Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Йўқ чипталар учун «чегирмалар»

Алдагани талаба яхшими ёки ҳар мавсумда шу бўлар такрор...

Ҳар йили қишки таътил олдидан талабаларнинг уйларига кетиши муносабати билан темирйўл, маҳаллий авиақатновлар чипталарига 50 фоизли чегирмалар эълон қилинади.

Йўқ  чипталар  учун  «чегирмалар»

Чегирмалар эълон қилиниши билан темирйўл ва авиа кассалари талабалар билан тўлиб тошади. Кимдир талаба эканини тасдиқлай олмай сарсон, кимнингдир ҳужжатида камчилик бор, яна кимдир турнақатор навбатда туриб, яқинлашганда чипта қолмаганини эшитиб хуноби ошган... Хуллас талабалар орасида омади чопиб чипта харид қилганини камдан-кам учратасиз. Шунинг учун ҳам аксарият талабалар бундай «мурувватли» чегирмани кутмай ҳам қўйишди.

Куни кеча ҳам қишки таътил олдидан талабалар учун темирйўл, авиақатновлар маҳаллий рейсларига чегирмалар эълон қилинган эди. Аммо талабаларнинг аксарияти чегирмали чипталарни харид қила олмади. Сабаби оддий. Чегирмалар эълон қилинишидан олдинроқ темирйўл учун чипталар сотиб бўлинган. Хуллас, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ чипталар аллақачон сотиб бўлинган йўналишлар учун чегирмалар элон қилди.

Чегирмадан хурсанд бўлган талабалар имтиёзли чипталарни харид қилиш учун Ўзбекистон темир йўлларининг махсус иловаларига киришга ошиқишди. Афсус, ҳаммаси сотилиб бўлинган, UzRailway мобиль иловаси барча рейсга битта нарсани кўрсатиб турибди: «Joy yo‘q!».

Ижтимоий тармоқларда чипталар сотилиб бўлгандан кейингина талабалар учун поездларга чегирмалар эълон қилингани ҳақида хабарлар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлгандан сўнггина «Ўзтемирйўлчи» АЖ талабалар учун қўшимча рейслар қўйилишини элон қилди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизматининг маълум қилишича, АSU Express тизимида йўловчи поездларга чипталар 45 кун олдин сотувга чиқарилган. Шу боис темирйўл чипталари сотиб бўлинган. Аммо қўшимча поездлар қатнови йўлга қўйилгач, электрон тарзда бир сутка мобайнида талабалар томонидан 1000 га яқин чипталар расмийлаштирилган. «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ томонидан йўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида қўшимча йўловчи поездлар қатновини ташкил қилиш белгиланган ҳамда қўшимча рейслар қатнови йўлга қўйилган.

«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ томонидан берилган маълумотлардан сўнг Ўзбекистон темирйўлларининг чипта сотиб олиш учун мўлжалланган онлайн иловаларига кириб кўрилганда ҳамон чегирма элон қилинган кунларга қатновлар йўқлигини кўриш мумкин. Талабалар учун махсус йўлга қўйилган рейсларнинг чипталари онлайн шаклда сотувга қўйилмаган. Шу ўринда савол туғилади: талабаларни сарсон қилиб бундай «томоша» уюштиришдан мақсад нима? Чегирмаларни қўшимча рейсларни йўлга қўйгандан сўнг эълон қилса ҳам бўларди-ку? Ушбу ҳолатга реал қарайдиган бўлсак, бу сафар талабаларнинг деярли 90 фоизи эълон қилинган имтиёзли чипталарни қўлга кирита олмасдан яна йўлкира нархини «отнинг калласидек» кўтариб олган киракашларга юзланишга мажбур.

 

«Қўшимча рейсдан ҳам қуруқ қолдим»

– Чегирма элон қилиниши билан онлайн чипта олиш учун Ўзбекистон темир йўлларининг мобиль иловаларига кирдим. Режа қилган кунимга тугул, ҳатто бошқа кунларга ҳам чипта қолмаган экан. Бирдан ҳаёлимга талабаларнинг бари  чегирма эълон қилиниш вақтини аниқ билишганми, нега бир куннинг ўзидаёқ ҳеч қайси йўналишга чипта қолмаган, деган савол келди. Ижтимоий тармоқлардаги хабарлардан сўнг талабалар учун қўшимча рейслар қўйилганини эшитиб, Жанубий вокзалга бордим, балки кассада сотилаётгандир, деган умидда. Икки соатлик тиқилинчда туриб, ниҳоят навбатим келди. Касса ходимларидан кетадиган куним учун қатнов бор-йўқлигини сўраганимда қатновлар борлигини, лекин имтиёзли чипталар қолмаганини айтишди, – дейди Сардор исмли қашқадарёлик талаба.

– Қишки таътил бошланиши билан уйга қандай кетиш хаёли мени тинч қўймайди. Ҳар йили чегирмали чипта оламан деб қуруқ қоламан. Айнан мени кетишимни кутиб туришгандек кетадиган кунимга чипта қолмаган бўлади. Бу сафар ҳам чегирмали чипта олиш умидида темирйўл кассаларига бордим. Узундан-узоқ навбатда туриб, зўрға чегирмасиз чипта олиб чиқдим. Касса ходимлари айнан мен кетадиган кунларга чегирмали чипталар қолмаганини айтишди. Ахир талабалар учун махсус қўшимча қатновлар йўлга қўйилган эди. Негадир чегирмали чипталарнинг бари сотилиб кетибди, – дейди Жамшид исмли навоийлик талаба.

 

Қулоғи «пишиб» кетган мутасаддилар

Ҳар йили айнан қишки таътил вақтида нафақат темирйўл кассаларида, балки авиа кассаларда ҳам чегирмали чипталар тугаб қолади. Талабаларнинг кўпчилиги қишнинг аёзли кунларида жонларини хатарга қўйиб, нархини осмон қилиб олган таксиларда манзилларига кетишади. Ота-оналар ҳам фарзанд­ларининг соғ-саломат келишини юрак ҳовучлаб кутиб ўтиришади.

Бу каби ҳолатлар бугун ёки кеча бош­ланган эмас. Бир неча йиллардан буён чипталарнинг тезда тугаб қолиши талабаларни ҳолдан тойдирди. Ахир ҳамма билади, янги йил арафаси кўпчилик уйига қайтади. Бошқа вақтларга нисбатан айнан байрам арафасида рейсларни кўпайтириб қўйишса бўлмайдими? Вилоятларга одамларнинг оқими ҳар галгидан-да кўпайишини улар билмайди, дейсизми?..

Энг қизиғи талабалар учун мўлжалланган чегирмали чипталар фақат оддий тарифларга эълон қилинган. Аммо тезюрар поездларга ва бошқа турдаги тарифларга чегирмалар эълон қилинмаган. Нима, талабалар хоҳлаган поездида ёки бошқа тарифларда кетиши мумкин эмасми?..

Энг ажабланарли томони, ҳеч замонда қатновлар мавжуд бўлмаган кунларга, чипталар сотиб бўлингандан сўнг чегирма эълон қилинадими? Қўйилган қўшимча рейслар талабаларнинг талабларини қондира оладими?

Хуллас саволлар кўп. Аммо мутасаддилар бу саволларни ҳам ҳар йили эшитавериб, қулоғи «пишиб» кетган шекилли, умуман таъсирланмай қўйишган, бир оғиз муносабат билдиришмайди. Ҳар йили йўқ чиптага «кечикиб» чегирма эълон қилинишига талабалар ҳам ўрганиб қолишди. «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ томонидан на бир чора, на бир ечим кўриляпти. Вазият эса борган сари оғирлашиб бормоқда. Талабалар «алдов»ларга ишониб ҳар доимгидек чиптасиз қолишмоқда.




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔6

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔124

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар