Бугун сайёрамизда бирор бир мамлакат йўқки, экологик муаммолар таҳдидидан бутунлай холи, иқлим ўзгаришларининг салбий таъсиридан четда бўлса. Чегара билмас экологик таҳдидлар мамлакатларнинг барқарор ривожланишига, инсонларнинг яшашига, ҳаёт сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда, табиий мувозанатни издан чиқармоқда.
Шунинг учун ҳам аксарият ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар тараққиёт ўзанларини «яшил» йўл томон бурмоқда. Бошқача айтганда, табиат билан ҳисоблашиш, экологик муаммолар ечими сари ҳамкорлик ришталарини боғлаш сари қадам қўймоқда.
Ўзбекистон эса бу йўл томон анча илгарироқ дадил юришни бошлади. Мамлакатимиз нафақат экологик муаммоларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича кўп йиллик тараққиёт стратегиясини шакллантирди, балки халқаро майдонда бу борада ўз сўзи ва ташаббусларини дунё ҳамжамиятига айта бошлади. Бинобарин, бугун Ўзбекистон яқиндагина мустақилликка эришган давлат эмас, балки мулоҳазакор, узоқни кўриб иш юритадиган дониш мамлакат сифатида кўпроқ намоён бўлмоқда.
Бу фикрни тасдиқлаш учун охирги 7 йил мобайнида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан
11 та резолюция қабул қилинганини таъкидлашнинг ўзи кифоя.
Уларнинг биринчиси ҳар томонлама долзарб ва аҳамияти жиҳатидан ўта устувор ўрин тутадиган ҳужжат бўлиб, «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида»ги резолюциядир. Номланишидан аён бўлиб турибдики, 2018 йил 22 июнда қабул қилинган бу ҳужжат барқарор тараққиёт, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун минтақамиз мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилгандир. Бунда аввало қўшни давлатлар билан алоқаларда ўзаро ҳурмат ва ишонч, очиқлик, муштарак манфаатдорлик каби масалаларга алоҳида урғу берилгани бугун Марказий Осиёда тобора мустаҳкамланиб бораётган дўстона руҳда ҳам кўриниб турибди.
"Биз барчамиз ҳозирги тарихий туб бурилиш палласида келгуси авлодларга сайёрамизни қандай ҳолда қолдириш ҳақида ўйлашимиз лозим.
Мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка фақат умумий интилишлар ва биргаликдаги ҳаракатлар билан эришиш мумкин. Бизга ўзаро ишонч, бирдамлик ва ҳамкорлик руҳи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур".
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳадаги алоқалар мамлакатлардаги манфаатдор томонлар саъй-ҳаракатлари билан ривожланиб бораверади. Лекин сиёсий ҳамжиҳатлик бўлмаса, бу икки соҳа турли сунъий тўсиқлар билан чегараланиб, мўртлашиб боради. Ўзбекистон мазкур резолюцияни ташаббус сифатида илгари сурганда, худди мана шу жиҳатларнинг ҳаммасини инобатга олиб, кенг тафаккурга, адолат ва биродарлик тамойилларига асосланиб иш тутган.
Айнан Ўзбекистон ташаббуси билан бугунги кунда Марказий Осиё ядро қуролидан холи ҳудуд ҳисобланади. Энди 2018 йилги резолюция билан тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш билан бирга, радиациявий таҳдидларнинг олдини олиш, барқарор энергия транзитини қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда зарур чоралар ишлаб чиқилмоқда.
Ҳужжатда сув ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва биологик хилма-хилликни муҳофаза қилишга алоҳида ўрин берилгани Ўзбекистон сиёсатининг яна бир нозик жиҳатини очиб беради. Экологик масалалар давлатнинг ва халқимизнинг доимий
эътибори марказида бўлишининг сабаби фақат Орол инқирози эмас. Йиллар давомида табиатнинг овозига қулоқ тутмаслик, эшитмаслик фақатгина денгизни жар ёқасига олиб бориб қўйгани йўқ, балки бутун Ўзбекистон экологиясини мувозанатдан чиқарди. Иқлимнинг ўзини мисол қилиб оладиган бўлсак, ёши улуғлар илгари ёз ҳам бошқача, қиш ҳам бошқача бўлганини, «аномал» ҳароратлар аллақандай ташқи таъсирлар туфайли ўнлаб йиллар давомида тасодифан бир-бир келиб қолганини, иссиқ ва совуқ мўътадил бўлганини айтади.
Оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, кўплаб касалликларнинг «дебочаси» бўлмиш йод танқислигининг олдини олиш, саҳролашиш ва шўрланишни камайтириш каби йўналишлардаги муаммолар ҳам биринчи навбатда экологияга бориб тақалади. Бинобарин, атроф-муҳит муҳофазаси ҳақида сўз борар экан, бу ҳам хавфсизик ва барқарорлик сингари алоҳида бир давлатнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳал қилинадиган масала эмас. Демак, бу жабҳада кўзланган мақсадларга эришиш учун халқаро миқёсда ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш зарур.
Ўзбекистон ташаббусидаги биргина экология соҳасига оид мана шу қисмнинг ўзиёқ мамлакатимиз раҳбарининг нечоғли оқилона ва узоқни кўзлаб иш тутаётганидан далолат беради. Шу биргина жиҳатда мақсадларнинг кўлам ва қамрови ниҳоятда кенг экани яққол кўриниб турибди.
2018-2019 йилларда БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик», «Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш» резолюциялари қабул қилинди. Маърифат соҳасига экологик маданият кириши, сайёҳлик эса атроф-муҳит озодалиги (экотуризм) ва осори атиқанинг муҳофазасини қамраши яхши маълум. Шу жиҳатдан Ўзбекистоннинг бу икки ташаббусида ҳам экология учун қайғуриш, табиатнинг дардига қулоқ тутиш ва унга малҳам бўлиш мақсадлари мужассамдир.
Юқорида таъкидланган Орол инқирози минтақа давлатларининг энг оғриқли нуқталаридан бири ҳисобланади. Бир маҳаллар мавж уриб турган, балиқчилик, кемасозлик ва бошқа турдош соҳалар барқ урган денгизнинг қуриб бориши фақат унинг ўз фожиаси эмас, ижтимоий муаммоларни қайнатиб қўзғатадиган акс-ўпқон ҳам бўлди. Одамлар касбу коридан айрилди, саломатлигини йўқотди, генофонд зарар кўрди, Оролбўйидаги аҳоли оғир деградацияга учради, ҳайвонот ва наботот олами йўқлик сари юз тутди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев анчадан буён дунё аҳли эътиборини шу инқирозга қаратиб келади. Жумладан, БМТ минбаридан ҳам. Ниҳоят, 2021 йил 18 май куни Бош Ассамблея «Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги резолюцияни қабул қилди.
Бу ҳужжат Оролбўйи ҳудудини экологик инқироз зонасидан экологик инновациялар ва технологиялар масканига айлантириш ҳамда у ерда экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий чора-тадбир ва ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Резолюцияда БМТ
аъзолари Оролбўйи минтақасида қўшма фанлараро тадқиқотлар ўтказиш ва илмий-инновацион ҳамкорликни йўлга қўйишга, бу ердаги маҳаллий ва миллий лойиҳаларда қатнашиш, жумладан, ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қиладиган иқлимга мос дарахтзорлар яратишда иштирок этишга даъват қилинади. Бу жараёнларга БМТ тизимидаги жамғарма, дастур ва муассасалар, халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотлар жалб қилинади.
«Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида» 2022 йил 11 июлда қабул қилинган резолюцияда бевосита унинг номидан келиб чиқадиган масалалар ва бошқа алоқадор соҳалар қаторида озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик муаммолар ва «тоза» энергиядан фойдаланиш масалаларига катта эътибор қаратилган. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий офатлар хавфини камайтириш ва экологик барқарор технологияларни жорий этиш бўйича қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш муҳим вазифа этиб белгиланган.
Ўша йил 10 ноябрь куни яна бир ҳужжат – «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюция қабул қилинди. Ўйлаймизки, бу мавзунинг ортиқча изоҳга эҳтиёжи йўқ – демократик-ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этаётган ҳар қандай мамлакатда ҳокимият бўғинларидан бири бўлмиш қонун чиқарувчи органнинг иштирокисиз ё назоратисиз ҳеч бир муҳим ишга қўл урилмайди. Инсонийлик мезонларига таянадиган барча давлатларда «яшил» ҳаракат ё «яшил» партия бор. Уларнинг парламентдаги таъсири ортиб бориши, ўз овозига эга фракцияси фаолият юритишида ҳам Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятига намуна кўрсатмоқда. Ўзбекистон Экологик партиясининг барча сиёсий жараёнларда фаол иштирок этаётгани, ўтган парламент сайловларида партиямиз ўзининг илгариги натижасини анчагина яхшилашга эришгани ҳам бунга яққол мисол бўла олади.
Мамлакатимиз парламентлараро алоқаларни ривожлантириш асносида экологик муаммоларнинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этиш, атроф-муҳит муҳофазаси масалаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга янги йўл очмоқда.
2023 йилнинг 19 декабрида «Марказий Осиё экологик муаммолар қаршисида: Барқарор ривожланиш ва фаровонлик учун минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш» резолюцияси қабул қилинди. Бу минтақамиз учун бевосита экология масалалари билан боғлиқ энг нуфузли ҳужжатлардан биридир. У иқлим ўзгариши замонамизнинг энг мураккаб муаммоларидан бири экани ва барқарор ривожланиш йўлида барча мамлакатлар учун кўп қийинчиликлар туғдираётганига оламшумул расмий тасдиқ бўлди.
Резолюция Марказий Осиё, жумладан, Оролбўйидаги экологик муаммоларни ҳал этиш, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича чоралар қабул қилишга кўмаклашиш учун минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашни кўзда тутади. Эътибор қаратилган асосий соҳалар – қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, уни истеъмол қилиш ва ишлаб чиқаришнинг оқилона моделларини жорий этиш, ўрмонлаштириш ва ўрмонларни тиклаш, чучук сув ресурсларидан тўғри ва рационал фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, энергия самарадорлигини таъминлаш, сайёҳликни, жумладан, экотуризмни ривожлантириш, «ақлли» шаҳарлар ва «тоза» транспорт инфратузилмаларини барпо этиш, қурғоқчиликка чидамлиликни таъминлаш ва ерларнинг деградациясига қарши курашиш. Ҳужжатга биноан, эндиликда шу ва бошқа алоқадор йўналишларда Марказий Осиё мамлакатларининг илмий-технологик салоҳияти халқаро ҳамкорлик миқёсида мустаҳкамланади ва ривожланади.
Ўзбекистоннинг яна бир ташаббуси бўлган бу резолюция нафақат минтақамиз, балки бутун дунёда иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатишга хизмат қилади. У орқали БМТ ўз тизимидаги тузилмалар, халқаро ташкилотлар ва молиявий муассасалар, хусусий сектор, инвестор ва донорларга Марказий Осиёдаги экологик муаммоларни ҳал этишга ресурс сафарбар қилиш ва ёрдам кўрсатишни тавсия этади.
2024 йил айниқса анча илғор бўлди. БМТ Бош Ассамблеяси 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб
эълон қилиш, деградацияга учраган ерларда ўрмон ҳудудларини барқарор бошқаришга кўмаклашиш, улар ҳудуди қисқариб кетишининг олдини олиш ва ўрмонлар яратиш, ўрмончилик билан боғлиқ экологик муаммоларни самарали бартараф этиш тўғрисида резолюциялар қабул қилди.
Халқаро цивилизациялар мулоқоти кунини белгилашдан кўзланган мақсад маданиятлар ва цивилизациялар хилма-хиллиги шароитида халқлар ўртасидаги ўзаро англашув, ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдир. Бундай мулоқот фақат тинчлик-тотувлик, бағрикенглик ва тараққиётга хизмат қилади.
Табиийки, бу жараёнда экология масалаларига ҳам эътибор қаратилади. Негаки, экология бобида хотиржам бўлмай туриб бошқа ишни бажариш осон эмаслигини, кўп ҳолларда имконсизлигини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди. Қолаверса, тажриба, билим, кўникма ва маҳорат алмашуви экология соҳаси учун ҳам жуда муҳим. Дейлик, Нидерландия денгиз сатҳидан пастда, сувдан ҳимояланишга яхши ўрганган, бизда қурғоқчилик муаммолари мавжуд. Бир қарашда қарама-қарши мавзулардек туюлса-да, асоси оби ҳаёт – сув бўлгани учун сувни бошқариш масалаларида бирининг билгани қаердадир албатта иккинчиси учун асқатади.
Деградация хусусида ҳам шу йўсин фикр юритиш мумкин. Резолюцияда имкони бўлган барча манбалардан янги ё қўшимча ресурсларни жалб этиш, бу жараённи фаоллаштириш, ўрмон хўжалигининг илғор усулларини жорий этиш, тегишли лойиҳа ва дастурларда иштирок этишни кенгайтириш каби тадбирлар мақсад қилиб белгиланган.
Ҳа, Ўзбекистоннинг БМТ минбаридан туриб илгари сураётган ташаббуслари Бош Ассамблея томонидан катта хайрихоҳлик билан қабул қилинмоқда. Бунинг моҳиятида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёвнинг узоқни кўра билиш сиёсати, кўпчиликни ташвишга солиб келаётган муаммоларни кун тартибига олиб чиқа олиш, амалда самара берадиган қарорлар қабул қилиш, бир сўз билан айтганда, бўларли гапни айтиш фазилати мужассамдир. Бунинг аҳамиятини, нақадар долзарблигини, барча мамлакатлар келажагига дахлдорлигини чегара билмас экологик муаммолар кўрсатиб турибди. Табиатнинг ўзи бутун инсониятни, барча миллатларни мана шунга даъват этмоқда.
Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон Экологик партияси
фракцияси раҳбари