Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

БОЛАСИ БОР БОЛАЛАР

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида жаҳонда кечаётган аянчли вазиятдан хабардормисиз?

Мамлакатимизда оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш тизими тубдан ислоҳ қилинди. «Соғлом она — соғлом бола» концепцияси умуммиллий ҳаракат дастурига айланди. Бугунги кунда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш доирасида яратилган оналик ва болаликни муҳофаза қилиш миллий модели жаҳон ҳамжамияти томонидан намуна сифатида эътироф этилмоқда.

БОЛАСИ БОР БОЛАЛАР

ЮНИСЕФнинг Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари бўйича офиси Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги дастурларини минтақада ўрнак бўларли модель сифатида кўрсатмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Хўш, бунинг замирида нималар бор? Бу юксак эътирофга қандай омиллар сабаб бўлди?

Ҳар аёл тақдири — глобал масала!

Оналик ва болаликни муносиб муҳофаза қилиш, эрта турмушнинг олдини олиш, болалар ўлимини камайтириш аллақачон жаҳон миқёсидаги глобал масалаларга айланган. Таҳлилларга назар ташласак, 2013 йилда ҳомиладорлик асоратлари натижасида дунёда 289 минг, 2015 йилда эса 303 минг нафар хотин-қиз дунёдан бевақт кўз юмган. Бу 1990 йилдаги кўрсаткичдан (523 минг) анча кам бўлса-да, ҳар бир йўқотилган аёл тимсолида глобал миқёсда ҳал қилиниши керак бўлган долзарб вазифалар талай эканини чуқур ҳис этиш қийин эмас. Бу улушнинг учдан бири Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келади. 15-19 ёш оралиғидаги 15 миллион қизнинг фарзанд кўраётгани, айни ёшдаги яна 3 миллион қиз ҳомиласидан ихтиёрий равишда воз кечаётгани бизни ҳушёр торттириб, вояга етмаган қизлар билан олиб бориладиган ишларимизда талабчанликни янада оширишга ундайди.

2013 йилда дунёда 580 миллион ўсмир қиз бор эди. Ҳозиргача Ер юзида яшаётган 700 миллион аёл вояга етмасдан оила қурган. Ваҳоланки, уларнинг ақлий ва жисмоний ривожига йўналтириладиган сармоялар бу қизлар қобилияти ва салоҳиятини тугал намойиш этишига имкон яратар эди.

12,2 фоизи 15 ёшга тўлмаган

Ўсмир қизларни эрта никоҳ ва ҳомиладорликдан ҳимоялаш бўйича жиддий муаммолар сақланиб қоляпти. Дунёда ҳар йили 51 миллион қиз 19 ёшга чиқмай турмуш қурмоқда. Уларнинг 13,1 миллион нафари йил ўтмай она бўлмоқда. «Ёш она»ларнинг 2 миллиони ҳатто 15 ёшга ҳам чиқмаган. ­Муаммо­нинг янада жиддий томони шундаки, ҳомиладорлик ва туғруқ асоратлари туфайли ҳар йили 70 минг нафар ёш қиз оламдан ўтмоқда. Бу ўсмирлар кўпинча ўта қашшоқ оилаларда ва қишлоқ жойларда вояга етмоқда, йўқчилик сабабли тузукроқ таълим-тарбия ҳам олишолмаяпти.

Эрта туғруқларнинг 18 фоизи Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси, 50 фоизи Африка мамлакатлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Масалан, Мозамбикда ҳомиладор аёлларнинг 12,2 фоизи 15 ёшга ҳам тўлмаган.

Охирги пайтларда жаҳон матбуотида инсон қалбини ларзага солувчи «Боласи бор болалар» ибораси кўп қўлланилмоқда. Агар вазиятга ҳукуматлар ўз вақтида аралашмаса ва салбий анъана ўзгармасдан қолса, яқин ўн йилда 412 миллион қиз 18 ёшга тўлмасдан турмушга чиқиши мумкин.

Хўш, ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрмаган, оила деб аталмиш мураккаб тузилманинг паст-баландини босиб ўтмаган бу ёш қизлардан қандай зурриёт дунёга келади-ю, уларни қандай парвариш қилади?.. 

Буюк Британия олимлари ўтказган тадқиқотларга кўра, 30 ёшдан ошган оналардан туғилган бола руҳий ва жисмоний жиҳатдан етук бўлишининг ўзига хос сабаблари бор. Мутахассисларнинг таъкидлашича, аёл киши бу ёшда ҳомиладорликни режалаштира олади, соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилади ва иши, шахсий ҳаётини тўғри йўлга қўйиб олган бўлади. Буларнинг бари туғилажак бола саломатлигига ижобий таъсир этиши, шубҳасиз. Энг муҳими, аёл киши ўттиз баҳорни қаршилар экан, фарзанд қадрини ҳаммадан кўра кўпроқ англайди. Жигарбандининг келажагини ўйлаб, унга кўпроқ меҳр беради ва вақт ажратади, кичкинтойини ҳар куни меҳр бериб тарбиялаш лозимлигини яхши тушунади.

Ҳали 17 ёшга тўлмаган қиз вужуди ҳомила ривожланиши, бола кўришга жисмонан ва руҳан тайёр бўлмайди, эндокрин тизими ва репродуктив аъзолари тўлиқ шаклланмайди. Бола тушиши, унинг чала туғилиши, она қорнида нобуд бўлиши ҳолатлари кўпроқ кузатилади. Фарзанд тарбияси, эр-хотинлик ва оила муносабатлари, уй-рўзғор тутишда ҳали ғўр бўлади.

Никоҳ шерикларидан бири 18 ёшдан кичик бўлса, бу «болалар никоҳи» деб қайд этилади. Бундай никоҳнинг оғир оқибати рақамларда ҳам кўринади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 15-19 ёшдаги аёлларнинг ҳомиладорликдан кейин ўлим ҳолати 20-24 ёшдаги аёлларга қараганда икки маротаба кўп кузатилади.

1964 йилдаги Никоҳ ҳақидаги конвенцияга кўра, болалар никоҳи мажбурий никоҳ, деб аталади ва унга қатъий чеклов қўйилиши лозим. Чунки улар ўз ҳолича бу никоҳга ризолик бермайди. Бу жиҳат Қуллик ҳақида конвенцияда қулликка тенглаштирилади. Чунки вояга етмасдан никоҳга кирган қизлар тўлиғича эри назоратида бўлади. Шуниси таассуфлики, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга кўра, 18 ёшга тўлмаган шахс бола ҳисобланиши қайд этилгани ҳолда кўплаб давлатларда расмий никоҳ ёши бу чегарадан кичик қилиб белгиланган.

Ҳозирги кунда 146 мамлакат қонунлари ёки одатлари ота-оналар ёхуд бошқа масъул шахслар розилиги билан қизларга, 18 ёшдан кичик бўлса-да, турмушга чиқишга рухсат этади, 52 мамлакатда эса 15 ёшга тўлмаган қизлар ота-онаси розилиги билан никоҳга кириши мумкин. 180 мамлакат қонунчилигига биноан, 18 ёшга тўлган йигитлар ота-она розилигисиз ҳам никоҳ қуриши мумкин.

Масалан, Камерунда 62 фоиз қизлар 18 ёшгача турмушга чиқиб кетмоқда. Нигерияда 82, Бангладешда 75, Непалда 63, Ҳиндистонда 57, Угандада 50 фоиз қизлар 19 ёшга чиқмасдан никоҳ қураётир. Афғонистондаги беқарорлик эса 57 фоиз қизларни 16 ёшдан кичик бўла туриб келинга айлантирмоқда.

Болалар никоҳлари бўйича Хотин-қизлар тадқиқоти халқаро маркази ҳисоботида бундай никоҳларнинг тижорий омили муҳимлиги қайд этилади. Қиз бола қанча эрта турмушга чиқса, тўй сарф-харажати ота-онага шунча арзонга тушар эмиш.

Энг тўғри йўл — таълим

2012 йилда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси 65-сессиясида эрта ҳомиладорликнинг олдини олишдаги энг самарали усуллардан бири — таълим-тарбия экани қайд этилди. Бола мактабда қанча кўп ўқиса, ўсмир қизлар ўртасида эрта никоҳ қуриш ва ҳомиладорлик ҳолати шунча кам кузатилар экан. Мактабда камроқ муддат ўқиган қизларнинг ўрта ва олий таълим муассасасини тамомлаганларга нисбатан туғиш кўрсаткичи баландлиги аниқланди.

Бугун жаҳоннинг кўпгина давлатларида умумий бошланғич ва ўрта таълим сифатини таъминлаш учун педагог кадрлар етишмаяпти. ЮНЕСКОнинг қайд этишича, 2030 йилга бориб бу тақчиллик 69 миллион ўқитувчини ташкил этади.

«Таълим тизими сифати ўқувчилар тайёрлаш даражасига, яъни соҳадаги глобал тараққиёт ўқитувчилар ва дарс хоналари сонига боғлиқ. Ҳозир айрим хоналарда 60-70 та ва ҳатто ундан ҳам кўп ўқувчилар таҳсил олмоқда, — дейди ЮНЕСКО вакили Сильвия Монтойя. — Барқарор тараққиётнинг 17 мақсадларидан тўртинчиси сифатли таълим олишни назарда тутади. Бу мақсадга эришиш учун яқин 14 йилда 24,4 миллион бошланғич ва 44,4 миллион ўрта мактаб ўқитувчиларини тайёрлаш зарур. Ҳозир дунё бўйича 263 миллион бола ва ўсмир мактабда таълим олишдан маҳрум».

Бирни кўриб, фикр қил...

Хорижий мамлакатлардаги аҳволни юртимизда истиқлол йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан амалга оширилган ғоятда кўламли ва улуғвор ишлар билан таққослар эканмиз, бу борада Ўзбекистон нечоғли катта рағбат ва саъй-ҳаракат кўрсатаётганига амин бўламиз.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан яқинда имзолаган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун эзгу амаллар бардавомлигининг яққол ифодаси сифатида халқимиз, хусусан, ёш авлод қалбини жуда тўлқинлантириб юборди. Бу қонун мамлакатимизда ўсмир қизлар, аввало, узлуксиз таълим олиб, касб-ҳунар ўрганиб, ҳаёт мактабига маънан ва жисмонан пухта тайёргарлик кўришларини кафолатлайди. Бу ишга тизимли равишда давлат ва нодавлат ташкилотларнинг фаол иштирокини назарда тутади. Қисқаси, соғлом, буюк ва баркамол келажагимиз учун зарурий шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди.   

Лазиз  РАҲМАТОВ,

журналист




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔7

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔35

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔40

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар