Экология      Бош саҳифа

Экологик инновациялар бўйича пешқадам мамлакат Япония ушбу мақомга қандай эришди?

Япония – атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш борасида дунё аҳлига намуна бўлиб келаётган давлатлардан бири. Кунчиқар ўлка экология йўналишидаги инновациялар бўйича ҳам сайёрамиздаги пешқадам давлатлардан бири саналади.

Экологик  инновациялар бўйича пешқадам  мамлакат Япония ушбу мақомга қандай эришди?

Дунё давлатлари ҳавога чиқарилаётган карбонат ангидрид миқдорини камайтириш ҳақида бош қотираётган бир пайтда японлар бир неча одим илгарилаб, ушбу зарарли газдан янги маҳсулот олиш технологиясини амалга татбиқ этмоқда. Япон олимлари карбонат ангидриддан бетон блоклар, биоёқилғи ва ҳатто кимёвий ўғитлар ишлаб чиқариш йўлини топган.

Ушбу сирли, тилсимли мамлакатга сафар мобайнида нафақат иқтисодиёт ёки технология, балки экология йўналишида ҳам кўплаб илғор ютуқларга гувоҳ бўлдик.

 

Гард-ғубордан холи шаҳарлар

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (OECD) 2025 йилги экологик кўрсаткичлар ҳисоботида Япония атроф-муҳитга зарарли моддалар, иссиқхона газлари чиқаришни камайтиргани, мамлакат «яшил» энергетикага улкан сармоя киритаётгани эътироф этилган. Бошқа нуфузли рейтинг ва ҳисоботларда ҳам японлар экология жабҳасида эришаётган натижалар юқори баҳоланган. Ҳудуди нисбатан кичик, аҳолиси эса ўта зич Япония бу натижага осонликча эришмаган, албатта. Иккинчи жаҳон урушидан кейин етти ёшдан етмиш ёшгача – давлату раият мамлакатни оёққа турғазиш йўлида жидду жаҳд этди. Аммо иқтисодий тараққиёт ортидан қувиш оқибатида мамлакат қалтис экологик муаммоларга дуч келди. Мамлакат раҳбарияти ўз вақтида вазиятдан оқилона хулоса чиқариб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида жиддий ислоҳотларга киришди. Ўтган асрнинг 50-60-йилларида қонунчиликнинг мустаҳкамланиши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида қаъий мезонлар жорий этилиши қисқа муддатда ижобий натижа берди.

Япония шаҳарларини кезар экансиз, кўчалар чинни-чироқ экани, ҳатто дарахт баргларида ҳам гард-ғубор йўқлиги баҳри дилингизни очади. Улкан мегаполислардаги ариғу анҳорларда балиқлар эмин-эркин сузиб юрганидан ҳайратга тушасиз. Бир неча ўн миллион нуфусли Токиода атроф-муҳитни муҳофаза этиш борасида эришилаётган натижалар ақлингизни чандон шоширади. Пойтахтдаги аксар янги бинолар томи яшиллик билан қопланган. Катта йўллардаги махсус қопламалар автомобиллардан чиқаётган газларни парчалаб, зарарсиз моддаларга айлантиради. Нафақат катта трассалар, балки пиёдалар йўлакларига ҳам махсус «нафас олувчи» плиткалар тўшалган. Бу усул ҳам ҳаво сифатини сезиларли даражада яхшилайди.

– Японияда кўмирдан электр энергияси олишнинг IGCC деб аталган тоза ва юқори технологик усули ихтиро қилинган. Бунга кўра, кўмир шунчаки ёқилмайди, балки кимёвий қайта ишланиб, газга айлантирилади. Бу технология анъанавий кўмир иссиқлик электр станцияларига нисбатан анча юқори фойдали иш коэффициенти ва минимал экологик зарар билан ажралиб туради. Карбонат ангидрид миқдорини кескин камайтириш учун ушбу инновация мукаммаллаштирилмоқда, – дейди TEPSCO компаниясининг жамоатчилик билан алоқалар офиси бош менежери Ҳиро Ҳасегава биз билан суҳбатда.

Mitsubishi Power компанияси томонидан қурилган Nakoso, Hirono каби станциялар ушбу илғор технология асосида ишлайди. Мазкур технология Ўзбекистон каби кўмир захираларига эга мамлакатлар учун ҳам асқотиши мумкин.

 

«Яшил» келажак йўлида

Япония экологик инновациялари бу шунчаки техник ечим эмас, балки давлат, илм-фан ва хусусий сектор «яшил» келажак йўлида бир ёқадан бош чиқариб амалга татбиқ этаётган ҳаётбахш стратегиядир.

Замонавий шаҳарлар яшил технология ва экологик мувозанат талаблари асосида барпо этилмоқда. Япониянинг ZEB (Zero Energy Building) концепцияси биноларнинг йиллик бирламчи энергия истеъмоли балансини нолга тенглаштиришга қаратилган. Ҳукумат 2030 йилгача барча янги қурилаётган бинолар, 2050 йилгача эса мавжуд барча бинолар ушбу стандартга жавоб беришини мақсад қилган.

Япон муҳандислари янги авлод қуёш панелларини ишлаб чиқарган. Анъанавий панеллардан ўта юпқалиги ва қайишқоқлиги билан ажралиб турадиган панелларни бино томлари, пештоқлари ва ҳатто ойналарига ёпиштириш мумкин. Улар ёруғликни ўтказган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқаради. Осмонўпар биноларда ҳам бетон ўрнига ҳавони ифлослантирмайдиган махсус ёғоч материаллар ишлатилади.

Япония водород энергетикаси бўйича дунёда етакчи ўринда. Водородга асосланган транспорт ва уй хўжалик­лари кенг тарқалмоқда. Масалан, водород ёнилғиси асосида ҳаракатланувчи Toyota Mirai русумли автомобили ҳавога зарарли газ эмас, балки тоза сув чиқаради.

Расмий Токио 2050 йилгача углерод нейтраллигига эришишни мақсад қилган. Шунга кўра мамлакат ҳамда ҳудудлар, яъни префектуралар миқёсида экологияга оид қонунлар ижроси қатъий назорат қилинади. Мамлакатда ишлаб чиқарувчининг кенгайтирилган масъулияти тизими жорий этилган бўлиб, мўъжаз соат ясовчидан тортиб улкан кема ишлаб чиқарувчига қадар – барча компаниялар экологик стандартларга сўзсиз риоя этади.

Японияда ёпиқ циклли, яъни циркуляр иқтисодиёт ҳам экологик муаммоларни ҳал қилишга хизмат этмоқда. Мамлакат табиий ресурслар танқислигини иккиламчи хомашё инновациялари орқали тўлдирмоқда.

Электрон чиқиндилардан микроскопик миқдордаги камёб металларни ажратиб олишнинг илғор усуллари ихтиро этилган. Масалан, 2020 йилги Токио Олимпиадасининг 5000 дан зиёд олтин, кумуш ва бронза медаллари ҳам айнан металларни қайта ишлаш асосида тайёрланган. Бунинг учун бутун мамлакат бўйлаб 79 минг тоннадан зиёд эски гаджет (6 миллиондан ортиқ телефон) йиғилган эди. Бу тизим ҳозирда саноат миқёсида қўлланмоқда.

 

Мўъжаз шаҳарча яратган мўъжиза

Токусима префектурасидаги Камикацу шаҳарчаси етти иқлимда шуҳрат қозонган. Мўъжаз шаҳарча ўзига хос мўъжиза яратган дейиш мумкин. Бу ерда чиқинди оз эмас, нақд 45 тоифага ажратилади! Камикацуда чиқинди ташийдиган машина йўқ, аҳолининг ўзи чиқиндини тегишли марказга олиб келади. Одамлар, дейлик, шиша идиш, унинг қопқоғи ва ёрлиғигача алоҳида-алоҳида ажратади. Органик чиқинди эса уй шароитида электрокомпостер ёрдамида ўғитга айлантирилади. Хуллас, шаҳарчадаги деярли барча чиқинди иккиламчи тарзда истифода этилади ёки қайта ишланади.

Умуман, Кунчиқар ўлкада чиқиндини бошқариш инсон омилидан тўлиқ автоматик тизимга ўтмоқда, сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган саралаш конвейерлари оммалашмоқда. Япония тажрибаси экологик инновациялар фақатгина табиатни асраш омили эмас, балки иқтисодий ўсиш драйвери эканини ҳам тасдиқлайди.

 

Сут билан кирган одат

Японларнинг табиатга меҳри, ихлоси баланд. Қадимий Нара шаҳрида ҳам табиатга эҳтиромнинг юксак намунасига шоҳид бўлдик. Касуга-яма ўрмони неча асрлардан буён дахлсиз сақлаб келинмоқда. Ушбу ўрмонда дарахт кесиш ва ов қилишни тақиқлашга доир қонун 841 йилдан буён амалда! Нара кўчалари, зиёратгоҳлар бўйлаб кийиклар эмин-эркин юрганини кўрасиз. Шаҳар рамзига айланган тилсиз жониворлар неча асрлардан буён одамзод билан ёнма-ён яшамоқда.

Японияда болаларга экология алоҳида фан сифатида эмас, балки ҳаёт тарзи сифатида ўргатилади. Ҳатто мактабларда фаррошлар ҳам йўқ.

– Ўқувчиларнинг синфхонани ўзи тозалаши Японияда кенг тарқалган одат. Бизнинг қарашларимизга кўра, ҳар бир инсон ён-атрофини озода, ораста тутиши шарт. Ўқув жараёнида болаларда табиатга, атроф-муҳитга ҳурмат туйғусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Мактабимиз ҳудудида яшил ҳудуд, ҳатто сунъий ирмоқ бор. Бу ерда фарзандларимиз ўсимлик ва ҳайвонот олами билан танишадилар, бизни қуршаб турган она табиатнинг нечоғли қадр-қимматли эканини ўрганадилар, – дейди Токио шаҳридаги Азабу бошланғич мактаби директори Юичи Ҳашимото.

Кучли жамоатчилик назорати, қатъий қонунчилик ҳам юқори экологик маданиятни шакллантирган омиллар сирасига киради. Қолаверса, давлат атроф-муҳит муҳофазаси йўлида зарурий инфратузилмани яратганини ҳам таъкидлаш жоиз.

Киото протоколи – иссиқхона газларини атмосферага чиқаришини қисқартириш механизмларини белгиловчи тарихий ҳужжатдир. Мазкур ҳужжат айнан Япониянинг Киото шаҳрида қабул қилингани (1997) рамзий маънога эга. Кунчиқар ўлкадан табиатни муҳофаза этиш борасида яна кўп жиҳатларни ўрганса бўлади.

 

Собир САЛИМ, журналист

Муаллиф олган суратлар




Ўхшаш мақолалар

Андижонда  «яшил белбоғ»лар кенгаймоқда

Андижонда «яшил белбоғ»лар кенгаймоқда

🕔15:50, 13.04.2026 ✔20

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси нафақат табиатни асраш, балки халқимизнинг экологик маданиятини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Ушбу эзгу ташаббус доирасида Андижон вилоятида ҳам кенг кўламли кўчат экиш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.

Батафсил
Гулчеҳра ТОЖИБОЕВА:  «Экологик хавфсизлик  миллий  хавфсизликнинг ажралмас қисмига айланган»

Гулчеҳра ТОЖИБОЕВА: «Экологик хавфсизлик миллий хавфсизликнинг ажралмас қисмига айланган»

🕔15:42, 13.04.2026 ✔14

Жамиятнинг маънавий қиёфаси ва тараққиёт даражаси кўп жиҳатдан аёлга бўлган муносабат ҳамда хотин-қизларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштироки билан ўлчанади.

Батафсил
Экологик  таълим экологик маданиятни  юксалтиришга  хизмат қилади

Экологик таълим экологик маданиятни юксалтиришга хизмат қилади

🕔16:01, 02.04.2026 ✔59

Экологик муносабатларни тўғри йўлга қўйиш, табиий ресурсларни оқилона бошқариш ва муҳофаза этишда аҳолининг экологик маданиятини янада юксалтириш бугунги куннинг энг муҳим ва долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Мамлакатимизда бу борадаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилаётгани экология соҳасидаги сиёсий ироданинг намоён бўлаётганидан далолат беради.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Андижонда  «яшил белбоғ»лар кенгаймоқда

    Андижонда «яшил белбоғ»лар кенгаймоқда

    «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси нафақат табиатни асраш, балки халқимизнинг экологик маданиятини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Ушбу эзгу ташаббус доирасида Андижон вилоятида ҳам кенг кўламли кўчат экиш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.

    ✔ 20    🕔 15:50, 13.04.2026
  • Гулчеҳра ТОЖИБОЕВА:  «Экологик хавфсизлик  миллий  хавфсизликнинг ажралмас қисмига айланган»

    Гулчеҳра ТОЖИБОЕВА: «Экологик хавфсизлик миллий хавфсизликнинг ажралмас қисмига айланган»

    Жамиятнинг маънавий қиёфаси ва тараққиёт даражаси кўп жиҳатдан аёлга бўлган муносабат ҳамда хотин-қизларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштироки билан ўлчанади.

    ✔ 14    🕔 15:42, 13.04.2026
  • Экологик  таълим экологик маданиятни  юксалтиришга  хизмат қилади

    Экологик таълим экологик маданиятни юксалтиришга хизмат қилади

    Экологик муносабатларни тўғри йўлга қўйиш, табиий ресурсларни оқилона бошқариш ва муҳофаза этишда аҳолининг экологик маданиятини янада юксалтириш бугунги куннинг энг муҳим ва долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Мамлакатимизда бу борадаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилаётгани экология соҳасидаги сиёсий ироданинг намоён бўлаётганидан далолат беради.

    ✔ 59    🕔 16:01, 02.04.2026
  • Яшиллик даражасини оширишга ҳисса қўшганларга  махсус  мақом берилади

    Яшиллик даражасини оширишга ҳисса қўшганларга махсус мақом берилади

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Яшил макон» умумиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига кўра, 2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Рес­публикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қўшимча равишда жами майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғлари ташкил қилинади.

    ✔ 62    🕔 14:16, 02.04.2026
  • Экологик  инновациялар бўйича пешқадам  мамлакат Япония ушбу мақомга қандай эришди?

    Экологик инновациялар бўйича пешқадам мамлакат Япония ушбу мақомга қандай эришди?

    Япония – атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш борасида дунё аҳлига намуна бўлиб келаётган давлатлардан бири. Кунчиқар ўлка экология йўналишидаги инновациялар бўйича ҳам сайёрамиздаги пешқадам давлатлардан бири саналади.

    ✔ 58    🕔 14:14, 02.04.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар