Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида халқ манфаатларига хизмат қиладиган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари биринчи ўқишда қабул қилинди. Қонун ижодкорлигидаги бу янгиланиш мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамламоқда.
Аввало таъкидлаш жоизки, мазкур масалалар Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси йиғилишида атрофлича муҳокама қилинди. Депутатлар қонун лойиҳаларида назарда тутилган нормаларни ҳар томонлама кўриб чиқиб, ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.
Ижтимоий иш – ҳуқуқий асос топмоқда
Депутатлар «Ижтимоий иш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Ушбу лойиҳа аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига хизмат кўрсатишни яхлит ва аниқ қоидаларга асосланган ҳуқуқий асосда таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Лойиҳада «ижтимоий иш», «оғир ижтимоий вазият», «ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс (оила)» каби муҳим тушунчаларга аниқ юридик таърифлар берилмоқда, ижтимоий ишнинг асосий тамойиллари ва соҳада фаолият юритувчи ташкилотларнинг ваколатлари белгиланмоқда. Ижтимоий хизматлардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг ягона реестрини юритиш тартиби кўзда тутилмоқда. Ижтимоий ходимлар фаолиятининг шартлари, уларнинг ҳуқуқий мақоми ва давлат кафолатлари қонун лойиҳасида акс этган.
Мазкур қонун ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, хизматларнинг стандартлашувини таъминлаш ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига манзилли ёрдам кўрсатишда зарур ҳуқуқий асос бўлади.
Жарима жиддийроқ бўлиши керак...ми?
Мажлисда муҳокама этилган яна бир муҳим масала – ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси бўлди.
Охирги йилларда мамлакатимизда энергетика соҳасини модернизация қилиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳисоб-китобларни шаффоф олиб бориш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аммо ҳуқуқни қўллаш амалиётида қатор муаммолар ҳамон мавжуд.
Жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан электр ва иссиқлик энергияси, табиий газни беҳуда сарфлаш ҳолатлари учун жавобгарлик асослари белгиланмаган. 2024 йилнинг ўзида бундай ҳолатлар бўйича 17,6 мингта энергия, 7,6 мингта газ билан боғлиқ қоидабузарлик аниқланган. Соҳага оид назорат органларининг эса маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённома тузиш ваколати қонунчиликда очиқ белгиланмаган.
Шу муносабат билан, қонун лойиҳасида «O‘zenergoinspeksiya»га маъмурий баённома расмийлаштириш ҳуқуқи берилмоқда. ИИВ ва ФВВ ходимларига электр энергиясидан беҳуда фойдаланиш бўйича баённома тузиш ваколати бериш таклиф этилмоқда. Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик субъектлари сифатида белгиланмоқда, электр энергияси, газ ва сув тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда ўғирлик ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Бу қонун лойиҳаси орқали нафақат назорат тизими мустаҳкамланади, балки табиий ресурслардан самарали фойдаланишда интизом ва жавобгарлик мустаҳкамланиши кутилмоқда.
Қимматбаҳо ресурслар муомаласида аниқлик ва жавобгарлик
Валюта қимматликлари, қимматбаҳо металл ва тошлар муомаласини ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳасида қонунга зид равишда қимматбаҳо тошлар ва металлларни олганлик ёки тарқатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, соҳадаги тушунчаларнинг бир хил талқини ва уйғунлиги таъминланмоқда. Валюта тушумларини мажбурий сотишдан бўйин товлаш учун маъмурий жавобгарликни бекор қилиш таклиф этилмоқда.
Мазкур ҳужжат валюта қимматликлари, қимматбаҳо металл ва тошларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйиш ҳамда иқтисодий хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Қонун ижодкорлиги – халқ манфаатига хизмат қилувчи энг муҳим ислоҳотлардан бири. Бу галги мажлисда муҳокама қилинган қонун лойиҳалари аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига муносиб ижтимоий хизмат кўрсатишни, энергетика соҳасида шаффофлик ва интизомни, қимматбаҳо ресурслар муомаласида қонунийликни, халқаро стандартларга мослашувни таъминлашга қаратилгандир.
Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раиси:
– Одамларни ҳаётдан рози қилиш, уларни ўйлантираётган муаммоларни бартараф этиш, халқ манфаатларини ҳар нарсадан устун қўйиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканини халқимиз юракдан
ҳис этмоқда.
«Ижтимоий иш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ижтимоий иш тушунчасига янгича ёндашув берилган. Ижтимоий хизмат ва ёрдамлар нафақат давлат муассасалари орқали, балки маҳаллада, уйда, онлайн ва ҳатто хусусий сектор орқали ҳам кўрсатилиши мумкинлиги белгиланмоқда. Чунки реал ҳаётда одам дард билан келганда у қоғозбозликка эмас, инсонпарварликка
муҳтож бўлади.
Шу боис, қонун лойиҳаси ижтимоий хизматларнинг стандартларини, сифат кўрсаткичларини, молиялаштириш манбалари ва натижаларини баҳолаш мезонларини белгилаб бериши катта аҳамиятга эга эканлигини ҳисобга олиб ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладик.
Парламентда қабул қилинган янги қонунлар: халқ манфаати – олий мезон
🕔15:56, 13.04.2026
✔51
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат хавфсизлиги ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Батафсил
Шавкат МИРЗИЁЕВ: «Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак»
🕔16:03, 02.04.2026
✔151
Давлатимиз раҳбари тадбирда нутқ сўзлар экан, халқимиз азал-азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гул-у райҳонлар экканини таъкидлади.
Батафсил
Ўзбекистоннинг «яшил» тараққиёт сари дадил қадамлари
🕔15:48, 26.03.2026
✔181
Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Батафсил