Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

ИШ БИЛГАННИНГ ПИЧОҒИ МОЙ УСТИДА

Азми қатъий, тадбиркор бир кишининг минг кишига татийдиган ишлари ҳақида

ИШ БИЛГАННИНГ ПИЧОҒИ МОЙ УСТИДА

Яқинда хизмат сафари билан Қашқадарёда бўлдим. Қайтар чоғи қишлоғимга – уйимизга ҳам кириб ўтдим. Борганимни эшитса, доим амакиларим кўргани келади. Мендан ёши кичикроқ бир амакиваччам бор.

— Нима ишлар қиляпсан, Фарҳодбой? – сўрайман ундан дастурхон бўйида. Алпқомат амакиваччам қорайиб, ёрилиб кетган қўлини оҳори тўкилган эски кўйлаги енгига яширади, дастурхонга тикилганча «уҳ» тортади ва:

— Бекорчилик-да, ака, — дейди. — Иш қайда...

Фарҳод уйланган, рўзғори бор. Отаси вақтида ўқитаман деди, ўқимади, ўзи тузукроқ ишнинг ҳам бошини тутмади. Энди эса аҳвол мана шундай. Ўйлаб қоламан: ҳозирги замонда кечаю кундуз «бекорчилик» қилиб бўладими? У ёқдан — бу ёққа ўтиб, кун бўйи уйда, бекорчиликда ётган кап-катта одамга қандай тасалли бериш мумкин? Шу маҳал катта амакиларим ҳам кириб келди. Гурунг қилдик. Сафар ҳақида сўрашди.

— Қамашига келгандим, — дедим мен. — У ерда бир тадбиркор билан учрашдим, «Истиқлол агро» деган масъулияти чекланган жамияти ташкил этиб, шунга қарашли ферма ҳам очибди. 

Хуллас, кўрганларимни гапириб бердим. Эътиборталаб, нозик сигирлар

...Қамаши тумани ҳокимлиги вакили — Хуршид Хонимов ҳамроҳлигида борганимизда обод маскан — каттагина ҳудудни эгаллаган ферманинг олдида, чети одам белича келадиган ғишт девор билан ўралган оғилхона-яйловда бир сурув наслли, хориждан келтирилган сигир ўтлаб юрганди. Бири-биридан бўйдор, семиз моллар биз машинадан тушмасданоқ, бирпасда ичкарига ҳайдаб кирилди.

— Қуёш қиздирадиган палла бошланяпти, — дейди салом-аликдан сўнг ферманинг иш бошқарувчиси Олим Қодиров. — Бу сигирлар иссиққа ҳам, совуққа ҳам чидамсиз...

Фермада ўтган йили Германиядан келтирилган «Симментал» зотига мансуб, оқ-сариқ тусли ва Австриядан олиб келинган кулранг «Швиц» зотли жами 286 бош сигир боқилмоқда. Бу зотдор қорамолларга ўн икки подачи-чўпон қарайди, ўн аёл сутини соғади. Тўрт ветеринар-дўхтир кечаю кундуз чорванинг иштаҳасидан тортиб, оби-тобигача кузатиб, назорат қилиб боради.

— Зотдор молни боқишнинг ўзи бўлмайди, — дейди Олим Қодиров. — Биласиз, ўзимизнинг хонаки зот молларга қараганда чет элдан келтириладиган наслли қорамолнинг нархи неча баравар қиммат туради. Шу боис, хориждан бу молларни олиб келишдан олдин кўп нарсани ўрганиб чиқдик: поданинг ем-хашаги, захираси, қишда, ёзда боқиш шароити, парваришлаш бўйича мутахассисларни топиш — барча масалани ҳал қилгач, аниқ режа асосида иш бошладик. «Симментал» ва «Швиц» моллари жуда эътиборталаб, нозик ҳисобланади. Уларнинг олдидан сув узилмаслиги керак. Ҳар куни қатъий режим асосида емиш берилади. Улар яна витаминлар билан тўйинтирилган озиқани ўз вақтида емаса бўлмайди.  

Фермада илк бузоқ тунов кунигина туғилган экан. Шундан бери —  атиги икки ой мобайнида бузоқлар сони юз бошга яқинлашибди. Икки қатор, усти ёпиқ, узун қилиб қурилган оғил-айвонлар панжара билан бир неча бўлакка бўлинган, ҳар бирида алоҳида мол сақланади. Масалан, биринчи қатор бошида бузоқлар. Худди инкубатор жўжалари каби бир хил тус ва бўйдаги, териси силлиқ бузоқчалар диконглаб ўйнаб юрибди. Сал нарида бузоқларнинг онаси — соғин сигирлар. Ундан кейин эса бўғоз ғунажинлар. Худди ҳомиладор аёлларни парваришлагандай, уларни эҳтиёт қилиб сақлашмоқда экан. Кейинги умумий айвонда эса таналар. Улар орасида икки-уч бўрдоқи ҳўкиз кўриниб қолади...

Айланиб томоша қилар эканман, бир нарсага қизиқдим: молларнинг бирортасида ҳам шох йўқ.

— Буларнинг бузоқлигиданоқ шохи куйдириб ташланади, — дейди Олим ака. — Бир-бирини шохлаб, жароҳатламаслиги учун. Буларнинг эти, териси нозик-да.

Дарвоқе, фермада ҳар бир молнинг қулоғига махсус рақам-код қистирилган бўлиб, уларнинг ҳар бири бўйича кунлик назорат ишлари олиб борилади. Қайси бири қанча витаминли озиқа еди, қачон укол қилинди, иштаҳаси қандай, қачон урчиди, қайси пайт туғди — ҳаммаси ветеринар-дўхтирлар томонидан қайд этиб борилади.

— Худди гўдакка қарагандай боқамиз бу молларни, — дейди ветеринар  Файзулла Тожиев. — Емиши ҳам топ-тоза бўлиши керак. Уч кунда бир марта чўмилтирамиз. Ўз вақтида чорва касалликларига қарши эмлаймиз.

Қаровига яраша...

Қизиқ, бу молларни шунча қийинчилик, тағин қиммат нарх эвазига хориждан олиб келиб, яна шунча заҳматли меҳнат, оворагарчилик ҳисобига боқиш нега керак? Ундан кўра, бир бош «хорижлик» сигир ўрнига уч-тўрт бош маҳаллий қорамол олиб боққан афзал эмасми? Хаёлимга даставвал келган бу саволларни ферма иш бошқарувчисига бироз истиҳола билан бераман.

— Ҳамма гап шунда-да, — дейди Олим Қодиров. — Биринчидан, бу зотдор сигирларнинг яғрини ўртача бир ярим, танасининг баландлиги эса 1 метру 60 сантиметр келади. Бу жуда бўйдор, бақувват мол, дегани. Биз боқаётган сигирлар асосан мўл сут ва гўшт олиш учун олиб келинган. Буларнинг бир ёшдан ўтган бўрдоқиси бир тоннагача гўшт беради. Икки-уч ёшлисидан эса 1,5-2 тоннагача гўшт олинади. Сигирлари етарлича озиқа, витаминлар еса, уч маҳал сут беради.

Битта «Швиц»дан кунига 30-50 литргача, «Симментал»  сигирлардан эса суткасига 25-30 литргача сут олиш мумкин.

 Бу сигирлар сутининг озиқавий қиймати ҳам анча юқори. Хуллас, бу молларнинг ўзимизнинг хонаки зотлардан маҳсулдорлик жиҳатдан катта устунлиги бор-да.

Иш бошқарувчининг айтишича, «Симментал» бузоқлари 44-46 килограммгача туғилар экан. Ярим йил ичида уларнинг вазни тўрт баробаргача ортар экан. Бу маълумотларни эшитгач, ростдан ҳам, бу молларнинг «шохи» борлигига, чунончи, заҳматига яраша даромади ҳам катта эканига ишонч ҳосил қилдим. 

... Илгари «колхоз», «совхоз»ларнинг подахоналари — фермалари бўларди. Бутун бошли «совхоз»нинг фермасида беш юз — олти юз қорамол бўларди. Қаршимдаги — бир тадбиркорга тегишли «Истиқлол агро»нинг фермасида эса қарийб шунча туёқ, лекин ундан кўп даромад, бойлик турарди. Мустақилликнинг 25 йиллик йўлини мана шу кичкинагина мисолнинг ўзидаёқ кўрасиз, ҳикматини туясиз. 

Уйлар —   кимники?

Қорамол фермани айланар эканман, оғилхона-айвонлар қаторига янгиси қурилаётгани, унга туташ жойда эса пишиқ ғиштдан бир неча иморат солинаётганига кўзим тушди.

— Бу узун айвонни ҳали туғиладиган бузоқларга қуряпмиз, — дейди Олим Қодиров. — Қолаверса, хориждан яна шундай зотдор сигирларни олиб келишни режалаштирганмиз. Ҳадемай, молимиз сони ортиб, қўшимча жой керак бўлиб қолади. Ҳозир соғилаётган сутни вилоятимиздаги ишлаб чиқарувчиларга сотяпмиз. Анави иморатларни эса, янги цех учун барпо этяпмиз. Унда ўзимизда соғилган сутнинг катта қисмини қайта ишлаб, кефир, пишлоқ, сметана, қаймоқ, творог каби сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқармоқчимиз.

— Унча молни, яна кўп озиқа ейдиган подани қандай қилиб боқасизлар? Озмунча ем-хашак кетадими бунга? — ҳайратланиб сўрайман.

— Ем-хашак масаласи ҳал — олдиндан ғарамлаб қўйганмиз, — дейди Олим ака. — Ҳув анави бурчакда неча тонналаб силос босилган. Яна беда, маккажўхори пояси ўзимиздан чиқади. Қолаверса, олаётган даромадимизнинг бир қисмига етарлича ем-хашак жамғарса бўлади.

Ферма дарвозасидан ташқарида яна қатор иморат. Бу — ишчи-ходимлар, подабоқар ва ветеринар-докторлар учун тураржой экан. Улар оиласи билан кўчиб келган. Бу шароит уларнинг зотдор сигирлар ҳолидан кечаю кундуз хабардор бўлиши учун яратилган экан.      

Наҳотки, биз қилолмаймиз?

...Амакиларимга шу фермада кўрганларим ҳақида узоқ гурунг бердим. Гапира туриб, кўп гап хаёлимдан ўтди. Аввало, оддий бир одам, қачонлардир сизу бизга ўхшаб ҳаётда иқтисодий қийинчиларни кўрган, кейин катта таваккал қилиб, тадбиркорлик йўлини тутган киши шунча натижага эришиши мумкин экан-ку, дея ўйладим. Қамашилик бу тадбиркорнинг бугун қанча даромадга эга бўлаётгани, гўшт, сут, иш ўрни ҳисобига элга қанча фойдаси тегаётганини ҳисоблаш қийин эмас. Юртимизда бу каби узоқни кўзлаб, аниқ, пишиқ-пухта режа асосида ўз тадбиркорлик ишини, бизнесини йўлга қўйган инсонлар жуда кўп.

...Амакиваччам Фарҳодга секин кўз қиримни ташлайман: ерга қарайди. Тўғри, у ҳали ёш, ғўр. Лекин гап бунда эмас. Қишлоқда яшаган одам, хорижнинг зотдор молини эмас, ўзимизнинг жайдари қорамолни семиртириб, бўрдоқига боқиб сотса ҳам рўзғорни обод қилса бўлади-ку, демоқчиман.

Фарҳод буни сезди, бошини кўтариб, менга қаради: унинг кўзида рағбат учқуни порлаб кетгандай бўлди...  

Жасур КЕНГБОЕВ




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔42

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔54

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔59

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар