Табиат      Бош саҳифа

Хавфли чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас, ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши – мамлакат тараққиётининг муҳим индикатори.

Хавфли  чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас,  ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

Янги саноат корхоналари, тиббиёт муассасалари, қурилиш майдонлари ва инфратузилма лойиҳалари жамият ҳаётига фаровонлик олиб келади. Бироқ ҳар бир маҳсулот ва хизматнинг ортида кўпинча кўзга ташланмайдиган, аммо жуда жиддий бир жараён ётади: бу атроф-муҳит учун, одамларнинг ҳаёт кечириши учун хавфли бўлган чиқиндиларнинг ҳосил бўлишидир.

Хавфли чиқиндилар масаласи оддий маиший чиқиндилардан тубдан фарқ қилади. Тўпланиб қолган заҳарли манбаларнинг салбий таъсири фақат бугунги кун билан чекланмайди, у йиллар давомида сезилмасдан экотизим ва инсон ҳаётига тузатиб бўлмас талафот етказади.

Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 3 августда қабул қилинган «Хавфли чиқиндиларни бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни тартибга солишда муҳим ҳужжат бўлди. Бу чиқиндининг бутун ҳаётий циклини назоратга олиш ва тизимли тартибга солишга қаратилган стратегик қадамдир.

 

Кўринмас, аммо ҳалокатли

Хавфли чиқиндиларнинг ўзига хос томони шундаки, улар фақат тупроқ ёки сув билан чекланиб қолмайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ноиба Иноятова ушбу масаланинг атмосфера ҳавосига ва аҳоли саломатлигига кўрсатадиган асоратларига тўхталиб, қуйидагича мулоҳаза билдиради:

«Биз хавфли чиқиндилар ҳақида гапирганда, кўпинча фақат полигонларда тўп­ланган ёки ерга кўмилган заҳарли моддаларни тасаввур қиламиз. Ваҳоланки, очиқ майдонларда ва талабга жавоб бермайдиган шароитда сақланаётган чиқиндилар таркибидаги оғир металлар, учувчан органик бирикувлар ва кимёвий заҳарли газлар атмосферага доимий равишда буғланиб туради. Шамол ва ҳаво оқимлари орқали бу заҳарли заррачалар минглаб километрларга тарқалиб, биз нафас олаётган ҳаво таркибини ифлослантиради.

Атмосферага ажралиб чиқаётган бундай заҳарли моддалар, энг аввало, инсоннинг нафас олиш ва юрак-қон томир тизимларига аёвсиз зарба беради. Оқибатда аҳоли, айниқса, болалар ва кексалар ўртасида сурункали бронхит, бронхиал астма, оғир аллергик хасталиклар ҳамда онкологик касалликлар кескин ортиши кузатилади. Таркибида маргумуш (мышьяк), қўрғошин, симоб ва диоксинлар бўлган моддалар инсон организмида йиллар давомида тўпланиб, асаб тизимини емиради ва генофондга путур етказади.

Конституциямизда ҳар бир фуқаронинг қулай ва соғлом атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқи кафолатланган. Демак, хавфли чиқиндилар атмосферага тарқалишининг олдини олиш – бу шунчаки экологик тадбир эмас, балки аҳоли генофондини ва саломатлигини асрашга қаратилган муҳим давлат ваколатидир».

 

Ягона ҳисоб ва назорат тизими

Бугунга қадар соҳадаги энг оғриқли нуқта аниқ ҳисоб-китоб ва шаффоф назоратнинг етарли эмаслигида эди.

Қанча хавфли чиқинди ҳосил бўлмоқда? Улар қаерда сақланяпти ва қай даражада зарарсизлантирилмоқда? Бу саволларнинг очиқ қолиши экологик хавфнинг чинакам кўламини баҳолашга монелик қилиб келаётган эди.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи корхона ва ташкилотларнинг статистик ҳисоботлари ягона тизимда шакллантирилиши белгиланди. Бу бежиз эмас: ўлчаб бўлмайдиган нарсани бошқариб ҳам бўлмайди. Ягона ҳисоб тизими шунчаки бюрократик ҳисобот учун эмас, балки аниқ ва асосли қарорлар қабул қилиш, инвестиция ва назоратни энг хавфли нуқталарга йўналтириш учун хизмат қилиши керак.

 

Ишлаб чиқаришдан олдинги масъулият

Ҳисоб-китоб – муаммонинг фақат бош­ланиши. Асосий вазифа чиқинди ҳосил бўлишини манбанинг ўзида камайтириш ва уларни иқтисодий айланмага қайтаришдан иборатдир.

2027 йил 1 январдан бошлаб юридик шахслар учун хавфли чиқиндиларни бош­қариш бўйича йиллик манзилли режалар ишлаб чиқиш мажбурияти киритилмоқда. Бу ёндашувда муҳим мафкуравий ўзгариш ётади: экологик омил ишлаб чиқаришдан «кейинги» муаммо эмас, балки лойиҳалаш ва ишлаб чиқаришнинг ажралмас қисмига айланиши шарт.

Бу биз тобора чуқурроқ татбиқ этаётган циркуляр (айланма) иқтисодиётнинг асл моҳиятидир. Анъанавий «олиш → ишлаб чиқариш → истеъмол қилиш → ташлаб юбориш» модели ўзини оқламади. Циркуляр иқтисодиёт ресурсларни тежаш, қайта фойдаланиш ва занжирни ёпишни талаб қилади.

Аммо хавфли чиқиндилар борасида эҳтиёткорлик янада юқори бўлиши лозим: ҳар қандай заҳарли моддани нотўғри технология билан қайта ишлаш муаммони ҳал қилмайди, балки уни янада хавфлироқ шаклга келтиради. Шу сабабли қарорда чиқиндиларни фақат тегишли инфратузилма ва лицензияга эга ихтисослашган ташкилотларга топшириш шарти қатъий мустаҳкамланди.

 

«Ифлослантирувчи тўлайди»

Экологик масъулиятда «ифлослантирувчи тўлайди» тамойили марказий ўрин тутади. Агар корхона ўз чиқиндисини хавфсиз бошқариш харажатларини зиммасига олмаса, бу харажат барибир жамият ва давлат зиммасига тушади – ифлосланган сув ва тупроқ, аҳоли касалликлари ҳамда қайта тиклаш учун бюджетдан ажраладиган маблағлар кўринишида. Экологик харажатлар бизнеснинг қўшимча инжиқлиги эмас, ишлаб чиқаришнинг асл таннархи сифатида қабул қилиниши шарт.

Бу масаланинг нечоғли оғир эканини рақамлар ҳам тасдиқлайди: 2025 йил якунига кўра, мамлакатимизда саноат ва хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 4,5 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткичнинг ўсиши ижобий ҳолат бўлса-да, катта ҳажм­даги чиқиндилар ҳали ҳам қайта ишланмасдан қолаётганидан далолат беради.

Яна бир ташвишли фактни ҳам айтиб ўтмасак бўлмайди. Бўстонлиқ туманидаги «Яккатут» полигонида катта миқдорда маргумуш сақловчи заҳарли моддалар тўп­ланиб қолган.

Бу каби объектларни фақатгина бир жойдан иккинчи жойга кўчириш муаммони ҳал этмайди. Энг муҳим босқич ҳудудларни рекультивация қилиш, тупроқ ва ер ости сувлари таркибини доимий мониторинг қилиш ҳамда атроф-муҳитни тўлиқ соғломлаштиришдир.

 

Назорат ва жамоатчилик масъулияти

Экологик хавфсизликни фақат маъмурий жарималар ёки давлат идораларининг текширувлари билан таъминлаб бўлмайди. Соҳада шаффофликни ошириш, очиқ маълумотлар базасини яратиш ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш муваффақиятнинг бош калитидир.

Депутатлар, маҳаллий Кенгашлар, Экологик партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирокидаги назорат тадбирлари қоғоздаги ҳисоботларни эмас, айнан реал жараёнларни кузатиб бориши зарур. Қарорнинг ҳақиқий самараси тўлдирилган қоғозлар сони билан эмас, балки:

– хавфли чиқиндилар манбаида уларнинг камайиши;

– атмосфера ва сувга чиқарилаётган заҳарли моддалар миқдорининг пасайиши;

– хавфсиз қайта ишлаш фоизининг кес­кин ортиши;

– йиллар давомида тўпланган полигонларнинг тозаланиши ва рекультивация қилиниши билан ўлчанади.

Табиатда «чиқинди» тушунчаси йўқ – унда ҳамма нарса мукаммал мувозанат ва айланма циркуляцияга асосланган. Инсоният эса узоқ йиллар давомида бу табиий занжирни бузиб келди. Эндиликда ушбу хатони тузатиш ва хавфли чиқиндилар билан ишлаш маданиятини тубдан ўзгартириш фурсати етди.

Хавфли чиқиндилар муаммоси – бу ке­йинга суриб бўлмайдиган экологик таҳдид. Яратилган ҳуқуқий ва маъмурий механизмлар қанчалик мукаммал бўлмасин, уларнинг чинакам қиймати қоғоздаги ҳисоботларда эмас, балки мусаффолашган ҳаво, соғлом тупроқ ва аҳоли саломатлигида акс этади. Бугунги қатъий қадамлар чиқиндиларни шунчаки рақамларда ҳисоблаб қўйиш учун эмас, балки келажак авлодга хавфсиз муҳит қолдириш учун хизмат қилиши шарт.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Oila va TABIAT» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

🕔11:36, 20.08.2026 ✔51

Тўкилган барглар, қуриган шохлар ва бошқа ўсимлик қолдиқларини чиқиндига айлантириш шарт эмас.

Батафсил
Хавфли  чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас,  ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

Хавфли чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас, ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

🕔14:25, 14.08.2026 ✔100

Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши – мамлакат тараққиётининг муҳим индикатори.

Батафсил
Жаҳоннинг  энг  «яшил»  мегаполиси

Жаҳоннинг энг «яшил» мегаполиси

🕔14:29, 13.08.2026 ✔103

Сингапур – жаҳондаги энг экологик тоза ва «яшил» шаҳарлардан бири. Бу мамлакатда расмий рўйхатдан ўтган «яшил» партиялар ва парламентда яшиллардан бўлган депутатлар йўқ.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар