Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Бор экансан-ку, ўзбегим!

Йигит кўприкдан ўтаётган ёшу қарига эътибор бермай, заррача хижолат бўлмай, писта пўчоқларини нуқул анҳорга тупурарди.

Бор экансан-ку,  ўзбегим!

Эшқобил ШУКУР,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Шаҳарнинг сўлим гўшаларидан бирида яшайман. «Камолон дарвоза» маҳалласининг Қозиробот кўчасида, Ёзувчилар уйида. Уйимизнинг ёнидан Байналмилал кўчаси бўйлаб катта анҳор – Бўзсув оқади. Анҳор атрофида осмонга бўйлашган чинорлар савлат тўкиб туради. Бўш вақтим бўлиши билан шу ёққа шошиламан. Бир айланиб келсанг, олам гулистон – ҳамма майда-­чуйда ташвишлару, асаббузарлик­лар эсдан чиқади. Лекин... на илож, баъзан дилхираликлар ҳам бўлиб туради.

Ўтган куни сув ёқалаб сайрга чиқдим. Уйимиздан икки юз қадамча наридаги ёлғизоёқ кўприк устида йигирма беш ёшлар чамасидаги бир йигитга дуч келдим. У икки киши ёнма-ён келиб қолса, зўрға ўтадиган кўприкнинг ўртасига электроскутерини қўйиб олиб, эгарда мисли улоқда ютган чавандоздай ястаниб ўтирарди. Ўтган-кетганга бепарво, тинмай писта чақарди. Бироз кузатдим. Скутер багажидаги сумкасидан унинг таом етказиб берувчи курьер экани кўриниб турарди. Йигит кўприкдан ўтаётган ёшу қарига эътибор бермай, заррача хижолат бўлмай, писта пўчоқларини нуқул анҳорга тупурарди. Ҳа, худди шундай, пўчоқни қўлига олиб ўтирмасдан, тупук аралаштириб пастга, оқар сув устига оғзидан отарди. Унга қараб туриб ғашим келди, ёнига бориб:

– Сувга тупурма, ўғлим, – дедим.

У гапимни эшитмаганга олди. Яна қаттиқроқ гапирдим:

– Сенга сувга тупурма деяпман! Сувни ҳурмат қилиш керак.

Унинг бобоси тенги одамга «саломалайкум» дейишга ҳам тили бормади ва сизнинг нима ишингиз бор, дегандай совуқ қараш қилди-да, тўнғиллади:

– Мен дам оляпман. Халақит берманг, – деди. – Тупурсам нима қипти?

Менга иримига бериладиган саломни ҳам, ҳеч бўлмаса, хўжакўрсинга «амаки» деган сийловни ҳам раво кўрмаган бу нодоннинг гап оҳангидан сувга тупуриш у ёғда турсин, сувга чоптиришдан ҳам қайтмаслиги сезилиб турарди.

Шундай бўлса-да, индамай кетишни ўзимга эп кўрмадим. Зора, таъсир қилиб қолар, деган умидда дашном бердим.

– Оқар сув бу авлиёдай гап, унга тупурсанг, авлиёнинг юзига тупургандай бўласан, ёш экансан, кейин ишларинг ҳеч юришмай қолади, – дедим ва бу гапларимга унинг бир туки қилт этдимикин деган илинжда кўзларига қарадим.

Қайда дейсиз. Йигит без бўлиб турарди. Асабим бузилди. Қўлларим титради.

– Тўхтат! – деб бақирдим, – Агар тўхтатмасанг, ҳозир мелиса чақираман. Яхшигина жарима тўласанг, ақлинг кириб қолади.

Йигит ноилож писта чақишни тўхтатди. Чунки важоҳатимдан бу одам ростдан ҳам мелиса чақиради деб ўйлади. Менинг шунча гапим унга бир чақа эди, лекин жарима ҳақидаги бир оғиз гап таъсирли чиқди. Ҳаммамиз ҳам жарима деса безиллаймиз-ку, лекин бундай кимсаларга шундан бошқа йўлнинг ўзи йўқ. Баъзан гап уқмасларни жарима билан хиналаб туриш керак. Халқимизнинг аччиққина бир мақоли бор: «Мол таёқни танийди» Дарахтларни шафқатсизларча кесувчилар, ноёб жониворларни отувчиларга экологлар қўллаётган чоралар озми-кўпми натижасини беряпти. Куни кеча Сурхондарёда «Қизил китоб»га киритилган қушларни отгани учун 679 миллион сўм зарар бир неча овчининг бўйнига қўйилди. «Аттанг-а, ёмон бўпти-ку» деб юборасиз. Лекин бу овчилар бундан кейин ўша қушлар қўлига қўниб турса ҳам ўлдиролмайди, аксинча, дон-пон бериб, авайлабгина учириб юборади.

– Қани, скутерингни бу ердан ол, – дедим қатъий, – Бу кўприкдан ўқувчилар ўтади, аёллар, қизлар ўтади. Эни икки қадамлик кўприкнинг ярмини тўсиб ўтирибсан. Одамларга халақит беряпсан.

У менга ёвқараш қилиб, скутерини ўт олдирди ва кета туриб:

– Силар шунақасилар! Оддий халққа зўравонлик қиласилар. Сувга тонналаб мусор тўкаётганларга бир нарса деёлмайсилар-да, оддий халқни уришасилар, – деб иддао қилди.

– Мен сен ўйлаганчалик эмасман. Сен билан мен ўзимизни билайлик, барака топгур. Уларга ҳам ё ҳукуматнинг, ё худонинг жазоси бордир.

У ғазаб билан скутерини газига босиб, кўп­рик устидан кетди. Шундан кейин ҳам асабим бузилаверди. Менга нима эди, индамай ўтиб кетсам бўларди-ку, нима қилардим кайфиятимни бузиб, сайрга ҳам хайр энди, деб ўйландиму, шу тобда бирдан кўнглимдан бошқа гап ўтди. Қачонгача индамаймиз. Кўз олдимизда бир нодон оқарсувга оғзининг тупугини отиб ўтирса, кимдир бундайларга гапириши керак-ку. Бугун сувга тупурса, эртага нонга, индинга элга тупуради. Шундай экан, «Ҳар ким билганини қилсин» деб кетаверамизми? Йў-ўқ, айтиш керак, зарур бўлса, тийиб қўйиш керак.

 Болалик йилларимизда бизга оналаримиз «Сувга тупурсанг, кўр бўлиб қоласан» дейишганда, биз бунга қаттиқ ишонганмиз. Кўр бўлиб қолишдан қўрққанмиз.

 Сувнинг деви бўлади, унинг атрофида фаришталар юради деган гаплар ботинимизда сувга нисбатан азизлик ҳиссини шакллантириб борган. Бугунги кўпгина болалар бу гапларни шунчаки чўпчак деб билишади. Уларнинг тасаввурида сув бу шунчаки сув-да, жонсиз, ўлик бир нарса.

Баъзан ижтимоий тармоқларда 2050 йилларга бориб, Марказий Осиёда сув танқислиги ортади деган хабарларни ўқисам, юрагим зирқ этиб кетади. У йилларда мен бўламанми, йўқми, Худо билади. Лекин, юрагим зирқиллайди, чунки гап бизнинг бўлиш бўлмаслигимизда эмас, биз бўлсак бўлмасак, авлодларимиз бўлади, юртимиз бўлади. Шунинг учун бу хатар икки юз йилдан сўнг содир бўлади десалар ҳам, гўё бугун бўладигандай хавотирга тушишимиз, унинг олдини олишни ўйлашимиз керак. Биз ўзбеклармиз, демак болаларимиз, невараларимиз, ҳатто чевара-ю эвараларимиз тақдири учун ўзимиздан кўпроқ қайғуришимиз керак. Бизнинг табиатимиз шундай тўралган. Қолаверса, авлод учун қайғуриш эл-юрт тақдири учун қайғуришдир.

Анҳор бўйлаб йўлимда давом этаман. Катта сувни, анҳор қирғоқларидаги баҳайбат чинорларни кўриб, кўзларинг яшнайди. Турмуш ташвишлари остида кўмилиб қолган туйғуларинг баҳорги майсалардай тирилади. Лекин шундай сўлим жойда ҳам таъбингни тирриқ қиладиган ҳолатларга дуч келаверасан. Сув бўйига айлангани келган баъзи фаросатсиз кимсалар ўтирган ўрнини булғаб кетишади. Кимлардир йўл бўйига баклажкаларни отиб, кимлардир қоғоз қутиларни сочиб, яна кимлардир, дам олиш учун ўрнатиб қўйилган ўтирғичларни синдириб кетган. Ҳатто сув бўйига хавфсизлик, болаларни ҳимоя қилиш учун ўрнатилган сим панжараларни ҳам бузиб, икки буклаб кетганлар бор. Ахир буларнинг ҳаммаси ўзимиз учун-ку. Шугинага етмаган ақлимизни қандай ақл деб аташ керак. У қандай калтафаҳмки, сув бўйида ўтириб маза қилиб дам олса-ю, кетаётганда, ўтирган жойини булғаб кетса. Ё тавба!..

Булар атай шунақа қиладими, деб ўйлаб қоласан. Ободонлаштириш ишчилари вақти-вақти билан йиғиштириб кетган жой икки-уч кунда яна чиқинди билан тўлади. Менимча, бундай сайргоҳларга кўпроқ кузатув камералари ўрнатиб, атрофни қўқимга тўлдириб кетаётган фаросатсиз кимсаларга нисбатан чораларни кучайтириш керак.

Анҳорнинг ўнг қирғоғидаги боғчаларга устунлари чиройли, айланаси темир панжара билан ўралган, усти гумбаз шаклида ёпилган ажойиб айвончалар қуриб қўйилган. Бу шарқона айвонлар сайрга келганларнинг суҳбат қуриб ўтиришларига мўлжалланган. Лекин, афсусу аттанглар бўлсинким, баъзида эрталаб бориб, бу айвончаларга бош суқолмайсиз, боиси, бу ерга кечаси келганлар айвон ичини чиқиндига тўлдириб кетган бўлишади. Ичкаридаги ўтирғичга ўтириб бўлмайди, оёқ остида турли чиқиндилару, писта пўчоқлари сочилиб ётади. Фотограф эмасман, лекин бу ҳолатларни ўзим суратга туширдим. Газетада шу суратларни кўрсатишса, одамларимиз сабоқ чиқаришармикин деб атайлаб, бугун эрталаб суратга олдим. Кеча шу ердан ўтаётганимда бир тўда ёш йигитлар завқу шавқ билан гитара чалиб, қўшиқ айтиб ўтиришганини кўргандим. Гитара яхши, қўшиқ ҳам яхши, лекин ўзингиз ўтирган айвон ичини супуриндига ботириб кетиш ёмон, уят.

Бу ҳолатни кузата туриб, японлар ҳақида ўйлайман. Телевизорда кўрганман, ҳатто ўн минглаб мухлислар тўпланадиган стадионларда катта футболдан кейин гард ҳам қолдиришмай, ҳаммаёқни томошабинларнинг ўзлари тозалаб кетишар экан. Кўчалар, йўллар, сув бўйларига гугурт чўпини ҳам ташлаб кетишмайди. Ҳамма шунга одатланган. Бизда стадионларнинг футболдан кейинги аҳволини тасаввур қилиб кўринг. Биз нега бундаймиз?

Аммо ҳамма ҳам бундаймас. Баъзида бу ерларда сочилиб ётган чиқиндиларни териб олиб, бир четга йиғиштириб қўяётган одамларни кўриб қоламан. Бирдан кўнглим ёришади. Улар кўпроқ ёши каттароқ кишилар. Шунчаки сайрга чиққан одамлар. Бир куни ёши етмишдан ошган нуронийнинг ҳам ку­йиниб сув бўйларини тозалаб юрганини кўрдим. Бундай одамларни кўрганимда «Бор экансан-ку, ўзбегим!» дегим келади.

Момом озодаликни яхши кўрарди. Қаерда чиқинди кўрса, эринмай териб юрарди. «Ернинг бетини кир-чирдан тозалаб қўйиш»ни табиий, инсоний вазифаси деб биларди. Бир гапи ҳеч эсимдан чиқмайди. «Агар Ерни тозалаб қўйсанг, Ер сени дуо қилади. «Мендай баракали, файзли бўл» деб дуо қилади. Ернинг дуосини олинглар» дерди. Раҳматли ростдан ҳам баракали ва файзли момо бўлди. Вафоти куни тобутининг бир четига қўли тегиб қолиши учун минглаб одамлар тўпланди. Эл момомизни онасидай кузатди. Ким билади дейсиз, балки ростдан ҳам бу кампир Ернинг дуосини олгандир.

Иқтибосларимни ўқиб, бу одам нуқул «Бобом ундай дерди, момом мундай дерди» деган гапларни кўп қайтаради, деб ўйлаётгандирсиз. Ҳақли таъна. Лекин кўп масалаларда мен улардан ўтказиб бир нарса деёлмайман. Шунинг учун уларнинг тилидан фойдаланаман. Зеро, бу тил эл тили, кўнгил тили, юрт тили.

Бизга болалигимизда катталар экология ҳақида, табиатни муҳофаза қилиш ҳақида деярли гапиришмаган. «Экология» деган сўзни ҳам эшитмаганмиз. Лекин ота-оналаримиз Ерга, Сувга, Осмонга, дарахтларга ҳурматни қон-қонимизга сингдиришган. Бадиий ё диний йўл биланми, ўз амаллари биланми, хуллас, қандай қилиб бўлмасин, буни уддалашган. Момомнинг мен доим эслаб юрадиган «Ойдан уялинглар, Кундан уялинглар», «Дарахтларнинг қарғишига қолманглар», «Сувга салом бериб ўтинг­лар», «Ҳар нарсанинг уволи бор» каби гап­лари ҳам шунга дахлдор. Бу гаплар бизга ҳаётий қоидаларга айланган эди.

Кейинги даврларда увол тушунчасидан путур кетгани аниқ. Биз болалик йилларимизда «увол» сўзининг ўзидан қўрққанмиз. Бир нарсани увол қилиш гуноҳга ботиш билан баробар деб тушунганмиз.

Бунинг жазоси борлигини ҳам ички сезимларимиз билан илғаганмиз. Чунки бизга шундай сингдирилган. Аслида экология ғояларининг асосида ҳам увол тушунчаси ётади. Албатта, ҳозирги замон болаларини бирор нарсага ишонтириш осон эмас, уларга бир тушунча ё ғояни сингдиришнинг ҳам ўзи бўлмайди. Булар бошқа авлод. Улар жуда ақлли, кўп нарсани билади. Фақат бир айби: улар табиатдан узоқлашиб боряпти. Бунга ҳам технологиялар шиддати сабаб. Лекин қандай бўлмасин, бугунги болаларга табиатга муҳаббат ва ҳурматни сингдиришнинг замонавий йўлларини топиш керак. Негадир бу ишнинг жигини тополмаяпмиз. Бу нарса уларнинг қонига сингиши керак.

Яна бир куни сув ёқалаб бораётганимда, сайргоҳнинг равон йўлида олтмиш ёшлардаги бир одам кўп ўриндиқли сайр аравасига бир тўп болани миндириб олиб, қаршимдан келаётганини кўрдим. Бу киши ўн чоғли набираларини сайрга олиб чиқибди. Болагиналарнинг қий-чуви, шовқин-сурони авжида эди. Улар шодон қийқириб, кўчани бошига кўтариб келишарди. Орамизда ўн қадамча масофа қолганда, у одам болаларга қаттиқ овозда буюрди:

– Тайёрланамиз!

Бу ҳукм жаранглаши билан болалар қий-чуви бирдан тинди. Гўё аскарларга генерал буйруқ бергандай, чуғурлашган жужуқлар бирдан жим бўлиб қолди ва қандайдир жиддий вазифани бажаришга тайёрлана бошлашди.

Бир неча сониядан сўнг Бобо бошқарувидаги сайр улови менга жуда яқин келганда яна ўша «генералона» овоз жаранглади:

– Салом берамиз!

Болалар саҳнада турган хор жамоасидай жўр бўлиб:

– Ассалому алайкум, – деб менга салом бердилар.

– Ваалайкум ассалом! – дедим овозим титраб.

Сайр араваси ёнимдан ўтиб кетгандан сўнг яна болаларнинг шодон қийқириқлари янгради. Мен эса ичимда тағин ўша «Бор экансан-ку, ўзбегим!» деган гапни такрорладим ва беихтиёр кўзларимга ёш келди.

Билсам, бу бобо набираларини сайр вақтида ёши катта одамларга дуч келишганда, шундай салом беришга ўргатган экан. Бу ажойиб саҳна кўринишидай бир ҳолат мени тўлқинлантириб юборди. Набираларига ўзидан катталарни ҳурмат қилиш, ёши улуғларни қадрлаш каби фазилатларни сингдираётган бобога таъзим қилгим келди.

Қўноқхонадаги хорижлик меҳмон бомдод намозини адо этиш ниятида масжидга бориш учун такси чақирганда, ҳайдовчи йигит унинг пулини олмасдан, «бизни дуо қилиб қўйсангиз бўлди», деб манзилга элтиб қўйгани ҳақида ёки метрода бола кўтарган аёл ўн минг доллар топиб олганда, «топган топалоқ» деб кетмасдан, ҳеч иккиланмай бу пулни ички ишлар ходимларига келтириб, битталаб санаб топширгани ҳақидаги хабарларни ўқиганимда яна ўша «Бор экансан-ку, ўзбегим!» деган гапни мамнуният ва меҳр билан такрорлайман. Худога шукрки, фахрлансак арзийдиган бундай мисоллар ҳам ҳаётимизда кўп. Лекин юқорида айтиб ўтилган нохуш ҳолатлар камайса, «Биз нега бундаймиз?» деб ҳадеб ўзимизга маломат қилишлардан қутулсак, маданият ҳамда маърифат таянчимиз бўлса ва тез-тез бир-биримизни «Бор экансан-ку, ўзбегим!» деб самимий алқаб юрсак, қандай яхши бўларди.

 

«Ishonch» газетасининг

2026 йил 22 октябрдаги № 128-сонидан олинди.




Ўхшаш мақолалар

Бор экансан-ку,  ўзбегим!

Бор экансан-ку, ўзбегим!

🕔11:15, 20.11.2026 ✔66

Йигит кўприкдан ўтаётган ёшу қарига эътибор бермай, заррача хижолат бўлмай, писта пўчоқларини нуқул анҳорга тупурарди.

Батафсил
Экофаол  ёшлар овози  кўҳна Хивада  янгради

Экофаол ёшлар овози кўҳна Хивада янгради

🕔14:56, 05.11.2026 ✔266

Минг йиллик Хиванинг сарғиш деворлари қуёш нурида тилларанг товланади, Ичан қалъа миноралари эса осмонга бўй чўзади. Шу қадимий шаҳарнинг Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги ижод мактабида ёш авлоднинг тафаккур ва масъулият қалъаси қад ростлади.

Батафсил
Она тилимиз рақамли  дунё тилига  айланиши шарт

Она тилимиз рақамли дунё тилига айланиши шарт

🕔14:19, 30.10.2026 ✔350

Cунъий интеллект, замонавий тиббиёт ва фазовий технологиялар даври бўлган XXI аср олдимизга мутлақо янги, аччиқ ва ҳаётий саволни кўндаланг қўймоқда: бугун ўзбек тилида замонавий илм-фан ютуқлари ва юқори технологиялар яратиляптими? Она тилимиз имкониятлари бунинг учун етарлими?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Бор экансан-ку,  ўзбегим!

    Бор экансан-ку, ўзбегим!

    Йигит кўприкдан ўтаётган ёшу қарига эътибор бермай, заррача хижолат бўлмай, писта пўчоқларини нуқул анҳорга тупурарди.

    ✔ 66    🕔 11:15, 20.11.2026
  • Экофаол  ёшлар овози  кўҳна Хивада  янгради

    Экофаол ёшлар овози кўҳна Хивада янгради

    Минг йиллик Хиванинг сарғиш деворлари қуёш нурида тилларанг товланади, Ичан қалъа миноралари эса осмонга бўй чўзади. Шу қадимий шаҳарнинг Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги ижод мактабида ёш авлоднинг тафаккур ва масъулият қалъаси қад ростлади.

    ✔ 266    🕔 14:56, 05.11.2026
  • Она тилимиз рақамли  дунё тилига  айланиши шарт

    Она тилимиз рақамли дунё тилига айланиши шарт

    Cунъий интеллект, замонавий тиббиёт ва фазовий технологиялар даври бўлган XXI аср олдимизга мутлақо янги, аччиқ ва ҳаётий саволни кўндаланг қўймоқда: бугун ўзбек тилида замонавий илм-фан ютуқлари ва юқори технологиялар яратиляптими? Она тилимиз имкониятлари бунинг учун етарлими?

    ✔ 350    🕔 14:19, 30.10.2026
  • Исроф  занжири: дастурхондан сайёрагача

    Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача

    Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.

    ✔ 398    🕔 14:28, 22.10.2026
  • Қонунларимиз  болаларни  интернет  хавфларидан ҳимоя  қила оладими?

    Қонунларимиз болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қила оладими?

    Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, дунёнинг исталган нуқтасидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда.

    ✔ 488    🕔 13:16, 15.10.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар