Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

УМР САВДОСИ ОСОН ЮМУШ ЭМАС

«Оила даврасида» газетасининг шу йил 8 сентябрдаги 36 (226)-сонида чоп этилган «Совчи ким? Совчилик нима?» деб номланган мақолани зўр қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Муаллиф масалага қамровни кенг олиб, теран ёндашибди.

УМР САВДОСИ ОСОН ЮМУШ ЭМАС

Дарҳақиқат, айрим хорижликлар учун бизнинг қадимий удумимиз — совчилик билан боғлиқ урф-одатларимиз ғайритабиий туюлиши мумкин. Бунга ажабланмаслик керак. Демократияни байроқ қилиб олган айрим мамлакатларда умр савдоси жуда ғаройиб тарзда ҳал қилинади. Ўзларича севишгандек бўлиб, оила қуришга аҳд қилган ёшлар худди томдан тараша тушгандек ота-онасининг ҳузурига бориб, бўлажак умр йўлдошини таништиради ва мақсадини айтади. Мабодо ота-она эътироз билдиргудек бўлса, шахсий ҳаётини ўзи ҳал қилишга қодир ва ҳақли эканини писанда қилади. Шунда ҳам розилик ололмаса, уялмай-нетмай фарзанд кутишаётганини ошкор этишади. Уларда ота-онанинг розилиги, оқ фотиҳаси шарт эмас. Дарвоқе, ҳали никоҳ қайд қилинмасдан, ҳали тўй бўлмасдан олдин бирга яшашдай ярамас, ахлоқсиз одат (фуқаролик никоҳи деб аташади) уларда оддий ҳол ҳисобланади.

Шарқ бундай ахлоқсиз турмуш тарзини ҳазм қилолмайди. Аммо «оммавий маданият» деб аталувчи бало ниқоби остида бизнинг турмуш тарзимизга муттасил тазйиқ ўтказишга уриниш бўлаётганига ҳам бефарқ қарамаслигимиз лозим. Бизда ҳали-ҳамон ёшларнинг умр савдоси совчилик орқали ҳал бўлаётган экан, бундай шарафли ишни ўз зиммасига олган шахсларнинг масъулияти ниҳоятда улкан эканини алоҳида қайд этмоқчиман. Совчилик осон юмуш эмас. Шу боис бу ишга, аввало, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, билим-савияси юқори кишилар жалб этилади.

Шу ўринда ўзим кўп кузатган ва ҳамма биладиган бир ҳолатга диққатни жалб қилмоқчиман. Бўлажак келиннинг тарбияси, одоб-ахлоқи, ота-онасининг қандай одам эканини бир-икки ташриф, суриштирув орқали билиб олиш осон эмас. Табиийки, бундай муҳим маълумотларни олиш учун биринчи галда маҳалладан, қўни-қўшнилардан сўраб-суриштирилади. Худди шу ўринда масаланинг энг қийин, нозик жиҳати кўндаланг бўлади.  Ҳеч ким  қўшнисини ёмон дегиси келмайди. Қўшнининг камчилигини очиқ айтиш осон эмас. Ҳамма ҳам тўғри гапни айтавермайди, шу боис осонгина, бир оғиз гап билан «яхши» деб қўяверади. Бу ҳам бизнинг менталитетимиз билан боғлиқ  хусусият. Кўпгина оилавий можароларнинг бир учи мана шу нозик нуқтага келиб тақалмасмикин? Назаримда, бу муаммо фақат совчилар билан боғлиқ бўлмаса керак. Йигит томон ҳам, қиз томон ҳам бўлажак умр йўлдошининг характери, хонадони, ота-онаси ҳақидаги бор ҳақиқатни билиб олиши шарт. Акс ҳолда, тўйдан кейин «Вой шўрим, куёвимиз нобоп экан!..» дея оҳ уришдан фойда йўқ.

Оила қуришдаги энг муҳим масала — икки ёшнинг бир-бирига муносабати, аниқроғи — майли, хоҳиши, албатта. Муҳаббат асосига  қурилган оила мустаҳкам бўлади. Афсуски, ҳаётда бу муҳим масалага юзакироқ қараш ҳоллари ҳам учрайди. Ота-онамиз бир-бирини чимилдиқда кўришган, яхши кўришиш шарт эмас, кейин кўникиб кетишади, дея умр савдосига енгилтаклик билан қараш  ҳоллари янгилик эмас. Оқибати эса аён...

Айрим ҳолларда йигит ва қизнинг кўнгли эмас, қудаларнинг бойлиги, мавқеи, обрў-эътибори асосий мезон қилиб олинаётгани ҳам сир эмас.  Натижада, қиз ва йигит эмас, қудалар бир-бири билан топишади. Бу эса кўп ҳам яхшилик билан тугайвермайди. Юқорида номи айтилган мақоладаги қуйидаги мулоҳазалар мени сал  ажаблантирди.

«Катталар қизи бор хонадонларни суриштириб, ўзаро маслаҳатлашиб, ҳамма томонини ҳисобга олиб, кейин энг эътиборли кишиларни олиб совчиликка боришарди. Йигит билан қизнинг ота-онаси бир тўхтамга келгач, ёшлар бир-бири билан кўришарди...»

Шу ўринда табиий савол туғилади. Мабодо қиз билан йигит бир-бирига маъқул бўлмай қолса-чи? Унда ортиқча оворагарчилик, ноқулайлик, хижолатпазлик пайдо бўлмайдими? Яхшиси, хайрли ишни ёшларни бир-бири билан таништиришдан бошлаган маъқул эмасми?

Мен ҳам бир  қизни чиқариб, уч ўғилни уйлаганман. Ҳаммасининг оиласидан кўнглим тўқ. Аммо ўғилларни уйлашда муносиб келин топиш осон бўлмаган. Эсимда, бу мушкулот билан ўзим астойдил шуғулланганман. «Номзод топувчилар рўйхати» деган алоҳида дафтар тутганман. Унда, аввало, маҳалланинг раислари, фаоллари, институтнинг домлалари  ва эл-юрт ичида  кўп юрадиган шахсларнинг исм-шарифи қайд этилганди. Ҳар куни уларни безовта қилиб, «Хўш, номзод топилдими?» дея сўраб турардим. Жавоб ижобий бўлса, инжиқ ўғилларни бўлажак келин билан учрашишга даъват этардим. Оллоҳга шукрки, саъй-ҳаракатларим бесамар кетмади. Ҳозир келинларимни ўз қизимдек, куёвимни ўз ўғлимдек яхши кўраман.

Шодмон  ОТАБЕК,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔7

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔35

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔40

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар