Бугунги кунда пластмасса идишларда қадоқланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш тобора кўпаймоқда. Бунинг натижасида вужудга келган салбий оқибатлар ва муаммоларни тасаввур қилишнинг ўзи ўта оғир.
Маҳсулотдан бўшаган пластмасса идишлар маиший чиқиндининг катта фоизини ташкил қилмоқда. Энг ёмон жиҳати шундаки, бу чиқиндилар ҳар қадамда теварак-атрофга сочилиб ётганини кўриш юракка оғриқ соладиган ҳолат ҳисобланади. Ҳатто шаҳар ва туман марказларида ариқ ва хиёбонлар ана шундай чиқиндилар билан тўлиб бораётгани ғоятда ачинарли. Бундай чиқиндилар вақт ўтган сайин ўз-ўзидан йўқолиб кетиш хусусиятига эга эмас. Ҳали экологик маданият тўлақонли шаклланиб, одамлар чиқиндиларни махсус белгиланган жойга ташлашни ўрганмагунча салбий ҳолатлар узоқ давом этиши муқаррар.
Дарҳақиқат, ҳар бир муаммонинг ечими устида ўз вақтида бош қотирилмас экан, унинг газак олиши оқибатида хавфлилик даражаси ҳам ортиб бораверади. Бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотларини узоқ сақланмайдиган идишларда қадоқлаш, ёрлиқлаш кун тартибидаги масала бўлиб қолмоқда. Бу борада аниқ амалий ишларга ўтиш фурсати етди, бизнингча.
Айни ёз чилласида дўкондан пластмасса идишда совутгичда турган муздек айронни олиб келиб симирмоққа шайланаркан, ёш журналист Юсуфбой Қадамов дарҳол бурнини жийиради.
– Ишлаб чиқариш санасига қарамай олаверибман. Қадоқланганига уч кун бўлибди. Ачиб кетганидан ичиб ҳам бўлмайди-я, – дейди у таъби тирриқ бўлиб.
Ҳа, яширишга асло ҳожат йўқ, бугунги кунда сут, қатиқ, айрон ва йогурт каби маҳсулотлар уларни қайта ишловчи корхоналар томонидан елим идишларда қадоқланиши катта зарарли оқибатларга олиб келмоқда. Елим идишлар ичидаги озиқ-овқат маҳсулоти билан реакцияга киришиб, инсон организми учун зарарли унсурга айланиши мутахассислар томонидан тез-тез таъкидланса ҳам негадир ундан воз кечиш осон бўлмаяпти. Шиша идишлар қадоқланган маҳсулот билан реакцияга киришмаса-да, уларда маҳсулотларни айнитмасдан сақлаш осон иш эмас.
Дарвоқе, озиқ-овқат маҳсулотларини тоза ва сифатли сақлаш учун энг қулай ва ишонарли манба бу – сопол ва қоғоз идишлар эканини, афсуски, кўпчилик билишмайди.
Сопол ва қоғоз идишлар ўз хусусиятига кўра маҳсулотларни узоқ вақт яхши сақлаш ва фойдаланиб бўлингач, зах ерда чириб, йўқолиб кетиш хусусиятига эга экани билан аҳамиятлидир.
Ўтган асрнинг 80-йилларигача кўпчилик одамларда гўшт ва сут маҳсулотларини совутгичда сақлашнинг имкони бўлмаганини кўпчилик яхши билади. Айниқса, қишлоқ жойларда совутгич ўрнини босувчи табиий буюм ва жиҳозлардан фойдаланишган ва маҳсулотларни айнитмасдан сақлашнинг турли йўлларини ўйлаб топишган.
Қадим замонлардан то яқин давргача қишлоқ жойларда ҳар бир хонадонда катта-кичик хумлар, кўза ва ибриқ, яъни оғзи нозик идишлар бўларди. Улар оддий лойдан оловда пиширилиб тайёрлангани билан аҳамиятли бўлган, албатта. Катта-кичиклигига қараб бундай идишларда сув, дон-дун, сут-қатиқ ва гўшт маҳсулотлари сақланган.
Сопол идишлар маҳсулотнинг айнимасдан узоқ вақт салқин ҳароратда сақланишига ёрдам берган. Кексаларнинг айтишича, сопол идишлар кучли сирланмаган тақдирда ўзининг ҳаво ўтказиш хусусиятини сақлаб қоларкан. Натижада бундай идишлар «нафас олиш» хусусиятига эгалиги боис ундаги сут-қатиқ ёки оддий сув муздеккина бўлиб турар экан. Бу ҳақда қизиқарли маълумотларни эшитгач, пойтахт Тошкентда айрим тадбиркорлар сут ва қатиқ маҳсулотларини бежиз кўзачаларда сотишмаётганини англаб етгандек бўламиз.
Дарҳақиқат, инсоният тараққиёт гирдобида вужудга келаётган муаммоларга ҳар қадамда ечим ахтаради. Бу ечимнинг осон ва қулай, энг муҳими, табиий усулларини ота-боболаримиз аллақачон бизга кўрсатиб кетган. Фақат биз улардан самарали фойдаланишни ўрганишимиз зарур.
Эрпўлат БАХТ
Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда мантиқ борми?
🕔11:00, 04.12.2025
✔32
Тоза ҳаво бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун дунё мамлакатларининг оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир давлатда демографик кўрсаткичлар ўсиб боргани сайин тоза ҳаво масаласи ҳам кўндаланг муаммога айланмоқда.
Батафсил
Сунъий ёмғир атмосфера ҳавосини тозалашда қанчалик самарали?
🕔10:59, 04.12.2025
✔25
Тошкент шаҳрида бир неча ҳафтадан буён давом этаётган ҳаво ифлосланиши фонида сунъий ёмғир ёғдириш масаласи яна муҳокамалар майдонига чиқди. Тўғри, юртимиз осмонида сунъий ёмғир ёғдириш ҳақида бир неча йиллардан буён айтиб келинади.
Батафсил
Уй ҳавосини энг яхши тозаловчи етита ўсимлик
🕔10:54, 04.12.2025
✔24
Қиммат техникалар эмас, табиий йўллар самарали ва зарарсиз
Батафсил