Экология      Бош саҳифа

Иссиқхоналар ёпилмайди, аммо талаблар ўзгаради

Куз-қиш мавсуми яқинлашгани сари пойтахт ҳавосининг сифати яна долзарб масалага айланади. Совуқ кунларда иситиш тизимларининг ишга тушиши, ёқилғи сарфининг ортиши ва атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар аҳоли саломатлиги билан боғлиқ хавотирларни кучайтиради.

Иссиқхоналар  ёпилмайди,  аммо талаблар ўзгаради

Айниқса, Тошкент шаҳри ва унинг атрофида жойлашган иссиқхона хўжаликларида қандай ёқилғидан фойдаланилаётгани, тутун билан бирга ҳавога нималар чиқарилаётгани жамоатчилик эътиборидан четда қолаётгани йўқ.

Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Иссиқхоналар минглаб инсонларни иш билан таъминлайди, ички бозорга сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беради. Уларнинг фаолиятини кескин чеклаш эса нафақат тадбиркорларга, балки маҳсулот етиштириш ҳажми ва нархлар барқарорлигига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Шундай шароитда муҳим савол туғилади: тоза ҳавони сақлаш учун иссиқхоналар фаолиятини чеклаш керакми ёки уларни экологик хавфсиз технологиялар асосида ишлашга ўтказиш мумкинми?

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 октябрда қабул қилинган Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхона хўжаликлари учун янги экологик тартиб жорий этишга оид қарорида айнан шу саволга амалий жавоб берилган. Унда иссиқхона хўжаликлари фаолиятини тўхтатиш эмас, балки уларни замонавий, энергия тежамкор ва кам чиқиндили технологияларга ўтказиш, экологик назоратни кучайтириш ҳамда бу жараёнда тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари белгиланган.

 

Экологик талаблар қайси ҳудудлар учун?

Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманлари иссиқхона хўжаликлари фаолияти учун махсус экологик тартиб жорий этиладиган ҳудудлар сифатида белгиланди.

Бу бежиз эмас. Пойтахт ва унга туташ ҳудудларда аҳоли зичлиги, саноат корхоналари, транспорт воситалари ҳамда турли иситиш манбаларининг бир ҳудудда жамлангани атмосфера ҳавоси сифатига қўшимча босим ўтказади. Иссиқхона қозонхоналаридан чиқадиган ташламалар ҳам ана шу умумий экологик юкламанинг таркибий қисмидир.

Янги тартибга кўра, давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси асосида фаолият юритадиган, иситиш тизимига эга иссиқхоналар табиий газ, шу жумладан, суюлтирилган газ, электр энергияси, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларида ҳосил бўладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланиши мумкин.

Қаттиқ ёқилғи – кўмир, брикет ва биомасса пеллетларидан фойдаланаётган хўжаликларга эса 2026 йил 1 декабрга қадар иситиш тизимини белгиланган муқобил манбаларга ўтказиш талаби қўйилмоқда. Шу билан бирга, қарорда қатъий экологик шартларнинг барчасини бажарган ҳолда қаттиқ ёқилғидан фойдаланиш имконияти ҳам сақлаб қолинган.

Бу жиҳат алоҳида аҳамиятга эга. Чунки янги тартиб иссиқхона хўжаликларига фақат тақиқ қўйиш билан чекланмай, экологик хавфсиз фаолиятни давом эттиришнинг аниқ шартларини белгиламоқда.

Мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр билдирган иқлимшунос олим, Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти директори Дониёр Турғунов ҳам асосий мақсад тадбиркорлик фаолиятини чеклаш эмаслигини таъкидлайди. «Бу талабларнинг асосий мақсади иссиқхона хўжаликлари фаолиятини чеклаш эмас, балки уларнинг экологик хавфсиз фаолиятини таъминлашга қаратилган», – дейди мутахассис.

 

Рухсат бор, аммо назорат кучли

Қарорнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – қаттиқ ёқилғидан фойдаланиш учун белгиланган талаблар. Эндиликда бундай иссиқхоналар қозон қурилмаларини ёқилғи узатиш ва ёниш жараёнини автоматик бошқариш тизими билан жиҳозлаши, белгиланган самарадорлик кўрсаткичларига эга чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиши шарт.

Шунингдек, атмосферага чиқарилаётган ташламалар миқдорини узлуксиз ўлчаб борадиган автоматик мониторинг тизими – CEMS ўрнатилиб, Экология қўмитасининг ахборот тизимига интеграция қилиниши лозим.

Бу нима дегани? Аввал экологик назорат асосан муайян вақтда ўтказиладиган текширувлар ва ўлчовларга таянган бўлса, янги ёндашувда чиқиндилар ҳақидаги маълумотлар реал вақт режимида кузатиб борилади. Яъни корхона қозонхонаси ишлаётган пайтда атмосферага чиқарилаётган ташламаларни доимий назорат қилиш имконияти яратилади.

Профессор Дониёр Турғунов ҳам мазкур талабларнинг амалий аҳамиятига эътибор қаратади:

– Иссиқхона хўжаликлари фаолиятининг бутун тизимини автоматлаштириш керак бўлади. Юқори технологик чанг тозалаш ускуналари ишлаши, автоматик мониторинг станциялари ўрнатилиши, қозонхоналар миллий сертификатларга эга бўлиши керак. Шунингдек, ёқилғининг ёниш жараёнини узлуксиз онлайн кузатиб борувчи камералар ўрнатилиб, Экология қўмитаси тизимига интеграция қилиниши лозим, – дея тушунтиради олим.

Қарорда мазкур ускуналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун захира электр таъминоти, жумладан генераторлар ўрнатиш ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, қозон қурилмалари, тозалаш ускуналари ва мониторинг тизимлари мувофиқлик сертификатига эга бўлиши, ҳосил бўладиган кул, шлам, оғир металлар ва бошқа хавфли чиқиндилар белгиланган тартибда утилизация қилиниши керак.

Демак, эндиликда экологик хавфсизлик фақат тутун мўрисига фильтр ўрнатиш билан баҳоланмайди. Ёқилғининг қозонга узатилишидан тортиб, ёниш жараёни, ташламалар мониторинги ва қолдиқ чиқиндиларни утилизация қилишгача бўлган бутун технологик занжир назоратга олинади.

 

Мўридан нима чиқяпти?

Айрим ҳолларда ёқилғи сифатида арзон, аммо атроф-муҳит учун ўта зарарли материаллардан фойдаланиш ҳаво ифлосланиши хавфини янада кучайтиради. Шу сабабли қарорда махсус ҳудудлардаги иссиқхоналарда шиналар, битум, мазут, пластмасса, полимер плёнкалар, резина, синтетик картон, ишлатилган мойлар, маиший ва ишлаб чиқариш чиқиндилари ҳамда шунга ўхшаш материалларни ёқиш қатъиян тақиқланган.

Бу тақиқнинг экологик аҳамияти катта. Чунки бундай материаллар ёнганда ҳавога майда заррачалар, заҳарли органик бирикмалар ва бошқа хавфли моддалар ажралиши мумкин. Айрим моддалар нафас олиш тизимига салбий таъсир кўрсатса, бошқалари узоқ муддатли саломатлик хавфларини оширади.

Шу ўринда бир ҳақиқатни унутмаслик керак: атмосферага чиқарилган зарарли моддалар корхона девори ёки иссиқхона ҳудуди билан чегараланиб қолмайди. Шамол, ҳаво ҳарорати ва атмосфера шароитларига қараб улар аҳоли яшаш жойларига ҳам тарқалиши мумкин. Шунинг учун иссиқхона қозонхоналарининг экологик хавфсизлиги фақат тадбиркорнинг ички ишлаб чиқариш масаласи эмас, балки жамоат саломатлиги билан бевосита боғлиқ вазифадир.

 

Модернизация учун маблағ қаердан олинади?

Экологик талабларни кучайтириш муҳим. Бироқ уларни амалда бажариш учун тадбиркорда молиявий имконият ҳам бўлиши зарур. Зеро, замонавий қозонхоналар, юқори самарали фильтрлар, автоматик мониторинг станциялари ва муқобил энергия тизимларини ўрнатиш сезиларли сармоя талаб қилади. Айниқса, кичик ва ўрта иссиқхона хўжаликлари учун бу харажатлар жиддий иқтисодий юк бўлиши мумкин.

Шу жиҳатдан қарорда экологик модернизацияни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланган. Жумладан, 2028 йил 1 январга қадар чанг-газ тозалаш ускуналари, қозон қурилмалари, энергия тежамкор экранлар, электр, геотермал, қуёш ва когенерация асосидаги иситиш ускуналарини харид қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ ҳар бир гектар учун 50 миллион сўмдан ошмаган қисми субсидия ҳисобидан қопланиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, 2026-2027 йилларда муқобил иситиш тизимларига ўтиш лойиҳалари учун тижорат банклари орқали 7 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан, йиллик 14 фоиз ставкали кредитлар ажратилади. Мазкур кредитлар лойиҳа қийматининг 50 фоизигача бўлган қисмини молиялаштириши ва ҳар бир гектар учун 3 миллиард сўмгача етиши мумкин.

Автоматик мониторинг станцияларини харид қилишда эса ҳар бир станция учун 350 миллион сўмдан ошмаган маблағни 5 йил давомида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Бунда белгиланган техник талаб­лар, уч томонлама шартнома ва мониторинг тизимини узлуксиз ишлатиш мажбуриятлари бажарилиши шарт.

Шунингдек, 2030 йил 1 январга қадар мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган ва иссиқхоналарни ташкил этиш ҳамда модернизация қилиш лойиҳалари учун олиб кириладиган муайян экологик ва энергия тежамкор ускуналарни божхона божидан озод этиш белгиланган. Бу ерда муҳим иқтисодий жиҳат ҳам бор. Субсидия ёки имтиёзли кредитнинг мавжудлиги ўз-ўзидан барча хўжаликлар учун модернизацияни осонлаштириб юбормайди. Ускуналарнинг умумий қиймати, уларга хизмат кўрсатиш харажатлари, энергия манбаларининг узлуксизлиги ва кредитни қайтариш имконияти ҳар бир лойиҳада алоҳида ҳисоб-китоб қилиниши лозим.

 

Сув ва чиқиндилар ҳам назоратда

Қарорнинг яна бир муҳим йўналиши иссиқхона хўжаликларида ҳосил бўладиган хавфли суюқ чиқиндилар ва гидропоника оқаваларини бошқариш билан боғлиқ. Хусусан, иситиш қозонларига ўрнатилган фильтрларда ҳосил бўладиган хавфли суюқ чиқиндилар ҳамда гид­ропоника фильтратларини тозалаш ва техник сув сифатида қайта ишлатиш кўзда тутилган.

Бу мақсадда 2027 йил 1 январга қадар Оҳангарон туманидаги экосаноат зонасида фильтратларни вақтинча сақлаш омбори қурилиши, 2027 йил 1 июнга қадар эса уларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи оператор танлаб олиниши белгиланган. Мазкур ёндашув экологик муаммони бир муҳитдан бошқасига кўчирмаслик нуқтаи назаридан аҳамиятлидир. Чунки атмосферага чиқадиган зарарли моддаларни фильтр ёрдамида ушлаб қолишнинг ўзи етарли эмас. Фильтрда тўпланган хавфли моддалар кейинчалик тупроққа ёки сув манбаларига тушмаслиги ҳам таъминланиши шарт.

 

Тоза ҳаво – ҳамманинг манфаати

Бугун иссиқхона хўжаликлари олдида турган вазифа оддий эмас: бир томондан, маҳсулот етиштиришни узлуксиз давом эттириш, иккинчи томондан, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва атмосферага салбий таъсирни камайтириш талаб этилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 586-сонли қарори ана шу икки мақсад ўртасида мувозанат топишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Албатта, қарор ижросида муайян мураккабликлар бўлиши мумкин. Муқобил энергия манбаларига ўтиш, замонавий тозалаш ускуналарини харид қилиш, мониторинг тизимларини ўрнатиш ва уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш вақт, маблағ ва малакали мутахассисларни талаб этади. Бироқ экологик хавфсизликни таъминлашни ортга суриш ҳам ечим эмас. Чунки ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ салбий оқибатлар бутун жамиятга дахлдор.

Эндиликда асосий эътибор қарорда белгиланган талабларнинг қоғозда қолиб кетмаслигига, ажратилаётган имтиёзлардан тадбиркорлар самарали фойдаланишига ва экологик назоратнинг амалда ишлашига қаратилиши зарур.

 

Шахруза САТТОРОВА

тайёрлади.




Ўхшаш мақолалар

Ўзбекистон ва жаҳон  «Боку жараёни»  Озарбайжон билан ҳамкорликнинг  гуманитар мезонлари

Ўзбекистон ва жаҳон «Боку жараёни» Озарбайжон билан ҳамкорликнинг гуманитар мезонлари

🕔11:16, 20.11.2026 ✔43

Маданиятлар ва цивилизациялараро самарали мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида 2008 йилда «Боку жараёни» платформасига асос солинган эди.

Батафсил
Иқтисодий фаровонлик ва аҳоли саломатлигига  кўринмас  таҳдид

Иқтисодий фаровонлик ва аҳоли саломатлигига кўринмас таҳдид

🕔10:50, 20.11.2026 ✔42

Ҳозир айни пишиқчилик палласи. Бозор ёки супермаркетга кирганимизда пештахталардаги ялтироқ олмалар, йирик помидорлар, бир текис ранг олган бодринглар эътиборимизни тортади.

Батафсил
Полигонга  кўмилаётган  ресурс

Полигонга кўмилаётган ресурс

🕔15:33, 12.11.2026 ✔97

Айланма иқтисодиётнинг узлуксиз занжири: чиқиндиларни бошқариш, тўлов тизими ва ҳуқуқий тартибга солиш

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар