— Бир қизга кўнгил қўйгандим. Мана, вақти-соати келиб, уйдагиларга ҳам айтдим. Отамга фарқи йўқ. Аммо онам... совчиликка бориб келдилар... Нима эмиш, қизнинг оиласи камбағал экан... Мен ҳайронман: инсон имон-эътиқоди, инсонийлиги билан азиз бўлмайдими?! Онам «у қизни олиб бермайман», деб оёқ тираб туриб олганлар.
Бундай ҳолатда нима қилиш керак? Ҳозир мен орқага чекинсам, қўрқоқнинг ишини қилган бўлмайманми?
(савол муаллифи шахсини маълум қилмаган)
— Йигит ўзи уйланаётган қизни кўриши, ёқтирсагина унга совчи қўйиши мумкин. Аммо тўйдан олдин икки ёш гувоҳларсиз гаплашиб, бир-бирларини «синов»дан ўтказишлари мутлақо жоиз эмас. Тўғри, уйланиш арафасида бирон қизни кўз остига олиб, унга уйланишни ният қилиш мумкин. Аммо орага шариат қайтарган ишлар қўшилиб кетмаслиги керак.
Никоҳ тўғри бўлиши учун ота ёки онанинг розилиги шарт қилинмаган. Аммо динимизда ота-онанинг розилиги устун экани, Оллоҳга ибодат қилишдан кейин ота-онага яхшилик қилишга буюрилганини инобатга олсак, никоҳда уларнинг розилигини олиш кераклиги маълум бўлади. Яъни, уйланаётган йигит ёки турмушга чиқаётган қиз, албатта, ота-онаси розилигини олади. Улар қарши бўлишса ҳам ёқтирганига уйланиш ёки тегиб кетавериш «оммавий маданият»га хос иллат саналади. Шундай экан, ота-онанинг раъйига қараш жуда муҳим.
Шунингдек, никоҳда йигит ва қизнинг ҳуқуқлари таъминланади, ҳеч ким ўзига ёқмаган одамга турмушга чиқмайди ёки уйланмайди, аммо барибир бунда ота-онанинг розиликлари билан иш тутиш керак.
Никоҳда тенглик масаласи бор. Шу сабаб, ҳатто икки оиланинг иқтисодий ҳолати ҳам тенг бўлиши маъқул кўрилади. Аслида никоҳ тўғри бўлиши, икки ёшнинг бахтли бўлиши учун бойлик, ҳусн, илм кабилар шарт эмас. Бироқ имон ва одоб-ахлоқ билан бир қаторда илм, маълумот, касб-ҳунар ва бошқа жиҳатлар ҳам тенг бўлса, қуриладиган оила мустаҳкам бўлади.
Сизга маслаҳатимиз, ўша қиз ҳақиқатан ўзингизга муносиб ва маъқул бўлса, буни ота-онангизга ётиғи билан тушунтиринг. Вазиятни тушунсалар, совчиликка бориб, сўраб-суриштириш, икки тарафнинг бир-бирига тўғри келиш ё келмаслигини аниқлаш мумкин бўлади. Аммо ота-онангиз «бу қизни сенга олиб бермаймиз», дейишса, уларни ранжитишдан эҳтиёт бўлинг...
Агар сиз ёқтирган қиз онангизга маъқул келмаса, эртанги ҳаётингизни ҳам ўйланг. Чунки онангиз қаршилигига қарамай, ўша қизни никоҳлаб олган тақдирингизда ҳам хотиржам, тинч ҳаёт кечириш мушкул бўлади. Шуларни ҳисобга олиб, аввало, ўзингизга, қолаверса, ота-онангизга маъқул қизни танланг. Аниқроқ айтадиган бўлсак, онангизга маъқул келган қизлар ичидан ўзингизга ёққанига уйланинг. Зеро, дилхираликдан кўра ўзаро розилик билан тўй қилинса, яхши бўлади.
Одилхон ИСМОИЛОВ,
Шайх Зайниддин жоме масжиди имом-хатиби
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔218
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔256
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔430
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил