Бу заминдаги деярли ҳар бир организм бошқаси учун озуқа. Ҳаёт мезони шундай ишлайди. Ўсимликлар қуёш энергиясини фотосинтез қилиш орқали ўтхўрларга ем бўлса, ўтхўрлар йиртқичларга озуқа бўлади.
Бу озиқ-овқат занжири барча экотизимларнинг асосини ташкил қилади. Агарда шу занжирнинг битта ҳалқаси узилса борми?..
Нахотки? Ошириб юбормадингизми демоқчимисиз? Шошмай туринг. Жониворлар тугул бир турдаги оддий ҳашаротнинг йўқ бўлиб кетиши туфайли ҳаётимиз тамомила ўзгариб кетиши мумкинлигини исботлашга ҳаракат қиламиз.
Масалан, асалариларнинг камайиши ва уларнинг кейинчалик йўқ бўлиб кетиши бутун дунё бўйлаб чанглатувчиларнинг камида 35 фоизининг ўлимига олиб келиши мумкин. Бу эса қанча ҳаракат қилмайлик ерда ўсимлик ва яшиллик ҳам қуриб битади деганидир.
Яшиллик бўлмагандан кейин ўтхўр жониворлар ҳам ўз-ўзидан камая бошлайди. Бунинг натижасида йиртқичлар ҳам қирила бошлайди.
Сўнгги 50 йил ичида ҳайвонларнинг 60 фоизга яқини ер юзидан ғойиб бўлди ва вазият йилдан-йилга ёмонлашмоқда. Бу экотизимларнинг жиддий таназзулга учрашига ишорадир.
Атроф-муҳит ёмонлашгани сайин ўсимлик ва ҳайвонларнинг ҳам қирилиб кетиш ҳавфи ортмоқда. Масалан, охирги 100 йил ичида 400 дан ортиқ умуртқали ҳайвон турлари йўқ бўлиб кетди, бундан ҳам ёмонроғи – келгуси 20 йил ичида яна камида 500 тур Ер юзидан буткул йўқ бўлиб кетиши прогноз қилинмоқда.
Бугунги кунда жониворларнинг қирилиб кетиш тезлиги ҳам ҳайратланарли тус олди. Ўтмишда бир турнинг йўқ бўлиб кетиш жараёни камида 10 минг йил давом этган бўлса, бугунги кунда у бир инсон умрича бўлган вақтда кузатилмоқда.
Ҳайвон турлари йўқолишининг асосий сабаблари – иқлим ўзгариши, улар макон тутган ерларнинг инсонлар томонидан ўзлаштирилиши, табиий ресурслардан ортиқча фойдаланиш, браконерлик ва ноқонуний савдолар бўлгани айтилмоқда.
Бугунги кунда дунёда чорвачилик асосан гўшт, сут ва тухум берувчи 40 турдаги ҳайвонларга таянади.
Халқаро ташкилотларнинг биологик хилма-хиллик ҳолати ва унинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат билан боғлиқ ҳолати тўғрисидаги ҳисоботида қайд этилишича, 2000 йилдан бугунги кунгача ушбу чорва зотлари турида ҳам камайишлар кузалмоқда.
Мутахассислар балиқ захираларининг камайиб бораётгани ва кўплаб чанглатувчилар, тупроқ организмлари ва ёввойи озиқ-овқатларнинг йўқолишидан ҳам хавотирда. Ушбу хавотирларни қишлоқ хўжалиги ерлари эрозияси ва ўрмонлар йўқолишининг олдини олишгина тўхтатиши мумкин.
Ушбу маълумотлар барчамиз учун огоҳлик қўнғироғи бўлиб, ҳайвонот дунёсини асраш ҳаётни асрашга тенг деган гапларнинг қанчалик ҳақиқат эканини исботлайди.
Хўш, дунё олимларини ҳавотирга солаётган ушбу муаммога қарши курашиш учун одамлар томонидан қандай ишлар амалга оширилиши керак?
Бунинг учун олимлар илк навбатда табиатга дам бериш, яъни, овчиликни ва жониворларнинг яшаш манзилларини ўзлаштиришни маълум вақтгача тўхтатиш зарурлигини таъкидламоқда. Шунингдек:
• экотизимлар, турлар ва генетик ресурсларни сақлаш ва улардан барқарор фойдаланиш бўйича чора кўриш;
• биологик хилма-хилликнинг асосий экологик жараёнлардаги функциялари ҳақидаги билимларни яхшилаш;
• ўзгариш омилларининг аҳоли сони ва тарқалишига таъсирини тушунишни яхшилаш;
• турлар ҳолатидаги ўзгаришлар ҳақидаги маълумотларни қайд этиш, сақлаш ва таҳлил қилиш усулларини такомиллаштириш;
• камёб жониворлар яшаши учун мўлжалланган муҳофаза этиладиган ҳудудларни ташкил этиш ва дахлсизлигини таминлаш муаммони ҳал қилишда сезиларли самара бериши мумкин.
Ушбу маълумотлар билан танишгач, «Нахотки, мен овлаган бир бош қуш, балиқ, айиқ, тулки ёки бўри сабаб бутун табиат издан чиқиб кетса», деган сўзларни қанчалик калтабинлик билан айтиб келганимизни англагандекмиз.
Камолиддин РЎЗИМАТОВ
Яшил майдонда экологик ва ижтимоий ташаббуслар бирлашди
🕔15:08, 11.06.2026
✔83
Она табиат ҳимоясига бағишланган муҳим халқаро сана, 5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни юртимиз бўйлаб кенг нишонланди. Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги «Dream Park» истироҳат боғида Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан мазкур санага бағишлаб файзли тадбир ташкил этилди.
Батафсил
Зомин миллий табиат боғида экологик форум
🕔15:07, 11.06.2026
✔82
Юртимизнинг энг сўлим гўшаларидан бири бўлмиш Зомин миллий табиат боғи ҳудудида 5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан «Яшил келажак сари» шиори остида йирик экологик форум ташкил этилди.
Батафсил
Зарафшонда олтмиш йиллик боғ
🕔15:06, 11.06.2026
✔83
Зарафшон шаҳрида 5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳит муҳофазаси куни муносабати билан ташкил этилган «5000 қадам» пиёда юриш акцияси шаҳар аҳолисини, ёшларни, депутатларни, умуман, барчани бир сафга жамлади.
Батафсил