Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши, иссиқ ҳарорат ва энергия ресурсларига бўлган босим дунё давлатларини кундалик ҳаётдаги майда деталларгача қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда. Энди экологик ёндашув фақат катта заводлар ёки қайта тикланувчи энергия лойиҳалари билан чекланмайди. Айрим мамлакатлар энергияни тежашни ҳатто офис маданияти ва кийиниш услубидан бошлаяпти.
Қирғизистоннинг «енгил кийим» қарори
Қирғизистон бош вазири Адилбек Касималиев давлат хизматчиларига ёз мавсумида пиджак ва галстукдан воз кечиб, енгилроқ кийимда ишлашни тавсия қилди. 14 майдан кучга кирган тартибнинг асосий мақсади – давлат идораларида электр энергияси сарфини камайтириш.
Ҳукумат изоҳига кўра, қатъий дресс-код сабаб офисларда кондиционерлар ҳаддан ташқари совуқ режимда ишлайди. Натижада ортиқча электр сарфланади. Енгил кийим эса ходимларга юқори ҳароратни осонроқ қабул қилиш имконини беради ва кондиционерларга бўлган эҳтиёжни оз бўлса-да қисқартиради.
Бу қарор бежиз қабул қилингани йўқ. Қирғизистонда электр энергияси истеъмоли охирги беш йил ичида 25 фоиздан кўпроққа ошган – 2020 йилдаги 15,4 млрд кВт/соатдан 2025 йил якунига келиб 19,3 млрд кВт/соатгача етган. Мамлакатдаги ишлаб чиқариш қувватлари эса талаб ортишига доим ҳам улгурмаяпти. Шу боис ҳукумат энергия тежамкорлигини давлат тизимининг ўзида намойиш қилишга уринмоқда.
Япония тажрибаси: «Cool Biz» қандай ишлаган?
Японияда 2005 йилдан бери «Cool Biz» дастури амал қилади. У дастлаб мамлакатнинг Киото протоколи доирасида иссиқхона газлари чиқиндисини камайтириш мақсадида ишга туширилган.
Дастурнинг асосий ғояси жуда оддий: ёз ойларида давлат идоралари ва компанияларда кондиционер ҳароратини +28 даражадан пастга туширмаслик ва ходимларга енгил кийимда ишлашга рухсат бериш.
Шунинг учун япон амалдорлари галстук, пиджак ва қалин костюмлардан вақтинча воз кечган. Вақт ўтиши билан бу нафақат давлат идоралари, балки хусусий секторда ҳам оммалашди. Баъзи компаниялар ҳатто махсус «ёзги офис услуби»ни жорий қилди.
Мутахассислар фикрича, дастурнинг энг катта ютуғи – энергия тежаш маданиятини шакллантирганида. Одамлар кондиционерни ўта совуқ даражага қўйиш эмас, шароитга мослашиш ҳам муҳим эканини англай бошлади.
Япония атроф-муҳит вазирлиги маълумотларига кўра, дастур амал қилган дастлабки йиллардаёқ миллионлаб тонна карбон чиқиндилари қисқарган. Энг муҳими, бу жараён иқтисодий самара ҳам берган.
Иссиқда қалин кийимнинг саломатликка таъсири
Мутахассислар ёзги иссиқда қалин ва ҳаво ўтказмайдиган кийимларда узоқ вақт юриш инсон организмига ҳам салбий таъсир қилишини таъкидлайди. Айниқса, юқори ҳароратда қалин костюм ва галстук қон айланиши ҳамда организмнинг табиий совиш жараёнига қўшимча босим беради.
Бу ҳолат чарчоқ, бош оғриғи, қон босими ўзгариши ва тез толиқишга сабаб бўлиши мумкин. Кондиционерлар эса бундай шароитда янада кучли ишлатилади. Натижада инсон бир вақтнинг ўзида ташқи иссиқ ва сунъий совуқ муҳит ўртасида қолади.
Шифокорлар кескин ҳарорат фарқи айрим ҳолатларда шамоллаш, мушаклар оғриғи ва нафас йўллари билан боғлиқ муаммоларни ҳам кучайтиришини айтади.
Табиатни асрашда майда нарса йўқ
Ўзбекистонда ҳам ёз фасли йил сайин иссиқроқ кечмоқда. Шунга қарамай, кўплаб давлат идоралари ва расмий тадбирларда классик костюм-шим ва галстук ҳали ҳам мажбурий талаб сифатида сақланиб қолмоқда.
Албатта, расмий кийим хизмат маданиятининг бир қисми. Аммо бугун энергия тежаш, иқлим ўзгариши ва экологик масъулият ҳақида кўп гапирилаётган бир пайтда айрим талабларни замон ва иқлимга мослаштириш ҳақида ўйлаб кўришга эҳтиёж сезилмоқда.
Тўғри, кўп ҳолларда экологик маданият деганда дарахт экиш ёки пластикдан воз кечиш тушунилади. Аммо энергияни оқилона сарфлаш ҳам экологик сиёсатнинг муҳим қисми ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, офислардаги дресс-код ҳам экологик масалага айланмоқда. Баъзан табиатни асраш катта шиорлардан эмас, иссиқ кунларда биргина галстукдан воз кечишдек оддий қарорлардан бошланади.
Шаҳруза САТТОРОВА
Булутларни «бўйсундириш» ва ёмғир суви: Сув танқислигига осон ечим
🕔15:57, 21.05.2026
✔36
Ҳозирги кунда табиий жараёнларни илмий асосланган равишда бошқариш ғояси илмий доираларда тобора кенг муҳокама қилинмоқда. Ана шундай инновацион йўналишлардан бири сунъий ёмғир технологияси ҳисобланади.
Батафсил
Иқлим ўзгариши янги офис маданиятини талаб қилмоқда
🕔15:49, 21.05.2026
✔35
Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши, иссиқ ҳарорат ва энергия ресурсларига бўлган босим дунё давлатларини кундалик ҳаётдаги майда деталларгача қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда. Энди экологик ёндашув фақат катта заводлар ёки қайта тикланувчи энергия лойиҳалари билан чекланмайди. Айрим мамлакатлар энергияни тежашни ҳатто офис маданияти ва кийиниш услубидан бошлаяпти.
Батафсил
Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши: энди эътиборсиз қолдириб бўлмайди
🕔15:42, 15.05.2026
✔71
Ҳаво – инсон ҳаёти учун энг муҳим неъматлардан бири. Бироқ биз унинг қадрини кўпинча муаммо пайдо бўлганда англаймиз. Сўнгги йилларда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши нафақат экологлар ёки мутахассислар, балки ҳар бир фуқарони ташвишга солаётган жиддий масалага айланди.
Батафсил