Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

УВОЛ БЎЛАЁТГАН ИҚТИДОР

Газетада кўтарилган ўткир муаммо — «Келин сандиғига солинган диплом»ни ўқиб

УВОЛ БЎЛАЁТГАН ИҚТИДОР

Қўлимиздаги бир бурда ноннинг увоғи ерга тушиб кетса, эгилиб, битта-битталаб териб олишга шошиламиз. Гўёки шу ушоқларнинг уволи тутиб, эрта-индин кўзимиз хира тортиб қоладигандек, юрагимизни недир тимдалай бошлайди. Еб-ичганимиздан ортиб қолган таомнинг айниганини сезсак, кўнглимиз хира тортади; «Бирор қўшнига узатсам бўларкан-а», деган хаёлдан хижолат чека бошлаймиз. Нега?! Биров бизга бир сўз демаса-да, нечун бу ҳолатга тушамиз? Чунки ҳаммамиз уволдан қўрқамиз. Ҳамиша кўнгли каби дастурхони, эшиги очиқ бўлиб яшаган бобо-ю бувиларимиз бизга ана шундай тарбия беришган!

«Ишонганим, суянганим биргина ўғлим бор. У институтни битираётган қизга кўнгил қўйибди. Мен уни келин қилишга рози эмасман. Боламга ўқимаган, иложи бўлса, маҳалласидан нари чиқмаган қизни олиб бермоқчиман. Бундай келин менинг йўриғимдан чиқмайди. Бир гапимни икки қилмай, «ўтир десам ўтиради, тур десам туради-да...»

«Ўқиган қизни келин қилмоқчиман. Қўшнимизнинг келини ўқитувчи. Иккита мактабда ишлайди. Ишдан келиб, репетиторлик қилади. Эрига машина олишди. Уйига кирсангиз, оғзингиз очилади...»

«Ўғлим уддабурон. Топгани ўзига етади. Ўқиган қизни келин қилсам дейман. Чунки замондан бохабар бўлса, болагинамни кўчага «ялтиратиб» чиқарса, уйининг тутумиям шунга яраша бўлади. Лекин зинҳор ишлатмайман...»

Бу гаплардан уволнинг ҳиди келмаяптими? Нега инсон ақлу заковати билан яратилажак неъматларнинг заволи хусусида қайғурамизу, эъзозлашимиз шарт бўлган кўнгилларнинг орзуси ёхуд заҳмат ва саботнинг ҳосиласи, увол бўлаётган иқтидорни тан олгимиз келмайди?!

Келин бир буюм ёки забонсиз «робот» эдимики, фақат буйруқларни бажарса. Эртасидан умиди катта бўлган давлатнинг оила бекалари, назаримда, ҳам педагог, ҳам шифокор, ҳам тадбиркор бўлиб, дунё ишларини ўрганмоғи ва шу билимлар билан фарзандларини тарбия этмоғи керак эмасми?!

Ўқиган қизни келин қилмоқ ниятида юрган опахонимизнинг фикрларидан қувонгандек бўлдик. Аммо уни «пул топувчи» сифатида билиш ҳам охири бир жоннинг уволига бошловчи йўлга ўхшайди. Негаки, ҳамма нарсанинг чегараси бўлгани каби, одамзод қувватининг ҳам ўлчами бор. Бу хулосага шунчаки бораётганим йўқ. Бир келинчакни билардим. У қайсидир ташкилотда ишлар, кечқурунлари буюртмалар олиб, пишириқларга уринар, хуллас, рўзғорнинг неки оғирлиги бўлса, елкасини тутиб берарди. Тўғри, унинг «куйди-пишди»лиги билан оиланинг камлари тўлди. Лекин кейинчалик у касалланиб қолди-ю, турмушига зил кетди. Энг аввало, қайнона ўғлининг ғамини еб, бошқа келин ташвишига тушди...

Қизларнинг аксарияти табиатан тежамкор, ота-онасининг топган-тутганига эҳтиёткор бўлади. У талабалик даврини ҳам ана шундай феъли билан ўтказади. Кўпроқ ўзининг заҳматли меҳнатига таянади. Шундай экан, ўқиган келинни фақат ўғлининг «ясан-тусан»и дастёрига айлантиришни тасаввур этишнинг ўзида худбинликнинг иллатлари ҳукм сурмаяптимикан?! Олий даргоҳ таҳсилини олган қизда илм ва истеъдод чарақлаб туриши шаксиз. Бу нур қанчадан-қанча эзгу амалларга бош бўлиши мумкин. Шарт билан эса шарофатли ниятлар устига чизиқ тортилмаяптими? Наҳотки, уларнинг уволи бўлмаса?

Мактабимизда кекса математика ўқитувчиси бор эди. У ҳар гал бизнинг билимимиздан қониқмаса, қишлоғимиздаги бир аёлнинг номини тилга олиб, «Афсус, институтга ўқишга бора олмади-да, унинг қобилияти увол кетди», — дея такрорларди. Устознинг бу мулоҳазалари маънисини энди чаққандекман.

Тўғри, бирор олий даргоҳ таълимини олмаган бўлса-да, оила тутуми, фарзандлар тарбиясини зиёдаси билан адо этаётган онажонларимиз жуда кўп. Уларнинг бу меҳнатларининг ўзи фидойилик намунаси. Айни пайтда хотин-қизларимиз жамиятнинг фаол аъзоси бўлгани ҳолда, оила бахтидан баҳраманд бўлишга ҳам ҳақлидир. Бунинг учун замондошларимизнинг ҳаётий қарашларидаги самимий уйғоқ муносабатлар катта кучга эга, назаримда.

— Келинни авлодларимизнинг давомчиси, фарзандларни оқиллик билан тарбиялай оладиган, биздан қолажак боғнинг боғбони, дея қадрлашимиз керак, — дейди фахрий ўқитувчи Ҳафиза Бозорова. — Уни орзу-ҳавасларимизнинг ижрочиси ёки рўзғорни тебратувчи асосий куч, ўғлимизнинг худбинликлари қурбони дея қарасак, қаттиқ адашамиз. Узоқ йиллар тил ва адабиёт фанидан дарс бердим. Ўғил-қиз тарбиялаб, вояга етказдим. Англадимки, қизлардаги интилувчанлик, фидойилик ўзгача. Шундай экан, уларнинг жамиятда маълум бир поғонага кўтарилиши ана шу меҳнатларнинг самараси. Дунёда инсон меҳнатини оёқ ости қилишдан ортиқ увол бўлмаса керак! Биз муаллимлар, оналар ўғилларимизни келажакда ўзини, осойишини ўйлайдиган кимсалар эмас, ёнидаги умр йўлдошининг умидлари билан ҳисоблашадиган, истеъдодини кўра оладиган, керак бўлса, уларга бу йўлда елкадош бўладиган мардлар қилиб тарбиялашимиз керак.

Мулоҳазаларимизга балки юқоридаги ҳаётий далил жавоб бўлар. Балки улкан мамлакатнинг катта-катта мақсаду муддаоларига бизнинг ана шундай жуда оддий бўлиб туюлган қарашларимиз ҳам дахлдордир.

Ойбуви ОЧИЛОВА




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔7

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔35

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔40

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар