Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин
Тўкилган барглар, қуриган шохлар ва бошқа ўсимлик қолдиқларини чиқиндига айлантириш шарт эмас.
БатафсилТабиатнинг бебаҳо неъматлари кўп. Улар орасида сув алоҳида ўрин тутади. Ўрнини бошқа унсур билан босиб бўлмайдиган, муқобили йўқ, ҳаёт ва тирикликнинг асоси бўлган илоҳий неъмат ҳисобланади сув.
Шу боис сувни қадрлаш, уни исроф қилмаслик, ҳар томчисини кўзга суртгудек азиз билиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Кундалик ҳаётимиз, турмушимиз ва меҳнат фаолиятимиз сув билан бевосита боғлиқ экан, ундан оқилона фойдаланиш ҳақида фикр юритиш ҳамда жамиятда сувга нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантириш ниҳоятда муҳимдир. Узоқ йиллик тажриба ва малакамиздан келиб чиқиб, ушбу мулоҳазаларни баён қилишни фойдадан холи эмас деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг Астана шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари форумида сўзлаган нутқида яқин келажакда сув муаммоси энг катта глобал омиллардан бирига айланишини таъкидлади. Иқлим ўзгаришлари сабабли 2050 йилгача сув ресурслари 30-40 фоизгача камайиб кетиши прогноз қилинмоқда. Самарқанд шаҳрида бутунжаҳон сув муаммолари ечимига бағишланган анжуман ўтказиш режалаштирилаётгани ҳам бежиз эмас.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, каналларни бетонлаштириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ерларни лазерли текислаш каби муҳим тадбирлар учун катта маблағлар ажратилмоқда. Замонавий технологияларни жорий этиш эвазига республикамизда йилига 10 миллиард метр кубга яқин сув тежалмоқда, бу умумий сув ресурсларининг 20 фоизини ташкил этади.
Аммо сув муаммосини фақат давлат тадбирлари билан ҳал қилиб бўлмайди. Бу масалада ҳар бир фуқаро ўз масъулиятини ҳис қилиши керак. Чунки сув танқислигининг юзага келишига сувдан фойдаланувчиларнинг бепарволиги, исрофгарчилиги ва меъёрга амал қилмаслиги маълум даражада «ҳисса» бўлиб қўшилмоқда. Шундай экан, «Бу муаммони ҳал этишда менинг ҳиссам қандай бўлиши мумкин?» деган савол ҳар биримизни ўйлантириши шарт!
Дунёда ҳамма соҳада бўлгани каби суғоришда ҳам аниқ меъёр мавжуд ва у «Гидромодуль» графиги орқали аниқланади. Фикримизча, ушбу «Гидромодуль» кўрсаткичларини қайта ишлаб чиқиш зарур. Боиси, илгари суғориш меъёрлари (пахта, маккажўхори, беда) алмашлаб экиш схемаси бўйича белгиланган бўлса, ҳозирда (пахта, ғалла ва такрорий экин) тизим асосида суғориш ишлари олиб борилмоқда. Аслида сув тежовчи технологиялар янгилик эмас, ХХ асрнинг 60-йилларида ҳам ўзиюрар суғориш машиналари мавжуд бўлган.
Мамлакатимизда ҳозирги кунда суғориладиган ерларнинг маълум қисмида анъанавий усул – эгат олиб суғоришдан фойдаланилмоқда. Бу усул тўғри ва меъёр асосида қўлланилса, сувдан самарали фойдаланиш имконини беради. Аммо амалиётда суғориш технологияси талабларига тўлиқ риоя қилинмаётгани сувнинг ортиқча сарфланишига, ернинг шўрланишига ва ҳосилдорликнинг пасайишига сабаб бўлмоқда. Шу боис сув хўжалиги фахрийлари ва нуронийлари сифатида фермер ҳамда сувдан фойдаланувчиларга қуйидаги тавсияларга амал қилишни муҳим деб ҳисоблаймиз:
Суғориш давомийлиги ва эгатлар узунлиги: майдонларни суғоришда анъанавий технологияга кўра жараён давомийлиги 16-18 соат, сув тақчил йилларда эса 14-16 соат бўлиши лозим. Эгатлар узунлиги нишабликка қараб 40-60 метр ёки 80-100 метргача белгиланади.
Сув тақсимоти ва ишчи кучи: ҳар 10 литр/секунд сув оқимига битта малакали сувчи бириктирилиши ва бу ҳажмдаги сувни 8-10 та эгатга бир хилда тараш зарур.
Суғориш техникаси: эгатда сувнинг ўзи эмас, балки фақат намлик ҳаракатланиши керак. Тик адир жойларда сувни бир гугурт чўпи қалинлигида, текис ерларда эса бир қалам қалинлигида тараш лозим. Ҳар бир суғоришдан кейин албатта культивация қилиб, тупроқни чуқур юмшатиш зарур.
Мулчалаш усули: кичик ер майдонлари ва томорқаларда охирги суғоришдан сўнг мулчалаш (эгатларга ёғоч қириндиси, хас-хашак ёки сомон тўшаб чиқиш) яхши натижа беради. Бунда намлик узоқ сақланади, тупроқ қатқалоқ бўлмайди ва унумдорлик ошади.
Ҳисоб-китоб ва қурилиш сифати: сувни аниқ ҳисоб-китоб қилиш шарт, сув ўлчаш мосламаларини ўрнатмасдан аниқ олди-бердини юритиб бўлмайди. Шунингдек, канал ва ариқларни бетонлашда гидравлик ҳисоб-китобларга асосланган лойиҳа зарур. Бетон ётқизишда полиэтилен тўшамасдан ва титратгич (вибрация) ишлатмасдан бажарилган ишлар 40-50 йил эмас, 3-4 йилда емирилиб, сув ўтказиш қобилиятини кескин чеклаб қўяди.
Юқоридаги тавсиялар, аввало, деҳқон ва фермерларимиз учун муҳим аҳамиятга эга. Бироқ сувни асраш нафақат қишлоқ хўжалиги ходимларининг, балки шу заминда яшовчи ҳар бир инсоннинг бурчидир. Сув – бутун халқимизга берилган умумий неъмат бўлиб, уни тежаш ҳар бир хонадон ва оиланинг вазифаси.
Сувни тежаш маданиятини аввало оиладан бошлашимиз керак. Мактабгача ва мактаб ёшидаги фарзандларимизга дастурхон атрофида сувнинг ҳаёт манбаи эканини, уни исроф қилмай, ҳар томчисини нондек азиз билиш лозимлигини тушунтириб борсак, келажак авлодда сувга нисбатан масъулиятли муносабат шаклланади.
Сувни асраш – ерни асраш, ризқ-рўзимизни, келажагимизни ва ҳаётимизни асраш демак. Сувни қадрлаб, уни оқилона сарфласак, халқимиз фаровонлигига, юртимиз равнақига ва Яратган берган неъматнинг шукронасини адо этишга хизмат қилган бўламиз.
Икром ЮСУПОВ,
Авлиёқул ШАБИТОВ,
Шомурод ҲАҚБЕРДИЕВ,
сув хўжалиги фахрийлари
Тўкилган барглар, қуриган шохлар ва бошқа ўсимлик қолдиқларини чиқиндига айлантириш шарт эмас.
БатафсилИқтисодиётнинг жадал ривожланиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши – мамлакат тараққиётининг муҳим индикатори.
БатафсилСингапур – жаҳондаги энг экологик тоза ва «яшил» шаҳарлардан бири. Бу мамлакатда расмий рўйхатдан ўтган «яшил» партиялар ва парламентда яшиллардан бўлган депутатлар йўқ.
Батафсил