Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси
Сув сайёрамиздаги барча тирик мавжудотлар учун ҳаёт манбаи ҳисобланади. Глобал миқёсда инсониятнинг табиат ресурсларига ошиб бораётган чексиз талабининг энг катта юки ҳам сув манбаларига тушаётгани сир эмас. Чунки бугун дунё тараққиётининг қай бир жабҳасини олмайлик – бу қишлоқ хўжалиги бўладими, ишлаб чиқариш ёки саноат бўладими – қўйингки кундалик ҳаётимизнинг ҳар бир нуқтаси сув таъминотига бевосита боғлиқ. Ва одамзотнинг ана шу чек-чегарасиз талаби ортидан сув захиралари кескин камайиб бормоқда.
Сув тақчиллиги кузатилиши бошланган мамлакатлар рўйхатида Ўзбекистон 25-ўринни эгаллаб турибди. Бу эса мамлакатимиз сув танқислигининг оғир хавф остонасида турганидан, бу масала ечимига бугуннинг ўзидаёқ киришмасак, эртага у ўнглаб бўлмас оқибатларни келтириб чиқариши муқаррар эканидан дарак беради.
Кеча Президент раислигида қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айни шу масала атрофлича кўриб чиқилди ва сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтишимиз шарт экани таъкидланди.
Ўзбекистон Экологик партияси бу қарорни тўла қўллаб-қувватлайди. Чунки мамлакатимизда жами сув ресурсининг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги учун сарфланяпти. Аммо биз қишлоқ хўжалиги учун йўналтираётган сувнинг ҳам ярмидан кўпини бутунлай самарасиз ишлатмоқдамиз.
Тўғри ва оқилона режалаштирилган суғориш тизимига мисол келтирадиган бўлсак, АҚШда бир кубометр сув сарфи ҳисобидан ўртача 4-6 долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бизда эса шунча сув сарфлаб 0,15 доллар (яъни 15 центлик) маҳсулот ишлаб чиқарилади. Асосий экин тури бўлган пахта ва ғаллада 1 гектарга 10-11 минг м3 сув сарфланса, хорижий мамлакатларда бу кўрсаткич 2-3 баробарга кам. Масалан, Хитойда 6 минг м3, Исроил 5 минг м3, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда 8-8,5 минг м3 сув сарфланади. Мана шунинг ўзиёқ сувдан фойдаланиш борасида қанча вазифалар олдимизда турганини англатади.
Шунинг учун ҳам давлат раҳбари томонидан бу соҳада сув тежовчи технологияларни қўллаш, сувни тўғри бошқариш, ундан оқилона ва самарали фойдаланиш борасида камчиликларимиз кўплиги алоҳида таъкидланди. Айни вақтда бу иш учун биргина фермер ёки деҳқон эмас, сув ресурсларидан баҳраманд бўлаётган ҳар бир инсон масъулиятни ҳис этиши, ариқдан оқиб келаётган сув ўта қадрли ресурс, табиат неъмати эканини ҳис этиши зарурлиги қайд этилди.
Маълумотларга кўра, 2022 йилда сайёрада аҳолининг йиллик ўсиш кўрсаткичи 95,4 миллион кишини ташкил этган. Таққослаш учун қайд этиш лозим-ки, Ер аҳолиси 3 карра кўпайган даврда чучук сувдан фойдаланиш ҳажми ҳам 17 мартага ошган. 2030 йилга бориб эса бу кўрсаткич яна 3 каррага ошиши башорат қилинмоқда. Демак, аҳоли сони ўсиши борасида минтақада етакчи бўлган мамлакатимизда келгуси беш йилликда сувга бўлган талабнинг қанчалик ошишини тасаввур этиш қийин эмас. Чунки аҳолимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, экспорт қилиш, янги иш ўринлари ташкил этиш – буларнинг барча-барчаси замирида сувга бўлган катта эҳтиёж ётади.
Мамлакатимиздаги мавжуд сув захираларининг 80 фоиздан ортиғи қўшни давлатлардан келади. Таҳлилларга кўра, глобал иқлим ўзгаришлари оқибатида сув ресурслари 2030 йилга бориб яна 20 фоизга камайиб, сув дефицити 15 млрд. м3ни ташкил қилиши кутилмоқда.
Мана шундай мураккаб шароитда энг тўғри ечим – сувдан оқилона ва тўғри фойдаланиш, қатъий тежамкорлик йўлига ўтишдир. Мамлакатимиз раҳбари бу борада аниқ йўналишларни белгилаб берди.
Бугун аксарият ҳудудларда эскирган сув қувурлари ҳамда сув таъминоти тизими ва насос агрегатларининг жуда паст фойдали иш коэффициенти билан ишлаётгани сир эмас. Шунинг учун ҳам бугун сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш схемалари ишлаб чиқиш ва жорий этиш зарур. Қишлоқ хўжалиги ва сув сарфи юқори бўлган барча саноат соҳаларида сувга бўлган муносабатни ўзгартириш, унинг сарфи борасида қатъий назорат ўрнатиш вақти етди.
Ўзбекистон Экологик партияси томонидан ҳудудларда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида жамоат назорати ўтказилганда соҳага оид қатор камчиликлар кузатилди.
Шулардан келиб чиқиб партиямиз томонидан сувни тежаш борасида бир қатор таклифлар илгари сурилмоқда.
Соҳага оид хориж тажрибасини чуқур ўрганиш, субирригация қурилмалардан кенгроқ фойдаланиш, тупроқ остидан ва устидан томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб, эгилувчан қувурлардан фойдаланиш ҳисобига суғориш меъёрини 1,5-2 баробарга камайтириш мумкин. Натижада мевали боғлар ва узумзорларда 20-40 фоиз, сабзавот экинларида 50-80 фоизга ҳосилдорлик ошиши билан бирга, 5-10 кун олдин етилган. Бу эса қанчадан-қанча сув, минерал ўғит ва бошқа ресурсларни тежаш имконини беради.
Сувсизликка чидамли маҳаллий навларни яратиш бўйича илмий тадқиқотларни қўллаб-қуватлаш ва ҳудудга мос янги экин турларини диверсификация ҳамда интродукция қилишни рағбатлантириш зарур. Қурғоқчиликка, сув тақчиллигига ва иқлимий стрессларга чидамли навлар келгусида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда катта ўрин тутади.
Деҳқон ва фермерларимизни сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш керак. Чунки, амалий билим ва кўникмаларга эга бўлмаган сувдан фойдаланувчининг айби билан ўрнатилган технология самарали ишламасдан тез бузилиши ва яроқсиз ҳолга келиши кузатилмоқда. Буни тўхтатиш мақсадида барча ҳудудларда сув соҳасидаги олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари олим-мутахассислари иштирокида мунтазам кўргазмали семинарлар ташкил қилиш лозим бўлади.
Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда ўзининг массасидан 400 баробаргача кўп намликни сақловчи адсорбентлар (гидрогель, аквсорб кабилар)дан фойдаланишни ҳам тавсия қиламиз. У ўсимликка ҳамда тупроққа безарар полимер модда бўлиб, айниқса қурқғочқилик ва ёз мавсумида жуда самарали ҳисобланади. Ёмғир ёки суғориш сувини ўзига сингдириб, 10-15 кун давомида ўсимлик илдизини намлаб туради ва бу хусусиятини 5 йилгача сақлайди. Европа давлатлари, Хитой, Жанубий Кореяда кенг қўлланилаётган мазкур технологияни жорий қилиш билан гектаридан 25-30 фоизгача сувни иқтисод қилиш мумкин.
АҚШнинг кўплаб деҳқончиликка ихтисослашган штатларида кенг йўлга қўйилган тупроққа ишлов беришни минималлаштириш технологияси ҳам юқори натижа бериши тажрибадан ўтган. Ёки Хитой давлатида боғдорчилик ва сабзавотчиликда кенг қўлланиладиган мульчалаш (тупроқ устини турли органик ва анорганик тўшамалар билан ёпиш) усули ҳам сув тежашда жуда самарали усул ҳисобланади.
Жойларда хусусан, Қашқадарё, Андижон ва Бухоро вилоятларида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида жамоат назорати ўтказилганда соҳага оид қатор камчиликлар кузатилди. Хусусан, сув тежовчи технологияларга субсидия ажратиш масаласи йилнинг февраль-март ойларида ҳал этилиши натижасида бундай технологияларни ўрнатиш кечикиб кетяпти. Натижада пахта ва бошқа экинларни биринчи суғоришдаёқ ушбу технологиядан фойдаланиш имкони бўлмаяпти.
Бугунги кунда катта майдонга эга сув ҳавзаларидаги экологик вазиятни янада барқарорлаштириш ҳам муҳим аҳамията эга. Биринчи навбатда дарё ва кўллар ҳамда бошқа сув ҳавзалари ҳудудидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзбошимчалик билан фойдаланиши каби ҳолатлар, афсуски, ҳалигача учраб турибди. У ерда фақат қонун доирасида иш олиб бориш ҳамда турли ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилишининг олдини олиш орқали сув захираларини янада барқарор сақлаш имконияти яратилади.
Шунингдек, сув ҳавзалари ҳудудига ноқонуний равишда саноат ва маиший чиқиндилар ташланишининг олдини олиш бўйича назоратни кучайтириш масаласи ҳам жуда муҳим. Айниқса, саноат чиқиндилари таркибидаги заҳарли моддаларнинг ҳавзаларга оқизилиши ҳамда улардаги токсинлар миқдори йилдан-йилга меъёрдан ошиб бораётгани рад этиб бўлмайдиган ҳодисадир. Бу каби ҳолатларга ўз вақтида барҳам беришнинг самарадор механизмини амалга жорий қилиш бугун олдимиздаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб турибди.
Баъзан аҳоли пунктларида чиқарилган маиший чиқиндиларнинг сув ҳавзаларига етказадиган зарари саноат чиқиндиларидан ҳам бир неча баробар ортиб кетиши мумкин. Бугунги кунда маиший чиқиндиларнинг атроф-муҳитга етказадиган зиёнини аниқ прогноз қилиш анча мураккаб бўлиб қолди. Шуни назарда тутиб, сув ҳавзалари ёқаларини озода сақлаш масаласига эътибор кучайтиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вақти етди деб ҳисоблайди. Мазкур қонунда сув тежайдиган суғориш технологияларини ўрнатиш билан шуғулланувчи қурувчи-пудрат ташкилотларининг жавобгарлигини қонунчиликда белгилаб қўйиш, сув тежайдиган суғориш ускуналарини тўлиқ маҳаллийлаштириш, янги технология ва ускуналарни мамлакатга киритишга солиқ имтиёзлари жорий этиш кабилар ҳам қонунчилик асосида қатъий белгиланиши зарур.
Сув ресурсларининг камайиши ва танқислиги бутун дунёда кузатилаётган глобал муаммодир. Бундан тегишли хулоса чиқариб, сувни тежаш ва мақсадли ишлатишни ўрганишимиз шарт. Кундалик ҳаётимизда сувни беҳуда, мақсадсиз исроф қилиш ҳолатларига чек қўймас эканмиз, бу борада бирор натижага эришишимиз амри маҳол.