Она табиатни, атроф-муҳитни асраб-авайлаш барчамизнинг асосий бурчимиз. Экологик муҳит бузилса, нафақат инсонга, балки ер, сув, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсига зарар етиб ифлосланади, зарарланади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси жорий йилнинг олти ойида асосий эътиборни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экология соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтиришда ягона ёндашувни таъминлашга қаратди.
Қўмитамиз қонун ижодкорлиги йўналишида жами 7 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлди. Шундан 6 таси қабул қилинган бўлса, биттаси иккинчи ўқиш муҳокамасига тайёрланмоқда. Аҳолининг маданий ҳордиқ ва дам олиш масканлари муҳофазасини кучайтириш, қурилишда чанг ва қум заррачалари ҳавога кўтарилишини бартараф этиш, ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилишга қаратилган ва бошқа ҳужжатлар шулар жумласидандир.
Хусусан, биргина «Ер участкаларидан фойдаланиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариш масканлари муҳофазасини кучайтиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Ҳужжат билан давлат мулки бўлган ҳамда аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни ёки уларнинг бир қисмини хусусийлаштириш ёхуд бошқача тарзда бегоналаштириш тақиқланди. Ушбу ерларда бинолар ва иншоотлар қуриш ёки мавжуд бинолар ва иншоотларнинг қурилиши майдонларини кенгайтириш, ушбу ерларнинг ҳудудини қисқартиришни тақиқлаш белгиланди.
«Қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талаблар белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун ҳам бу борадаги муаммоларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
У билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаганлик учун жавобгарликни белгиловчи қўшимчалар ва ўзгартириш киритилди. Ҳужжат фуқароларнинг ўз ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атмосфера ҳавосидан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш, тартибсиз равишда ташланадиган чанг ва қум зарраларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга хизмат қилмоқда.
Қонун лойиҳаларининг ҳар жиҳатдан пишиқ, мукаммал бўлишини таъминлашда қўмиталар ҳузуридаги экспертлар, жамоатчилик кенгаши ва ишчи гуруҳлар фаол иштирок этди. Ўтган олти ойда 37 та ишчи гуруҳ, 2 та жамоатчилик кенгаши йиғилиши ўтказилди.
Қўмитанинг илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари билан ҳамкорлигини самарали йўлга қўйишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур ташкилотлар билан 9 та меморандум имзоланиб, уларни амалга ошириш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Назорат-таҳлил фаолияти ҳам доимий эътиборимиз марказида. Ўтган вақт мобайнида 7 та парламент назорати тадбири амалга оширилди. Жумладан, давлат органлари раҳбарларининг 6 маротаба ахбороти эшитилди. Масалан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Давлат экологик назорати инспекцияси, қурилиш ва коммунал хизмат соҳаларига дахлдор вазирликлар иштирокидаги йиғилишларда уларнинг фаолияти муҳокама қилинди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш, уларни ҳал этиш, сайловчилар билан тизимли иш олиб боришга ҳам катта аҳамият берилди. Шу даврда 83 та мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг салмоқли қисми ижобий ҳал этилди.
Шу билан бирга, фуқаролар мурожаатларида кўтарилган муаммоларни бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди. Натижада кўплаб мурожаатлар бартараф этилишига эришилди. Жумладан, Фарғона шаҳрида чиқинди ташлаш жойи етишмаслиги муаммоси ҳал бўлди. Учкўприк туманидаги ғишт заводи эса зарарли чиқиндиларга қарши ускуналар билан жиҳозланди.
Ўтган даврда қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича ҳам мурожаатлар келиб тушди. Хусусан, «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритиш таклифи билдирилди. Мазкур таклиф қўмитада мурожаатчи иштирокида кўриб чиқилиб, унинг фикрларини келгусидаги қонунчилик фаолиятида инобатга олишга келишиб олинди.
Қўмитамизнинг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида тизимли ёндашув, самарали парламент назорати ва халқ билан очиқ мулоқот асосида олиб борилди. Келгусида ҳам амалдаги қонунчиликни ҳаётий эҳтиёжларга мослаштириш, аҳолининг экологик ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратамиз ва бу олдимизда турган энг асосий вазифалардан бири бўлиб қолади.
Хайрулло ҒАФФОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш
масалалари қўмитаси раиси,ЎЭП фракцияси аъзоси
Кучли партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади
🕔11:43, 20.08.2026
✔78
Бугун сиёсий партиялар маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида партия гуруҳлари институти имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия гуруҳлари фаолияти миллий қонунчиликда белгиланган ваколатлар асосида амалга оширилиб, маҳаллий вакиллик органларида сиёсий плюрализм ва депутатлик назоратини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Батафсил
2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади? Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди
🕔14:36, 14.08.2026
✔188
Инсонда табиатга оқилона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш ва атроф-муҳит софлиги учун масъулият ҳисси ёшликдан, оиладан ҳамда таълим-тарбия даргоҳларидан бошланадиган узлуксиз маънавий ва маърифий жараёндир.
Батафсил
Мустақиллик қиёфаси
🕔14:35, 14.08.2026
✔177
Ўзбекистон бундан ўн йил бурун қандай эди, ҳаётимиз, шароитларимиз, туриш-турмушимиз, тафаккуримиз, бийрон тилимизнинг ҳоли нечоғли эди ўша пайтларда?!
Батафсил