Сўнгги кунларда Европада кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво нафақат инсонлар ҳаётига, балки ёввойи табиатга ҳам жиддий хавф туғдиряпти.
Франция, Испания, Италия ва Бельгияда ҳарорат 40 даражадан ошиб кетиши ортидан юзлаб ҳайвонлар ва қушлар жабр кўрмоқда. Масалан, Бельгиядаги ёввойи ҳайвонларни реабилитация қилиш марказларига сўнгги уч кун ичида 150 дан ортиқ ҳайвон олиб келинган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, шаҳарларда яшовчи кўплаб қушлар бинолар томи ва карнизлари остига ин қуришни афзал кўради. Бироқ ёзнинг ўта иссиқ кунларида металл ва бетон конструкциялар ҳарорати ташқи муҳитдан ҳам юқори даражагача қизиб кетади. Айрим ҳолатларда уя ичидаги ҳарорат 50 даражагача кўтарилиши мумкин. Бу эса ҳали пат чиқармаган ёки мустақил озиқлана олмайдиган жўжалар учун ўлим хавфини кескин оширади.
Бельгиядаги қутқарув марказлари маълумотларига кўра, келтирилаётган ҳайвонларнинг асосий қисмини қарға, қалдирғоч, чайка ва майда сайроқи қушлар ташкил этмоқда. Улар орасида иссиқдан ҳолсизланган ёки уясидан тушиб кетган жўжалар ҳам кўп.
Биохилма-хилликка таҳдид
Олимлар экстремал иссиқлик ҳодисаларининг кўпайишини глобал иқлим ўзгариши билан боғлаяпти. Сўнгги ўн йилликларда Европада иссиқ тўлқинлари нафақат тез-тез такрорланмоқда, балки давомийлиги ва интенсивлиги ҳам ошиб бормоқда.
Бу ҳолат қушлар популяциясига бир нечта йўналишда салбий таъсир кўрсатади:
– жўжаларнинг тирик қолиш кўрсаткичи пасаяди;
– озиқ-овқат занжири издан чиқади;
– ҳашаротлар сони камайиши натижасида қушлар етарли озуқа тополмайди;
– миграция ва кўпайиш цикллари бузилади;
– сув ҳавзалари қуриши сабабли кўплаб турлар яшаш муҳитини йўқотади.
Экологлар фикрича, бу жараёнлар узоқ муддатда биохилма-хилликнинг қисқаришига олиб келиши мумкин.
Шаҳарларда «жазирама тузоқ»
Замонавий шаҳарларда бетон, асфальт ва шиша иншоотлар кундузи катта миқдорда иссиқликни ютиб, кечаси ҳам уни тарқатишда давом этади. Натижада шаҳарларда «иссиқлик ороли» эффекти юзага келади. Бу ҳолат инсонлар учун ноқулайлик туғдириши билан бирга, шаҳар экотизимида яшовчи қушлар ва бошқа жонзотлар учун ҳам жиддий хавф ҳисобланади. Айниқса, сув манбалари етишмайдиган ҳудудларда уларнинг қирилиб кетиш ҳолатлари яна ҳам кўпаяди.
Ушбу муаммо Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Сўнгги йилларда мамлакатда ёз фасли тобора иссиқроқ кечмоқда, айрим ҳудудларда ҳарорат 45 даражадан ошмоқда. Бундай шароит одамлар билан бир қаторда қушлар ва бошқа ёввойи ҳайвонлар ҳаётига ҳам таъсир кўрсатади. Айниқса, сув манбалари камайган ва яшил ҳудудлар қисқарган жойларда улар учун хавф янада ортади.
Мутахассислар аҳолини ҳовли ва боғларда қушлар учун сув идишлари қўйишга, дарахтларни асрашга ҳамда яшил ҳудудларни кенгайтиришга чақирмоқда. Оддий кўринган бу чоралар жазирама кунларида минглаб қушлар ва майда жонзотларнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
Шаҳруза САТТОРОВА
Геоэкологик барқарорлик: Сув, тупроқ ва ер ости бойликларини асраш масъулияти
🕔14:30, 22.10.2026
✔12
Бугунги кунда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, сув ва тупроқни муҳофаза қилиш, ер ости сувлари ҳолатини кузатиш ҳамда геоэкологик мувозанатни сақлаш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Батафсил
Иссиқхоналар «яшил» технологиялар асосида экологик хавфсиз фаолият юритади
🕔13:24, 15.10.2026
✔92
Ўтган йилларда куз-қиш ойларида шамол сустлашиши ва ҳарорат инверсияси туфайли иссиқхоналардан чиқадиган ташламалар пойтахт ва унинг атрофида тўпланиши кузатилди.
Батафсил
Термизнинг чанг бўронлари ва ҳаво ифлосланишига чидамлилиги оширилади
🕔13:15, 24.09.2026
✔135
«Термиз шаҳрида қум ва чанг бўронлари ҳамда ҳаво ифлосланишига нисбатан жамоалар ва соғлиқни сақлаш тизимининг барқарорлигини табиатга асосланган ечимлар орқали мустаҳкамлаш» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Батафсил