Табиат      Бош саҳифа

Чирчиқ ва Қорадарёдан тутиладиган балиқларда микропластик аниқланди

Ўзбекистон сув ҳавзаларининг экологик ҳолати ва улардаги биохилма-хилликнинг ифлосланиш даражаси халқаро ва маҳаллий олимлар гуруҳи томонидан жиддий таҳлил қилинди.

Чирчиқ ва Қорадарёдан тутиладиган балиқларда  микропластик  аниқланди

Томск давлат университети, Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти ҳамда Андижон давлат университети мутахассислари ҳамкорликда Сирдарёнинг энг йирик ирмоқлари ҳисобланган Чирчиқ ва Қорадарё дарёларида кенг кўламли тадқиқот ўтказдилар. Изланишлар доирасида дарёлардан тутилган ҳар хил турдаги 61 та балиқ лаборатория таҳлилларидан ўтказилганда, ачинарли ҳолат юзага чиқди: таҳлил қилинган сув жонзотларининг 60,7 фоизи организмида пластик заррачалари борлиги маълум бўлди.

 

Пластик заррачалар миқдори

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар бир балиқ организмига тўғри келадиган пластик миқдори ўртача 2,61 тани ташкил этмоқда, бу эса вазн ўлчовида салкам 11,5 мик­рограмм микропластикка тенгдир. Агар ушбу кўрсаткич балиқларнинг умумий тана вазнига мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқилса, ҳар бир килограмм тана вазнига 86,3 та заррача тўғри келади. Ушбу экологик изланиш жараёнида мутахассислар жуда муҳим ва қатъий қонуниятни ҳам фош этишди. Унга кўра, сув ҳавзасидаги жонзотнинг ёши ва ҳажми қанчалик йирик бўлса, унинг тана аъзоларида тўп­ланадиган микропластик миқдори ҳам шунга мос равишда кўп бўлади.

 

Бунга сабаб нима?

Дарёлардан олинган намуналарда аниқланган ёт моддаларнинг таркибий қисми ўрганилганда, уларнинг мутлақ кўпчилиги микротолалардан иборат эканлиги ойдинлашди. Хусусан, Қорадарёдан олинган балиқлар танасидаги пластик қолдиқларининг 89,7 фоизини, Чирчиқ дарёсидаги намуналарнинг эса 93 фоизини айнан мана шундай микротолалар ташкил қилган. Эколог ва экспертлар ушбу кўрсаткичларни мамлакатимизда тўқимачилик саноатининг кенг қулоч ёйгани, бироқ мавжуд оқава сувларни тозалаш иншоотларининг технологик имкониятлари матолардан ажраладиган ушбу микротолаларни тўлиқ ушлаб қолишга қодир эмаслиги билан изоҳламоқда.

 

Хавфлилик даражаси

Лаборатория экспертизаси давомида балиқлар ички аъзоларидан жами 15 хилдаги турли полимер моддалари ажратиб олинди. Улар орасида энг юқори улушга эга бўлганлари полиэтилентерефталат, полипропилен ҳамда полиамид эканлиги тасдиқланди. Шунингдек, саноатда, хусусан кийим-кечак ишлаб чиқаришда кўп ишлатиладиган ярим синтетик вискоза толалари ҳам микроструктура остида яққол намоён бўлган. Умуман олганда, тадқиқотчилар ушбу ҳудудлардаги пластикнинг кимёвий хавфлилик даражасини ўртача, яъни учинчи тоифага мансуб деб белгилашди. Шунга қарамай, дарё сувларида полиакрилонитрил, полиуретанва поливинилхлорид каби токсик хусусияти юқори полимерларнинг учраши умумий хавф даражасини жиддий тарзда юқорига кўтариши мумкин.

 

Тирик организмларга таъсири

Олимларнинг хулосаларига кўра, микропластик заррачалари балиқлар саломатлигига параллел равишда ҳам механик, ҳам ким­ё­вий жиҳатдан ҳалокатли зарба беради. Бир томондан, у жонзотнинг овқат ҳазм қилиш тизимига тушиб, ички аъзоларни шикастлайди ва йўлларнинг тиқилиб қолишига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида балиқларда иштаҳа йўқолиши ва табиий ўсиш жараёнларининг секинлашиши кузатилади. Иккинчи томондан, пластик таркибига сингдирилган заҳарли кимёвий бирикмалар ҳайвонларнинг ички секреция ва иммунитет тизимлари фаолиятини бутунлай бузиши исботланган. Шунинг­дек, мазкур илмий иш дарёларнинг тубидаги чўкинди қатламлар оқиб турган сувнинг ўзига қараганда бир неча баробар кучлироқ ифлосланганини кўрсатди. Бу эса микропластик унсурлари табиий озиқ занжири орқали қуйи қатламлардан юқорига қараб, барча тирик организмларга кенг миқёсда тарқалаётганидан далолат беради.




Ўхшаш мақолалар

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

🕔11:36, 20.08.2026 ✔51

Тўкилган барглар, қуриган шохлар ва бошқа ўсимлик қолдиқларини чиқиндига айлантириш шарт эмас.

Батафсил
Хавфли  чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас,  ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

Хавфли чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас, ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

🕔14:25, 14.08.2026 ✔100

Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши – мамлакат тараққиётининг муҳим индикатори.

Батафсил
Жаҳоннинг  энг  «яшил»  мегаполиси

Жаҳоннинг энг «яшил» мегаполиси

🕔14:29, 13.08.2026 ✔104

Сингапур – жаҳондаги энг экологик тоза ва «яшил» шаҳарлардан бири. Бу мамлакатда расмий рўйхатдан ўтган «яшил» партиялар ва парламентда яшиллардан бўлган депутатлар йўқ.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар