Яқинда Янгиобод эски бозоридан кичкинагина қутича сотиб олдим. Кўринишидан совғалар учун тайёрланган, сомон ёки бошқа табиий материалдан тўқилган. Иш столимга олиб келиб қўйгандим, бир ҳамкасбимиз кўриб, канопдан тайёрланганини айтиб қолди. Ҳаммаси шундан бошланди. Каноп ўсимлиги, ундан фойдаланиш мавзуси хаёлимдан кетмади.
Мазкур қимматбаҳо толали экин толаси пишиқлиги, майинлиги ва яхши тўқилиши билан ажралиб турар экан. Канопдан қоп, ип, брезент, гилам учун асослар ва бошқа маҳсулотлар тайёрланиши, шунингдек, кабель саноати, парашютсозлик каби соҳаларда ҳам кенг фойдаланиши, ҳатто каноп уруғидан озиқ-овқат учун ишлатиладиган қимматбаҳо пектин олиниши, мойи оғир саноатда ва бўёқ олишда ишлатилиши тўғрисидаги маълумотлар қизиқишимни оширди.
Ҳозир кенг фойдаланиладиган полиэтилен пакетлар, синтетик матолар, пластмасса буюмлар ўрнига мана шу хомашё ҳар томонлама маъқул эмасмикан, деб ўйлаб қолдим. Бу ўсимлик қандай ҳудудларда ўсиши, қайси мамлакатлар етиштириб, фойдаланиши борасидаги маълумотларни излаб кўрдим. Бир йиллик иссиқсевар бу ўсимлик асосан тропик ва субтропик иқлимли Хитой, Индонезия, Бирма, Эрон, Миср каби мамлакатларда экилар экан. Юртимизда ҳам хўжалик мақсадларида 1925 йилдан экила бошлаган. Ўтган асрнинг 80-90-йилларда 20-22 минг гектар майдонда етиштирилган. Аммо, афсуски, кейинчалик каноп етиштириш эътибордан четда қолган.
Айримлар авваллари Тошкентда каноп билан ишлайдиган катта бир завод борлигини ҳам эслашди. Негадир у ҳам ўз фаолиятини тугатган ёки кичик цехларга парчаланиб кетган экан. Бу мавзуга кўзи тушган жуда кўп одамнинг хаёлига энг аввало каноп иплар келган бўлса ажаб эмас. Бироқ ёши катталар каноп ипидан тайёрланган сумкаларнинг мустаҳкамлиги ва чидамлилиги тўғрисида шунақанги ишонарли гапириб беришдики, эшитиб, ҳавасингиз ортади.
– Каноп саноатда энг универсал ва экологик тоза хомашёлардан бири сифатида қадрланарди. Унинг толаси, уруғи ва ҳатто пояси турли соҳаларда қўлланилиб, кундалик ҳаётимизда ишлатиладиган кўплаб буюмларни ишлаб чиқариш имконини берарди, – дейди Муҳаммадиёр ота Нурматов. – Ундан тайёрланган матолар мустаҳкамлиги ва узоқ хизмат қилиши билан ажралиб турарди. Сумка, рюкзак ва ҳатто оёқ кийимлар ишлаб чиқариларди. Улар нафақат табиий, балки ҳаво ўтказувчан ва қулай ҳисобланган.
Интернет орқали тўплаган маълумотларимга кўра, қишлоқ хўжалигида канопнинг афзалликларидан бири кам сув талаб қилиши экан. Бошқа кўплаб экинларга, айниқса пахтага нисбатан каноп анча кам сув билан ҳам яхши ҳосил бера олади. Бу эса сув ресурслари чекланган ҳудудларда уни жуда мақбул қилади. Канопнинг яна бир афзал жиҳати кимёвий дориларсиз ҳам етиштириш мумкинлигидир. Турли ҳашарот ва зараркунандаларга чидамли бўлгани учун кўп ҳолларда пестицид ва гербицидлардан фойдаланишга эҳтиёж қолмайди. Бу эса атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва маҳсулотнинг софлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга. Шунингдек, тез ва зич ўсгани учун ёввойи ўтлар ва зараркунандаларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади.
Буни қарангки, каноп тупроқ учун ҳам фойдали ҳисобланар экан. Унинг чуқур ва кучли илдиз тизими тупроқни юмшатиб, эрозиянинг олдини олади. Шу билан бирга, ернинг унумдорлигини ошириб, кейинги экинлар учун яхши шароит яратади.
Энди канопдан фойдаланишнинг устунликларини кўринг: канопдан қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳам мумкин экан. У дарахтларга нисбатан тез ўсадиган ўсимлик бўлгани учун қоғоз ишлаб чиқаришда уни қўллаш ўрмонларни сақлашга ёрдам беради. Каноп уруғидан олинган ёғ эса косметика ва маиший маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қўлланилади. Ундан крем, шампунь, совун каби маҳсулотлар тайёрланади. Бу маҳсулотлар терини намлайди ва табиий таркибга эга бўлгани учун хавфсиз ҳисобланади.
Бундан ташқари, каноп саноатда ҳам қўлланилади. Масалан, у биопластиклар ва автомобиль қисмлари ишлаб чиқаришда ишлатилади. Бу эса нефть асосидаги материалларга муқобил бўлиб хизмат қилади ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиради.
Қисқа қилиб айтганда, канопдан тайёрланган буюмлар жуда хилма-хил ва фойдали экан. Улар экологик тоза, мустаҳкам ва қайта ишланадиган бўлиб, замонавий барқарор ривожланиш талабларига жавоб беради.
Хўш, унда нима учун бу ўсимликни етиштириш қисқариб кетган?
Каноп экология ва иқтисодиёт учун фойдали экин бўлганига қарамасдан, Ўзбекистонда унинг майдонлари сезиларли қисқариб кетганининг бир неча сабаблари бор.
Биринчидан, қонунчилик ва тартиб-таомиллар катта роль ўйнаган. Канопнинг баъзи турлари юқори психоактив моддалар (THC) миқдори туфайли наркотик моддалар қаторида баҳоланади. Шу боис фермерлар учун лицензия ва рўйхатдан ўтиш қийин ва хавфли бўлиб, кўпчилик анъанавий экинларга ўтишни афзал кўрган, деган маълумотларни учратиш мумкин.
Иккинчидан, иқтисодий мотивация пастлиги сабабли фермерлар канопни кам етиштирадиган бўлган. Пахта ва ғалла каби экинлардан ҳосил ва даромад кўпроқ ва ишончли бўлгани учун, канопга инвестиция қилиш хавфли кўрила бошлаган. Шунингдек, юқорида айтганимиздек уни қайта ишлаш инфратузилмаси ривожланмаган. Яъни, ундан нарса-буюмлар тайёрлайдиган корхоналар деярли қолмаган. Яна бир сабаби канопни етиштиришнинг самарали усуллари ҳақида фермерлар етарли маълумотга эга эмас.
Очиқ айтадиган бўлсак, ижтимоий стереотиплар, яъни канопни наркотик моддалар билан боғлаш ҳолатлари фермерлар ва аҳоли орасида уни «хавфли» экин сифатида қарашга олиб келган деган қараш уни етиштириш қисқаришига энг асосий сабаб бўлгандир.
Ўзбекистон Президенти 2018 йил 5 январь куни Тошкент вилоятига қилган ташрифи чоғида каноп экиладиган майдонларни кенгайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлагани тўғрисидаги ахборотга кўзим тушди. Ахборотда давлат раҳбарининг мазкур ташрифида берилган топшириқлар юзасидан яна каноп ўсимлигини етиштириш билан шуғулланиш лозимлигига катта урғу берилиб, унинг илк ижроси сифатида вилоятнинг Қуйи Чирчиқ туманига экилиши лозимлиги белгилангани айтилган.
Расмий ахборот агентлиги эълон қилган бир мақолада эса ушбу ўсимликни республикамизда кўпайтириш мақсадида Корея билан ҳамкорликда каноп етиштириш лойиҳаси бошлангани, қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳамда Корея Республикасининг «SJ Global» компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида каноп уруғлари экилиб, синов ишларига старт берилгани айтилган.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази директори Шуҳрат Отажонов Юқори Чирчиқ туманидаги 11 гектар майдонда, ундан ташқари Сирдарё ва Хоразм вилоятида жами 25 гектарда 2025 йил тажриба-синов ишлари амалга оширилиши, лойиҳадан кўзланган мақсад ундан толали, ҳам мойли экин сифатида фойдаланиш, дизел ёнилғиси, биоёнилғи олиш, ортган маҳсулотлардан қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга йўналтириш ва республикамиз бўйича синовлар яхши ўтса, буни кенгайтириш бўйича қўшимча лойиҳалар амалга оширилишини маълум қилган экан. Демак, биздан аввалроқ ҳам бу мавзуни кўтарганлар, фойдали томонларини кўпчиликка исботлаб улгурганлар бўлган.
Бу мавзуга яна тўхталишдан мақсад эса канопнинг фойдалари тўғрисида батафсилроқ маълумот бериб, мутасаддилар эътиборини, қолаверса, бошқаларнинг ҳам бу фойдали ўсимликка қизиқишини ошириш эди. Дарвоқе, кейинги йилларда селекционер олимларимиз томонидан канопнинг 9 та нави яратилиб, амалиётга жорий этилган. Канопнинг ўртапишар «Ўзбекистон-2115», «Ўзбекистон-2225», «Ўзбекистон-2205» навлари шулар жумласидан бўлиб, уларнинг вегетация даври 115-118 кун, каноп поя ҳосилдорлиги 170-180 ц/га, уруғ ҳосили 3-5 ц/га. ни ташкил этади.
Камолиддин РЎЗИМАТОВ,
журналист