Табиат      Бош саҳифа

Хонқалик фермер даласини «сувтекин»га суғориш йўлини топди

Электр энергиясига бўлган талаб йилдан-йил ошиб бормоқда. Турмуш тарзимизнинг ҳар бир жабҳасида энергияга эҳтиёж юқори. Улкан корхоналарни қўя турайлик, рўзғоримизнинг ўзида электр энергияси бўлмаса, оддий матоҳга айланиб қоладиган жиҳозлар қанча?!

Хонқалик фермер даласини  «сувтекин»га  суғориш йўлини топди

Хонқалик фермер Камолиддин Юсупов амалиётга татбиқ этаётган тажриба айнан мавжуд муаммоларга тўлиқ ечим топиш йўлидаги чин маънодаги ҳаётий ҳаракатдир.

Қирқёп қишлоғида фаолият юритаётган «Тўтижон Бекметова» фермер хўжалиги 106 гектар майдонда деҳқончилик қилади. Жорий йилда фермер 74 гектар майдонда пахта ва 32 гектарда буғдой етиштирмоқда. Бу майдонларни мунтазам сув билан таъминлаш учун фермер учта сув чиқариш насослари ўрнатган. Ўтган йили фермер ишлатган электр энергияси учун 179 миллион сўм сарфлаганди. Бу дегани камида 50 тонна буғдой ишлатилган электр учун ҳавога учганини англатади.

Ана энди бу йилдан бошлаб, шу каттагина харажатлар фермернинг ёнига қоладиган ва ҳатто қўшимча даромад ҳам келтирадиган бўлиб турибди.

Қандай қилиб дейсизми?

– Ўзимизча ҳисоб-китоб қилиб кўргач, сув насосларига электр энергияси етказиб берадиган қуёш панеллари ўрнатишга қарор қилдик, – дейди Камолиддин фермер. – «Amirbek sunny trade» фирмаси дала бошига 75 кВт қувватига эга қуёш панеллари ўрнатиб берди. Улар бу ускунанинг бенуқсон ишлаши учун 25 йил кафолат беришди ва яна бир йил бепул хизмат ҳам кўрсатишади. Қуёш панеллари учун бир қарич ҳам экин ери кетгани йўқ. Бетон солманинг бир томонига 110 та, бошқа томонига 20 та қуёш панеллари ўрнатилди. Олдинлари мавсумда ҳар куни 600 кВт электр энергияси ишлатардик. Баъзан, биласиз, таъминотда узилишлар содир бўлганида қанчалаб вақтимизни кутиш билан ўтказардик. Чанқаган экинлар эса кутиб ўтирмайди. Масалан, ғўза ниҳоли ўз вақтида сув берилмаса, ҳосил нишоналарини тўкиб юбориши мумкин. Энди эса ихтиёр ўзимизда, хоҳлаган вақтида насосни ишлатамиз. Бу билан, биринчи навбатда ҳосил нобуд бўлишининг олди олинади. Вақтида суғорилган буғдой ёки бошқа экинлар кўнгилдагидек ҳосил беради.

Қуёш панеллари ўрнатиш учун жами 300 миллион пул сарфланган. Кўпми? Бир қараганда шундай кўринади. Аммо фермер шу вақтгача йилига 180 миллион сўм (айни пайтда яқиндан бошлаб электр нархи ошганини ҳам унутманг) маблағни фақат электр энергияси учун сарфлаётганини ҳам инобатга олайлик. Деҳқонча ҳисоб-китоб қилсак, фермернинг қуёш панеллари учун кетган пули кўпи билан икки йилда ўзини қоплаши мумкин. Бу қолган йигирма уч йилда фермер учун электр энергияси текин бўлади дегани эмасми?

Фермер бўлса бизнинг жайдари хомчўтимизни эшитиб, мийиғида кулиб қўяди ва шундай эътироз билдиради:

– Биринчидан, бизлар сув насосларини йил – ўн икки ой ишлатмаймиз. Қишда кўпи билан уч ҳафта ерлар шўри ювилади, баҳор ва ёз ойларида эса кўпроқ ишлатамиз. Ҳисоб­лаб кўрсак, уч кун насос ҳайдасак, яна уч кун дам оларкан. Қуёш панеллари эса «дам олиш»ни билишмайди – узлуксиз электр токи ишлаб чиқараверади. Ана шу ишлаб чиқарилган токни биз электр таъминоти идорасига сотамиз. Бу борада шартнома тузиб, керакли ускуналарни ҳам ўрнатдик.

Демак, фермер сарфлаган харажатни бир йилда қопларкан. Зўр-а? Ёнгинамизда фаолият юритаётган «Анвар-Акбар» фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор Юсуфбой ака Рўзметов гурунг орасида йилнинг дастлабки уч ойи, яъни деярли қиш мавсумида иккита сув насосига электр истеъмоли учун 16 миллион сўм кетганидан ёзғирувди: «Баҳор ва ёзда бу рақам икки-уч ҳисса ошиб кетади. Электр энергияси учун сарфлаётган маблағим даромадимни йил сайин ўпириб бормоқда».

Очиғини айтиш керак, бу аламли гаплар бошқа фермерларга ҳам тегишли. Устига устак, «Фермерлар жуда кўп электр токи истеъмол қиляпти», дея ерлик аҳоли ҳам норозилик билдираётгани ҳақиқат. Электр таъминотидаги мажбурий узилишлар, чекловларни ҳам айнан фермерларга тўнкашади.

Яқинда Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов Хонқа туманига келиб, Камолиддин Юсупов қўллаётган замонавий тажрибани ўрганди. Янгиликнинг мусбат томонлари кўп­лигини инобатга олиб, бу тажрибани бошқа фермерлар ҳам амалиётга айлантириши давр талаби эканини алоҳида қайд этди. Агарда Камолиддин яхши ниятлар билан бошлаган тажриба кенг ёйилса, вилоятда электр таъминотида кескин ўзгаришлар бўлиши тайин. Бундан нафақат фермер ё тадбиркорлар, балки жамоатчилик ҳам манфаатдор бўлиши аён.

Янги аср бошидаёқ дунёнинг ривожланган давлатлари айнан шу муаммога ечим сифатида муқобил электр манбаларидан фойдаланишга ўтишни бошлашганди. Бизлар ислоҳотларнинг сўнгги босқичида мазкур муаммо ечимини ҳал қилишга киришдик.

Яна бир гап. Қуёш панеллари оддий аҳоли ўртасида тезда оммалашиб кетмаётгани ҳам бесабаб эмас. Бунга мазкур усулни мутахассислар шу мавзуда кенг тарғибот-ташвиқот ишларини бевосита амалий ишлар билан кенг оммага етказа олмаётгани сабаб бўлаётганини ҳам яширмаслик керак.

...Катта қизимнинг куёви банкда ишлайди. Улар ўтган йили уйларига қуёш панели ўрнатишган эди. Май ойидан бошлаб электр энергияси нархлари ошгани, кимки 30 апрелгача олдиндан пул тўласа электр энергияси учун эски тарифда тўлаши мумкинлигини эшитгач, ҳисоб рақамимизга 300 минг сўм ташлаб, қизимга ҳам бу борада эслатдим.

Унинг жавоби мени ғоят ҳайратлантирди, ҳавасимни келтирди:

«Бизлар қиш ойларида ойига эллик минг сўмча тўладик. Бошқа вақтлари бир сўм ҳам тўламаймиз, аксинча, ортиқча ишлаб чиқарилган токни электр таъминоти идорасига сотяпмиз!»

Кўрдингизми, оддий бир хонадон мисолида ўзини оқлаётган тажрибанинг афзаллигини. Ана энди бу тежамкорликни йилига юзта хонадонга етадиган ток ишлатадиган фермерга қиёсланг!

Мана сизга муаммонинг оддий ечими қаерда?

Шубҳамиз йўқки, яқин йилларда хонқалик бир фермер бошлаган замонавий тажриба оддий ҳодисага айланади ва тизимдан «муаммо» сўзи умуман чиқариб ташланади!

Ҳа, айтганча, Юсуфбой ака Рўзметов кеча мендан хонқалик Камолиддин фермернинг телефон рақамини сўради. Демак, яна бир замондошимиз яқин кунларда қуёш панеллари ўрнатиб, далаларини «сувтекин»га суғоради.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси




Ўхшаш мақолалар

Фарғонада тиббий  чиқиндилар муаммоси: мутасаддилар нега  жим?

Фарғонада тиббий чиқиндилар муаммоси: мутасаддилар нега жим?

🕔14:57, 06.02.2025 ✔20

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Жавлон Абдуллаев Фарғона вилоятида олиб борган ўрганишлари давомида Бувайда тумани марказий шифохонаси ҳовлисида тиббий чиқиндилар ойлар давомида йиғилиб қолганининг гувоҳи бўлди.

Батафсил
Табиат бағридаги  умр

Табиат бағридаги умр

🕔14:54, 06.02.2025 ✔15

Тожиали ота Нортожиевни фарғоналиклар яхши танийди. Қўштепа туманининг «Қоражийда» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи  нуроний отахон ёшлардек шиддатли, табиатга меҳр қўйган соҳибкорлардан бири.

Батафсил
Табиат билан уйғунлик  даромадингизни кўпайтиради

Табиат билан уйғунлик даромадингизни кўпайтиради

🕔14:53, 06.02.2025 ✔14

Нафас йўли касалликларининг тарқалишига табиатдаги ифлосланишнинг асосий кўрсаткичларидан бири бўлган РМ2.5 нинг таъсири катта. РМ2.5 эмиссиясининг 1 микронга камайиши (м3 майдонга) нафас йўли касалликлари туфайли ўлимни 2-3 кишига (100 минг киши ҳисобига) камайтириш имконини беради.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Фарғонада тиббий  чиқиндилар муаммоси: мутасаддилар нега  жим?

    Фарғонада тиббий чиқиндилар муаммоси: мутасаддилар нега жим?

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Жавлон Абдуллаев Фарғона вилоятида олиб борган ўрганишлари давомида Бувайда тумани марказий шифохонаси ҳовлисида тиббий чиқиндилар ойлар давомида йиғилиб қолганининг гувоҳи бўлди.

    ✔ 20    🕔 14:57, 06.02.2025
  • Табиат бағридаги  умр

    Табиат бағридаги умр

    Тожиали ота Нортожиевни фарғоналиклар яхши танийди. Қўштепа туманининг «Қоражийда» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи  нуроний отахон ёшлардек шиддатли, табиатга меҳр қўйган соҳибкорлардан бири.

    ✔ 15    🕔 14:54, 06.02.2025
  • Табиат билан уйғунлик  даромадингизни кўпайтиради

    Табиат билан уйғунлик даромадингизни кўпайтиради

    Нафас йўли касалликларининг тарқалишига табиатдаги ифлосланишнинг асосий кўрсаткичларидан бири бўлган РМ2.5 нинг таъсири катта. РМ2.5 эмиссиясининг 1 микронга камайиши (м3 майдонга) нафас йўли касалликлари туфайли ўлимни 2-3 кишига (100 минг киши ҳисобига) камайтириш имконини беради.

    ✔ 14    🕔 14:53, 06.02.2025
  • Меҳрибон  лайлаклар

    Меҳрибон лайлаклар

    Акмалжоннинг дадаси дам олиш куни қишлоқда яшайдиган ўртоғиникига бормоқчи бўлди. Йўл олис бўлгани учун ҳамроҳ бўлади, дея ўғлини ўзи билан бирга олди. Беш ёшли Акмалжон узоқ йўлга, бунинг устига қишлоққа илк марта бораётгани учунми, машина ойнасидан кенг далаларга ҳавас билан қараб кетарди.

    ✔ 13    🕔 14:49, 06.02.2025
  • «ЯШИЛ  БЕЛБОF»ЛАР  Уларни бугун  яратишимиз керак, эртага кеч бўлади

    «ЯШИЛ БЕЛБОF»ЛАР Уларни бугун яратишимиз керак, эртага кеч бўлади

    Ер юзида аҳоли сони кўпа­йиши қатор демографик муаммоларни келтириб чиқарди, хусусан, глобал исишга олиб келди. Бугун дунё бўйлаб ҳаво ҳарорати 1,5 даража кўтарилгани кузатилмоқда.

    ✔ 34    🕔 16:09, 31.01.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар