«Термиз шаҳрида қум ва чанг бўронлари ҳамда ҳаво ифлосланишига нисбатан жамоалар ва соғлиқни сақлаш тизимининг барқарорлигини табиатга асосланган ечимлар орқали мустаҳкамлаш» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Япония ушбу ташаббусни молиявий қўллаб-қувватламоқда, UNEP, Финляндия Метеорология институти (FMI), Экология қўмитаси, Термиз шаҳар ҳокимлиги, Гидрометеорология агентлиги ва «Green University» ҳам лойиҳани амалга оширувчи ҳамкорлар ҳисобланади. Лойиҳа 2026 йил апрелдан 2027 йил мартгача амалга оширилади.
Куни кеча Тошкент шаҳрида БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) томонидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси билан ҳамкорликда Термиз шаҳрининг қум ва чанг бўронлари (SDS) ҳамда улар билан боғлиқ ҳаво ифлосланишига чидамлилигини ошириш масалаларига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда маҳаллий ташкилотлар, ривожланиш бўйича ҳамкорлар, Сурхондарё вилояти ва Термиз шаҳри ҳокимликлари вакиллари ҳамда техник мутахассислар иштирок этди.
Лойиҳа доирасида ўтказилган маслаҳат йиғилишида сўзга чиққанлар қайд этганидек, атмосфера ҳавоси сифати аҳоли саломатлиги, шаҳарлар барқарорлиги, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш билан бевосита боғлиқдир. Бу масала Термиз ва Сурхондарё вилояти учун, айниқса, долзарб, чунки SDS таъсири маҳаллий антропоген ифлосланиш манбалари билан бирга кузатилади. Самарали чоралар ишончли маълумотлар, илмий таҳлил ҳамда давлат органлари, илмий муассасалар ва маҳаллий ҳокимликларнинг мувофиқлаштирилган ишига таяниши лозим.
UNEP лойиҳа доирасида ҳозиргача бажарилган ишлар, мақсадлар, кутилаётган натижалар, амалга ошириш жадвали ва механизмларини тақдим этди. FMI UNEP-FMI томонидан ўтказилган ҳужжатлар таҳлилининг асосий хулосалари, режалаштирилган техник ишлар ва зарур маълумотлар ҳақида ахборот берди. Муҳокамада Термиздаги ҳаво ифлосланиши турли манбалар таъсирида шаклланиши қайд этилди. SDS PM 10 ва PM 2.5 концентрацияларининг кескин ошишига сабаб бўлиши мумкин, қишки иситиш мавсуми, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва кичик саноат манбалари ҳам заррачалар билан ифлосланишга «ҳисса» қўшади.
Лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири SDS ва уларнинг PM 10 ҳамда PM 2.5 концентрацияларига таъсирини комплекс баҳолашдан иборат. Бунда сунъий йўлдош ва ер усти кузатувлари бирлаштирилиб, манбалар, мавсумийлик ва бошқа муҳим омиллар ўрганилади. Миллий мутахассислар учун маълумотларни интеграция қилиш, моделлаштириш ва прогнозлаш бўйича амалий тренинглар ҳам ўтказилади. Ушбу ишлар хавф чегаралари белгиланган ва «светофор» тамойилига асосланган хабардор қилиш тизимига эга эрта огоҳлантириш тизими прототипини яратишга хизмат қилади. Натижада давлат органлари, соғлиқни сақлаш хизматлари ва аҳоли ўз вақтида аниқ маълумот ва амалий тавсиялар олиши кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида харажатлари ҳисобланган SDS мониторинги миллий режаси ҳам тайёрланади. Режа ер усти, юқори атмосфера ва сунъий йўлдош кузатувларини боғлайди, маълумотлар сифатини таъминлаш ва назорат қилиш талабларини ҳамда ташкилотларнинг вазифаларини белгилайди. Шунингдек, маҳаллий ҳаракатлар режаларига экотизимларни тиклаш, кўкаламзорлаштириш, тупроқни барқарорлаштириш ва чангни камайтириш каби табиатга асосланган чораларни киритиш имкониятлари баҳоланади. Мутахассислар миллий даражадаги чоралар учун халқаро молиялаштиришни жалб этишга қаратилган кейинги лойиҳа концепцияларини ишлаб чиқишга ҳам кўмаклашади.
Иштирокчилар манфаатдор томонларнинг вазифалари, мувофиқлаштириш механизмлари, масъул алоқа шахслари, зарур маълумотлар ва лойиҳани амалга ошириш бўйича яқин муддатдаги қадамларни муҳокама қилишди. Маслаҳат йиғилиши UNEP, FMI ҳамда Ўзбекистоннинг миллий ва маҳаллий ҳамкорлари ўртасидаги кейинги техник ишлар учун асос яратди. Қум ва чанг бўронларининг минтақавий ва трансчегаравий хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, Термизда ишлаб чиқиладиган ёндашувлар келгусида маълумот алмашиш, биргаликда прогнозлаш ва мамлакатнинг бошқа заиф ҳудудларидаги ишларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Экология қўмитаси
матбуот хизмати
Геоэкологик барқарорлик: Сув, тупроқ ва ер ости бойликларини асраш масъулияти
🕔14:30, 22.10.2026
✔12
Бугунги кунда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, сув ва тупроқни муҳофаза қилиш, ер ости сувлари ҳолатини кузатиш ҳамда геоэкологик мувозанатни сақлаш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Батафсил
Иссиқхоналар «яшил» технологиялар асосида экологик хавфсиз фаолият юритади
🕔13:24, 15.10.2026
✔92
Ўтган йилларда куз-қиш ойларида шамол сустлашиши ва ҳарорат инверсияси туфайли иссиқхоналардан чиқадиган ташламалар пойтахт ва унинг атрофида тўпланиши кузатилди.
Батафсил
Термизнинг чанг бўронлари ва ҳаво ифлосланишига чидамлилиги оширилади
🕔13:15, 24.09.2026
✔135
«Термиз шаҳрида қум ва чанг бўронлари ҳамда ҳаво ифлосланишига нисбатан жамоалар ва соғлиқни сақлаш тизимининг барқарорлигини табиатга асосланган ечимлар орқали мустаҳкамлаш» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Батафсил