Жорий йил 30 майдан 6 июнгача Самарқанд шаҳрида Глобал экологик фонднинг 8-Ассамблеяси ўтказилиши арафасида халқаро ҳамкорлар Марказий Осиёда деградацияга учраган экотизимларни тиклаш ва минтақанинг сув хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган янги ташаббусни тақдим этдилар.
Марказий Осиё ноёб табиий ресурсларга эга: кенг сув-ботқоқ ҳудудлари ва дарёлардан тортиб, тоғ экотизимлари ҳамда қурғоқчил текисликларгача. Ушбу табиий мажмуалар 84 миллиондан ортиқ аҳоли учун ҳаётий муҳим ресурслар – сув, озиқ-овқат ва даромад манбаини таъминлайди. Бироқ сўнгги ўн йилликларда минтақа ортиқча сув ресурсларидан фойдаланиш, ер деградацияси ва иқлим ўзгариши оқибатлари каби жиддий экологик муаммоларга дуч келди.
Ушбу таҳдидларга жавобан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари «Central Asia Water and Land Nexus» (CAWLN) дастури доирасида кучларини бирлаштирди. Мазкур ташаббус Глобал экологик фонд кўмагида, 30 миллион доллар бюджет билан ҳамда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти иштирокида амалга оширилмоқда.
Дастур сув ва ер ресурсларини комплекс бошқаришга қаратилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги ерларини тиклаш, чўлланишга қарши курашиш, ўрмонлар ва биохилма-хилликни сақлаш, шунингдек, иқлим ўзгаришига мослашувчанликни оширишни ўз ичига олади. Алоҳида эътибор Амударё ва Сирдарё ҳавзаларига қаратилган – бу минтақанинг асосий сув манбалари бўлиб, аҳолининг қарийб 80 фоизи айнан уларга боғлиқ.
Сўнгги бир ярим аср давомида, айниқса, суғориш мақсадида сув ресурсларидан интенсив фойдаланиш ҳамда ёғингарчиликнинг камайиши ушбу дарёлардаги сув сатҳининг кескин пасайишига олиб келди. Бу эса ўз навбатида Орол денгизи экологик фалокатининг асосий сабабларидан бирига айланди – унинг ҳажми дастлабкига нисбатан атиги 10 фоизгача қисқарди.
Экотизимлар деградацияси минтақа биохилма-хиллигига жиддий таъсир кўрсатмоқда: ноёб турлар, жумладан, оқбош ўрдак ва Амударё сохта куракбурунлари йўқолиб кетиш хавфи остида. Шу билан бирга, чўлланиш жараёни кучайиб, қишлоқ хўжалиги, аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатмоқда. Мутахассисларнинг баҳолашича, ер деградацияси, ўрмонларнинг кесилиши ва бошқа омиллар туфайли йиллик иқтисодий йўқотишлар 6 миллиард долларга етади.
Янги ташаббус доирасида сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва экотизимларни ўзаро боғлиқ ҳолда бошқаришни назарда тутувчи «nexus-ёндашув» қўлланилади. Дастур, шунингдек, трансчегаравий мулоқотни ривожлантириш, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, замонавий мониторинг технологияларини, жумладан, сунъий йўлдош тизимлари ва табиий хавфлар бўйича эрта огоҳлантириш тизимларини жорий этишни ҳам ўз ичига олади.
Ҳудудий ва миллий даражадаги лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Хусусан, Оролбўйи ҳудудида агроўрмончилик ва ерларни барқарор бошқариш бўйича пилот ташаббуслар йўлга қўйилади. Шунингдек, билим алмашиш платформалари яратилади ҳамда экологик хабардорликни ошириш, жумладан, ёшлар орасида, кенгайтирилади.
Дастур амалга оширилиши натижасида деградацияга учраган ландшафтларни тиклаш, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш кутилмоқда. Бу эса минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлаб, миллионлаб инсонлар ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Экология қўмитаси
матбуот хизмати
Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача
🕔14:28, 22.10.2026
✔25
Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.
Батафсил
Қонунларимиз болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қила оладими?
🕔13:16, 15.10.2026
✔156
Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, дунёнинг исталган нуқтасидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда.
Батафсил
Асалари учраётган хатар – экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф
🕔14:57, 08.10.2026
✔221
Табиатда шундай жонзотлар борки, уларнинг миттигина фаолияти бутун инсоният ҳаёти учун катта аҳамият касб этади.
Батафсил