобларни олиб унга узатдим.
Шу маҳал фурсатни ғанимат билиб: «Бу китоблардан Баҳодир Каримга ҳам бериш керак», дедим. Аёл уни каттароқ одам деб ўйлади, шекилли, шартта бориб иккита китоб олиб келди ва қўлимга тутқазиб: «Ким у Баҳодир Карим?», деди. «Мен», дедим. Ажойиб адабиётшунос олим Бобурхон Акрамов домла билан бирга ишлаганим учун «Фасоҳат мулкининг соҳибқирони», деган янги китобини шу тарзда ундириб олдим. Ўзига хос беозор усулда.
Таассуф, жуда кўп китоб бор. Лекин одамларга фойда бермайди. Аслида ўша китобларни ёзишга ҳам зарурат йўқ. Бундай китобларда янги гап, фикр, мулоҳаза, маълумот, ҳатто, хабар ҳам анқонинг уруғи. Бу тоифа китоблар аллақандай ҳисоботлар, рўйхатлар, исмлар намоёни ва ўзини ўзи овутиш учун ёзилгандек туюлади. Ҳақиқий асар — давр, қалб, юрак, назар муҳридир.
Янада ачинарлиси, айрим китоблар бошқа китоблардан кўчириб олинган кўчирмалар асосида ёзилади. Гоҳида ҳеч қандай сири, бадиияти бўлмаган романлар юзасидан тадқиқотлар ўтказилади. Тадқиқот эгалари илмий унвонлар олади. У романнинг фойдаси бор-йўғи шу, холос.
Бир замонлар китобларни ҳарфлаб ўқишган. Кейин сўзма-сўз ўқишган. Бирор сўз қолдириб кетилишига одамнинг кўзи қиймаган. Сўнгра гаплар-жумлалар батафсил ўқилган. Бирор гап ёки жумла қолиб кетса, ўша асарнинг мазмунидан ўқувчи тўла хабардор бўлмаган, албатта. Бундай мантиқий занжир адабий матндаги генетик тўқималарни ўзаро мустаҳкам ушлаб турган. Энди-чи? Баъзи китобларни варақлаб, боблаб, фасллаб ўқиш мумкин. Ташлаб кетилган саҳифалари учун одам ачинмайди ҳам. Дунёдаги турли тилли минглаб, миллионлаб одамлар гўзал ва боқий китоблар тилида, дилдан суҳбатлаша олади. Умрбоқий китоблар ўз муаллифини, айни чоғда, ўзига мансуб миллатни дунёга танитади. Китоблар турли халқлар орасидаги ижтимоий-сиёсий, илмий-адабий, маданий-маърифий алоқаларни кучайтиради. Маърифатталаб зиё аҳлининг дилини, кўнглини бир-бирига мустаҳкам боғлайди...
Баҳодир КАРИМ,
филология фанлари доктори
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔284
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил