Иқтисодий ислоҳотларда янги босқичга кўтарилиш, барқарор тараққиёт омиллари билан ҳамоҳанг ривожланиш бугунги куннинг асосий талабига айланиб бормоқда. Барча масалаларда шу жиҳатни инобатга олиш кун тартибидаги долзарб масала тусини олди.
Кичик бизнеснинг ўрта бизнесга, ўрта корхоналарнинг эса йирик компания ва корпорацияларга айланиши учун яхлит экотизимни шакллантириш, истиқболли ғояларни молиявий, технологик ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бугунги иқтисодий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Зеро, яхши ғоянинг ўзи кифоя эмас. Унга билим, замонавий технология, сармоя, бозор ва энг муҳими, ишонч керак. Ана шу омиллар бирлашгандагина ташаббус натижага, натижа эса тараққиётга айланади.
Бу жараёнлар ёшларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаш баробарида мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилиши шубҳасиз. Сўнгги ўн йилда фарзандларимиз хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятлари ҳам мисли кўрилмаган даражада кенгайди. Энг муҳими, улар фақат хориждан диплом олиб келиш билан чекланмай дунёнинг илғор тажрибаларини ўрганиб, замонавий билим ва технологияларни ўзлаштириб, уларни миллий тараққиётимизга татбиқ этиш имконига эга бўлмоқда. Бугун хорижда таҳсил олаётган ёшларимизнинг тажрибаси, дунёқараши ва янги ғоялари мамлакатимиз тараққиётининг муҳим интеллектуал захирасига айланиб бораётгани қувонарлидир.
Шу маънода, Жанубий Корея тажрибаси алоҳида эътиборга лойиқ. Қисқа тарихий даврда таълим, илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталига таяниб улкан иқтисодий тараққиётга эришган Корея Республикасининг тажрибаси Ўзбекистон учун ҳам муҳим амалий аҳамият касб этади.
Яқинда икки мамлакат ўртасида ташкил этилган ҳудудлараро форум ана шу тажрибаларни ўрганиш, янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ва ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш учун самарали мулоқот майдони бўлди. Давлатимиз раҳбарининг Корея Республикасига ташрифи давомида навбатдаги форумни Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича келишувга эришилгани эса Ўзбекистон – Корея муносабатлари изчил ва барқарор ривожланаётганидан далолатдир.
Кореянинг Чхунчхоннам-до провинциясидаги Нонсан шаҳри тажрибаси бу борада айниқса диққатга сазовор. Қишлоқ хўжалиги ва саноатни замонавий технологиялар билан уйғун ривожлантираётган Нонсан шаҳри қулупнай етиштириш соҳасида нафақат Кореяда, балки халқаро миқёсда ҳам ўз ўрнига эга. Бу ерда маҳсулот етиштиришнинг ўзи билан чекланиб қолинмайди. Агротехнологияларни жорий этиш, илмий ёндашув асосида етиштириш, қайта ишлаш, қўшимча қиймат яратиш, қадоқлаш ва тайёр маҳсулотни бозорга олиб чиқишгача бўлган барча жараён ягона тизим асосида йўлга қўйилган.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Чхунчхоннам-до провинциясининг Нонсан шаҳри мэри Бек Сон Хён билан учрашувида айнан шу илғор тажрибани ўрганиш ва уни Фарғона вилоятининг қишлоқ хўжалиги салоҳияти билан уйғунлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Учрашувда вилоят қишлоқ хўжалигида замонавий агротехнологияларни жорий этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, замонавий иссиқхона ва интенсив етиштириш технологияларини татбиқ қилиш, қишлоқ хўжалигида қўшимча қиймат занжирини кенгайтириш бўйича ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Энг муҳими, Нонсаннинг қулупнайчилик соҳасидаги илғор тажрибаси асосида Фарғонада замонавий кўчатчилик ва интенсив етиштириш марказини ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Бу ташаббус Фарғонанинг азалий деҳқончилик салоҳиятини замонавий илм-фан, технология ва инновациялар билан уйғунлаштиришда муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.
Фарғона – серҳосил замин. Унинг меҳнаткаш ва тадбиркор халқи, қишлоқ хўжалигида шаклланган бой тажрибаси бор. Энди ана шу имкониятларни илғор агротехнологиялар билан уйғунлаштириш, етиштирилган маҳсулотни хомашё ҳолатида эмас, балки чуқур қайта ишланган, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот сифатида ички ва ташқи бозорларга олиб чиқиш даври келди.
Бу вазифаларни амалга оширишда ҳам ёш мутахассисларнинг иштироки алоҳида аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, фарғоналик ёш мутахассисларни Нонсан шаҳрига қисқа муддатли тажриба алмашишга юбориш, кореялик мутахассисларни Фарғонага таклиф этиш, университетлар ва илмий марказлар ўртасида қўшма таълим ҳамда илмий дастурларни йўлга қўйиш борасида келишувларга эришилгани айни муддаодир.
Бу бир мамлакатда яратилган инновацияни бошқа ҳудудда янги мазмун билан бойитиш, илғор технологияни маҳаллий шароитга мослаштириш, ёш мутахассисга янги дунёқараш ва янги имконият эшигини очиш демакдир. Бугун Нонсандаги илғор агротехнология Фарғона учун янги имкониятга айланиши, эртага эса Фарғонада яратилган тажриба бошқа ҳудудлар учун намуна бўлиши мумкин.
Аслида, тараққиётнинг энг ишончли формуласи ҳам шунда: билим тажриба билан уйғунлашади, тажриба технологияга айланади, технология янги қиймат яратади, янги қиймат эса халқ фаровонлигига хизмат қилади.
Мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, инновацион ғояларини рўёбга чиқариши ва халқаро тажрибаларни ўзлаштириши учун яратилаётган имкониятлар мана шундай эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. «Яшил» таълим муассасаларида шаклланаётган экологик тафаккур, стартап ва инновацияларга бўлган қизиқиш, хорижий таълим ва тажриба алмашинуви, ҳудудлар ўртасидаги амалий ҳамкорлик буларнинг барчаси бир нуқтада, яъни билимли, ташаббускор ва рақобатбардош авлодни тарбиялаш мақсадида бирлашмоқда.
Шу боис бугунги вазифа фақат мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш эмас, балки дунёдаги энг илғор тажрибаларни юртимизга олиб кириш, уларни миллий шароитга мослаштириш ва янги босқичга кўтаришдан иборат. Бу йўлда халқаро ҳамкорликнинг ўрни беқиёс. Ўзбекистоннинг Жанубий Корея билан таълим, илм-фан, инновация, қишлоқ хўжалиги, экология ва ёшлар сиёсати соҳаларидаги алоқаларини янада кенгайтириш, ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтириш, қўшма лойиҳалар ва илмий-тадқиқот дастурларини кўпайтириш келажак тараққиётимиз учун улкан аҳамият касб этади.
Комилжон ЖЎРАЕВ,
ЎЭП Марказий Кенгаши
бўлим бошлиғи
Экологик барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ҳамкорлик
🕔11:04, 18.09.2026
✔39
Иқтисодий ислоҳотларда янги босқичга кўтарилиш, барқарор тараққиёт омиллари билан ҳамоҳанг ривожланиш бугунги куннинг асосий талабига айланиб бормоқда. Барча масалаларда шу жиҳатни инобатга олиш кун тартибидаги долзарб масала тусини олди.
Батафсил
Янги қонун Овчиликда янги қоидалар
🕔11:01, 18.09.2026
✔37
Ўзбекистонда ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун қабул қилинди. Мазкур Қонун билан «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида», «Қурол тўғрисида» ҳамда «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Батафсил
Гулсеварлар ҳаракатининг кузги акцияси
🕔10:57, 18.09.2026
✔35
Самарқанд шаҳридаги Ориф Гулханий уй-музейи томонидан салкам чорак асрдан буён «Самарқандни гулга буркаймиз! 1+10» гулсеварлар ҳаракати ҳамда «Ҳар бир ўқувчининг ўз гули бўлсин!» ёш гулсеварлар экологик тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Батафсил