Уй-рўзғорда пластик идишларни ишлатамиз, ёзаётган ручкамиз, ҳатто ёнимизда олиб юрадиган банк картаси ҳам пластикдан. Бироқ ушбу маҳсулот қулайлиги билан бирга экология ва инсон саломатлигига жуда катта хавф солаётган муаммога айланаётганига ҳамма давлатлар ҳам эътибор қаратгани йўқ.
Бундан ўн йиллар муқаддам океанларда сузиб юрувчи улкан пластик чиқинди уюмлари ҳосил бўлаётганидан ташвиш қилган бўлсак, ҳозир кўзга кўринмас микропластик заррачалари сув, турли озуқа маҳсулотлари ва ҳаво орқали атроф-муҳитда кенг тарқалиб, инсон организмига ҳам кириб келаётгани катта хавфга айланди.
Микропластик ўзи нима?
Микропластик ўлчами 5 миллиметрдан кичик бўлган пластик заррачалардир. Улар инсон кўзига кўринмас даражада майда бўлиши мумкин, аммо атроф-муҳитда ва тирик организмлар танасида фаол айланиб юради.
Микропластиклар асосан икки турга – бирламчи (косметика воситалари, идиш ва кир ювиш геллари, тиш пасталари ва бошқалар) ҳамда иккиламчи (катта пластик буюмларнинг турли таъсирлар натижасида парчаланиб кетиши орқали ҳосил бўладиган) микропластикларга бўлинади.
Агар микропластик заррачалар 1 микрометрдан кичик бўлса, улар нанопластиклар деб аталади. Ана шу нанопластиклар инсон организми учун энг хавфли ҳисобланади, чунки улар ҳужайра тўсиқларидан ўтиши мумкин. Пластик табиатда тўлиқ йўқолмайди, у фақат майдаланиб боради. Шу сабабли микропластиклар сувда, ҳавода, тупроқда ва озиқ-овқат занжирида тўпланиб, охир-оқибат инсон танасига кириб қолади.
Кундалик одатлар ва микропластик
Иссиқ овқат ёки ичимликларни пластик идишларда сақлаш ёки истеъмол қилишда, айниқса, юқори ҳарорат таъсирида пластик материаллардан микроскопик заррачалар ажралиб чиқиши мумкин. 2019 йилда PubМed халқаро илмий мақолалар базасида чоп этилган тадқиқотларда пластикдан тайёрланган фильтр-пакетли чой 95°C ҳароратда тахминан 5 дақиқа дамланганда, бир стакан ичимликка ўртача 11,6 миллиард микропластик ва 3,1 миллиард нанопластик заррачалар ажралиб чиқиши аниқланган.
Ўзбекистон дарёларида микропластик
Сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотлар микропластик муаммоси Ўзбекистон учун ҳам долзарб эканини кўрсатмоқда. MDPI халқаро илмий журналида чоп этилган мақолаларга кўра, Чирчиқ ва Қорадарё дарёлари туб чўкинди лойларининг ҳар бир килограммида 244–333 донагача микропластик зарралари аниқланган. Сирдарё ҳавзаси ва унга мансуб дарёларда микропластиклар асосан толасимон шаклда бўлиб, бу уларнинг асосий манбаи маиший чиқиндилар ва синтетик матолар эканини кўрсатади. Зарафшон дарёсидан олинган сув намуналарида ҳам микропластик заррачалар мавжудлиги қайд этилган.
Инсон саломатлигига таъсири
Микропластикнинг хавфи унинг жуда майдалиги, организм тўсиқларидан ўтиш эҳтимоли ҳамда ўзи билан бирга кимёвий ифлослантирувчиларни ташиши билан боғлиқ. Илмий тадқиқотларда микропластик таъсири қуйидаги саломатлик муаммолари билан боғлиқ ҳолда ўрганилмоқда:
Иммун тизими бузилишлари. Микропластик заррачалар организмда сурункали паст даражали яллиғланиш жараёнларини қўзғатиши мумкин. Бу ҳолат аллергик касалликлар, бронхиал астма ва айрим аутоиммун бузилишлар хавфини ошириши мумкинлиги билан боғланмоқда.
Овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари. Sciencedirect журналида микропластиклар ичак микрофлораси таркибини ўзгартириши, ичак девори ўтказувчанлигини ошириши ва узоқ муддатда функционал ичак бузилишларига олиб келиши мумкинлиги қайд этилган.
Юрак-қон томир тизими билан боғлиқ хавфлар. The New England Journal of Medicine журналида чоп этилган мақолада 34 ойлик клиник кузатувларга кўра микропластик заррачалар қон айланиш тизимига ўтиши ва бу ҳолат атеросклероз, инфаркт ҳамда инсульт хавфини 3 – 4 баробарга ошириши мумкинлиги аниқланган.
Эндокрин тизими бузилишлари. Пластик таркибида учрайдиган фталатлар ва бисфенол А (BPA) инсон гормонларига ўхшаш таъсир кўрсатувчи моддалар ҳисобланади. Улар гормонал мувозанатни издан чиқариб, болаларда ўсиш ва ривожланиш бузилишлари ҳамда катталарнинг эндокрин касалликларига чалиниш эҳтимолини ошириши мумкин.
Репродуктив саломатлик. Илмий адабиётларда фталатлар таъсири бепуштлик, сперматогенез бузилиши, ҳомила ривожланишидаги нуқсонлар ва туғма касалликлар хавфи билан боғланмоқда. Айниқса, ҳомиладор аёллар ва ёш болалар микропластик ва унга боғлиқ кимёвий моддалар таъсирига нисбатан анча заиф ҳисобланади.
Мутахассислар таъкидлашича, микропластиклар билан боғлиқ касалликлар ҳозирча тўлиқ исботланган клиник ташхис сифатида эмас, балки хавф омиллари ва эҳтимолий механизмлар сифатида ўрганилмоқда. Шу боис бу масалага ваҳима эмас, илмий эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур.
Нима қилиш мумкин?
Ошхонада иссиқ овқат ва ичимликларни пластик идишларда сақламаслик ҳамда шиша ёки металл идишлардан фойдаланиш тавсия этилади. Кийим танлашда табиий толалардан тайёрланган маҳсулотларга устуворлик бериш керак. Иложи борича фильтрланган ичимлик сувидан фойдаланиш ва болалар учун пластик идиш ва ўйинчоқларнинг хавфсиз муқобилларини танлаш зарур.
Микропластик заррачалар фақат чиқинди эмас, балки атроф-муҳит ва инсон саломатлигига дахлдор жиддий муаммодир. Уни аниқлаш ва баҳолаш учун мамлакатимизда махсус лабораториялар ташкил этиш зарурати мавжуд. Бугун қилинган онгли танловлар келажак авлодлар саломатлигини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Табиатга ташланган ҳар бир пластик парча сув ва озуқа орқали яна ўзимизга қайтиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.
Шаҳзод ТОЖИЕВ,
Экология қўмитаси ҳузуридаги
Иқлим ўзгариши миллий маркази
бош мутахассиси
«Навоийазот» АЖ ҳавога чиқаётган зарарни камайтирмоқда
🕔14:46, 12.03.2026
✔27
Бугунги кунда йирик саноат марказларида экологик барқарорликни таъминлаш, хусусан, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган заҳарли моддаларни камайтириш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Батафсил
Ўзбекистон Экологик партиясидан табиатга эҳсон: Келажак авлод учун бебаҳо мерос
🕔14:44, 12.03.2026
✔24
Бугунги кунда она табиатни асраш, экологик мувозанатни тиклаш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш нафақат давлат аҳамиятига молик вазифа, балки ҳар бир виждонли фуқаронинг инсоний бурчига айланди. Зеро, атроф-муҳит мусаффолиги – келажак авлоднинг соғлом ҳаёти учун қўйилган энг мустаҳкам пойдевордир.
Батафсил
«Ўзбеккимёмаш» заводи атрофга зарар етказяпти... ми?
🕔15:44, 06.03.2026
✔53
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Моҳира Ходжаева ҳамда халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутатлари иштирокида «Ўзбеккимёмаш» заводида навбатдаги депутатлик назорати тадбири ўтказилди.
Батафсил