Спорт      Бош саҳифа

«БИЗ БУ НОМНИ КУБАДАН ОЛИБ ҚЎЙДИК»

Юқори техника соҳиби бўлган бу боксчи рингда шу қадар тез ишлайдики, бундан манаман деган рақиб ҳам довдираб қолади. Зарбаларидан ҳимояланишнинг иложи йўқ.

«БИЗ БУ НОМНИ КУБАДАН ОЛИБ ҚЎЙДИК»

Айни пайтда ҳаваскор боксда 49 килограммгача вазн тоифасида у дунёда тенгсиз. АIBA (Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси) таснифида биринчи ўринда.

Фаҳмлаган бўлсангиз керак, бу — жорий йилнинг 14 август оқшомида Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ёзги Олимпия ўйинларида терма жамоамизга дастлабки олтин медални келтириб, миллионлаб юртдошларимиз, спорт ихлосмандларининг қалбини шодликка тўлдирган боксчимиз Ҳасанбой Дўстматов. Шу куни у ўз вазнида ягона эканини яна бир карра исботлади.

Андижон бокс мактабининг тарбияланувчиси бўлган бу йигитни «ўзбек Мэнни Пакьяоси», дейишади. Табиатан жуда камтар, вазмин бўлган спортчи билан суҳбатимиз бокс ва унинг атрофида кечди. 

— Ҳасанбой, билишимизча, чарм қўлқоп кийишингиздан аввал каратэ ва кикбоксингда ҳам ўзингизни синаб кўрган экансиз. Кейин яна нега айнан боксни танлагансиз?

— Менда спортга меҳр уйғотган киши, аввало, Дўстмат бобом ва Буойшахон бувим бўлади. Беш ёшимда улар мени каратэ тўгарагига олиб боришган. Кейин кикбоксинг машғулотларига ҳам қатнадим. Ўн иккига тўлганимда эса онам Андижон олимпия захиралари коллежига етаклаб келди. Бошида «вазнинг кам», дейишди. Лекин ўшанда ҳозир ҳам менга мураббийлик қилаётган устозим Зиёдинбек Тайғонбоев имконият берган. Синов жангида рингга чиқдим. Ҳаракатларим маъқул келди. Шу-шу боксга меҳр қўйдим.

— Боксдан ташқари яна нималарга қизиқасиз?

— Бўш вақт топилди дегунча футбол ўйнайман. Ҳар куни бир маҳал бокс, бир маҳал футбол билан машғул бўламиз.

— Сиздан зўр футболчи чиқиши мумкин эди-ку, шу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз?

— Ҳозирги вазнимга қараб олсак, футболчи чиқмаслиги аниқ. Лекин дўстлар даврасида ёмон ўйнамайман. Бу уларнинг гапи, албатта.

— Таҳлилларга кўра, спортга бағишланган кинофильмлар орасида энг кўп олингани боксга тааллуқли экан. Уларнинг аксариятини кўрган бўлсангиз керак. Шулар орасида сизга энг манзур бўлгани қайси ва нима учун?

— «Чапақай» фильмини жуда яхши кўраман. У ўзига тўқ, бадавлат, оилапарвар, фаолиятини тугатган машҳур боксчи ҳақида ҳикоя қилади. Шуҳрати баланд бўлса ҳам, кибрга берилмайди. Ҳаёти давомида тақдир тақозоси билан яқинларидан айрилади, иши юришмай қолганда, дўстлари ундан юз ўгиради. Шунда ҳаммасини қайтадан бошлашга аҳд қилади, рингга қайтади. Чин матонат кўрсатиб, нимагаки эришган бўлса, барини қайтадан тиклайди.  

— Кимни бокс тарихидаги энг кучли боксчи, деб биласиз?

— Мен учун украиналик Василий Ломаченко биринчи рақамли спортчи. У ҳаваскор бокс тарихидаги энг кучли ва техникаси юқори боксчилардан бири, деб тан олинади. Ҳаваскор фаолияти давомида атиги бир марта, шунда ҳам баҳсли тарзда мағлуб бўлган. Икки карра олимпиада (2008, 2012) чемпиони. Бундан ташқари, қатор жаҳон биринчиликларининг ғолиб ва совриндори.    

— Шу пайтга қадар ўтказган барча жанглари­нгизда рақибларингиздан яққол устун келгансиз. Шундай бўлса-да, улар орасида сизга ноқулай бўлгани борми?

— Риодаги илк рақибим — мексикалик Хоселито Веласкес энг кучлиси. Уни 2015 йилда Бутунжаҳон бокс серияси таснифидаги турнирда ҳам мағлубиятга учратгандим. Аммо ўша жанг энг қийин баҳсларимдан бири бўлган.

Олимпиада қуръасидан кейин илк жангни Хоселитога қарши ўтказадиган бўлдим. Бироқ менда имконият кўпроқлигини ич-ичимдан ҳис қилардим. Қолган йигирма икки боксчининг ўн саккизтаси билан аввал ҳам рўбарў келганим учун кимнинг қандай имкониятга эгалигини анча-мунча билардим. Иккинчи томондан, Бутунжаҳон бокс сериясида дунёнинг бир қатор кучли ярим профессионаллари иштирок этгани боис етарлича тажриба орттиргандим.

— Ғалабаларингизга ҳасад қилувчи боксчилар сиз билан рўбарў келишни орзу қилса керак. Ўзингиз-чи? Қайси ҳамкасбингиз билан рингга кўтарилишни хоҳлардингиз? 

— Ирландиялик Барнс Пэдди бор. Олимпия ўйинларига лицензияни қўлга киритиш учун иккимиз икки гуруҳда жангларни ўтказгандик. Ҳар иккимиз ҳам ютганмиз. Рейтинг бали ҳисобига унга Олимпиада йўлланмасини беришган. Риода ўша боксчи билан рингга кўтарилсам, рози эдим, дегандим. Яна рус боксёри Василий Егоров мусобақа олдидан «Дўстматовни кучли рақиблар қаторига киритмайман», деб интервью берганди. Бу боксчига ҳам дуч келсам, деб ўйлаганман. Аммо ундай бўлмади.

— Олимпиадада олтин медалга сазовор бўлиш билан бирга, «Энг тезкор ва техникаси юқори боксчи»га топширилувчи «Вел Баркер» кубогининг соҳибига ҳам айландингиз. Буни қарангки, мазкур соврин 1936 йилда ташкил этилган, илк мукофот эгаси ҳам айнан 49 килограмм вазн тоифасидаги боксчи бўлган экан. Орадан саксон йил ўтиб, бу соврин сизга насиб этди…

— Тўғриси, умуман кутилмаган сюрприз бўлди. Жангларни томоша қилиб ўтирганимда, чақиришди. Борсам, «Шу ерда бўлиб тур, кубок топширишади», дейишди...

— Тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт тадбири ўз ниҳоясига етгандан сўнг, айрим спортчилардан қайта олинган қон таҳлили натижасида допинг аниқланди. Улар орасида бизнинг боксчиларга қарши чиққан спортчилар ҳам борлиги аён бўлди. Кўриниб турибдики, бизнинг боксчиларни допинг қабул қилиб ҳам енгиб бўлмас экан. Сизнингча, бунинг сири нимада?

— Ҳеч қандай сири йўқ. Сабаби оддий: юртимизда спортга, хусусан, боксга қаратилаётган эътибор маҳсули бу. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти раҳбарлигида, айниқса, ўзбек бокси тарихида катта ўзгариш юз берди. Қатор вилоятларимизда кучли бокс мактаблари қайта тикланди. Таркибни ёшартиришга катта эътибор берилди. Марат Қурбонов раҳбарлигидаги жамоамиз ҳамда катта мураббий Рустам Саидов иштирокида Янгиободдаги спорт базасида биз билан керакли барча мутахассис иш олиб борди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Бокс федерациясининг саъй-ҳаракати билан Риога тайёргарлик машғулотлари учун Кубага бордик. Шу пайтгача бу давлатда ҳаваскор бокс энг ривожланган, деб ҳисобланарди. Бу ердаги машқлар давомида кубалик чарм қўлқоп усталари билан синов жангларини ўтказдик, тажриба алмашдик. Шу тариқа, Олимпия ўйинлари олдидан катта маҳорат мактабини ўтадик. Натижаси эса — ўзингизга маълум.

Мана, энди кўпчилик мутахассису мухлислар, ҳаваскор бокс энг ривожланган мамлакат, деб Кубани эмас, Ўзбекистонни билади. Биз улардан бу номни амалдаги натижаларимиз билан олиб қўйдик, деб ўйлайман.

Яна бир гап. Ўзимизнинг серқуёш ўлкада пишиб-етилган мева-чева — энг ширин, энг мазали. Буни ҳатто, дунё тан олади. Ана шу неъматлар бизнинг кучимизга куч қўшади. Уларнинг ўрнини ҳеч қандай допинг босолмайди.               

— Чемпионликка эришганингиздан кейин «Ҳасанбой профессионал боксга ўтди, шартнома имзолади», деган хабарлар тарқалди. Шу гаплар ростми? Профессионал боксда кучингизни синаб кўрмоқчимисиз?

— Шу пайтгача икки-уч таклиф бўлган. Ҳозир ҳам профессионал шартномалар таклиф этишяпти. Бироқ барини рад этяпман. Чунки олдимга қўйган мақсадим аниқ: 2020 йили Токио Олимпиадасида ҳам иштирок этиб, Ватанимиз байроғини яна бир бор баланд кўтариш, юртимиз довруғини дунёга ёйиш. Бу ниятим йўлида бор куч-ғайратимни аямайман.

— Айни пайтда нималар билан бандсиз?

— Шу кунларда Ватанимиз олдидаги йигитлик бурчимни адо этиб келдим. Энди келаси йили Германияда бўладиган жаҳон чемпионатига тайёргарликни бошлаб юбораман. 

Шаҳобиддин РАСУЛОВ

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Фойдасини дақиқалар белгилайди

Фойдасини дақиқалар белгилайди

🕔12:52, 25.03.2019 ✔10713

Сузиш инсонга нима беради? Савол жуда оддий, албатта. Жавобини ҳамма билади: мустаҳкам соғлиқ, спортдаги соврин номи билан айтсак, «олтин» саломатлик. Лекин бу машғулот билан шуғулланиш жараёнида айнан қанча вақтда қандай ўзгаришлар бўлишини биласизми?  

Батафсил
Уч қаҳрамондан уч ғалаба

Уч қаҳрамондан уч ғалаба

🕔16:05, 29.11.2018 ✔10520

Ўтган якшанба тонгида ўзбекистонлик бокс мухлислари учун океан ортидан ажойиб хушхабар келди. ​​​​​​​

Батафсил
Вақтдан илгарилаган спортчи

Вақтдан илгарилаган спортчи

🕔16:05, 29.11.2018 ✔10898

Унинг лақаби «чақмоқ одам». У — ўн бир карра жаҳон, саккиз карра олимпия чемпиони бўлган ямайкалик собиқ енгил атлетикачи Усейн Болт.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Фойдасини дақиқалар белгилайди

    Фойдасини дақиқалар белгилайди

    Сузиш инсонга нима беради? Савол жуда оддий, албатта. Жавобини ҳамма билади: мустаҳкам соғлиқ, спортдаги соврин номи билан айтсак, «олтин» саломатлик. Лекин бу машғулот билан шуғулланиш жараёнида айнан қанча вақтда қандай ўзгаришлар бўлишини биласизми?  

    ✔ 10713    🕔 12:52, 25.03.2019
  • Уч қаҳрамондан уч ғалаба

    Уч қаҳрамондан уч ғалаба

    Ўтган якшанба тонгида ўзбекистонлик бокс мухлислари учун океан ортидан ажойиб хушхабар келди. ​​​​​​​

    ✔ 10520    🕔 16:05, 29.11.2018
  • Вақтдан илгарилаган спортчи

    Вақтдан илгарилаган спортчи

    Унинг лақаби «чақмоқ одам». У — ўн бир карра жаҳон, саккиз карра олимпия чемпиони бўлган ямайкалик собиқ енгил атлетикачи Усейн Болт.

    ✔ 10898    🕔 16:05, 29.11.2018
  • Узун оёқ «учиради»

    Узун оёқ «учиради»

    Қизиқ бир маълумот: 1968 йилдан буён 100 метрга югуриш бўйича мусобақаларда жаҳон рекордини асосан қора танли спортчилар ўрнатмоқда.

    ✔ 10660    🕔 16:04, 29.11.2018
  • «Кичкина» тенниснинг катта фойдаси

    «Кичкина» тенниснинг катта фойдаси

    Бир дақиқада  120 тагача зарба берилиши боис, стол тенниси инсонни чаққонликка ва абжирликка  ўргатади.

    ✔ 2338    🕔 17:29, 22.11.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар