«Умримни атроф тозалигига бағишладим ва бундан фахрланаман!»
Орамизда шундай касб эгалари борки, улар иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай, зиммасига юклатилган вазифани сидқидилдан бажариб, нафақат оиласи, қолаверса, эл-юрти ободлиги йўлида ҳалол меҳнат қилиб келмоқда.
Ана шундай фидойи ходимларни муносиб тарзда эътироф этиш мақсадида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан «Тозалик посбонининг бир куни» номли лойиҳа йўлга қўйилди.
Лойиҳанинг дастлабки қаҳрамони Самарқанд вилояти Жомбой тумани «Тоза ҳудуд» давлат корхонаси филиали юк ташувчиси Баҳром Қаршиевдир.
Баҳром Қаршиев санитар тозалаш соҳасида 10 йилдан ортиқ вақт давомида хизмат қилиб келмоқда. Қаҳрамонимиз тонг саҳардан кеч тушгунга қадар аҳоли турар жойлари, кўчаларга ташлаб кетилган чиқиндиларни махсус транспорт воситасига ортиб, керакли манзилга олиб боради.
«Касбнинг яхши-ёмони бўлмайди. Муҳими, ҳалол меҳнат, – дейди қаҳрамонимиз. – Ризқимни шу касб ортидан топяпман. Шунинг учун виждонан ишлашга, бирорта ҳам чиқинди қолдирмасликка ҳаракат қиламан. Шу меҳнатим туфайли оиламни боқяпман, нолимайман».
Баҳром Қаршиев машаққатли ва фидокорона меҳнатлари туфайли «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
«Жуда хурсанд бўлдим. Кўкрак нишонини оиламга, қизимга, ҳамкасбларимга кўрсатганимда касбимдан яна бир бор фахрландим. Касбимиз эътиборда эканлигини, меҳнатимиз доимо қадрланишини ҳис қилдим», – дейди Баҳром Қаршиев камтарлик билан.
Умрини инсонларнинг оғирини енгил қилиш, экология, атроф-муҳитни озода сақлашга бағишлаган Баҳром Қаршиев бугун икки фарзанднинг отаси, оиласи билан бахтли ҳаёт кечирмоқда.
Минг афсуски, кўча-кўйда дуч келган жойга чиқинди ташлаб кетаверамиз, аммо бу хатти-ҳаракатимиз атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлишини, кимлардир шу чиқиндиларни тозалаши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Барчангизни чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлашга, атроф-муҳитни ифлослантирмасликка, шу соҳада хизмат қилаётган Баҳром Қаршиев каби инсонларнинг меҳнатини қадрлашга чақирамиз.
Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача
🕔14:28, 22.10.2026
✔23
Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.
Батафсил
Қонунларимиз болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қила оладими?
🕔13:16, 15.10.2026
✔155
Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, дунёнинг исталган нуқтасидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда.
Батафсил
Асалари учраётган хатар – экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф
🕔14:57, 08.10.2026
✔220
Табиатда шундай жонзотлар борки, уларнинг миттигина фаолияти бутун инсоният ҳаёти учун катта аҳамият касб этади.
Батафсил