Халқ орасида «сариқ касаллиги» деб айтиладиган, А вируси қўзғатадиган гепатит февраль ва март ойларида кўп учрайди. Сариқлик аломати билан намоён бўладиган бу хасталикни келтириб чиқарувчи бош омил тозаликка риоя қилмасликдир.
Вирусли гепатит А юқумли касаллик бўлиб, жигар ҳужайраларини жароҳатлайди. Вирус одам организмига оғиз орқали вирус билан зарарланган сув ва озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида юқади. Гепатит А билан оғриган бемор фойдаланган идиш-товоқлар, чойшаб, ёстиқ жилди, кийим-кечак, ўйинчоқлар ва овқат қолдиқлари вирус билан зарарланган бўлиши мумкин.
Гепатитнинг бу тури аксарият ҳолларда 3-7 ёшгача бўлган болаларда учрайди. Касалликнинг юзага келишида тозаликка риоя қилмаслик, яъни овқатланишдан олдин қўлни совунлаб ювмаслик ва мева-сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилиш, қайнатилмаган сув ичиш каби омиллар сабаб бўлади.
Босқичлари
Танага вирус тушгандан кейин касалликнинг яширин даври бошланиб, 3-6 ҳафтагача давом этиши мумкин.
Хасталикнинг дастлабки белгилари тана ҳароратининг кўтарилиши, бош оғриши ҳамда юқори нафас йўлларида енгил яллиғланиш белгилари билан намоён бўлади. Беморнинг иштаҳаси йўқолиб, ич кетиши, ўнг биқинида оғриқ пайдо бўлиб, ҳолсизланиши ва ётағон бўлиб қолиши кузатилади. Кўнгли айниб, қайт қилиши ҳам мумкин. Баъзан эса касаллик бўғимларнинг оғриши (сохта ревматизм), буруннинг оқиши, битиши каби ҳолатлар (сохта грипп) кўринишида ҳам намоён бўлиши мумкин.
Касалликнинг 3-5 кунларида сариқлик даври бошланади. Беморнинг пешоби қизаради, нажаси рангсизланади, кўзи ва терисида сариқлик пайдо бўлади. Сарғайиш 1-2 ҳафта давом этади. Беморда сариқлик пайдо бўлиши билан унинг аҳволи яхшиланади, ҳарорати меъёрлашиб, иштаҳаси очилади. Баъзида сариқлик аломатлари яққол кузатилмаслиги ҳам мумкин.
Шу каби белгилар сезилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Касаллик қанча эрта аниқланса, даволаш шунча яхши самара бериб, асорат қолдирмайди.
Касалликнинг яширин ва бошланғич даврларда ҳамда яққол сариқлик белгиларисиз турларида беморнинг атрофдагиларга вирус юқтириш хавфи юқори бўлади.
Парваришлаш
Беморга баданидаги сариқлик ўтгунча, одатдагидан кўра кўпроқ суюқлик ичириш лозим. Унга наъматак дамламаси, ширин бўлмаган мева шарбатлари, оддий қайнатилган сув берса бўлади. Қайнатиб ёки буғда димлаб пиширилган парҳез таомлар буюрилади. Қовурилган овқатлар, думба, чарви каби ҳайвон ёғларидан тайёрланган таомлар истеъмол қилиш мумкин эмас. Олти ойгача парҳезга риоя қилиш зарур. Тўғри ташкил этилган овқатланиш жигарни зўриқтирмайди ва фаолияти тез тикланишига ёрдам беради.
Олдини олиш
Касалликнинг олдини олишда болаларни кичик ёшдан шахсий гигиена қоидаларига ўргатиб бориш керак. Уларни овқатланишдан олдин қўлларни совунлаб ювишга, мева ва сабзавотларни тоза ҳолда истеъмол қилишга, фақат қайнатилган сув ичишга одатлантириш энг мақбул усулдир. Уларнинг қўл, ўйинчоқ ва бошқа турли нарсаларни оғзига солишига, қўлини сўриш ва тирноқларини тишлашига йўл қўймаслик лозим.
Азиза ШИРИНОВА,
олий тоифали терапевт
Ўзбекистон ортиқча вазн бўйича МДҲда биринчи ўринда
🕔12:50, 13.08.2026
✔106
ЖССТ маълумотлари асосида Our World in Data тузган рейтингга кўра, Ўзбекистон ортиқча вазн тарқалиши бўйича МДҲ давлатлари орасида етакчи ҳисобланади. Мамлакатда катта ёшли аҳолининг қарийб 64 фоизи ортиқча вазнга эга.
Батафсил
Қизиб бораётган миялар ёхуд инсонлар фикрлашига таъсир қилётган иқлим ўзгариши
🕔10:47, 30.07.2026
✔169
Иқлим инқирози энди фақат табиат билан боғлиқ муаммо эмас. У аллақачон инсон организмига кириб борди. Энг хавотирлиси, унинг таъсири танамиздаги мураккаб тизим – бош мия фаолиятида ҳам сезилмоқда. Олимлар жазирама нафақат танани ҳолдан тойдириши, балки фикрлаш, хотира, кайфият ва асаб тизимини ҳам издан чиқариши мумкинлигини таъкидламоқда.
Батафсил
Санэпидқўм: «Ўзбекистонда Эбола вируси тарқалиши хавфи паст»
🕔16:40, 04.06.2026
✔253
Санитария-эпидемиология қўмитаси Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарорлигини маълум қилди.
Батафсил