Умуртқа чурраси ҳақида кўп эшитганмиз. Айниқса, ўтириб ишлайдиган бугунги даврда бу касаллик билан оғриганлар тоборо кўпаймоқда. Бироқ бунинг қандай касаллик эканини ҳамма ҳам етарлича билмайди.
— Умуртқа поғонаси танани тик тутиб туришда жуда муҳим, — дейди нейрохирург Давлат НУРАЛИЕВ. — Умуртқа поғонаси орасида нерв толалари билан инсоннинг қўл-оёқлари ҳаракатини, мувозанатини бошқарувчи орқа мия жойлашган. Инсонда икки мия бор. Бош мия билан инсон фикрласа, ақл-заковотини ишлатса, орқа мия билан ҳаракатларини бошқаради. Агар орқа мияга шикаст етса, инсон ҳаракатлана олмаслиги ҳам мумкин. Ана шу орқа мия умуртқа поғонасида узунасига жойлашган бўлади.
— Қайси ёшда кузатилади?
— Одатда, ўрта ва кекса ёшларда бу касаллик кўп учрайди.
— Умуртқа чурраси қандай ва нима сабабдан пайдо бўлади?
— Касаллик келиб чиқишининг бир нечта сабаблари бор: оғир юк кўтариш, кун давомида бир ҳолатда, букчайиб иш бажариш, қомат ҳолатининг бузилиши, тана вазнининг меъёрдан ортиқлиги, кексайиш туфайли умуртқада содир бўладиган ўзгаришлар, жисмоний зўриқиш, моддалар алмашинувининг ўзгариши, камҳаракатлик ва баъзида нотўғри овқатланиш ҳам бу касалликни келтириб чиқариши мумкин. Умуртқа суяклари орасида дисксимон, юмшоқ пайлар бўлади. Бу пайлар инсон ҳаракатланганида умуртқа суягига оғирлик тушмаслиги учун амортизация вазифасини ўтайди. Пайлар ичида суюқлик бўлади. Киши оғир юк кўтарганида ёки оғир меҳнат билан доимий шуғулланганида дисксимон пайлар эзилиб қолади. Натижада, у ёрилиб, ичидаги суюқлик четга оқиб тушади ва мана шу жойда шиш пайдо бўлади. Шишиб қолган жой умуртқа чурраси (грижа) дейилади. Шиш оқибатида умуртқа поғонасидан ўтган орқа мия нерв толалари қисилиб қолади. Шундан сўнг инсон фақат белида эмас, оёқ-қўлларида ҳам оғриқ сеза бошлайди.
— Қандай аломатлари бор?
— Чурра ҳосил бўлганида орқа миядан чиқувчи нерв толалари қисилиши юз бериб, бемор ўтириб-туриш, зинадан кўтарилишга қийналади. Оёқ мушаклари кучсизланади. Тери сезувчанлиги ўзгариб, эт жимирлаши, бармоқлар увишиши кузатилади. Мазкур аломатлар узоқ вақт давом этганида оёқ мушаклари атрофияга учраши мумкин. Яъни, оёқ мушакларининг озиб, кичрайиб кетиши юз беради.
— Чурра кўп бўладими?
— Гоҳида «менда 8 та чурра топишди», деган гаплар қулоққа чалинади. Аслида эса бу чурра миқдори эмас, ўлчами билан боғлиқ тушунча. Умуртқа чурраси жойлашув ўрнига кўра турли катталикда бўлиши мумкин. 4 миллиметрдан 8-10 миллиметргача бўлган турлари ҳам бор.
— Касалликнинг нечта босқичи бор?
— Касаллик уч босқичда кечади. Биринчи босқичда чурра ўлчами 2-3 миллиметр бўлади. Умуртқа бўйлаб қаттиқ оғриқ беради. Иккинчи босқич доимий оғриқ билан характерланади. 8-15 миллиметр ўлчамда бўлади. Учинчи босқичда оғриқ ўта кучли бўлиб, асаб тизимига ҳам таъсир этади. Беморни юра олмаслик даражасига келтиради.
— Беморга нималар тақиқланади?
— Касаллик билан оғриганда югуриш, сакраш, оғир кўтариш мумкин эмас.
— Уни қандай усуллар билан даволаса бўлади?
— Аксарият беморлар умуртқа чурраси фақат жарроҳлик амалиёти билан даволанади, деган фикрга боришади. Ваҳоланки, тиббиётда 70 фоиз умуртқа чурраси дори препаратлари, физиотерапевтик усуллар ёрдамида муолажа қилинади. Қолган 30 фоиз ҳолатларда эса жарроҳлик ўтказилиши мумкин. Текширув вақти аниқланган чурра ўлчамига кўра дори препаратлари ҳамда физиомуолажалар буюрилади. Яллиғланишга қарши ва оғриқсизлантирувчи дори воситалари ёрдамида белгиланган муолажа ҳар бир беморнинг турмуш тарзи, меҳнат фаолияти ва тана вазнига кўра индивидуал тарзда амалга оширилади. Муолажа давомийлиги ҳам фарқланиши мумкин. Чурра ҳажми катталашиб, оғриқ зўрайиб борса, жарроҳлик амалиёти ўтказилиши мумкин.
— У яна қайталаши мумкинми? Бу ҳолат юз бермаслиги учун нима қилиш лозим?
— Умуртқа чурраси билан оғриган бемор муолажадан сўнг бир йил давомида организмни, айниқса, умуртқани зўриқтирмаслиги зарур. Бир йил ўтгач, ҳатто ҳеч қандай безовталиклар бўлмаса ҳам мутахассис кўригидан ўтиш мақсадга мувофиқ. Асосий муолажадан сўнг даволовчи инструктор умуртқа поғонасига бажариладиган комплекс машқлар билан таништиради. Мутахассис ёрдамида жисмоний машқларни ўрганиб олгач, уйда бажариб бориш тавсия этилади.
— Умуртқа чурраси борлигини билиб ҳам даволанилмаса, бу қандай оқибатларга олиб келади?
— Чаноқ аъзолари, пешоб ажралишининг бузилиши, оёқларда оғриқ, умуртқа мутаносиблигининг бузилиши, касаллик узоқ давом этганида орқа мия атрофияси каби асоратларга олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, оғриқ сабаб асабийлик, юрак безовталиклари ҳамда қон босимининг ортиши ҳам юз бериши мумкин.
Озода ВАЛИЕВА
тайёрлади.
Демография билан ўйнашиб бўлмайди
🕔10:56, 04.12.2025
✔20
Кейинги йилларда Ўзбекистонда ўғил болалар кўпроқ туғилаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида мамлакатимизда 321 мингта қиз бола ва 343,6 мингта ўғил бола дунёга келган. Кўриб турганингиздек, ҳар 100 та қиз болага 107 та ўғил бола тўғри келяпти.
Батафсил
Анор – бактериялардан табиий ҳимоя
🕔15:43, 27.11.2025
✔43
Анор юрак-қон томир тизими саломатлиги учун муҳим бўлган мевалардан биридир. B12 витаминининг кони экани ҳисобига қон босимини меъёрлаштиради, қон-томирлар деворини мустаҳкамлайди, эритроцит ва гемоглобин синтезида фаол иштирок этгани сабабли мия ва асаб тизимига ижобий таъсир қилади.
Батафсил
Коронавирус вакцинаси саратонни даволашда ёрдам беради
🕔15:12, 20.11.2025
✔56
COVID-19 га қарши мРНК вакциналари саратон билан курашаётган айрим беморларнинг умрини узайтириб, касалликни даволашда самарали бўлиши мумкин.
Батафсил