Экология      Бош саҳифа

Экологик масъулият рақамларда эмас, амалий натижаларда намоён бўлади

Тоза ҳаво, мусаффо сув, озода кўчалар, яшилликка бурканган маҳаллалар... Буларнинг барчаси инсоннинг соғлом ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур бўлган оддий, айни пайтда бебаҳо неъматлардир.

Экологик  масъулият  рақамларда эмас, амалий натижаларда намоён бўлади

Аммо уларнинг қадрини кўпинча экологик муаммога дуч келганимизда ҳис этамиз. Дарахтлар камайган ҳудудда ёзнинг жазирамаси янада оғирроқ сезилади, сув танқислиги юзага келган жойда эса унинг ҳар томчиси қанчалик қимматли экани билинади. Шу боис экологияни фақат табиатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ соҳавий масала сифатида тушуниш тўғри эмас. У, аввало, инсон саломатлиги, турмуш сифати, фарзанд­ларимиз келажаги ва жамиятнинг барқарор тараққиёти билан чамбарчас боғлиқдир.

Ўзимизга бир саволни тез-тез беришимиз керак: амалга ошираётган ишларимиз одамлар ҳаётида қандай ўзгаришларга сабаб бўлмоқда? Экологик фаолиятнинг ҳам энг муҳим мезони айнан шу савол жавобида.

Ўзбекистон Экологик партияси Наманган вилоят кенгашининг 2026 йилдаги тўққиз ойлик фаолиятига ҳам ана шу нуқтаи назардан баҳо беришни истардим. Ўтган давр мобайнида ташкилий салоҳиятимизни мустаҳкамлаш, сафимизни кенгайтириш, аҳолининг экологик билим ва маданиятини ошириш, ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш ҳамда депутатлик назоратини кучайтириш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Лекин бу натижалар биз учун эришилган маррадан кўра, зиммамиздаги масъулият янада ортаётганини англатади.

 

Катта имконият ва масъулият

Бугун вилоятимизда партия аъзолари сони 43 минг 869 нафарга етди. Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 4 минг 886 нафар фуқаро сафимизга қўшилди. Бу рақамлар аҳолининг экологик масалаларга қизиқиши, жамоатчилик ташаббусларида иштирок этиш истаги ортиб бораётганини кўрсатади. Айни пайтда улар бизни янада фаолроқ ишлашга ундайди.

Негаки, 43 мингдан ортиқ аъзога эга бўлишнинг ўзи экологик муаммолар ҳал этилди, дегани эмас. Муҳими, ана шу катта жамоанинг имкониятларини жамият учун фойдали ишларга йўналтира олишда. Зотан, ҳар бир фаол ўз маҳалласидаги битта экологик муаммога бефарқ бўлмаса, унинг ечимига оз бўлса-да ҳисса қўшса, қанчадан-қанча ижобий ўзгаришларга замин яратилади.

Кимдир кўчасининг тозалигига эътибор қаратади, яна кимдир дарахтларни асраш ташаббуси билан чиқади. Бошқаси сувдан оқилона фойдаланиш ёки чиқиндиларни тўғри бошқариш масаласини кўтаради. Аслида, экологик фаоллик ана шундай оддий ҳаракатлардан бошланади.

Шунинг учун биз аъзолар сонини кўпайтириш билан бир қаторда, уларнинг ташаб­бускорлигини ошириш, маҳаллалардаги экологик масалаларга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Жамоатчилик ҳаракатининг ҳақиқий салоҳияти унинг қанча аъзоси борлиги эмас, балки шу инсонларнинг қандай амалий ишларга қодирлиги билан намоён бўлади.

 

Экологик маданият кўлами

Ўтган тўққиз ой давомида вилоятимизда 306 та тарғибот тадбири ва учрашув ташкил этилиб, уларга 9 минг 160 нафар фуқаро жалб қилинди. Албатта, ҳар бир учрашув, ҳар бир мулоқот орқали одамларга экологик муаммоларнинг моҳиятини тушунтириш, уларни табиатга масъулият билан муносабатда бўлишга ундаш имконияти пайдо бўлади. Аммо муҳим бир жиҳат бор.

Масалан, экологик акцияда иштирок этган ёш ўша куни кўчат экиши мумкин. Лекин кейинчалик ҳам унинг парваришига эътибор берадими? Сувни тежаш ҳақидаги суҳбатни тинглаган инсон буни ўз хонадонида одатга айлантирадими? Чиқиндиларнинг атроф-муҳитга таъсири ҳақида маълумот олган фуқаро кундалик ҳаётида шунга амал қиладими?

Агар тадбирларимиз ана шундай ижобий ўзгаришларга туртки бўлса, демак, меҳнатимиз самара беряпти. Шу маънода, экологик тарғиботни бир марталик тадбирлар дои­расидан чиқариш, уни маҳаллалар, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва ёшлар ҳаёти билан узвий боғлашимиз керак.

 Айниқса, болалар ва ёшларда табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришга бугундан эътибор берсак, келажакда кўплаб экологик муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилган бўламиз.

 

Муаммони аниқлаш – ечимнинг бошланиши

Одамлар экологик масалаларда, аввало, ўзлари яшаб турган муҳитдаги ўзгаришларни кўришни истайди. Бу табиий. Чунки атроф-муҳит ҳолати ҳар биримизнинг кундалик ҳаё­тимизга бевосита таъсир кўрсатади.

Шунинг учун фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, жойлардаги экологик вазиятни ўрганиш ва мавжуд камчиликларга жамоатчилик эътиборини қаратиш фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб келмоқда. Ҳисобот даврида фуқаролар мурожаатлари ва экологик рейд­лар доирасида 295 та ҳолат ўрганилди. Бу жараёнда ҳудудлардаги мавжуд экологик масалаларни аниқлаш, уларнинг сабабларини таҳлил қилиш ва тегишли ташкилотлар эътиборига етказишга ҳаракат қилдик.

Муаммони аниқлаш билан иш тугамайди. Аксинча, энг муҳим жараён шундан кейин бошланади. Ҳар бир ўрганилган ҳолат бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, зарур чораларни белгилаш ва уларнинг ижросини кузатиб бориш муҳим. Айниқса, бир хил муаммоларнинг қайта-қайта такрорланишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этишга эътибор қаратиш зарур.

 

Депутатлик назоратининг кучи

Айрим экологик масалалар борки, уларни фақат тарғибот ёки жамоатчилик ташаббуси билан ҳал этиб бўлмайди. Бундай ҳолларда масъул идоралар билан тизимли ишлаш, мавжуд ҳуқуқий механизмлардан фойдаланиш ва депутатлик назоратини кучайтириш талаб этилади. Шу нуқтаи назардан, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз фаолиятига ҳам алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз.

Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 78 та жамоатчилик эшитуви ташкил этилди. Яна 78 та масала депутатлик гуруҳлари йиғилишларида муҳокама қилинди. Шунингдек, тегишли масалалар доимий комиссиялар ва сессия­лар кун тартибига киритилди, ваколатли ташкилотларга 90 та депутатлик сўрови юборилди.

Албатта, бу кўрсаткичлар депутатларимизнинг экологик масалаларни кўтариш ва уларга масъул ташкилотлар эътиборини қаратиш борасидаги фаолиятини акс эттиради. Жамоатчилик эшитувлари ҳам шунчаки навбатдаги йиғилишга айланиб қолмаслиги лозим. Уларда билдирилган фикр ва таклифлар тегишли қарорларга, қарорлар эса амалий ишларга асос бўлиши зарур.

Депутатлик назоратининг энг катта аҳамияти ҳам шунда: у фуқаронинг муаммоси билан масъул ташкилотнинг вазифаси ўртасида самарали боғлиқликни таъминлаши керак.

 

Рақамлардан ҳаётий ўзгаришларга

Ортда қолган тўққиз ой давомида сафимиз кенгайди, минглаб фуқаролар экологик тадбирларга жалб этилди, юзлаб ҳолатлар ўрганилди, депутатлик назорати доирасида кўплаб масалалар кўтарилди. Бироқ бу натижалар ҳали фаолиятимизнинг якуний баҳоси эмас.

Ўтказилган тадбирлар аҳолининг экологик маданиятига қай даражада таъсир кўрсатди? Ўрганилган муаммоларнинг нечтаси амалий ечим топди? Депутатлик сўровлари ва жамоатчилик эшитувлари натижасида одамлар ҳаётида қандай ижобий ўзгаришлар юз берди?..

Ана шу саволларга аниқ жавоб топиш келгусидаги фаолиятимизнинг асосий мезони бўлиши керак. Негаки, экологик муаммоларни ҳал этишда фақат ташаббус кўрсатишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бошланган ишни охирига етказиш, қабул қилинган қарорлар ижросини кузатиб бориш, эришилган натижаларни таҳлил қилиш ҳам шунчалик муҳим.




Ўхшаш мақолалар

Ўзбекистон ва жаҳон  «Боку жараёни»  Озарбайжон билан ҳамкорликнинг  гуманитар мезонлари

Ўзбекистон ва жаҳон «Боку жараёни» Озарбайжон билан ҳамкорликнинг гуманитар мезонлари

🕔11:16, 20.11.2026 ✔43

Маданиятлар ва цивилизациялараро самарали мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида 2008 йилда «Боку жараёни» платформасига асос солинган эди.

Батафсил
Иқтисодий фаровонлик ва аҳоли саломатлигига  кўринмас  таҳдид

Иқтисодий фаровонлик ва аҳоли саломатлигига кўринмас таҳдид

🕔10:50, 20.11.2026 ✔42

Ҳозир айни пишиқчилик палласи. Бозор ёки супермаркетга кирганимизда пештахталардаги ялтироқ олмалар, йирик помидорлар, бир текис ранг олган бодринглар эътиборимизни тортади.

Батафсил
Полигонга  кўмилаётган  ресурс

Полигонга кўмилаётган ресурс

🕔15:33, 12.11.2026 ✔96

Айланма иқтисодиётнинг узлуксиз занжири: чиқиндиларни бошқариш, тўлов тизими ва ҳуқуқий тартибга солиш

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар