Инсон қийинчиликлар орқали ҳаётий тажриба тўплайди, сабр-бардошли бўлишга, ҳар қандай ҳолатда тушкун ва чорасиз қолмасликка одатланади. Шундай экан, оила қуришдан олдин ёшлар ҳаётда, оз бўлса-да, қийинчилик кўрган бўлиши, турмуш муаммоларини мустақил ҳал қилишга ўрганиши керак, деб ўйлайман.
Бундай инсонларнинг оиласи мустаҳкам бўлишига ишонаман. Агар инсонда матонат бўлмаса, турмушнинг оддий синовларига бардош беролмайди.
Оила қуришдан олдин ҳар ким, аввало, ўзини ўзи бошқаришни ўрганиши, айниқса, эртага бир оилага раҳбарлик қиладиган йигитлар рўзғорни ҳар жиҳатдан таъминлаш салоҳиятига эга бўлиши зарур. Ана шунда келажакда ўз оиласини ҳам таъминлай олади.
Бўлғуси уй бекаси эса, аввало, муомала одобидан, яна уй юмушларидан хабардор бўлса дейман. Янги оилага мослашишда, айниқса, одоб-ахлоқ, тарбия ҳамда сабр-тоқат муҳим аҳамиятга эга. Ёшларда мустақил фикрлаш, эркин қарор қабул қила олиш, ўзини иқтисодий жиҳатдан таъминлай олиш кўникмаси шаклланмас экан, фақат орзу-ҳаваслар сабаблигина оила қуришга шоширмаслик зарур. Негаки, бу тез орада панд бериб қўйиши мумкин.
Шунингдек, ўзаро номуносиблик ҳам оила мустаҳкамлигига рахна солувчи омилдир. Бугун турмуш қурмоқчи бўлган йигит ё қизнинг, қуда бўлаётган ҳар икки оиланинг бир-бирига муносиблиги деганда кўпчилик, негадир, фақат молиявий тарафни тушунади. Тўйдан олдин гўёки ҳеч кимнинг хаёлига келмаган «бир-бирига тўғри келмаслик» эса, эрта-бир кун оилани барбод қилган пайтдагина ҳамманинг хаёлига келади. Ахир, халқимизда «тенг-тенги билан…» деган нақл бежиз айтилмаган-ку! Оила қуришда ушбу нақлнинг моҳиятини тушунган ҳолда унга амал қилиниши керак эмасми?
«Тенг-тенги билан...» деганда, аввало, инсоннинг касб-кори, дунёқараши ва фикрлаши, хулқи-ю характери, ақлий қобилияти, қизиқиш ва интилишлари кабиларни тушуниш тўғри бўлади, деб ўйлайман. Нафақат ёши нуқтаи назаридан, балки оила қуриш, рўзғор тутишда ҳам ҳар тарафлама ҳисоб-китоб қилиш зарур. Йўқса, буни турмуш деб қўйибди, орадан гап қочди дегунча, «аслида менинг тенгим эмасдинг...»га навбат келаверади. Бу ҳолатнинг йиллаб давом этаверишини бир тасаввур қилиб кўринг! Турмушим осуда ўтсин деган одам кўрпасига қараб оёқ узатгани маъқул.
Ўз навбатида, турмуш қураётганларнинг оила аъзоларида ҳам қуда-андачиликда бир-бирига мувофиқ хусусиятлар бўлиши зарур. Ҳар томонлама бир-бирига мувофиқ ва муносиб бўлмаган оилаларнинг фарзандлари турмуш қурса, бахтли яшаб кетиши қийин. Оилада келиб чиқадиган муаммоларнинг илдизи ана шу тенгликка эътиборсизлик натижаси эмасмикан?
Умр йўлдош танлаш, учрашиш, унаштириш, тўй каби инсон ҳаётида жуда муҳим аҳамият касб этадиган ишлар фақат орзу-ҳавасларгагина суяниб қолиши тўғри бўлармикан?
Яқинда ўзим таниган ёш оиланинг ажрашишига гувоҳ бўлдим. Сабабини билсам, ёшлар бир-бирига тўғри келмаган экан. Бир қараганда бу ажрашишга арзимайдиган сабаб бўлиб туюлиши мумкин. Аммо бир-бирини тушунмаган, касб-кори, ҳунари жиҳатидан мос келмаган йигит ва қизнинг бир умр бирга ҳаёт кечириши қийин, албатта. Ёшлар умр йўлдоши танлашда тажрибасизлик туфайли ана шундай хатога йўл қўйишган. Оиладаги нуроний бобо-буви, ота-оналар ўз тажрибасидан келиб чиқиб, уларга тўғри йўл кўрсата олиши, маслаҳатини аямаслиги керак эди. Зеро, ана шунда ёстиққа эмас, кўрпага қараб оёқ узатилади.
Гулбаҳор УЛУҒХЎЖАЕВА,
Оққўрғон тумани
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔218
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔256
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔430
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил