Мушуклар қулоқларини 180 даражагача айлантира олади, уларнинг эшитиш қобилияти эса инсонникидан камида беш баравар юқори.
Ҳар йили 8 август куни дунё бўйлаб Халқаро мушуклар куни нишонланади. Бу сана шунчаки байрам эмас, балки атрофимиздаги беозор жонзотларга меҳр кўрсатиш, уларга масъулият билан муносабатда бўлишни эслатувчи муҳим санадир. Мушуклар инсонга руҳий осойишталик бағишлайдиган, хонадонга файз киритадиган ва саломатликни яхшилашга ёрдам берадиган беозор уй ҳайвонлари ҳисобланади.
Хонадонда мушук парваришлашнинг тиббий ва ҳаётий фойдалари жуда кўп. Уларнинг майин хуриллаши инсон асаб тизимини тинчлантиради ва кунлик чарчоқни олишга ёрдам беради. Мушукни силаб эркалаш қон босимини меъёрлаштиришга ҳамда кайфиятни кўтаришга хизмат қилади. Бундан ташқари, улар уй ёки омборхоналардаги зараркунанда кемирувчиларни тутиб, табиий муҳофазани таъминлайди. Мушуклар жуда озода ва тинч жонзотлар бўлиб, вақтининг салмоқли қисмини ювинишга бағишлайди ва ҳатто кичик хонадонларда ҳам енгил мослашиб яшай олади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ҳайвонлар, жумладан мушуклар ҳам қонун муҳофазасига олинган. Уларга озор бериш ёки қийноққа солиш қатъиян тақиқланади ва қонунчиликка мувофиқ тегишли жавобгарликка сабаб бўлади. Шу сабабли атрофимиздаги жонзотларга ҳамиша дўстона ва ғамхўр муносабатда бўлиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Бу жонзотлар ҳақида бир қатор қизиқарли маълумотлар мавжуд. Масалан, мушуклар қулоқларини 180 даражагача айлантира олади, уларнинг эшитиш қобилияти эса инсонникидан камида беш баравар юқори. Ҳид билиш қобилияти одамникидан 14 баравар кучли бўлса-да, мушук тўғридан-тўғри ўз бурнининг остидаги нарсани кўра олмайди. Бундан ташқари, уларнинг миёвлаши ўзаро мулоқот тили эмас, балки айнан одамлар билан алоқа қилиш учун ишлатиладиган усулдир. Ҳаракатчанлик борасида ҳам улар тенгсиз: ўртача катталикдаги мушук бир сакрашда ўз танасининг узунлигидан қарийб олти баравар узоқроққа сакрашга қодир.
Баъзида мушуклар ҳам биздан ранжиб, аразлаб қолиши мумкин. Уларнинг норозилигини бир неча белгилар орқали билиш мумкин. Аразлаган мушук ёлғизликка интилиб, овлоқ жойларга яширинади, эркалашни рад этади, овоз кўтарилганда безовта миёвлайди ёки пишиллайди. Баъзан овқат ва сувдан воз кечиши, думини тез-тез силкитиб, хулқини ўзгартириши мумкин.
Агар мушук сиздан ранжиган бўлса, уни дарров ширинликлар билан эркалашга шошилманг. Аввал унинг тинчланишига имкон бериш керак. Мушукнинг ўзи ёнингизга келганда, уни паст ва мулойим овозда сўзлаб, секингина силаб кўнглини олиш мумкин.
Сардорбек АБДУРАҲМОНОВ,
Муҳаммад Юсуф номидаги
ижод мактаби ўқувчиси
Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача
🕔14:28, 22.10.2026
✔23
Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.
Батафсил
Қонунларимиз болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қила оладими?
🕔13:16, 15.10.2026
✔155
Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, дунёнинг исталган нуқтасидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда.
Батафсил
Асалари учраётган хатар – экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф
🕔14:57, 08.10.2026
✔220
Табиатда шундай жонзотлар борки, уларнинг миттигина фаолияти бутун инсоният ҳаёти учун катта аҳамият касб этади.
Батафсил