Жамиятнинг маънавий қиёфаси ва тараққиёт даражаси кўп жиҳатдан аёлга бўлган муносабат ҳамда хотин-қизларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштироки билан ўлчанади.
Бугунги шиддатли ўзгаришлар даврида, айниқса, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида замонавий ўзбек аёли фақатгина оила қўрғонининг чироғи эмас, балки давлат бошқаруви, қонун ижодкорлиги ва умумбашарий масалалар ечимида фаол иштирок этаётган кучли шахсга айланди.
Сиёсат ва оналик, қатъият ва нафосат, миллий хавфсизлик ва табиатга эҳтиром... Бир қарашда турли қутблардагидек туюлган бу тушунчалар аслида бир мақсад – юрт барқарорлиги ва миллат келажаги йўлида ўзаро уйғунлашади.
Бугунги суҳбатдошимиз фаолиятида ана шундай мураккаб, масъулиятли ва шарафли вазифаларни ўзида мужассам эта олган инсон. Ўзбекистон Экологик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси, моҳир педагог ва жонкуяр сиёсатчи – Гулчеҳра ТОЖИБОЕВА.
Депутат билан мулоқотимиз ўткир ижтимоий-сиёсий масалалардан тортиб, замонавий ўзбек аёлининг жамиятдаги қиёфасигача, «яшил қадриятлар»нинг давлат ички хавфсизлигидаги аҳамияти ҳамда келажак авлод олдидаги маънавий қарзимиз ҳақидаги теран мушоҳадалар билан кечди.
– Гулчеҳра опа, бугун ҳам қонун ижодкорлиги, ҳам педагогика, ҳам экологик барқарорлик каби ўта муҳим соҳалар кесишувида фаолият юритяпсиз. Айтинг-чи, Сиз учун депутатлик масъулияти ва оналик бурчи ўртасидаги мувозанат қаерда туташади ва бугунги замонавий ўзбек аёлининг ижтимоий қиёфасини қандай тасаввур қиласиз?
– Менимча, депутатлик масъулияти ва оналик бурчи ўртасидаги мувозанат – бу қадриятлар уйғунлигида намоён бўлади. Чунки аёл киши, аввало, она. Она эса тарбиячи, масъулиятли шахс ва жамиятнинг таянчидир. Депутатлик фаолиятимда ҳам айнан шу оналик ҳисси менга куч бағишлайди, қарорлар қабул қилишда инсон манфаатини биринчи ўринга қўйишга ундайди.
Яъни, мен учун бу икки тушунча бир-бирига қарши эмас, аксинча, бир-бирини тўлдирувчи вазифалардир. Оилада фарзанд тарбиялаётган она қандай масъулиятни ҳис қилса, жамият олдида ҳам худди шундай масъулиятни ҳис қилиши керак, деб ўйлайман.
Бугунги замонавий ўзбек аёлини мен билимли, фаол, ташаббускор ва айни пайтда ўз миллий қадриятларига содиқ шахс сифатида тасаввур қиламан. У нафақат оиласида, балки жамиятда ҳам ўз ўрнига эга бўлган, қарорлар қабул қилишда иштирок этадиган, юрт равнақига ҳисса қўшаётган кучли шахсдир.
Шу билан бирга, замонавий аёл ўзининг асл фазилатларини – меҳр, сабр, фидойиликни сақлаб қолган ҳолда, янги давр талабларига мос равишда ривожланиб бормоқда. Мен ишонаманки, аёлнинг жамиятдаги фаоллиги ортиб боргани сари, оила ва жамият уйғунлиги янада мустаҳкамланади.
– Оилада ва жамиятда экологик маданиятни шакллантиришда аёлларнинг ўрни беқиёс. Оналар фарзандларига «яшил қадриятларни» сингдириши учун давлат ва қонунчилик даражасида яна қандай имкониятлар яратилиши керак, деб ҳисоблайсиз?
– Албатта, оилада экологик маданиятни шакллантиришда аёллар, айниқса оналарнинг ўрни беқиёс. Чунки боланинг биринчи тарбиячиси – она. Агар она фарзандига табиатга эҳтиром, ресурсларга тежамкор муносабат ва «яшил» одатларни ўргатса, бу келажак жамиятнинг онгли ва масъулиятли бўлишига замин яратади.
Менинг фикримча, бу йўналишда давлат ва қонунчилик даражасида бир қатор қўшимча имкониятлар яратилиши лозим.
Биринчидан, мактабгача таълим ва мактаб дастурларига экологик тарбияни янада чуқурроқ интеграция қилиш керак. Бу жараёнда оналарнинг иштирокини таъминлаш, яъни ота-оналар учун ҳам махсус ўқув дастурлари ва қўлланмалар ишлаб чиқиш муҳим.
Иккинчидан, оммавий ахборот воситалари ва рақамли платформалар орқали «яшил турмуш тарзи»ни тарғиб қилувчи лойиҳаларни кўпайтириш зарур. Айниқса, оналар учун амалий ва содда тавсиялар бериладиган дастурлар самарали бўлади.
Учинчидан, экологик одатларни рағбатлантирувчи механизмларни кучайтириш керак. Масалан, чиқиндиларни саралаш, энергия ва сувни тежаш каби одатларни йўлга қўйган оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш мумкин.
Тўртинчидан, маҳаллаларда экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, аёлларни бу жараёнларга кенг жалб қилиш муҳим. Чунки маҳалла – тарбия ва таъсирнинг энг яқин муҳити.
Қисқача айтганда, оналарга фақат масъулият юклаш эмас, балки уларни билим, имконият ва рағбат билан қўллаб-қувватлаш орқали биз жамиятда барқарор экологик маданиятни шакллантира оламиз.
– Сиз Экологик партия фракцияси аъзосисиз, лекин фаолиятингиз мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси билан боғлиқ. Бугунги глобал сиёсатда «Экологик хавфсизлик» тушунчаси қуролли кучлар ёки чегара хавфсизлиги каби муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу икки йўналишнинг кесишув нуқталарини қаерда кўрасиз?
– Бугунги кунда экологик хавфсизлик миллий хавфсизликнинг ажралмас қисмига айланган. Чунки иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва табиий ресурслар камайиши нафақат экологик, балки ижтимоий ва сиёсий барқарорликка ҳам бевосита таъсир кўрсатади.
Назаримда бу икки соҳанинг асосий кесишув нуқталари – ресурслар хавфсизлиги, иқлим билан боғлиқ хавфлар ва стратегик инфратузилмалар ҳимоясидир. Масалан, сув ёки энергия таъминотидаги муаммолар жамиятда кескинликни келтириб чиқариши мумкин.
Шунинг учун экологик барқарорликни таъминлаш – бу фақат табиатни муҳофаза қилиш эмас, балки мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамдир.
Депутат сифатида, экологик ва миллий хавфсизликни уйғун ҳолда таъминлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири, деб ҳисоблайман.
– Наманганда туғилиб, шу ерда таълим олиб, бугун пойтахтда – Олий Мажлисда катта сиёсий майдон ичидасиз. Ўзингизга ҳам педагог, ҳам сиёсатчи сифатида қандай баҳо берасиз ва ҳаётингиздаги энг муҳим тамойил нима?
– Мен ўзимни ҳам педагог, ҳам сиёсатчи сифатида қарасам, бу икки йўналишни бир-бирини тўлдирувчи фаолият деб биламан. Педагоглик менга инсонни тушунишни, сабрли бўлишни ва ҳар бир қарорда тарбия ва келажак нуқтаи назаридан ёндашишни ўргатган бўлса, сиёсат эса ана шу билим ва тажрибани жамият манфаати, мамлакат тараққиётига йўналтириш имконини беради.
Наманганда туғилиб, шу ерда таълим олганим менда юртга меҳр, халққа яқинлик ва масъулият ҳиссини шакллантирган. Бугун пойтахтда депутат бўлиб фаолият юритсам ҳам, ўзимни халқ орасидаги оддий инсон сифатида ҳис қиламан.
Мен учун энг муҳим тамойил – инсон манфаати ва ҳалоллик. Ҳар қандай қарор ёки ташаббус аввало одамлар ҳаётига қандай таъсир қилиши, унинг фаровонлигига хизмат қилиши керак, деб ҳисоблайман.
Қаерда бўлмайин, педагоглик руҳи ва халққа хизмат қилиш масъулияти фаолиятимнинг асосий мезони бўлиб қолади.
– Сизнингча, кўчага чиқинди ташламаслик ёки дарахт кесмаслик – бу шунчаки маданиятми ёки давлатнинг ички хавфсизлиги ва барқарорлигига дахлдор масалами? Буни қонунчиликда қандай мустаҳкамлаш керак?
– Оддийгина кўчага чиқинди ташламаслик, дарахтларни асраш ёки яшил ҳудудларга эҳтиёткор муносабатда бўлиш – бу фақат маданият масаласи эмас. Бу жамиятнинг экологик тафаккури билан бирга, давлатнинг ички барқарорлиги ва хавфсизлигига ҳам бевосита дахлдор масаладир.
Чунки атроф-муҳитнинг ифлосланиши, яшил ҳудудларнинг камайиши инсон саломатлигига, шаҳар муҳитига ва умумий ҳаёт сифатига салбий таъсир кўрсатади. Бу эса узоқ муддатда ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни кучайтиради.
Шу нуқтаи назардан, мазкур масалаларни қонунчиликда янада мустаҳкамлаш зарур. Жумладан, экологик қоидаларни бузганлик учун жавобгарликни аниқлаш ва кучайтириш, чиқиндиларни саралаш ҳамда қайта ишлаш тизимини ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш, шунингдек, экологик тарбия ва профилактик чораларни кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Демак, бу масала фақат маданият билан боғлиқ эмас, балки барқарор ривожланиш ва миллий хавфсизлик билан боғлиқ стратегик йўналишдир. Шу боис уни қонунчилик орқали қатъий ва тизимли тартибга солиш зарур, деб ҳисоблайман.
– Суҳбатимиз якунида ўқувчиларимизга энг муҳим тилагингизни изҳор қилсангиз. Келажак авлод олдидаги маънавий қарзимизни адо этиш учун ҳар биримиз бугун нимани англашимиз шарт?
– Ҳар биримиз ўз ҳаётимизга ва атрофимиздаги жараёнларга бефарқ бўлмасдан, ўз ишимизга катта масъулият билан ёндашсак – энг асосий тилагим шу.
Биз фақат бугунги кун учун эмас, балки келажак авлод учун ҳам яшаяпмиз. Шунинг учун ҳар бир қадамимиз, ҳар бир қароримиз қандай жамиятни шакллантираётганимизни белгилайди. Биз фарзандларимизга нафақат моддий бойлик, балки соғлом муҳит, тоза табиат ва мустаҳкам қадриятларни мерос қилиб қолдиришимиз шарт.
Энг муҳим англашимиз керак бўлган жиҳат – бу шахсий масъулият. Кўпинча катта ўзгаришларни кимдир бошлаб беради, деб ўйлаймиз. Аслида эса ўзгариш ҳар биримиздан, оддий кундалик одатлардан бошланиши керак. Масалан, табиатни асраш, ресурсларни тежаш, қонунлар ижросига қатъий риоя этиш, фарзандларга тўғри тарбия бериш – буларнинг барчаси келажак учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевор.
Шу билан бирга, биз фарзандларимизга фақат сўз билан эмас, ўзимизнинг қилаётган ишимиз билан ўрнак бўлишимиз керак. Чунки бола кўрганини такрорлайди. Агар биз табиатга эҳтиром билан муносабатда бўлсак, улар ҳам шундай камол топади.
Келажак авлод олдидаги маънавий қарзимизни адо этиш учун ҳар биримиз бугундан бошлаб онгли, масъулиятли ва фаол бўлишимиз шарт. Ана шундагина биз фарзандларимизга ҳақиқатан ҳам муносиб, барқарор ва фаровон келажакни қолдира оламиз.
«Oila va TABIAT» мухбири
Саида ИБОДИНОВА
суҳбатлашди.