Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Интернет табиатга қанчалик зарар етказади?

Биз экология деганда, одатда, кўз билан кўриш мумкин бўлган манзараларни – мўрилардан чиқаётган қора тутунни, дарёларга оқизилаётган кимёвий оқаваларни ёки йўл четида сочилиб ётган плас­тик идишларни тасаввур қиламиз. Аммо бугунги кунда инсоният янги, «кўринмас», лекин хавфи тобора ортиб бораётган глобал экологик таҳдид билан юзма-юз турибди. Бу – рақамли чиқиндилар.

Интернет табиатга қанчалик  зарар  етказади?

Сўнгги йилларда дунё медиа майдонида «Рақамли экология» (Digital Ecology) тушунчаси диққат марказига чиқди. Истеъмолчи сифатида бизга беозор туюлган биттагина «лайк» ёки юборилган қисқа видео ортида улкан технологик занжир ва атроф-муҳитга етадиган сезиларли зарар ётибди.

Тадқиқотларга кўра, рақамли технологиялар сектори глобал миқёсда карбонат ангидрид (CO2) чиқиндиларининг қарийб 3,7 фоизига сабабчи бўлмоқда. Ишониш қийин, аммо бу кўрсаткич бутун дунё бўйича авиация соҳаси келтириб чиқараётган зарардан кўпдир. Агар интернет алоҳида давлат бўлганида эди, у ер юзида энергия истеъмоли бўйича Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Россия ва Япониядан кейинги олтинчи ўринни эгаллаган бўларди.

Сурат ва видеоларни сақлаш қанчага тушади?

Смартфонимиздаги суратлар, Telegram’даги видео­лар ёки электрон почтамизга келган хатлар қаерда сақланади? Биз уларни «булутда» (cloud) деб аташга одатланганмиз. Аслида эса бу маълумотлар «муаллақ» эмас, балки ер юзининг турли нуқталарида жойлашган, минглаб серверлардан иборат улкан Маълумотлар марказларида (Data Centers) сақланади.

Бу марказлар йилнинг 365 куни, суткасига 24 соат давомида тўхтовсиз ишлайди. Уларни ишлатиш учун улкан миқдорда электр энергияси керак бўлса, тинимсиз қизиб кетадиган темир серверларни совутиш учун миллионлаб литр тоза ичимлик сув сарфланади.

Масалан, биттагина сунъий интеллект (ChatGPT каби) билан суҳбат қуриш оддий «Google» қидирувидан кўра кўпроқ ҳисоблаш қувватини талаб қилади. «Netflix» платформасида 30 дақиқа давомида юқори сифатли (HD) видео томоша қилиш эса атмосферага 1,6 кг карбонат ангидрид чиқарилишига тенг. Бу енгил автомобилда 6 километр масофани босиб ўтиш билан баробардир.

 

Ўзбекистондаги вазият

Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат тизимлари жадал ривожланмоқда. Бу қоғозбоз­ликни камайтиришга хизмат қилса-да, маълумотларни қайта ишлаш учун янги ва кучли серверларни талаб этади. Мамлакатимизнинг иссиқ иқлим шароити эса серверларни совутиш учун икки ҳисса кўп энергия ва сув ресурсларини сарфлашга мажбур қилади.

Муаммонинг яна бир жиҳати – аҳоли ўртасида «рақамли гигиена» маданиятининг пастлиги. Telegram’даги юзлаб кераксиз гуруҳлар, тонгги «таб­рик» видеолари ва йиллар давомида архивда чанг босиб ётган оғир медиа файллар – буларнинг барчаси бизнинг «рақамли изимиз»ни кенгайтиради. Ўзбекис­тонда энергиянинг асосий қисми ҳамон иссиқлик электр станцияларида қазиб олинувчи ёқилғини ёқиш орқали олинишини инобатга олсак, ҳар бир «ортиқча» мегабайт табиатга реал зарар сифатида қайтади.

 

«Рақамли парҳез» зарурати

Технологиялардан воз кечиш ечим эмас. Ечим – улардан онгли равишда фойдаланишда. «Яшил» рақамли одатларни кундалик ҳаётимизга татбиқ этиш вақти келди:

1. Электрон почтани тозалаш: кераксиз реклама хатлари (спам) ва эски хабарларни ўчириш. Битта ўчирилган хат – 4 грамм CO2 тежалиши демакдир.

2. Видео сифатини назорат қилиш: кичик смартфон экранида 4K ва 720p сифати ўртасидаги фарқ сезилмайди, аммо энергия сарфи кескин фарқ қилади.

3. «Булут»ни оптималлаштириш: кераксиз сурат ва дубликат файлларни виртуал хотиралардан ўчириб туринг.

4. Мессенжерларни тозалаш: сизга керак бўлмаган гуруҳ ва каналлардан чиқиб кетинг, «автоматик юклаш» функциясини чекланг.

Хулоса қилиб айтганда, рақамли экология – бу шунчаки замонавий термин эмас, балки келажак авлод олдидаги масъулиятимиздир. Биз кўпинча кўзга кўринган чиқиндиларни тозалаш ҳақида қайғурамиз, аммо виртуал оламдаги «рақамли чиқиндилар» ҳам сайёрамизнинг нафасини қайтараётганини унутмаслигимиз керак.

 

Шаҳруза САТТОРОВА




Ўхшаш мақолалар

Исроф  занжири: дастурхондан сайёрагача

Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача

🕔14:28, 22.10.2026 ✔46

Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.

Батафсил
Қонунларимиз  болаларни  интернет  хавфларидан ҳимоя  қила оладими?

Қонунларимиз болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қила оладими?

🕔13:16, 15.10.2026 ✔172

Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, дунёнинг исталган нуқтасидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда.

Батафсил
Асалари учраётган  хатар –  экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф

Асалари учраётган хатар – экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф

🕔14:57, 08.10.2026 ✔231

Табиатда шундай жонзотлар борки, уларнинг миттигина фаолияти бутун инсоният ҳаёти учун катта аҳамият касб этади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар