Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

КИТОБ ЎҚИГАННИ ЙЎЛДАН УРИБ БЎЛМАЙДИ

Бугун қайси газета-журнални варақламанг, қайси теле ва радиоканалга юз буриб, қулоқ тутманг, бир мавзуга кенг ўрин бериляпти: одамларни китобга қайтариш, мутолаа маданиятини юксалтириш, китобхонликни кучайтириш. Тўғри, мавзу янгилик эмас, лекин бугун ушбу масала кун тартибига долзарб муаммо сифатида чиқаётганига етарлича асослар бор.

КИТОБ ЎҚИГАННИ ЙЎЛДАН УРИБ БЎЛМАЙДИ

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида» фармойиши эълон қилинди.

Хўш, нега бугун айни шу масала кун тартибига, ҳатто, давлат сиёсати даражасига чиқмоқда? Бу бизга, мамлакатимизга нима беради-ю, қандай ўткир муаммоларга ечим бўлади? Албатта, бу саволларга икки оғиз сўз билан жавоб бериб бўлмайди. Аммо шуниси аниқки, бугун шу масала хусусида ҳаммамиз — ёшу қари ҳамжиҳатликда бош қотирмасак, ўзимизнинг, фарзандларимизнинг онгу тафаккурини  бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Зеро, бугун халқимизнинг интеллектуал бойликка эришиши, миллий қиёфамизнинг қандай бўлиши, глобаллашувнинг тобора ёпирилиб келаётган маънавий муаммоларига ечим топиш — одамларнинг китоб ўқиш ва илм олишга иштиёқини оширишга тўғридан-тўғри боғлиқдир.    

Инсоннинг манқуртдан фарқи

Яқинда телеканалларимизда «Тафаккур эҳтиёжи» номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. Кўпчилик кўрган бўлса керак, ниҳоятда аянчли воқеалар тасвирланган: бир ўзбек аёли хорижда бошқа бир юртдошларимиз — ўзбек қиз-жувонларини фоҳишаликка сотиб юборгани, хорижга пул ишлайман деб кетиб, жангариларга қўшилиб, ўз юртига қурол ўқталган бир-икки бўз йигитларимиз ҳақида ҳикоя қилинди. Ўша ноқобил йигитларнинг ота-онасининг кўз ёшларию уларни нафақат маҳалладан, балки юртимиздан ҳам бадарға қилишни истаётган ҳамюртларимизнинг фикрларини эшитиб, жуда мутаассир бўлдим.

«Менинг ўғлим ҳарбий эди, — деди фильмда зор қақшаб йиғлаган бир онаизор. — Юртимиз чегарасини қўриқлаётиб, хизмат вазифасини ўташ чоғида террорчиларнинг минасига учди. Полвонкелбат болагинамнинг танаси тилка-пора бўлиб сочилиб кетган. Жигарбандимнинг куйиб кетган танасидан бир ҳовуч кул қолди, тушуняпсизми? Шу кулни ерга кўмдик... Сиз буни тушуна оласизми? — дея мурожаат қилди у яна бир она — ўша ўғли хорижга кетиб, террорчиларга қўшилган бўз йигитнинг онасига қарата. — Сиз ўстирган ана шундай ватан хоини кабиларни деб менга ўхшаб ҳарбий ўғлонларидан айрилиб, куйиб қолган оналар озми бу юртда?»

Ҳа, фильмнинг даҳшатли манзараси шу эди: икки она юзма-юз бўлди. Бири  — юртимиз тинчлиги, сарҳадлари дахлсизлиги йўлида жонидан кечган ўғилнинг ортидан қақшаб қолган волида, иккинчиси эса, ўғлининг ватанга хоинлигидан юртда юзи қора, қалби вайрон, адойи тамом бўлган она...

Албатта, мана шу фильмни кўриб, ҳар ким турлича фикр юритган,  аянчли ҳолатнинг сабаб-оқибатию айбдорини қидирган бўлса, ажаб эмас. Биров баъзи ёшларимизнинг мана шундай қабиҳ йўлларга кириб кетишида ота-онани, маҳала-кўйни, таълим тизимини айблайди. Яна кимдир ёшларимизнинг бандлик масаласи тўла ечилмагани, ҳаммаси бекорчиликдан келиб чиқиши билан боғлайди. Одамларни осон пулнинг ортидан қувишда, ношукрлик, қаноатсизликда айблайдиганлар ҳам топилади.

Аслида ана шу мулоҳазаларнинг ҳар бирида жон бор. Аммо уларнинг барини бир нуқтага туташтирсангиз фикрсизлик, тафаккур қилмаслик, маънавий бўшлиқ энг катта сабаб экани яққол намоён бўлади. Маънавий бўшлиқ эса китоб ўқимаслик, илмсизлик оқибатидир.

Ҳа... Аслида ҳам шундай: ҳар қандай жаҳолат соғлом фикрламаслик, тафаккур қилмаслик туфайли келиб чиқади. Тафаккур эҳтиёжи эса, фақат ва фақат китоб, мутолаа орқали қондирилади. Китоб ўқимаган инсоннинг сўқиру манқуртдан фарқи қолмайди.   

Болакай излаган мўъжиза

Кўз олдингизга келтиринг: олти ёшли болакай. Эндигина ҳарф таниган пайти. У, кейинчалик, ҳаётида туб бурилиш ясаган болаликдаги ўша кунни шундай эслайди: «Бир куни бир эълон ўқиб қолиб, унда доктор Росснинг «Канада қушлари» китоби чиқиб, Пиддингтон китоб магазинида сотилаётганини билиб олдим.

Эртаси куни ҳаяжондан қалт-қалт қалтираб, ўша ёққа йўл олдим. Қарасам, китоб бир доллар турар экан. Отамдан пул сўраб бўлмайди, у менинг табиат илми билан қизиқишимга қарши одам. Ўзимда бўлса пул йўқ. Шунда мен ана шу юз центни ҳалол меҳнатим билан топмоқчи бўлдим. Иккита ажойиб қуёним бор эди, шуларни бозорга солиб, эллик центга пулладим... Бир ҳафта ўтиб, бир аёлнинг ўтинларини кўчасидан ҳовлисига ташиб бердим. Аёл хизмат ҳақим учун ўн цент берди. Тағин иш изладим... Аммо китоб магазинига бормаган куним қолмади, ҳар куни Пиддингтонга бориб, китоб магазини токчасидаги мени табиатнинг бор сир-асроридан воқиф этажак мўъжизавий китобни кўриб-кўриб юрдим...»

Ўша бола — йигирманчи аср жаҳон адабиётининг буюк намояндаларидан бири, «Мен билган жониворлар», «Қувғиндилар тақдири», «Ҳайвонлар — қаҳрамонлар», «Митти ёввойилар», «Ролф ўрмонда», «Жониворлар ҳақида ҳикоялар», «Шимолий ҳайвонлар ҳаёти», «Ёввойи йўрға» сингари бетакрор асарлари билан шуҳрат қозонган ёзувчи Эрнест Сетон-Томпсон эди.

Ҳар гал шу манзарани кўз олдимга келтирганимда, инсоннинг китобга бўлган буюк меҳрини, оташин чанқоғини ҳис қиламан. Бўладиган бола —  бошидан, деймиз. Тасаввуримда, агар болалигида бир долларни тополмай, ўша китобни олмаганида бугун Эрнест Сетон-Томпсон деган ном ҳам, дунё адабиётида табиат ва инсон ҳақидаги бир-биридан гўзал дурдона асарлар ҳам бўлмаслиги мумкин эди, эҳтимол. Балки ўшанда жажжи Эрнест китобга ишқи тушмай, қуёнчаларини кўпайтириб, отаси айтмоқчи, фақат тирикчилик йўлини тутганида, балки бугун инсоният қалбини зиё билан ёритишдек глобал ютуққа эришолмасди.

Китоб киши тақдирини буткул ўзгартириш қудратига эга буюк восита эканига яққол далил эмасми? Қани эди, ўзбек болалари ҳам китобга ана шундай ташна бўлса. Қўлига тушган сариқ чақани ҳам компьютер ўйинларию, телефонига сарфламасдан, китоб дўконига қараб югурса...

Бир-бирига зид тушунчами?

Бугун китоб ўқишдан сўз очсангиз, сизни жон қулоғи билан тингловчидан кўра, энсасини қотирадиганлар кўп. Эҳтимол, бу энса қотириш замирида ҳам, оз бўлса-да, ҳақиқат бордир. Ахир, қанча кўп китоб ўқиган билан одамга бу ош-нон берармиди? Ундан кўра, уч-тўрт сўм топиб, пулни-пулга уриб, тезроқ бадавлат бўлиш мумкин-ку? Ҳа, афсуски, бизда ана шу иккинчи турдаги дунёқараш устувор.

Шу ўринда бир гап: бугун дунёда машҳур бўлган кўплаб бадавлат инсонлар, ҳатто миллиардерлар ҳам китобни қўлидан қўймас экан. Масалан, таниқли миллиардер Уоррен Баффетдан бизнесдаги оламшумул муваффақиятининг сирини сўрашганида бир дунё китобларига қараб, «Ҳар куни камида 500 саҳифа ўқийман», деган экан. Яна бир миллиардер Билл Гейтс ҳам ундан қолишмас — ҳафтада битта, йил бўйи эса 50 дан зиёд китоб ўқишни ўзига одат қилиб олган экан.

Кўп ўйлайман: биз нега китоб ўқиш, мутолаа қилишни ҳадеб бой-бадавлат бўлишу пул топишга тескари, қарама-қарши қўйиб фикр юритамиз? Нега доим иккисини солиштириб мулоҳаза қиламиз? Ахир, китоб мутолаасининг вазифаси, инсоннинг унга эҳтиёжи бошқа, бой бўлишнинг йўриғи, воситаси бўлак эмасми? Киши шу иккисини бир-бирига қарши қўймай, уларни омихталаштириб ҳаракат қилса, биринчидан, маънавий олами бой, иккинчидан, ички руҳий дунёси гўзал, соғлом, ақл-тафаккури бутун, айни пайтда иқтисодий аҳволи ҳам янада тўкис бўлмайдими? Улардан биттасинигина тутган одам ҳаётда барибир, қачондир қоқилади, панд ейди.

«Бир дўстим бор, — деб эслайди журналист Камол Матёқубов. — Эр-хотин иккиси ҳам бошқаларга ўрнак бўларли олим одамлар. Иқтисодий жиҳатдан етишмовчилиги йўқ. Лекин болалари… Катта ўғли бойлик топиш илинжида илмий ишини чала қолдириб, ўзини бозорга урди. Қизи икки фарзандини ташлаб, хорижда пул топиш билан банд. Иккинчи ўғлининг оиласида тинчи йўқ. Уч-тўрт йилда болаларини етим қилиб, қайта уйланди. Учинчи ўғилнинг номи талаба, ўзи бозорда даллол. Ана шу дўстим яқинда кўнгил ёриб қолди: «Мен ҳам, хотиним ҳам яхши пул топардик. Бироқ топаётган пулимизга қаноатланмасдик. Янада кўпроқ пул топиш йўллари ҳақида суҳбатлашардик. Деярли ҳар куни оила даврасида суҳбатимиз пул ҳақида бўларди. Биров зориқиб пул сўраб келса, бермасдик. Уй-жой, машина, дала ҳовли… фикри-хаёлимиз шуларда эди. Мана, ҳаммасига эришдик. Болаларимизнинг олим бўлиб етишишини орзу қилардик. Афсуски, бунга эришолмадик. Ўйлаб қарасам, ўз хатти-ҳаракатларимиз билан фарзандларимизни мол-дунёга ҳирс қўйган кимсаларга айлантирибмиз. Тарбия дегани, энг аввало, ота-она ибрати экан, аммо буни кеч англадик…»

Дарҳақиқат, фарзандлар камолини ўйлаган одам фақат пул тўплашни мақсад қилмайди. Болаларига етарлича моддий шароит яратиш, уй-жой қилиш қанча яхши бўлса, уларнинг таълим-тарбиясига ғамхўрлик сифатида китоб олиб бериш, мутолаасига имкон яратиш шунча дуруст ишдир. Болага «Китоб ўқи» деб, жавонини китобга тўлдириб ташлаган билан иш битмайди. Токи оила даврасида ота-она, катталар ўзлари шахсий намуна бўлмагунча фарзанд китобсевар бўлмайди.

Зиёлилар нима дейди?

Киши, одатда, китобни ёлғиз ҳолда ўқийди. Китоб ўқиётган одам — ўзлигини қидираётган шахс. Қалбидаги ҳар қандай чигал саволларига жавоб излаётган инсон. Бундай одам мутолаасига ҳалал берган киши нафақат унга, балки жамиятга ҳам зиён етказади. Мутолаа завқини туйган одам борки, айниқса зиёлилар, ўзгаларга ҳам ўша завқ-шавқни улашгиси келади. Шу боис ҳам китоб ўқишга рағбат уйғотиш, мутолаанинг фойдасини одамларга тушунтиришда доим шу тоифа инсонларга таянилади. 

Таниқли ёзувчи Исажон Султоннинг фикрича, китоблар қатида, бир томонда илму фан, технологияларнинг сирларини жам айлаган бўлса, яна бир ёқда ҳали жавҳарига илму фан етиб улгурмаган муҳташам инсон қалби ва унинг изтироблари туради. Болаларимизнинг китоб ўқишларини исташимиз, аслида, ғоят зарур деб билганимиз асрий ҳикматларнинг мағзини чақишини хоҳлашимиздан бўлса керак.

Бугун, афсуски, китоб ўқиш деганда кўпчиликнинг хаёлида атай тўқиб чиқарилган қизиқроқ воқеани ўқиб, вақт ўтказиш деган тушунча шакллана бошлади. Бадиий асар — билим, билим бўлганида ҳам бошқа ҳеч қаердан топиб бўлмайдиган билимдир. Ҳа, ҳозирча инсон боласи бир-бирига ўз ҳис-туйғуларини, фикр-мулоҳазаларини етказиб беришнинг ёзувдан бошқа йўлини топа олгани йўқ. Масалан, икки юз йилдан кейин дунёга келадиган авлодингизга айтишни истаган юрак изҳорингизни сўздан бошқа қай йўсинда ифода эта оласиз? Фикру ҳисларини ва билимларини сўз ҳолида, китоб шаклида сақлаш, дарҳақиқат, одамзоднинг энг катта ютуғидир.

— Одам боласи китобни ўзи учун ўқийди, — дейди адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров. — Гўё китобнинг ўзидан бошқа ҳеч кимга дахли-ташвиши йўқдек. Аммо иккинчи томондан, Шахс камолоти, деймиз. Шахс камолоти эса жамиятга тўла маънода дахлдор, мисоли қўшчинордек доим бир-бирига боғланиб ўсади. Китоб чоп этиш, китобхонлик маданияти жамиятнинг умумий қиёфаси, маънавий-маданий савияси ва даражасини белгилайди. Очиқ кўзлар ва очиқ қалбларни дунёга келтиради. Кўзи, қалби очиқ одамни риё ва каззоблик билан чалғитиш, алдаш, тўғри йўлдан айнитиш қийин, балки иложи бўлмаган бир иш.

Мутолаа — даволайди

Бир қизиқ далилни ўқиб қолдим. «Ижтимоий фикр» маркази ўтказган бир сўровномада қатнашган ҳамюртларимиз: «Ўз иқтисодий аҳволини яхши ва ўрта, деб баҳолашган. Топиш-тутиши ўртадан кам ва ёмон бўлганлар сони жуда озчиликни ташкил этади».

Демак, китоб харид қилишга қодир бўлган оилалар биз ўйлагандан кўра кўп. Ҳеч қайси оила бунга қийналмайди. Тўкис, бадавлат, ўзига тўқ оилаларда ҳам ҳақиқий маънода китобхон оила бўлиш шароити мавжуд. Оилаларимизнинг камида 60 фоизининг юзини китобга томон қаратиш бизнинг қандай ва қанчалар завқ-шавқ билан тарғибот олиб боришимизга боғлиқ.

Зиёлиларимизнинг мутолаанинг фойдаси ҳақида юқорида айтган фикрларини психологларнинг аниқ илмий исботланган далиллари билан янада мустаҳкамлаш мумкин. Нейрофизиолог Дэвид Льюис бошчилигидаги буюк­­бри­таниялик олимлар ХХI асрнинг хос  хасталикларидан бири — инсондаги тушкунликни бартараф этадиган омиллар устида тажриба ўтказди. Унда айнан китоб мутолааси стрессни энг самарали даволовчи восита бўлиб чиқди. Кишида китоб ўқий бошлаганининг олтинчи дақиқасидан эътиборан юрак уриши меъёрлашиши исботланган.

Китоб ўқиш — тушкунликнинг энг яхши давоси, деб ҳисобланмоқда. Тушкунликка чалинган беморлар китоб ўқишни бошлаганидан сўнг депрессияга тушиш ҳолатлари камаяр экан. Мутолаа қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман нохуш фикрларни, васвасаларни миядан чиқариб юборади. Хотирани кучайтиради, фикрлаш қобилиятини яхшилайди. Ҳар сафар китоб ўқилганда мия фаол ишлайди. Чунки, мия олинаётган маълумотни сақлаш учун янги толаларни яратади. Муттасил китоб ўқийдиган инсонларда фикрлаш қобилияти юқори, дунёқараш кенг бўлар экан. Киши кўп ўқигани сари билими ошиб бораверади, ҳамма соҳадан маълум маънода хабардорлиги ортади. Шунингдек, китобхон киши атрофидагилар учун қизиқарли суҳбатдошга, тўғри маслаҳатгўйга айланади. Мутолаа руҳни қувватлантиради, ақлни пешлайди, қалбни озиқлантиради. Ўқиган одам ҳеч қачон ҳаёт сўқмоқларида қоқилмайди. Оқ-қорани таниб, мулоҳаза билан иш юритади.

Даврон ТОЖИАЛИЕВ,

Ziyo.uz портали раҳбари:

— Менга Озарбайжон маданият вазирлиги ташкил этган «очиқ кутубхона»  лойиҳаси маъқул келди. Улар давлат кутубхонасидан айри ҳолда, турли қоғозбозликдан холи, ҳафтанинг етти кунида, 24 соат фаолият юритадиган халқ кутубхонасини очибди. Очиқ кутубхона Боку шаҳридаги гавжум кўчалардан бирида, дарахтлар соясида жойлашган. Очиқ боғчага китоб жавонлари ўрнатилган. Ўқиш ва мулоқот қилиш учун қулай курсилар жойлаштирилган. Кечаси фонус ёруғида ҳам бемалол мутолаа қилиш мумкин.

«Мен ўқидим, сен ҳам ўқи» шиори остида фаолият юритувчи бу мўъжаз зиё масканига Озарбайжон миллий кутубхонаси дастлаб 1500 китоб тақдим этган. Ҳозирда китоблар сони 4000 га етибди.  Кутубхонадаги турли мавзулардаги китобларни исталган пайт бориб ўқиш, уйга вақтинча ёки доимий олиб кетиш мумкин. Уйга олиш учун сиз ҳам кутубхонага бир китоб тақдим этишингиз керак. Шунингдек, ўқиб бўлинган китобларни ҳам очиқ кутубхона фондига ҳадя қилиш мумкин. Бу масканда китоб муаллифлари, олимлар ва ёзувчилар билан ҳам учрашувлар ўтказилиб, дастхат олиш кунлари ташкил этиларкан.

Менимча, бизда ҳам шу каби ишларни ташкил этиш мумкин. Аксарият тараққий этган давлатларда бу каби буккроссинг ҳаракати халқни босма китоблар ўқишга қайтаришга хизмат қилмоқда.

Хулоса ўрнида

...Кўп ота-она ноқобил боласидан нолийди. Аммо билмайдики, уларнинг ўзлари боланинг қўлидан келиши қийин бўлган, имкони етиб-етмайдиган нарсаларни талаб қилган. Фарзанди қўлидан келадиган энг муҳим нарсани унутган: вақтдан унумли фойдаланиб, доимий равишда китоб ўқиш ва уқишни ўргатмаган. Нега?

Аччиқ бўлсаям тан олайлик: «Китоб ўқиб, қорин тўйдириб бўлармиди?» деймизу ўқишдан йиқилиб, боши гангиган боланинг тақдирига қўл силтаймиз ёки ҳафласамиз келса, бирор юмушга жалб этиб қўя қоламиз... Ишласин, кўпроқ пул топсин, уй солсин, рўзғорни бутласин, деймиз. У эса йиллар ўтса-да, қўлига китоб ушламайди... Уддаласа, бизнес ё бошқа йўл тутиб, бойиб ҳам кетар. Ҳаётнинг ана шу йўлида китоб деган нарса унинг учун бегонага айланади. Бундай одам бориб-бориб пулдан бошқасини ўйламайдиган, эътиқод, имон деган тушунчалардан йироқ, ҳамма нарсани моддият билан ўлчайдиган худбин бир касга айланади. Бир кун келиб болаларига бир-икки янги китоб сотиб олишга келганда жони чиққудай бўлади: «Ортиқча пул қайда, китобни бошингга урасанми?»

«Қашшоқ бўлсам ҳам китоб харид қиламан. Бундан ортиб қолган пулга эса егулик ёки кийим-кечак сотиб оламан», деган экан маҳшур голланд олими, ўз даврининг алломаси Эразм Роттердамский. 

Хулоса ўзингиздан. Бироқ бизнингча, токи хонадонда —  оила даврасида фақат ва фақат яхши яшаш, пул топиш, ҳою ҳавасларга етиш учун моддиятни тўкис қилиш ҳақидаги гурунгдан ортиб, китоб, илм, маънавий бойлик ҳақида суҳбатлар бўлмас экан, у оилада вояга етаётган ёш авлоднинг келажагидан умид қилмай қўяверинг. Токи ота-она, бобо-бувининг ўзи қўлига китоб олиб, мутолаада шахсий намуна кўрсатмас экан, болалару невараларга китобхонлик деган нарса юқиши даргумон. Токи ҳашаматли уйлар, ҳовлилар қурган мардумнинг қимматбаҳо мебелларию шкафлари ичида биллур идиш-товоқлар ўрнида китоб терилиб турмас экан, у оиладан маънавий етук йигит ёки қиз чиқиши қийин...  

Жасур КЕНГБОЕВ




Ўхшаш мақолалар

Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам  билимли авлодга боғлиқ

Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ

🕔10:54, 11.09.2025 ✔84

«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

🕔11:20, 29.05.2025 ✔238

Китоб ўқимаган, китоб­га ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.

Батафсил
Китоб –  ҳаётингизни  абадий  ёритувчи маёқ

Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ

🕔12:13, 24.04.2025 ✔283

Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам  билимли авлодга боғлиқ

    Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ

    «Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».

    Шавкат МИРЗИЁЕВ

    ✔ 84    🕔 10:54, 11.09.2025
  • «Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

    «Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

    Китоб ўқимаган, китоб­га ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.

    ✔ 238    🕔 11:20, 29.05.2025
  • Китоб –  ҳаётингизни  абадий  ёритувчи маёқ

    Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ

    Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди

    ✔ 283    🕔 12:13, 24.04.2025
  • Китоб –  озодлик  сари йўл

    Китоб – озодлик сари йўл

    Жиноий жазолар нафақат жазолаш, балки шахсни тузатиш ва жамиятга қайта мослашиш жараёни сифатида ҳам қаралиши керак. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинган янги қонун лойиҳаси айнан шу тамойилга асосланган. Унга кўра, маҳкумлар ўз устида ишласа, хусусан, китоб ўқиб, имтиҳон топширса, жазо муддати қисқартирилади.

    ✔ 386    🕔 15:24, 14.03.2025
  • Мутолаа  хўжакўрсинга бўлса...

    Мутолаа хўжакўрсинга бўлса...

    «Боболаримиз китоб топишга қийналар эдилар: ҳозир эса биз китоб танлашга қийналамиз. Мутолаа учун жуда зийрак бўлмоқ керак».

    ✔ 359    🕔 15:53, 10.01.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар