Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Қонунларимиз болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қила оладими?

Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, дунёнинг исталган нуқтасидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда.

Қонунларимиз  болаларни  интернет  хавфларидан ҳимоя  қила оладими?

Айниқса, ёш авлоднинг замонавий технологияларни тез ўзлаштираётгани таълим ва интеллектуал ривожланиш учун янги имкониятлар яратмоқда. Бироқ кейинги йилларда интернетнинг болалар руҳияти, саломатлиги ва ижтимоий муносабатларига таъсири билан боғлиқ муаммолар ҳам халқаро миқёсда жиддий муҳокама қилинмоқда.

Эндиликда турли мамлакатларда болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашга қаратилган янги-янги тартиблар пайдо бўлмоқда. Эътиборлиси, илгари болаларни рақамли технологияларга кенг жалб этишга интилиш анчайин кучайган бўлса, бугун кўплаб давлатлар уларнинг интернетдаги хавфсизлигини таъминлаш учун қонунчилик даражасида чоралар кўришга киришган.

Бунинг асосий сабаблари орасида кибербуллинг, экранга ҳаддан ташқари боғланиб қолиш, шахсий маълумотларнинг тарқалиши, ёшга мос келмайдиган ахборотлар таъсири ва интернетдаги турли фирибгарлик ҳолатлари бор. Мутахассислар болаларнинг рақамли муҳитда ўтказадиган вақтидан ташқари, улар қандай контент истеъмол қилаётгани ва онлайн мулоқотда қандай хавфларга дуч келаётганига ҳам эътибор қаратиш зарурлигини таъкидламоқда.

Хусусан, Туркияда 1 ноябрдан кучга кириши кўзда тутилган янги тартибларга кўра, 15 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш, каттароқ ёшдаги ўсмирлар учун эса аккаунтларнинг махфийлик созламаларини кучайтириш ва ота-она назоратини кенгайтириш назарда тутилган.

Австралия ҳам болаларнинг рақамли хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатъий чораларни қабул қилган давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатда 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларнинг қатор йирик ижтимоий тармоқ платформаларида аккаунтга эга бўлишини чекловчи қонунчилик тартиби жорий этилган. Унинг муҳим жиҳати шундаки, ёшга оид чекловларни таъминлаш мажбурияти ижтимоий тармоқ компанияларининг зиммасига ҳам юклатилган.

Хитойда эса болалар ва ўсмирларнинг айрим рақамли платформалардан фойдаланиш вақтини тартибга солиш амалиёти мавжуд. Жумладан, Douyin платформасида 14 ёшгача бўлган фойдаланувчилар учун махсус режимда кунлик фойдаланиш вақти 40 дақиқа билан чекланган. Бу каби чоралар болаларнинг экран қаршисида ортиқча вақт ўтказишини камайтиришга қаратилган.

Европада асосий эътибор болаларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш, зарарли контент тарқалишининг олдини олиш ва рақамли платформаларнинг ҳуқуқий жавобгарлигини кучайтиришга қаратилмоқда. Францияда 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишида ота-она розилигига оид қоидалар қабул қилинган. Европа Иттифоқида эса болаларнинг шахсий маълумотларини қайта ишлашга мустақил розилик бериш ёши аъзо давлатлар қонунчилигига қараб 13 ёшдан 16 ёшгача белгиланган.

АҚШда ҳам болаларнинг интернет хавфсизлиги бўйича қонунчилик ташаббуслари муҳокама қилинмоқда. Айрим штатларда вояга етмаган фойдаланувчиларнинг ёшини тасдиқлаш, ота-она розилигини олиш ва улар учун қўшимча ҳимоя механизмларини жорий этишга қаратилган тартиблар қабул қилинган. Шу билан бирга, мазкур чораларнинг айримлари шахсий маълумотлар дахлсизлиги ва ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқи нуқтаи назаридан ҳуқуқий баҳсларга ҳам сабаб бўлмоқда.

Халқаро тажрибадан кўринадики, болаларнинг рақамли хавфсизлигини таъминлашда ягона ёндашув мавжуд эмас. Айрим давлатлар ёшга оид чекловларга устувор аҳамият бераётган бўлса, бошқалари ота-она назорати, шахсий маълумотлар муҳофазаси ва платформалар масъ­улиятини кучайтириш йўлидан бормоқда. Бироқ барча ёндашувларни бирлаштириб турган асосий мақсад болаларни рақамли муҳитдаги эҳтимолий хавфлардан ҳимоя қилишдир.

Бу масала Ўзбекистон учун ҳам жуда долзарб. Мамлакатимизда рақамлаштириш жараёнлари жадал кечаётгани, таълим тизимида электрон платформалар ва онлайн ресурслардан фойдаланиш имкониятлари кенгаяётгани болаларнинг рақамли саводхонлигини ошириш билан бирга, уларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратишни талаб этмоқда.

Бунда интернетдан фойдаланиш вақтини чеклашнинг ўзи етарли эмас. Аввало, болаларнинг ёшига мос ахборот муҳитини шакллантириш, уларга шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш қоидаларини ўргатиш, кибербуллинг ва интернет фирибгарлигидан сақланиш кўникмаларини бериш муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, ота-оналарнинг рақамли саводхонлигини ошириш ҳам долзарб вазифалардан биридир. Чунки болалар фойдаланаётган ижтимоий тармоқлар, мобиль иловалар ва онлайн ўйинларнинг хусусиятларини тушунмасдан туриб, уларнинг интернетдаги фаолиятини самарали назорат қилиш қийин.

Бу борада таълим муассасаларининг ҳам ўрни катта. Мактабларда рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмалари билан бир қаторда ахборотни танқидий баҳолаш, интернетдаги ёлғон маълумотларни ажратиш, онлайн мулоқот маданияти ва шахсий маълумотлар хавфсизлигига оид билимларни мустаҳкамлаш зарур.

Айни пайтда болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт, китобхонлик, ижодий ва интеллектуал машғулотларга жалб қилиш ҳам экранга ҳаддан ташқари боғланиб қолиш хавфини камайтиришда муҳим ўрин тутади. Чунки рақамли муҳитдаги хавфларнинг олдини олиш фақат тақиқ ва чекловлар билан эмас, болалар учун соғлом муқобил имкониятлар яратиш орқали ҳам таъминланади.

Албатта, интернетнинг таълим, фан ва ижодкорлик соҳасидаги имкониятларини инкор этиб бўлмайди. Замонавий дунёда рақамли кўникмаларга эга бўлиш ёшларнинг келажакдаги рақобатбардошлиги учун муҳим омиллардан бири саналади. Шу сабабли асосий вазифа болаларни интернетдан бутунлай узоқлаштириш эмас, балки уларнинг рақамли технологиялардан хавфсиз, мақсадли ва меъёрли фойдаланишини таъминлашдан иборат.

Дунё мамлакатларида амалга оширилаётган чоралар болаларнинг интернет хавфсизлиги энди фақат оила доирасидаги масала эмаслигини кўрсатмоқда. У давлат, таълим муассасалари, ота-оналар ва рақамли платформаларнинг ўзаро ҳамкорлигини талаб этадиган муҳим ижтимоий вазифага айланмоқда.

Шундай экан, халқаро тажрибани ўрганиш ва миллий шароитимизга мос самарали механизмларни такомиллаштиришда, янги қонунчилик ташаббусларини илгари суришда болалар манфаатлари устувор бўлиши лозим. Зеро, рақамли тараққиётнинг ҳақиқий самараси фақат технологиялар имконияти билан эмас, балки улардан фойдаланаётган ёш авлоднинг билимли, соғлом ва хавфсиз муҳитда улғайиши билан ҳам белгиланади.

 

Саида РУСТАМ




Ўхшаш мақолалар

Исроф  занжири: дастурхондан сайёрагача

Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача

🕔14:28, 22.10.2026 ✔21

Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.

Батафсил
Қонунларимиз  болаларни  интернет  хавфларидан ҳимоя  қила оладими?

Қонунларимиз болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қила оладими?

🕔13:16, 15.10.2026 ✔155

Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, дунёнинг исталган нуқтасидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда.

Батафсил
Асалари учраётган  хатар –  экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф

Асалари учраётган хатар – экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф

🕔14:57, 08.10.2026 ✔218

Табиатда шундай жонзотлар борки, уларнинг миттигина фаолияти бутун инсоният ҳаёти учун катта аҳамият касб этади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар