Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар илгари сураётган ғоя ва ташаббусларга бир назар
«Миллий манфаатлар ҳар нарсадан устун!»
САРВАР САДУЛЛАЕВИЧ ОТАМУРАТОВ
«Миллий тикланиш» демократик партиясидан Президентликка номзод Сарвар Отамуратов миллий тикланишдан миллий юксалишга эришиш ғоясини амалга ошириш, ички сиёсатда иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига, халқимиз фаровонлиги ошишига эришиш, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатда миллий манфаатларни ҳимоялаш, миллий-маданий ва маънавий-ахлоқий қадриятларимиз, урф-одатларимизни сақлаш ва бойитишни бош мақсад сифатида белгилаган.
Номзод маънавий-маърифий соҳада халқимизнинг бетакрор ва улуғвор тарихий, маданий ва интеллектуал меросини, ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратади. Халқимиз тарихини холис ва тизимли ўрганиш, бу борада бир ёқлама ёндашувларга, нохолисликка йўл қўймасликка эришишга ваъда бермоқда.
Сарвар Отамуратов она тилимиз ривожини янги босқичга кўтариш учун давлат тилини бойитиш, мақомини мустаҳкамлаш ва унинг тўла амал қилишига эришишга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш тарафдори. Фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ҳамда шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришишни мақсад қилган.
Сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳасида мавжуд давлат ва сиёсий тизимни янада мустаҳкамлаш, миллий ғоя, жамиятимизнинг ахлоқий-маънавий асослари устуворлигини таъминлашни режалаштирмоқда. Оила, мерос, уй-жой даъвоси ва маиший турмуш манбаида туғиладиган низоларни судгача ҳал этиш тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратган.
Иқтисодиёт соҳасида эса ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга йўналтирилмаган харажатларни қисқартириш, истиқболли корхоналарга солиқ ва мажбурий тўловларда имтиёзлар бериш йўли билан маҳаллий саноат самарадорлигини янада оширишни мақсад қилган. Экспорт салоҳиятини ошириш ва ташқи бозорда маҳсулотларимизнинг таннархини тушириш имконини берувчи транспорт-экспедиторлик компанияларга солиқ имтиёзлари ва преференцияларни бериш, йирик юк ташувчи автомобилларни лизингга бериш тизимини ривожлантиришга қаратилган Дастурни қабул қилиш ва амалга ошириш ғоясини илгари сурмоқда.
Ижтимоий соҳада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган Давлат дастурини қабул қилишни таклиф қилмоқда. Мамлакатимизда сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, генларни модификация қилиш усулидан фойдаланишни чеклаш, аҳолининг овқатланиш маданиятини юксалтириш ниятида.
Ахборот соҳасида аҳоли, айниқса, қишлоқ жойлардаги фуқароларнинг юқори даражада ахборотга эга бўлишини таъминлаш, миллий ахборот тизимлари ва миллий ахборот ресурсларини, хусусан, Интернет тармоғининг миллий сегментларини ривожлантиришни таклиф этмоқда.
Спорт соҳасида эса спортнинг барча турлари, айниқса, олимпиада дастуридан ўрин олган ҳамда миллий турларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни етакчи вазифа, деб билади. Ўзбек курашини Олимпия ўйинлари қаторига киритишни мақсад қилган.
Ташқи сиёсат соҳасида Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсати ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслигини қўллаб-қувватлайди. Юртимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузи ва обрў-эътиборини янада юксалтириш йўлида фаолият олиб боришни энг муҳим вазифа, деб санайди. Буюк Ипак йўлини қайта тиклаш, кучли «Буюк Ипак йўли» брендини илгари сурмоқда.
«Истиқболни бирга қурамиз!»
ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВ
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев беш муҳим йўналишни қамраб олган сайловолди дастурида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан бошлаб берилган демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш, тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратишни бош мақсад сифатида белгилаб олган.
Давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш йўналишида «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» концепциясини амалга ошириш — номзоднинг бош мақсади. Давлат ҳокимияти тизимида парламентнинг ролини кучайтириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид энг муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш зарур, деб ҳисоблайди.
Шавкат Мирзиёев давлат муассасалари ходимларининг масъулиятини ошириш ва шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш ташаббусини илгари сурмоқда.
Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналишида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини, одил судловнинг мустаҳкам кафолатини таъминлаш зарур. Жиноий жазоларни либераллаштириш сиёсатини, айрим жиноят турларини ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказиш, ярашув институтини қўллаш имкониятларини янада кенгайтириш сиёсатини давом эттириш, коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш масалаларини самарали ечишни устувор вазифалардан бири, деб қарайди.
Номзод иқтисодий ислоҳотлар йўналишида 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш бўйича аниқ мақсадли дастурларни амалга ошириш ниятида. Яқин беш йилда умумий қиймати қарийб 40 миллиард доллар бўлган 657 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни мўлжалламоқда. 2017 йилда Янги иш ўринлари ташкил этиш дастури доирасида 390 минг кишини доимий иш жойи билан, 200 минг кишини – қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилишда мавсумий ва вақтинчалик иш билан, 309 минг кишини – шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорлик ҳисобидан иш билан таъминлаш чоралари кўрилади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида 2017 — 2020 йилларга мўлжалланган Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастури қабул қилиниб, унинг доирасида экин майдонларини оптималлаштириш ва пахта экишни босқичма-босқич қисқартириш режалаштирилмоқда. Тадбиркорларни суд йўли билан ҳимоя қилишни кучайтириш, хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашгани учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш, рухсат бериш ва лицензиялар бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришга эришишни мақсад қилган.
Шавкат Мирзиёев ҳудудларни янада комплекс ривожлантириш борасида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, пойтахтимизнинг Сирғали туманида яқин келгусида 500 та кўп қаватли замонавий уй-жой барпо этиш лойиҳасини ишлаб чиқиб, амалга ошириш ниятида.
Ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида 2017 йилда эҳтиёжманд оилалар учун бошланғич тўлов ҳажми икки баробар камайтирилиб, тўрт хил янги намунадаги, қулай ва арзон, бир ва икки қаватли 15 мингта замонавий уй-жой барпо этиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, 2017 — 2020 йилларда шаҳар жойларда 945 та кўп қаватли уйлар қуриш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари ва йирик шаҳарларда 50 мингга яқин уй-жойга муҳтож оилалар учун кўп қаватли арзон уйлар қурилади. Қишлоқларда ичимлик сув тармоқларини кенгайтириш, электр энергияси таъминотини яхшилаш, таълим тизимини янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган бир нечта муҳим дастурларни ишлаб чиқиб, амалга ошириш ташаббуси билан чиқмоқда.
Номзод хавфсизликни таъминлаш йўналишида миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ташқи сиёсатда эса Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти томонидан ишлаб чиқилган принцип ва ёндашувларга тўлиқ амал қилган ҳолда, тинчликпарварлик, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, юзага келадиган зиддият ва қарама қаршиликларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал этиш, жаҳон ҳамжамияти билан амалий ҳамкорлик қилишни илгари сурмоқда. Мамлакатимиз ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмайди, бошқа давлатларнинг ҳарбий база ва объектлари Ўзбекистон ҳудудида жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.
«Мақсадимиз — халқимиз турмуш даражасини янада ошириш!»
ХАТАМЖОН АБДУРАХМОНОВИЧ КЕТМОНОВ
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Хатамжон Кетмоновнинг сайловолди дастурида миллий манфаатларга содиқлик, мамлакат мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини таъминлаш, фуқаролараро ва миллатлараро ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорликни сақлаш орқали Ўзбекистоннинг бош стратегик мақсади — ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашга қаратилган эзгу мақсадлар мужассам.
Номзод аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатлами турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг тартибга солувчанлик ролини мустаҳкамлаш, энг кам истеъмол харажатлари (истеъмол саватчаси) стандартларини белгилашнинг асосланган ва замонавий механизмларини жорий этиш тарафдори. Пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва аҳолининг меҳнатга лаёқатсиз бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини шакллантириш лозим, деб ҳисоблайди.
Иқтисодий сиёсатдаги асосий устувор вазифа сифатида турли маҳсулот етказувчиларга ўзаро эркин рақобатлашишига имкон берадиган очиқ ва ошкора электрон савдолар йўналишини кенгайтириш орқали давлат харидларини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш ғоясини илгари сурмоқда. Кичик корхоналарнинг йириклашишини рағбатлантирувчи солиқ сиёсатини юритиш, корхоналарнинг таснифига «ўрта корхона» тушунчасини киритишни таклиф қилмоқда.
Номзод кам таъминланган оилалар, кексалар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида эса ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламлари ўртасида боқимандалик кайфиятини бартараф этишга қаратиш ғояси билан чиқмоқда. Нафақалар ва моддий ёрдамни асосан кам таъминланган оилалар, моддий ёрдамга муҳтож кексалар ва болаларга йўналтириш, кам таъминланган оилаларга ҳар ойда тўланадиган моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни, ўз бизнесини ташкил этиши учун мақсадли фойдаланиш шарти билан, тегишли даврда тўланадиган маблағлар суммасини бир марталик тўлов шаклига ўтказиш механизмини жорий этишни таклиф қилмоқда.
Аҳолига юқори сифатли таълим олиш ва мақбул тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида жамиятнинг барча қатламларига эркин ва тенг таълим олиш имкониятларини яратиш мақсадида минтақалардаги демографик ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, мактабгача, ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини олдиндан барпо этиш амалиётини янада ривожлантириш тарафдори. Бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, педагогик маълумотга эга, лекин бола тарбияси билан машғул бўлгани боис вақтинча ишламайдиган аёлларнинг оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатидаги уй меҳнатини ташкил этишнинг қонуний асосларини яратишни устувор вазифалардан, деб билади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида эса аҳоли, айниқса, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш, имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг ижроси устидан тизимли назоратни кучайтириш керак, деб ҳисоблайди.
Демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни тартибга солувчи қонунларни ишлаб чиқишда қонун нормаларининг бевосита таъсир этишига, яъни ҳаволаки нормаларсиз қабул қилинишига эришиш, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид муҳим масалалар бўйича қарорларни қабул қилишдан аввал жамоатчилик маслаҳатлашувларини ўтказишнинг мажбурийлигини белгилашни режалаштирмоқда.
Хатамжон Кетмонов ташқи сиёсий фаолият масалаларида қўшни мамлакатларга нисбатан очиқ ва прагматик сиёсат юритиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича халқаро ташаббусларни илгари суриш тарафдори.
«Ижтимоий адолат, эркинлик, бирдамлик ва имкониятлар тенглиги»
НАРИМОН МАЖИТОВИЧ УМАРОВ
Ўзбекистон «Адолат» СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров сайловолди дастурида социал-демократиянинг энг муҳим қадриятлари бўлган — ижтимоий адолат, эркинлик, бирдамлик ва имкониятлар тенглиги ғояларига таянади.
Номзод ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли жамият қуриш борасида вакиллик ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ролини янада кучайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига ошкоралик, очиқлик, ҳисобдорлик тамойилларини кенг жорий этишни ёқлайди. Бюрократизм ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этишга хизмат қиладиган чоралар кўришни таклиф этмоқда.
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ соҳасида ижтимоий-иқтисодий муносабатларни фақат қонунчилик йўли билан мувофиқлаштиришга, қонуности ҳужжатларининг сони ва доирасини қисқартиришга интилади. Қонун давлат ва жамиятни бошқаришда асосий восита бўлиши, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш лозим, деб билади. Тўрачилик, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш тарафдори.
Номзод иқтисодий соҳада четдан қарз олиш масалаларида консерватив ёндашувга асосланиш, давлатнинг ташқи қарзи ҳаддан зиёд ошиб кетмаслигига эришиш борасидаги сиёсатни давом эттиришни ёқлайди. Бозорни бошқариш, тартибга солиб туриш зарур, деб билади ҳамда «рақобат — мумкин қадар, давлат бошқаруви — зарурат қадар» тамойилини ҳаётга кенг татбиқ этишни кўзлайди. Мамлакатимизнинг чекка ҳудудлари ва кичик шаҳарларининг ривожланишини жадаллаштириш, ҳудудлар ва пойтахт орасидаги кескин иқтисодий ва ижтимоий тафовутга йўл қўймаслик мақсадида йирик компанияларнинг марказий бошқарув органларини кичик шаҳарларга кўчириш зарур, деб ҳисоблайди. «Яшил иқтисодиёт»га ва унга мос технологияларга ўтишни давлат томонидан кенг рағбатлантириш чораларини кучайтиришни ҳамда хусусий сармоялар эвазига экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришни янада фаоллаштиришни мақсад қилган.
Кучли ижтимоий ҳимоя йўналишида давлат бундан кейин ҳам инсоннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кафолатлаши, иш берувчилар ходимларнинг кучи ва соғлиғидан фойдаланишда суиистеъмолчиликларга йўл қўймаслигини таъминлаши, фуқаролар ўзларининг жинси, ёши ва кучига тўғри келмайдиган ишлар билан шуғулланмасликларини назорат этиши лозим, деб ҳисоблайди. Трансплантологияга, экстракорпорал уруғлантириш ва бошқа замонавий тиббий хизматларга рухсат бериш тарафдори.
Замонавий, юқори интеллектуал кадрлар борасида умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонини оптималлаштириш, олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизимини қайта кўриш, барча талабгорларга олий таълим олиш ҳуқуқини бериш орқали иқтидорли ёшларни танлаб олиш сифатини оширишга эътибор қаратмоқда.
Тинчликсевар, прогрессив ташқи сиёсат йўналишида эса Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига интеграциясини янада чуқурлаштириш, халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирокини кучайтиришни долзарб вазифа, деб билади. Жаҳон ҳамжамияти билан икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларни миллий манфаатларимиздан келиб чиқиб ривожлантириш тарафдори.