Жорий йилнинг 20 июль куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Чорвоқ» сув омбори ҳудудида фожиа юз берди.
«Бурчмулла» сув ҳавзасига дам олиш мақсадида келган Зангиота туманида истиқомат қилувчи 19 ёшли фуқаро сувда тез ҳаракатланувчи моторли скутерни ҳайдаш вақтида бошқарувни эплай олмай, қаршисидаги катамаранга бориб урилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар беришича, оқибатда катамаранда бўлган икки нафар фуқаро тан жароҳати олган. Фарғона вилоятидан дам олиш учун келган бу фуқаролар олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этган.
Бош прокуратура матбуот котибининг ёзишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 260-моддаси (Темир йўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспортининг ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда ушбу бахтсиз ҳодиса рўй бериш сабабларига бироз тўхталиб ўтсак. Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори 3-банд «ж» кичик бандида шундай ёзиб қўйилган:
«Чорвоқ» сув омборида моторсиз, муқобил энергия манбаларида ҳаракатланувчи ҳамда махсус вазифаларни бажариш ваколатига эга бўлган вазирлик ва идораларнинг моторли сув транспорти воситаларидан ташқари барча моторли сув транспорти воситаларининг ҳаракатланиши, шунингдек, Чирчиқ дарёси ва унинг ирмоқларида (махсус ажратилган сув ҳавзаларидан ташқари) чўмилиш, транспорт воситаларини ювиш ва маиший чиқиндиларни ташлаш тақиқланади».
Ҳукумат қарорида аниқ қилиб ёзиб қўйилган экан, унда «Чорвоқ» сув омборида дам олувчилар учун неча йиллардан буён хизмат қилаётган моторли сув транспортлари, скутерлар ҳаракатидан, наҳотки, бирор бир мутасадди ташкилот бехабар бўлса?! Устига-устак бундай скутерларни ижарага берувчилар ҳеч қандай қонун-қоидаларсиз, хавфсизлик шартларига умуман риоя қилмаган ҳолда фаолият кўрсатиб келаётганини шу вақтгача ҳеч ким «кўрмагани» ҳам қизиқ.
Юз берган фожиадан кейин Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев шундай муносабат билан чиқди:
Бўстонлиқдаги «Чорвоқ» сув омбори «Бурчмулло» сув ҳавзасидаги аянчли воқеа, давом этаётган тартибсизлик натижаси, дейиш мумкин.
Афсуски, асосан ичимлик сув сифатида фойдаланиладиган Чорвоқ сув омборидаги сув захираларига нисбатан салбий муносабат сабаб сувни ифлослантирувчи бензин ва мойда ҳаракатланувчи сузиш аппаратлари (скутер)дан фойдаланиш тўхтамаяпти.
Бу ўз ўрнида пойтахт ва вилоят аҳолисини ичимлик сув билан таъминлайдиган сув захираларининг ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Камига бугунгидек, одамлар ўлими билан боғлиқ ходисаларга ҳам олиб келмоқда.
Бугунги фожиа учун масъулият ва жавобгарлик тўлиқ «Чорвоқ» эркин туристик зонаси дирекцияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигида. Назоратсизлик ва масъулиятсизлик шу оқибатга олиб келган.
Шу боис, Экология вазирлиги раҳбарияти ва жамоаси қуйидагиларни таклиф этади:
Биринчидан, Чорвоқ сув омбори ҳудудидаги моторли қайиқ, скутер ва сувни ислослантирувчи бошқа сузувчи аппаратлардан фойдаланишни тақиқлаш ва фақат электрли сузиш аппаратларидан фойдаланишга рухсат бериш;
Иккинчидан, Чорвоқ сув омбори ҳудудидан фойдаланаётган барча сузувчи аппаратларни инвентаризациядан ўтказиб, фаолияти қонунийлигини ўрганиш;
Учинчидан, Чорвоқ сув омбори ҳудудидаги барча сувни ифлослантирувчи аппаратлардан фойдаланиш чекланиб, атроф тартибга келтирилгунга қадар, сув омбори сувида сузиш ва дам олиш хизматлари кўрсатишга қарши мораторий жорий этиш.
Тўртинчидан, Чорвоқ сув омбори ва атрофини экологик тоза сақлаш учун ташриф буюрувчилар белгиланмаган жойга чиқинди ташлагани, сувни ифлослантиргани учун жарима миқдорларини энг камида 1000 АҚШ доллари эквиваленти миқдоридан кам бўлмаган суммага қадар ошириш. Тозаликка риоя қилмаган тадбиркорлик субъектларини ушбу ҳудудда фаолият кўрсатиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш;
Бешинчидан, Чорвоқ сув омбори ва унинг атрофини экологик тоза алоҳида мақомли назорат ҳудудига айлантириш.
Ушбу чоралар атроф муҳитни экологик тоза сақлаш билан бирга, аҳолини барқарор тоза ичимлик сув билан таъминлашга хизмат қилади.
Шахруза САТТОРОВА.
Темир йўл хизмати: Йўловчилар эътирозларига вазирнинг эътибори қаратилди
🕔15:04, 11.06.2026
✔175
Темир йўл транспорти соҳасида рақамлаштириш ва янги йўналишлар қурилиши борасида ижобий кўрсаткичлар кўзга ташланаётган бўлса-да, тизимнинг ички ҳолати, хизмат кўрсатиш сифати ва оддий йўловчилар учун яратилган шароитлар жиддий ислоҳотларга муҳтожлигини кўрсатмоқда.
Батафсил
Пиёда ва велосипед учун ноқулай кўчалар: Дангасалик ва ижтимоий муаммолар томон етакламоқда
🕔16:45, 04.06.2026
✔247
Инсон саломатлиги ҳақида гап кетганда кўпинча овқатланиш, спорт ёки зарарли одатлар тилга олинади. Аммо инсоннинг ҳар куни қандай юриши, қанча ҳаракат қилиши кўп жиҳатдан унинг яшаётган шаҳри билан боғлиқ.
Батафсил
Хатарли «рекорд»лар ёхуд жароҳат ёқасидаги масъулиятсизлик
🕔15:50, 21.05.2026
✔436
Яқинда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган навбатдаги видео лавҳа жамоатчиликни ҳам ҳайратга солди, ҳам чуқур хавотирга қўйди.
Батафсил