Табиат      Бош саҳифа

Жаҳоннинг энг «яшил» мегаполиси

Сингапур – жаҳондаги энг экологик тоза ва «яшил» шаҳарлардан бири. Бу мамлакатда расмий рўйхатдан ўтган «яшил» партиялар ва парламентда яшиллардан бўлган депутатлар йўқ.

Жаҳоннинг  энг  «яшил»  мегаполиси

Экология бўйича алоҳида сиёсий куч бўлмаса-да, партияларнинг барчаси давлат миқёсида экологик кун тартибига эга. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат сиёсатида ҳам устувор аҳамиятга эга.

Сингапурнинг табиатга муносабати давлат сиёсати, шаҳарни режалаштириш, узоқ муддатли лойиҳалаштиришдан ҳам кўра кенгроқ тушунча-мантиққа эгадир. У ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулиятига асосланади ва «яшил» макон шаҳар ҳаётининг ажралмас қисмига айланган.

Сингапур табиатдан қурбонлик талаб қилмаган ҳолда давлатни модернизация қилиш мумкинлигини яққол исботлади. У урбанизация ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабат мувозанатини топа олди. Мамлакат технологик тараққиётни экологик масъулият билан уйғун равишда олиб бормоқда. Экологияни миллий маданият ва стратегик тафаккурнинг ажралмас бир бўлагига айлантира олди.

Пластик маҳсулотлардан қайта фойдаланиш ва теварак атрофга чиқиндилар чиқишини камайтириш мақсадида «Singapore Reuse Coalition» нодавлат коалицияси тузилган.

2021 йилда қабул қилинган «Сингапур 2030 яшил режаси» кенг кўламли Давлат дастури бўлиб, у мамлакатни «табиат шаҳри»га айлантиришни кўзлайди.

Стратегик дастур 5 та асосий соҳани қамраб олади. «Табиат шаҳри» ғояси 2030 йилга қадар 1 миллион дона дарахт экишни ва парклар майдонини яна минг гектарга кўпайтиришни назарда тутади. Ҳар қандай уйдан энг яқин паркка қадар пиёда 10 дақиқада бориш имконияти яратилмоқда.

«Ҳаёт тарзининг экологияга мослиги» тамойилига кўра, 2026 йил охирига қадар чиқиндилар улушини 20 фоизга қисқартириш кўзланган. 2030 йилга бориб эса велосипед йўлакларини 1320 километрга, электромобилларни қувватлантириш учун нуқталар сонини 60 мингтага етказиш режа қилинган.

«Энергетик қайта юклаш» принципи энергия сарфида самарадорликни кескин ошириш, тоза энергия манбаларини кенг қўллашга қаратилган. Дастурга мувофиқ, биноларнинг энергетик автономлигини 100 фоизга етказиш мўлжалланмоқда.

«Яшил» иқтисодиётни яратиш. Сингапур барқарор ривожланиш соҳасида янги ечимлар ишлаб чиқариш бўйича минтақавий хаб ҳисобланади. Бизнеснинг экологик тоза турларини топиш, бу ишга маҳаллий тадбиркорларни фаол жалб этишга ҳаракат қилмоқда.

«Барқарор келажак» ғояси шаҳарнинг келгусида кес­кин исиб кетиш оқибатларидан асраш йўлларини белгилаш ва ҳаётга қўллашни назарда тутади. Умуман олганда, бу катта дастур келгусида углерод нейтраллигига эришиш, сиёсий қарорлар қабул қилишни экологик фаоллик ва ташаббускор гуруҳлар ғояларини тўлиқ ҳисобга олишга қаратилгандир.

2030 йилга бориб, чиқиндиларни утилизация қилиш 70 фоизга етказилади, энергия сарфи 35 фоизга оширилади, «яшил» қурилишлар рейтинги бўйича бинолар 80 фоизи сертификатланади ва жамоат транспорти улуши 75 фоизгача кўтарилади.

 

2026 йил – Иқлимга мослашиш йили

Иқлим ўзгаришлари энг оғриқли муаммоларни вужудга келтирмоқда. Сингапур 2026 йилни «Иқлимга мослашиш йили», деб эълон қилди.

Сабаби у орол давлат бўлиб, унинг салмоқли қисми океан сатҳидан унча баланд бўлмаган ҳудудда жойлашган. Тадқиқотларга кўра, асримиз охирига бориб, шаҳар-давлат атрофидаги денгиз суви 1,5 метрга кўтарилиши мумкин. Бўронлар ва кучли шамоллар турганда эса қирғоқларда сувнинг баландлиги 5 метрга етиши тахмин қилинмоқда.

Бундай хатарлар келгусида Сингапурнинг 30 фоизини сув остида қолиш эҳтимолини оширади. Шу боис 2027 йилда иқлим ўзгариши бўйича миллий стратегиянинг янги версияси эълон қилинади.

Парламент шу кунларда қирғоқбўйини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқмоқда. Унга кўра, қирғоқларда ҳимоя иншоотларини барпо этиш, гидротехник ифратузилма модернизация қилинади.

Сингапурда  тузилган ушбу тузилма барча идоралар – шаҳарсозлик ва тиббий хизматдан тортиб, ижтимоий ва меҳнат органларигача экстремал иссиқ шароитида фаолиятини мувофиқлаштиради.

Сўнгги йилларда кутилмаган ва жадал сув тош­қинлари кўпаяётгани сабабли дренаж тизимларини модернизация қилиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Эътиборли томони кўпгина йирик шаҳарлар экстремал иссиқ билан курашиш учун миллиардлаб доллар сарфлаётган бир пайтда Сингапур бунинг учун оддий йўлдан бормоқда, яъни оммавий тарзда дарахтлар экиш билан шуғулланаяпти.

Чунки кўм-кўк дарахтлар иссиқ тафтини сезиларли камайтирувчи қудратли воситалардир. Аниқланишича, кўчаларда соя берувчи дарахтлар ҳавони 0,9-2,6 градусгача салқин қилишга қодир.

 

350 та парк – бу ҳали ҳаммаси эмас

Мамлакат ҳудудининг 718 квадрат километрини (эътибор беринг, давлатнинг умумий ҳудуди 736 кв. км) қамраб олган 350 дан ортиқ катта-кичик парклар бор. Тропик ўрмонлар муҳофаза қилинадиган Мандай парки, Букит-Тимах табиат қўриқхонаси, Кўрфаз ва Ботаника боғлари дунёга машҳур.

Сингапур Ботаника боғи ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Мамлакат келаётган 17 миллион сайёҳнинг аксариятини ана шундай «яшил» олам ўзига мафтун этмоқда.

Кўрфаз боғи ўзига хос инновацион парк комплекси бўлиб, бу ерда бутун жаҳондан 220 минг ўсимлик турларининг ноёб коллекцияси мавжуд. Дам олиш учун қулай ҳудудлар, кўнгилочар объектлари ва болалар учун ўйин майдончалари ташкил қилинган.

«Табиатдаги шаҳар» концепциясига кўра, кентнинг барча инфаратузилмаси табиатга фаол интеграция қилинмоқда. Вертикал боғлар яъни осмонўпар бинолар фасадлари ва транспорт боғланмаларида яратилган яшиллик дунёси ҳавода фойдали микроиқлимни яратишга хизмат қилмоқда.

Семакау сунъий ороли қайта ишлаб бўлмайдиган чиқиндилар билан яратилган махсус денгиз полигонидир. У герметик ва усти тупроқ билан қопланган, бой денгиз флораси учун яшил зонага айланган. Бу бир томондан давлат ҳудудини кенгайтиришга хизмат қилса, бошқа томондан чиқиндилардан халос бўлишнинг самарали усули ҳамдир.

 

Экологик қонунлар кучайтирилмоқда

Мамлакат мустақилликка эришганидан кейин етакчи Ли Куан Ю 1968 йилда «Сингапурни тоза сақлаймиз» кампаниясини эълон қилган эди. Чунки мамлакатда табиий ресурслар, ичимлик сув йўқ эди. Шу сабабли экологик тоза технологияларни ривожлантириш, қайта тикланадиган энергияни қўллаш учун катта рағбат берилди.

Сиёсатчи нафақат атрофни чиқиндилардан тозалашни, балки аҳолининг яшаш тарзини ўзгартиришга, ҳар бир одам масъулияти ва жавобгарлигини оширишга ҳаракат қилди.

Сингапур атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича миллий агентлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда 13,6 мингта экологик қонун бузилишларига қарши чоралар кўрилган. 350 таси кўп қаватли бинолардан чиқиндиларни отган шахсларга нисбатан жазо қўлланган бўлса, табиатга зарар етказиш билан боғлиқ қоидаларни бузган 700 та ҳолат аниқланган.

Мисол учун, Сингапурга оддийгина сақич олиб кириш, сотиш ва истеъмол қилиш қатъий тақиқланган. Ерга ёки транспорт воситасида тупуриш минг сингапур доллари миқдорида жаримага сабаб бўлади.

Тартибларга кўра, мамлакат тоза ичимлик сув билан таъминлашда максимал автономияга ҳаракат қилмоқда. Тозаланган ичимлик сув бир неча босқичли фильтрлашдан ўтади ва қайта ишлатилади. Шу билан бирга, мамлакатдаги утилизация комплекс тизими доирасида 90 фоиз чиқиндидан энергия ишлаб чиқариш учун фойдаланилмоқда.

 

Мунира МУХТОР қизи




Ўхшаш мақолалар

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

🕔11:36, 20.08.2026 ✔51

Тўкилган барглар, қуриган шохлар ва бошқа ўсимлик қолдиқларини чиқиндига айлантириш шарт эмас.

Батафсил
Хавфли  чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас,  ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

Хавфли чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас, ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

🕔14:25, 14.08.2026 ✔100

Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши – мамлакат тараққиётининг муҳим индикатори.

Батафсил
Жаҳоннинг  энг  «яшил»  мегаполиси

Жаҳоннинг энг «яшил» мегаполиси

🕔14:29, 13.08.2026 ✔104

Сингапур – жаҳондаги энг экологик тоза ва «яшил» шаҳарлардан бири. Бу мамлакатда расмий рўйхатдан ўтган «яшил» партиялар ва парламентда яшиллардан бўлган депутатлар йўқ.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар